Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Украинада ваҳшийликлар авж олар экан, Хитой-Россия иттифоқининг чегаралари синалмоқда

Карвонсарой ва AFP

Украиналик ҳарбий хизматчилар ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Донбасс минтақасидаги Краматорск темирйўл бекатига берилган ракета зарбасидан кейин қурбонларга ёрдам кўрсатмоқда, 8 апрел. [Анатолий Степанов/AFP]

Украиналик ҳарбий хизматчилар ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Донбасс минтақасидаги Краматорск темирйўл бекатига берилган ракета зарбасидан кейин қурбонларга ёрдам кўрсатмоқда, 8 апрел. [Анатолий Степанов/AFP]

ПЕКИН – Россиянинг Украинага ҳужумидан бир ойдан ортиқ вақт ўтганидан кейин уруш Пекиннинг ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий соҳада Москвага дастаги чегараларини синовдан ўтказаётган кўринади.

Пекин Украина ва халқаро ҳамжамиятнинг талабига қарамай, урушни қоралаш ёки Россия президенти Владимир Путинни ва Кремл сиёсатини танқид қилишдан бош тортди.

Бунинг ўрнига Хитой низонинг келиб чиқишида Америка аралашуви ва НАТО экспансиясини айблаб,Россиянинг нуқтайи назарини такрорламоқда.

Аммо, Киев Россия томонидан амалга оширилган «қатлиом» деб таърифлаган, Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳолининг ўлдирилиши ҳақидаги сўнгги хабарлар Пекиннинг Москва билан «мустаҳкам» дўстлигини синовдан ўтказмоқда.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И февралда Москванинг Украинага ҳужумидан сўнг Лавровнинг Хитойга илк ташрифи чоғида Хитой марказий телевидениеси (CCTV) учун суратга тушмоқдалар, 30 март, Хуаншан шаҳри. [CCTV/AFP]

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И февралда Москванинг Украинага ҳужумидан сўнг Лавровнинг Хитойга илк ташрифи чоғида Хитой марказий телевидениеси (CCTV) учун суратга тушмоқдалар, 30 март, Хуаншан шаҳри. [CCTV/AFP]

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридаги Горький хиёбонида ўтган урушга қарши намойиш иштирокчилари «Путинни тўхтатинг, урушни тўхтатинг» деб ёзилган плакатларни ушлаб туришибди, 2 апрел. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридаги Горький хиёбонида ўтган урушга қарши намойиш иштирокчилари «Путинни тўхтатинг, урушни тўхтатинг» деб ёзилган плакатларни ушлаб туришибди, 2 апрел. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Бир неча кун аввал Украина армияси Киев яқинидаги муҳим алоқа шаҳарча устидан қайта назорат ўрнатар экан, Россия қуролли кучлари у ерни тарк этганидан кейин ўнлаб жасадлар топилгани ҳақида хабар берган.

Ҳафта сўнгида Буча шаҳри кўчалари ёки оммавий қабрлардаги бир неча ўнлаб жасадлар ҳақида савол берилганида Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чжао Лицзян уларни «жуда хавотирли» деб атади.

Аммо, чоршанба (6 апрел) кунги матбуот брифингида у мухбирларга ҳар қандай гуманитар вазиятни «сиёсийлаштирмаслик» кераклиги, «айбловлар фактларга асосланган бўлиши лозимлигини» айтган.

Ҳозирга қадар Хитой Украинага 2,3 миллион АҚШ долларига тенг гуманитар ёрдам юборган, бу бошқа мамлакатларнинг ёрдамлари олдида жуда кам.

«Халқаро миқёсда яккаланиш»

Буча қирғини халқаро миқёсдаги норозиликка сабаб бўлди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош ассамблеясини Россияни БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашидан четлатишга овоз беришга ундади.

Бу четлатиш Москванинг «халқаро миқёсда яккаланиб» қолганини тасдиқлади, деб айтган АҚШ президенти Жо Байден Буча каби Украина шаҳарларидан олинган «даҳшатли» тасвирларга нисбатан изоҳ билдирган кескин баёнотида.

«Россиянинг ёлғонлари Украинада содир бўлаётган воқеаларнинг инкор этиб бўлмас далилларига тенг кела олмайди», деди у.

«Одамларнинг зўрлангани, қийноқларга солингани, қатл қилингани, айрим ҳолатларда таналарининг таҳқирланиши белгилари бутун инсониятни ғазабга солади.»

