Карвонсарой
Дин

Хитой ҳукумати рўза тутадиган мусулмонлар сонига чеклов қўйди

Карвонсарой ва AFP

6 апрел куни Индонезиядаги масжидда ўз телефонида Қуръоннинг рақамли нусхасини ўқиётган киши. [Чайдир Махюддин/AFP]

6 апрел куни Индонезиядаги масжидда ўз телефонида Қуръоннинг рақамли нусхасини ўқиётган киши. [Чайдир Махюддин/AFP]

Ҳуқуқбон ташкилотлар Хитой ҳукуматининг Шинжонда рўза тутиш рухсат берилган мусулмонлар сонини чеклаш чорасини танқид остига олган, деб хабар берди Озод Осиё радиоси (RFA) 1 апрел куни.

Шинжон минтақаси расмийлари узоқ йиллардан бери уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларнинг рўза тутишини чеклаб, жумладан, талабалар, ўқитувчилар ва давлат хизматчиларига рўза тутишни бутунлай тақиқлаб келган.

Айрим маҳаллалар қўмиталари аксарият учун 1 апрелдан бошланган Рамазон ойида атиги 10-50 та мусулмонга рўза тутишга рухсат берилиши тўғрисида билдиришнома олганлар, деб хабар берди RFAга маҳаллий маъмурлар ва полиция.

Рўза тутадиганлар ҳам расмий идораларда рўйхатдан ўтиши керак.

Британия парламентидан Хитойнинг уйғур мусулмон озчилигига нисбатан таъқибини қатлиом ва инсониятга қарши жиноят сифатида тан олиш учун овоз бериш талаб қилинган намойишга қўшилиб, плакат кўтариб турган уйғур жамоаси вакили. Лондон, ўтган йилнинг 22 апрели. [Жастин Таллис/AFP]

Британия парламентидан Хитойнинг уйғур мусулмон озчилигига нисбатан таъқибини қатлиом ва инсониятга қарши жиноят сифатида тан олиш учун овоз бериш талаб қилинган намойишга қўшилиб, плакат кўтариб турган уйғур жамоаси вакили. Лондон, ўтган йилнинг 22 апрели. [Жастин Таллис/AFP]

Или қозоқ мухтор префектурасининг Ғулжа туманидаги қишлоқ маъмурларидан бирининг айтишича, унинг маҳалласида аллақачон рўйхатга олиш жараёни бошланган.

10 та оилани назорат қилувчи маъмурнинг айтишича, фақат мактаб ёшидаги фарзанди бўлмаган кексалар ва катталарга рўза тутишга рухсат берилади.

«Бу тизим диннинг болалар онгига салбий таъсиридан қочиш мақсадида ишлаб чиқилган», деди маъмур. Ҳозир бу борада кўплаб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда, қишлоқдан чиққан гуруҳ рўзадорлик талабларига мос келадиганларни рўйхатга оляпти.

Қизилсув қирғиз мухтор префектурасининг Аруша шаҳрида 10 та оилани назорат қилувчи бошқа бир маъмур маҳаллий ҳокимиятдан чекловлар ҳақида билдиришнома олганини айтди.

«Мен масъул бўлган 10 та оиладан иккитасигина... рўза тутиши мумкин бўлган оила деб топилди. Уларнинг ҳар иккови ҳам кекса бўлиб, уйда фарзандлари йўқ.

«Уйғурлар учун Рамазон йўқ»

Ушбу хабарлар инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг жиддий танқидига учраган.

«Хитойнинг фақат муайян одамларга рўза тутишга рухсат бериши жуда ачинарли ва фожиали ҳолат», дейди Германиядаги бутунжаҳон уйғур қурултойининг Дин ишлари бўйича қўмитаси директори Турғунжон Алоуддин.

«Хитойнинг бу қилмиши мусулмон дунёси учун кулгили бўлиб, рўза тутиши мумкин бўлганлар сонининг чекланиши ҳайратланарлидир».

«Хитойдаги геноцид кампаниясига барҳам берилмас экан, ватандаги уйғурлар учун бу йил ҳам, бошқа йилларда ҳам Рамазон ойи бўлмайди», дейилади Вашингтонда жойлашган Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси 31 март кунги баёнотида.

Шунингдек, Вашингтонда жойлашган Уйғурлар кампаниясининг таъкидлашича, Хитой коммунистик партияси (ХКП) Шинжондаги уйғурларга ибодат амалларни бажариш ва диний байрамларни нишонлашни яна тақиқламоқда.

«Бу адолатсизликни янада кучайтириш учун ХКП сохта манзарани ҳосил қилиш мақсадида атайин исломдан фойдаланмоқда», дейилади ташкилотнинг 31 март куни эълон қилган баёнотида.

Сўнгги йилларда ҳукумат уйғур аҳолисини рўза тутгани учун жазоланиши, жумладан, Шинжондаги лагерларидан бирига жўнатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

У шунингдек, нафақа ёшидаги фуқаролардан Рамазон ойи олдидан рўза тутмаслик ёки намоз ўқимасликка ваъда беришни, кенг жамоатчиликка ўрнак бўлиш ва бошқаларнинг ҳам тийилишларини таъминлаш учун масъулиятни ўз зиммаларига олишни талаб қилган, дея хабар беради RFA.

«Инсониятга қарши жиноятлар»

Ҳуқуқбон ташкилотлар ҳисоб-китобларига кўра, Шинжон бўйлаб бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа турк мусулмон озчиликлари «терроризмга қарши» кураш чоралари доирасида «қайта тарбиялаш лагерлари» тармоғида ҳибсда сақланмоқда.

Мустақил терговлар, собиқ маҳбуслар ҳамда қўриқчилар билан ўтказилган суҳбатларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар, жинсий таҳқирлаш ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.

Бундан ташқари, Хитой ҳукумати турли баҳоналар билан минтақадаги масжидлар ва бошқа муқаддас исломий обидаларнинг учдан икки қисмига зарар етказган ёки вайрон қилган, дейилади Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг апрел ойидаги батафсил ҳисоботида.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва кўп сонли Ғарб ҳукуматлари, жумладан АҚШ, Канада, Нидерландия, Британия, Белгия ва Франция Пекиннинг Шинжондаги сиёсатини «инсониятга қарши жиноятлар» ва «геноцидга» тенглаштирган.

21 март куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен мамлакат ичи ва ташқарисида этник ва диний озчиликларга нисбатан репрессия амалиётлари ўтказгани учун Хитой мансабдорларига виза чекловлари жорий қилинганини айтди.

Қайси мансабдор шахслар нишонга олингани аниқ айтилмаган баёнотда Блинкен Хитойга қарата Шинжонда «давом этаётган геноцид ва инсониятга қарши жиноятларни тўхтатиш» чақириғини такрорлаган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ санкциялари асосан озчиликларни, диссидентларни, ҳуқуқ фаоллари ва журналистларни таъқиб қилиш сиёсатига алоқадор Хитой расмийларига қаратилган.

Блинкен Хитойнинг «этник ва диний озчиликлари вакилларини, жумладан хориждан бошпана излаётганларни таъқиб қилиш, қўрқитиш, кузатиш ва ўғирлаш» ҳаракатларини танқид қилди.

«Биз Хитой ҳукуматини трансмиллий репрессия чораларини, жумладан, америкалик уйғур фаоллари ва уйғур миллатига мансуб бошқа шахсларнинг овозини ўчириш уринишларини тўхтатишга чақирамиз», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия қулаганидан сўнг, дунё Хитойнинг коммунистик фашизмини тўхтатиши керак.

Жавоб бериш