Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Қўлга киритилган сўзлашмалар Вагнер ёлланма аскарларининг Бучадаги қатлиом жойига алоқадорлигини кўрсатди

Карвонсарой ва AFP

Вагнер гуруҳининг Украинадаги ёлланма аскари, 4 апрел куни Телеграмда тарқалган сурат. [Файл]

Вагнер гуруҳининг Украинадаги ёлланма аскари, 4 апрел куни Телеграмда тарқалган сурат. [Файл]

БЕРЛИН – Германиянинг BND номи билан танилган ташқи разведка хизмати рус аскарлари Украинадаги тинч аҳолини қатл этишни муҳокама қилган радиосўзлашувларни қўлга киритганини маълум қилди, деб хабар берди Washington Post пайшанба (7 апрел) куни.

Бошқа маълумотларда айтилишича, рус аскарлари асирга олинган украиналикларни отиб ташлаш олдидан уларни сўроққа тутишни муҳокама қилган.

Германиянинг Der Spiegel нашри томонидан илк марта эълон қилинган ва ахборот билан танишиб чиққан уч киши томонидан тасдиқланган хулосалар Россиянинг жумладан, Буча шаҳридаги ваҳшийликлари ҳам, аскарлар босиб олинган ҳудудларни тарк этганидан кейингина амалга оширилгани ҳақидаги даъволарини пучга чиқаради.

Сўзлашмалардан тахмин қилинишича, ваҳшийликлар асосан Кремлга алоқадор Вагнер хусусий ёлланма жангарилар гуруҳи тарафидан содир этилган, дейди топилмалар билан танишиб чиққан одамлар.

6 апрел куни Киев шимолидаги Буча қабристонда суд-тиббий экспертлар ва полиция ходимлари томонидан шахсни аниқлаш учун териб қўйилган жасад солинган қоплар. Россия қўшинлари Украина пойтахти атрофидан олиб чиқилган ҳудудларда юзлаб тинч аҳоли вакиллари ўлик ҳолда топилган эди. [Роналдо Шемидт/AFP]

6 апрел куни Киев шимолидаги Буча қабристонда суд-тиббий экспертлар ва полиция ходимлари томонидан шахсни аниқлаш учун териб қўйилган жасад солинган қоплар. Россия қўшинлари Украина пойтахти атрофидан олиб чиқилган ҳудудларда юзлаб тинч аҳоли вакиллари ўлик ҳолда топилган эди. [Роналдо Шемидт/AFP]

Ўтган ой сунъий йўлдошдан олинган суратлар Россиянинг пойтахт Киев яқинидаги Буча шаҳрида тинч аҳоли ўлимига алоқадорлигини инкор этганига қарши кучли далил бўлди, деди Германия ҳукумати чоршанба куни.

Ҳафта аввалида маҳаллий ҳукумат вакиллари Буча кўчалари ва пойтахтнинг бошқа ҳудудларида, айримлари қўллари орқасига боғланган ҳолда топилган жасадларни кўмиш учун оммавий қабрлар қазишга мажбур бўлганлар. Россия босқинига бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб содир этилган бу хунрезликлар бутун дунёни ларзага солди.

400 дан ортиқ Украина фуқароси қатл этилган деб топилди.

Der Spiegel маълумотларига кўра, ушлаб олинган радиотўлқинларнинг айримлари Бучадаги асосий йўл бўйлаб топилган жасадлар ётган жойга тўғри келган.

Cуҳбатларнинг бирида аскарлардан бири бошқасига велосипед ҳайдаб кетаётган одамни отиб ташлаганини айтган, деб ёзади нашр. Бошқа бир суҳбатда бир кишининг: «Аввал аскарларни сўроқ қиласан, кейин уларни отиб ташлайсан» дегани эшитилади.

Схеманинг бир қисми

Тинч аҳолини бетартиб ўлдириш Вагнер гуруҳи учун янгилик эмас.

Шу ҳафтада Human Rights Watch (HRW) Мали кучлари ва Вагнер аъзоларини март ойи охирида Мура шаҳрида 300 га яқин тинч аҳолини қатл этганликда айблаган эди.

Ҳуқуқбон ташкилотнинг сешанба куни эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, Мурада тўрт кун давомида содир этилгани айтилган хунрезлик – уруш жинояти бўлиши мумкин.

Мали кучлари ва чет эллик оқ ёлланма аскарлар шаҳарга 27 март куни вертолётда етиб келишган ва 30 га яқин радикал жангарилар билан отишмага киришган, деб хабар беради HRW бир нечта гувоҳга таяниб. Кейинроқ айрим экстремистлар маҳаллий аҳоли билан аралашиб кетишга уринганлар.

Кейинги кунлар давомида Мали ва чет эллик жангарилар тинч аҳолини қуршаб олиб, уларни кичик гуруҳларга бўлиб қатл этгани айтилади.

HRW ҳисоб-китобларига кўра, жами 300 га яқин одам ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксарияти этник фуланийлар.

«Ушбу ҳодиса Малида ўн йил давом этган қуролли можарода қайд этилган энг мудҳиш хунрезликдир», дейилади ҳисоботда.

Энди Вагнер гуруҳи ўз ёлланма аскарларини Украина шарқига ҳам жойлаштирган ва Россия муваффақиятсизликлари ортидан 1000 дан ортиқ киши Украинада жанг қилиши мумкин, деб хабар берган Бирлашган Қироллик мудофаа вазирлиги март ойи охирида.

«Оғир йўқотишлар ва сезирларли даражада тўхтаб қолган босқин туфайли Россия Африка ва Суриядаги амалиётлар ҳисобига Украина учун «Вагнер» аъзоларига устунлик беришга мажбур бўлди», дейди вазирлик.

Кузатувчиларга кўра, Кремл ҳатто Сурия ёшларини Украинага босқин учун тўп еми сифатида ишлатиш мақсадида Вагнер сафига аскар ёллашни кучайтирган.

Уларнинг айтишича, бундай стратегия Россия ичкарисида тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида рус аскарлари учун хавфни ва россияликлар орасида қурбонлар сонини камайтиришга қаратилган.

Вагнер ёлланма аскарлари илк бор Украинага 2014 йилда, Россия Қримни аннексия қилган пайтда юборилган. Ўшандан бери Кремл мамлакат шарқида 13 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган бўлгинчилик урушини авж олдирди.

Кейинги йилларда Вагнер ёлланма аскарлари бутун дунё бўйлаб, жумладан Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Ливия, Марказий Африка Республикаси, Чад ва Малидаги можароларга жалб қилинган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

:) Муаллиф, мурдалар етти кун шундай яхши ҳолатда сақланганми? :)

Жавоб бериш

Россиядан тинч аҳолига қарши қотилликлар ва геноциддан бошқа яна нимани кутгандингиз?

Жавоб бериш