Кремл бу қотилликларни рад этган ва Бучадан чиқаётган расмлар Украина томонидан сохталаштирилганини даъво қилмоқда. У Украинани ҳужумдан аввал Россия қўллаган тактикадан фойдаланишда айблаган.

Бош ассамблеяга аъзо 193 давлатдан 93 таси Россияни Инсон ҳуқуқлари кенгашидан четлатишга овоз берган.

Хитой қарши деб овоз берган 24 та мамлакатдан бири бўлди. Қолганлар Туркманистондан бошқа барча МДҲ давлатлари, Беларус, Куба, Эрон, Сирия ва Россиянинг ўзи бўлган. Эллик саккизта мамлакат овоз бермаган. Қолган аъзолар, жумладан Туркманистон овоз беришда иштирок этмаган.

Украина президенти Владимир Зеленский «Россияни ўз тажовузи ва урушига оид қарорларга вето қўймаслиги учун» БМТнинг Хавфсизлик кенгашидан ҳам четлатишга чақирди.

Москва ва Пекин кўп ҳолатларда Хавфсизлик Кенгашида бир-бирларини қўллаб-қувватлаш учун ва Россиянинг Сурия урушидаги ваҳшийликлари ёки Хитойнинг ўз қўшниларига нисбатан тажовузини қораловчи резолюцияларига вето қўллаш учун бирлашиб келганлар.

Чегара йўқми?

Муносабатлар мустаҳкамлигича қолсада, Пекин ўз дипломатик алоқаларини ҳимоя қилиш учун эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда, дейди таҳлилчилар.

Ўтган ҳафтада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бир қатор музокаралар ўтказиш учун Хитойга ташриф буюрган эди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашув олдидан Лавров Россия ва Хитой етакчилик қиладиган янги дунё тартибини тасвирлаб берган.

«Биз сиз билан ва бизнинг маслакдошларимиз билан биргаликда кўп қутбли, адолатли, демократик янги дунё тартиби томон борамиз», деб айтган у 30 март куни Россия ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган видеода.

«Хитой-Россия ҳамкорлиги чегара билмайди», деган эди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин аввалроқ Путин ва Хитой етакчиси Си Цзинпин ўзаро алоқаларни тавсифлашда очиқлаган позицияни такрорлаб.

«Тинчликка интилишимиз чегараланмаган, хавфсизликни ҳимоя қилишимиз чегараланмаган, гегемонликка қарши туришимиз чегараланмаган», деб айтган у.

Шунингдек, душанба куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба телефон орқали Ван И билан сўзлашган бўлиб, бу – икки мамлакат ўртасида 1 мартдан кейин ўтказилган илк юқори даражадаги музокаралар бўлди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Киевнинг илтимосига биноан Кулеба билан ўтказилган телефон суҳбатида Ван Хитойнинг «Украина масаласидаги мавқифи тинчлик музокараларини олға суришдан иборат» эканлигини айтди.

«Энг муҳими, Европада мустаҳкам хавфсизликни муносиб даражада таъминлаш учун ушбу оғриқли тажрибадан қандай сабоқ олишдир», деди у.

Хитой режими Россиянинг Украинага бостириб кириш режасини олдиндан билгани, аммо бу Пекиндаги қишки Олимпиада ўйинлари вақтида амалга оширилмаслиги ҳақида қайғурганига оид кўплаб далиллар мавжуд.

Олимпия ўйинлари 20 февралда якунланди, Россия кучлари эса 24 февралда Украинага бостириб кирди.

«Хитой дўст эмас»

Украинанинг Хитой армиясини барпо этиши тарихини инобатга олган ҳолда, босқин вақтида Пекиннинг қўллаб-қувватламаганидан Киевнинг ҳафсаласи пир бўлган, дейди таҳлилчилар.

Украина узоқ йиллар давомида Хитойга муҳим ҳарбий технологиялар, жумладан, Хитойнинг илк авиаташувчиси, ракетага қарши денгиз радарлари технологияси ва илғор реактив двигателларни етказиб берган, деб ёзади Washington Post 9 март куни.

Германиянинг Кил университети Осиё-Тинч океани стратегияси ва хавфсизлиги маркази раҳбари Сара Кирхбергер: «Бу ёрдам бўлмаганида, бугунги кунда Хитойнинг бирорта жанговар авиаташувчиси бўлмасди», деб айтган.

Пекин ўт очишни тўхтатиш йўлида воситачилик қилиши ва Москвага босим ўтказиши борасидаги умидлар ҳамон сақланиб қолган бўлса-да, феврал ойида Қишки Олимпиада ўйинлари олдидан Путин ва Си ўртасида имзоланган очиқ келишувдан сўнг Киевнинг «ишонч даражаси анча пасайган».

