ТОШКЕНТ – Москва босқини туфайли Украинадан қочган Ўзбекистон фуқаролари Россия кучлари тарафидан содир этилган террор ва зўравонлик ҳақида сўзлаб беришган.
6 мингга яқин ўзбекистонлик Польша орқали эвакуация қилинди, деб хабар берган Kun.uz 19 март куни.
Эвакуация қилинганлар орасида «ёш болали аёллар, Украинада вақтинча таълим олаётган ёки ишлаётган талабалар ва ишчилар» бўлган, деб айтган Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бабаев.
Харков миллий университетининг 22 ёшли талабаси, қаршилик Лобар Тўхтаева ватанга қайтган талабалар сафида бўлган.
Россия чегараси яқинида, Украина шимоли-шарқида жойлашган Харьков Москванинг ҳужуми бошланганидан бери оғир талофатлар кўрди.
Россиялик аскарлар Харьков, Киев ва Черниговнинг эгаллаб олинган ҳудудларида тинч аҳолига қарши ҳарбий жиноятлар, жумладан зўрлаш ва оммавий қатллар содир этган бўлиши мумкин, деб хабар берган Human Rights Watch якшанба (3 апрел) куни.
«24 феврал куни хонадошим тонгги соат 5 да мени уйғотди», деб айтган Тўхтаева уруш бошланишини ёдга олар экан.
«Отишма ва портлаш товушларини эшитдик. Кийиниб ертўлага тушдик», деб айтган у.
«У ерда жуда узоқ ўтирдик. Жуда қўрқиб кетгандик.»
Улар яшаган бино икки кундан кейин яна ўққа тутилган.
«Ўқдан ва синган ойналардан ўзимизни ҳимоя қилиш учун каравот бошига, деразага иккитадан матрасларни осиб қўйдик», деб айтган Тўхтаева Карвонсарой нашрига.
«Нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тугаган эди, аммо ташқарига чиқишга қўрқдик. У ерда отишма бўлаётган эди. Кўзимизнинг олдида бино портлаб кетди.»
«Ракеталар учаётган эди. Уларнинг овози ва портлашидан қулоқларим оғриб кетди», деб айтган Тўхтаева.
Шаҳарда ўтган яна беш кун, жумладан Харков метро бекатидаги икки кечадан кейин Тўхтаева поезд орқали шаҳарни тарк этган.
«Кечаси соат 12:30 да оч ва совқотган ҳолда поездга чиқдик. Ейишга ҳеч нима йўқ эди. Қўлимизда фақат сув бор эди. Ўриндиқлар йўқлиги сабабли ҳожатхона олдида ётиб кетдик. Шу тарзда 4 кун юрдик», деб айтган Тўхтаева.
Аммо Тўхтаеванинг сафари шу билан тугамаган.
У ва бошқа қочқинлар ғарбдан 1000 км масофадаги Львовга етиб келишганида уларни ҳаво ҳужуми сиреналари кутиб олган.
Тўхтаева ва ўзбекистонлик бошқа талабалар Польшага қатнайдиган поездни кутиб, одамларга тўла бекатда яна бир ярим кун ўтказишган. Улар ёмғир ва қорли ҳавода гулхан ёқиб исинишган.
Тўхтаева Львовни тарк этган куни шаҳарни Россия самолётлари бомбардимон қила бошлаган.
Польшага етиб келгач, у ватанига учиб кетиш учун 10 кун рейс кутиб, 13 март куни Ўзбекистонга қайтган.
«Россиянинг ҳужуми ҳамма орзуларимни чиппакка чиқарди ... Ўқишни тугатганимдан кейин бу гўзал юртда қолмоқчи эдим», дейди у.
«Урушни ва уни бошлаганлардан нафратланаман.»
«Ҳамма қўрқувда эди»
Қарши шаҳридан келган, Харков миллий университетининг 22 яшар талабаси Шаҳризода Азимова ҳам худди шундай воқеани сўзлаб берган.
«24 феврал куни саҳарда соат 4:40 да ётоқхона коменданти ҳар бир эшикни тақиллатиб, имкон қадар тезроқ чиқишимиз кераклигини айтиб бақирганидан уйғониб кетдик», деб айтган у Карвонсарой нашрига.
«Ҳаммамиз кийиниб ертўлага тушиб кетдик. Эрталаб соат 7 гача ўтириб чиқдик.»
Ётоқхонага Ўзбекистон элчихонаси ходимлари етиб келишган.
«Улар, қўрқманглар, сизларга ёрдам берамиз деб айтишди», деб айтган Азимова.
