КИЕВ – Россиялик аскарлар пойтахт Киев атрофидаги ҳудуддан чекинар экан, уларнинг Украинада содир этган ваҳшийликлари кўлами фонида далиллар пайдо бўлиши ортидан душанба (4 апрел) куни глобал норозилик янада кучайган.
Маҳаллий расмийлар кўчаларда тўпланиб қолган, жумладан қўллари орқасига боғланган жасадларни кўмиш учун оммавий қабр қазишга мажбур бўлган. Россиянинг босқинидан бир ойдан ортиқ вақт ўтгандаги бу манзара бутун дунёни ларзага солди.
Россиянинг жавобгарликдан бўйин товлашига қарамай, дунё етакчилари, НАТО ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Киев шимоли-ғарбидаги Буча ва бошқа жойларда фуқароларнинг ўлими ҳақидаги хабарлардан ларзага келган ҳолда қоралашни давом эттирмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский якшанбада ўзининг тунги видеомурожаатида «юртимизга ашаддий ёвузлик келди», деб огоҳлантирган.
«Мен ҳар бир рус аскарининг онаси Буча, Ирпен, Гостомелда ўлдирилган одамларнинг жасадини кўрсин дейман», деди у рус тилида.
«Россия Федерациясининг барча раҳбарлари уларнинг буйруқлари қандай амалга оширилаётганини кўришини хоҳлайман.»
11 март кунги матбуот анжуманида россиялик ҳарбий асирлар Украинага босқин давомида Кремл уруш жиноятлари содир этаётганини тасдиқлаган эди.
Қўлга олинган уч нафар россиялик учувчи матбуот анжуманида сўзлар экан, улар жангга атайин тинч аҳолига ҳужум қилиш буйруғи билан тўп еми сифатида ташланганини айтди.
Москва Украинанинг жануби-шарқий ҳудудига эътибор қаратар экан, Зеленский пойтахт атрофини тарк этган россиялик аскарлар содир этган қотилликларни тергов қилиш учун махсус орган ташкил қилди.
Қотилликлар кўлами ҳали ҳам ўрганилмоқда, аммо Украина бош прокурори Ирина Венедиктова ҳозиргача 410 та фуқаронинг жасади топилганини айтди.
Буча ҳокими Анатолий Федорукнинг AFP нашрига айтишича, ўқ отиш масофасидаги қабристонларга дафн қилиш имконсиз экани сабабли, 280 та жасад оммавий қабрга кўмилган.
Сунъий йўлдош орқали суратга олувчи Maxar компанияси шаҳардаги черков ҳудудида оммавий қабр акс этган суратларни эълон қилди.
Шаҳар маъмурияти ходими Сергий Капличнийнинг AFP нашрига хабар беришича, Бучада россиялик аскарлар аҳолига ўлганларни кўмишга рухсат беришмаган.
«Совуқда ётаверишсин, деб айтишган эди.»
Охир-оқибат, жасадларни олишга муваффақ бўлдик, деб айтган у. «Тракторда оммавий қабр қазиб ҳаммани кўмдик.»
Шаҳардаги AFP мухбирлари камида 20 та жасад кўришган, уларнинг барчаси оддий фуқаро кийимида бўлган ва битта кўчада ётган эди.
Ҳарбий жиноятлар
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россияни «қасддан қирғин» содир этишда айблади, Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров эса Бучадаги қотилликлар «айнан ҳарбий жиноятга ўхшашини» айтди.
Россия мудофаа вазирлиги эса бу хабарларни рад этиб, Бучадаги зўравонликларда «бирорта ҳам маҳаллий фуқаро» ҳалок бўлмаганини айтган.
У Киевни Ғарб оммавий ахборот воситаларига «бошқача кўрсатиш учун» мурдалар суратини сохталаштиришда айблаган.
Аммо, Сурия ва Чеченистонда Россиянинг тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси, жумладан шифохоналарга қасддан ҳужум қилгани маълум.
«Украинада содир бўлаётган воқеалар Сурияда кўрганларимизнинг такрори», деган эди Amnesty International бош котиби Агнес Калламар март ойида AFP нашрига.
Россия қуролли кучлари Украина ва Сурияда мунтазам равишда шифохоналарни бомбардимон қилган ва тинч аҳолини нишонга олган.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош комиссари Мишел Бачелет душанба куни Бучадаги жасадларни кўриб даҳшатга тушган ва ҳарбий жиноятлар эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган.
Бу қотилликлар Россияга нисбатан янги чоралар кўриш талабларини кучайтирган.
Блок зудлик билан янги санкциялар босқичини муҳокама қилмоқда, деб айтган душанба куни Европа Иттифоқининг (ЕИ) ташқи сиёсат бўйича раиси Жосеп Боррел.
Шунингдек, Боррел Украинада содир этилгани гумонланаётган ваҳшийликлар далилларини ҳужжатлаштиришда ЕИ ёрдамини таклиф қилган.
Франция президенти Эммануэл Макрон янги санкциялар тарафдори эканини айтиб ўтган.
«Ҳарбий жиноятларнинг аниқ белгилари мавжуд. Бучада Россия армияси бўлган», деб айтган Макрон Франциянинг Интер телеканалига.
Янги чоралар нефт ва кўмир саноатларига қаратилиши мумкин, деб айтган у.
Германия канцлери Олаф Шольц янги санкциялар «шу кунларда» ҳал қилинишини айтди. Унинг мудофаа вазири эса газ импорти тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида сўзлаган.
«Россия президенти Владимир Путин ва уни қўллаб-қувватловчилар бунинг оқибатларни ҳис қилишади», деб айтган Шольц.
Полша бош вазири Матеуш Моравецкий душанба куни «қатлиомни» халқаро миқёсда тергов қилишга чақирди.
Испания бош вазири Педро Санчез унинг мамлакати «инсониятга қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар ва ҳатто қатлиомга ойдинлик киритиш учун барча воситаларни ишга солишини» айтган.
Япония бош вазири Ёсимаси Хаяси ҳам Полшага ташрифи чоғида Киев яқинидаги тинч аҳолига нисбатан «ўта шафқатсиз» зўравонликларни қоралаган.
Ҳа. Оқларни ўлдириш мумкин эмас; Улар учинчи нав бўлишига қарамай, олий ирқ. Аммо Афғонистон, Сурия, Ливия ва бошқа ўнлаб мамлакатларда турли рангдаги одамларни истаганча ўлдирса бўлади.
Жавоб беришФикрлар 2
Россия фашизмига қарши янада оғирроқ санкциялар бўлади, Россияни банан меваси йўқ бананлар мамлакатига айлантириб қўйишади.
Жавоб беришФикрлар 2