«Украинада Хитой корхоналари ва инвестициялари бўлса, бу Россиянинг босқинига тўсқинлик қилади, деган умид бор эди», дейди Украинадаги ташқи сиёсат кенгашининг «Украина призмаси» таҳлил маркази директори ўринбосари Сергей Герасимчук.

Бироқ, Украинадаги Армия, конверсия ва қуролсизланиш бўйича тадқиқотлар марказининг Осиё-Тинч океани ҳудуди бўйича раҳбари Юрий Пойтанинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Украина Хитойдан узоқлашмоқда.

«Энди Украина ўта оғир вазиятда ким ҳақиқий дўст эканини кўриши мумкин», деди у. «Ва биз Хитойни дўст эмас, деб айта оламиз. У душман эмас, аммо дўст ҳам эмас. Шу иккисининг ўртасида.»

«Обрўга путур етиши»

Хитойнинг Россияга яқинлиги Пекин Кремлга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдамлашиши ёки ҳатто унга қурол етказиб беришга тайёр бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни уйғотган.

Ўнлаб йиллар давомида Хитой биринчи навбатда Россиядан қурол сотиб олган, аммо Хитой ҳарбий технологияларининг жадаллик билан ривожланиши ва Россияга нисбатан санкциялар кучайгани сабабли Кремл ёрдам сўраб Пекинга мурожаат қилиши мумкин.

АҚШ расмийларига кўра, уруш бошланганидан кўп ўтмай, Россия Хитойдан ҳарбий ёрдам сўраган.

Аммо Москва ҳам, Пекин ҳам бу хабарларни рад этишган.

Айни вақтда Хитой Россия босқинига асосий таъминот воситалари, ўқ-дорилар, алоқа ускуналари ва енгил қуроллар етказиб бериш орқали кўмаклашиши мумкин, дейди ҳарбий таҳлилчилар.

Ўтган жума куни Европа Иттифоқининг юқори даражали расмийлари Сини Россияни қўллаб-қувватламаслик ҳақида огоҳлантириб, Пекинни урушни тугатиш учун дипломатик нуфузидан фойдаланишга ундади.

«Хитой Россияга таъсир ўтказа олади ва шу боис ҳам биз Хитой бу урушни тугатиш йўлида масъулиятни ўз зиммасига олишини ва Россиянинг тинчлик музокараларига қайтишини кутамиз», деди Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

«Ҳеч қайси Европа фуқароси Россиянинг уруш олиб бориш салоҳиятининг қўллаб-қувватланишини тушунмайди», деди у. «Бундан ташқари, бу Хитойнинг Европадаги обрўига жиддий путур етказади.»

Шуниси эътиборга лойиқки, ҳали ҳам кўп жиҳатдан Россияга қарам бўлган Марказий Осиёда ҳукуматлар ва оддий фуқаролар Россиядан ҳам, Хитойдан ҳам узоқлашиб, Украина халқини қўллаб-қувватлашини ҳамда Европа ёки Америка Қўшма Штатлари билан савдо ва хавфсизлик алоқаларини афзал кўришини билдирмоқда.

Босқин ортидан Қозоғистонда Москва бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқидан (ЕОИИ ёки ЕОИҲ) чиқиш чақириқлари янграган.

Март ойи бошида Қозоғистон ҳукумати Олмаотада Украинани қўллаб-қувватловчи йирик намойиш ўтказишга рухсат берган эди.

Март ойи ўрталарида Ўзбекистон ҳукумати Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини ҳамда можарога тинч йўл билан ечим топиш тарафдори эканини очиқ баён қилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳатто Хитой ҳам Россиянинг ваҳшийликларидан даҳшатга тушади. Хитой ҳеч қачон варварларни қўллаб-қувватламайди.

Жавоб бериш

Biroq, Xitoy tarixda 1931 yildan 1945 yilgacha Yaponiya bilan urush tajribasiga ega. Avval Manchjuriya, keyin Marko Polo koʻprigidagi voqea va 1937 yilgi Nankin qirgʻini, soʻngra bosqinchilar bilan uzoq davom etgan kurash. Darvoqe, Yaponiya imperiyasi Xitoyda (Buyuk devorning janubida) qoʻgʻirchoq hukumat tuzib, oʻzining “hamkorlikdagi Osiyo farovonlik sohasini” barpo etgan.

Жавоб бериш