Шунга қарамай, талабалар уч кун кечаси ҳаво ҳарорати 8-10 даражага тушадиган ертўлада бўлишган.
Бомба портлашлари орасидаги сукунат пайтида қизлар егулик еб олиш ва нарсаларни олиш учун тезда хоналарига югуришар, сўнг ертўлага қайтар эдилар.
«Уч кун ичида бир марта дўконга чиқа олдик. Манзара қўрқинчли эди: одамлар кўп, нон йўқ, узун навбатлар, ҳамма нарса бирданига қимматлашган. Шу сабабли бир кун фақат сув ичдик», деб эслайди Азимова.
27 феврал куни элчихона Азимова ва яна 19 нафар талаба қизни Львовга эвакуация қилиш учун вокзалга олиб борган.
«Харьков-Львов поездидаги хорижликлар орасида ўзбеклардан ташқари, марокашликлар, озарбайжонлар, турклар, туркманлар бор ди... Ҳамма қўрқувда эди.»
«Қизлар йиғлар эдилар, ўша ерда қолиб кетсак, ўламиз, деб ўйлагандик», дейди 2 март куни Ўзбекистонга қайтган Азимова.
Ватанга қайтиш
Ўзбекистон ҳукумати Полшада ўзбек фуқароларини ватанига қайтариш учун кенг кўламли саъй-ҳаракатларни амалга оширди.
27 феврал куни эрталаб 30 кишидан иборат ўзбекистонликларнинг илк гуруҳи Львов вилоятини тарк этиб, Краковец-Карчева назорат-ўтказиш пункти орқали Украина-Польша чегарасини кесиб ўтди, деб ёзади Kun.uz нашри.
Кечга бориб, Полшадаги назорат-ўтказиш пунктида 400 га яқин ўзбекистонлик тўпланган.
Ўзбекистон консуллиги ходимлари Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси билан ҳамкорликда 18 кун давомида чегара постида иш олиб бордилар. Йиғин пунктининг ўзида муҳтожларга иссиқ овқат, иссиқ кўрпа-тўшаклар берилиб, тиббий ёрдам кўрсатилди.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан ижарага олинган биринчи эвакуация самолёти 25 феврал куни Полшанинг Катовице шаҳридан Тошкентга учди.
Ушбу махсус рейслардан 25 таси ўзбекистонликларни Полшадан Ўзбекистонга олиб келган.
2-4 март кунлари эвакуациянинг авж палласида тезроқ ватанга қайтиш умидидаги 700-800 га яқин Ўзбекистон фуқаролари чегарадаги йиғин пункти ва аэропортда тўпланиб қолган.
Полша президенти Анжей Дуда 4 март куни йиғин пунктига ташриф буюриб, 4000 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароларини аэропортга бепул элтиш учун автобуслар ажратиш топшириқ берган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўзбекистонликларни Украинадан эвакуация қилиш мураккабликларини Суриядан ўзбекларни олиб чиқиш жараёни билан таққослади, деб ёзади «Газета.ру».
«Украиналик ўртоқларнинг ёрдами билан 6 минг фуқарони ватанига қайтара олдик», деди Комилов 5 март куни Сенатдаги чиқишида.
Украинадан эвакуация жараёни Ўзбекистоннинг Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги фуқароларини олиб келиш ҳаракатларидан осон бўлмади, деб қайд этди у.
«Украинада одамлар ҳалок бўлмоқда... лекин, Худога шукрки, биз 6 минг фуқарони уйларига соғ-омон қайтардик», деди у.
Комиловнинг айтишича, ҳозирги вақтда Украинада 300га яқин Ўзбекистон фуқаролари қолмоқда.
«Биз ечим топамиз, тез орада уларни қайтаришга ҳаракат қиламиз», деди Комилов.
«Украинадан эвакуация қилинган ўзбеклар террор ва Россия бомбардимонлари ҳақида сўзламоқдалар», лекин мақолада фақат икки киши ниманидир гапирган ва умуман террор ҳақида эмас. Муаллиф сафсатабозми ёки ўзидан қўшиб ёзиш сизларда «мустақил» журналистика деб аталадими?
Жавоб беришАгар сиз учун икки киши етарли бўлмаса, Украинадаги одамлар ижтимоий тармоқларда нималар ёзаётганини кўринг.
Жавоб беришУлар мудҳиш манзараларга гувоҳ бўлишди ва бизда ҳали барча маълумотлар йўқ. Энг ёмони шундаки, бундан ҳам кўпроқ янги маълумотлар пайдо бўлади ва афсуски, барча жиноятлар фош этилмайди ва барча айбдорлар жавобгарликка тортилмайди.
Фикрлар 2