Россиянинг Дамашқдаги элчиси яқинда Украинага ҳужуми вақтида Россияни қўллаб-қувватлагани учун Сурия режимини мақтади.
Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг 27 март кунги хабарига кўра, араб ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган учрашувда Александр Ефимов Суриядаги Башар ал-Асад режимини назарда тутиб, «дўст бошга кулфат тушганда билинади», деб айтган.
Бунга жавобан ташқи ишлар вазири ўринбосари Башар ал-Жафарий Сурия можарода Россия томонида эканини ва узоқ йиллик иттифоқчисини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.
Аммо, Россиянинг Сурия билан дўстлиги ва ҳамжиҳатлигининг оммавий эълони ортида Сурия россиялик ҳукмдорлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолганини кўрсатувчи белгилар кўпаймоқда.
Кўплаб оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Суриядан табиий бойликларни ташиб кетиш, уни ёлланма ишчи кучи сифатида ишлатиш ва энди Россиянинг санкциялардан қочишига ёрдам бериш мақсадида фойдаланишмоқда.
Таҳлилчилар икки мамлакат ўртасидаги муносабатни беқарор, колониал, Россияни Сурияда низони ҳал қилиш учун эмас, айни ҳолат унинг сиёсий ва иқтисодий мақсадларини қўллаб-қувватлагани сабабли ўз статус-квосини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилган, деб таърифлайдилар.
Эксплуатация тарихи
Бир неча йиллардан бери Россия қуролли кучлари Сурияда ўз ҳозирлигини кучайтириб келган ва ҳам бевосита, ҳам ўзлари молиялаштираётган аскарлар ва жангарилар орқали янги назорат ҳудудларини эгалламоқда, дейди суриялик адвокат Башир ал-Бассам.
Уларнинг якуний мақсади муайян ҳудудларда аввал ҳарбий назорат ўрнатиб, кейин шу ҳудудлардаги табиий бойликлардан фойдаланиш учун Сурия режими билан шартномаларни имзолаш орқали муҳим табиий бойликларни қўлга киритишдир.
Унинг сўзларига кўра, талабгир табиий ресурслар қаторига нефт, фосфатлар, кремний киради. Ва бу корхоналарни ҳимоя қилиш учун «Ислом давлати» (ИД) каби жангарилари ниқоби остида ёлланма гуруҳлар олиб келинган.
Россия ресурсларни ташиш учун Ўртаер денгизига чиқиш йўлини очган ва Сурия режими билан Тартус портидаги Россия ҳарбий денгиз кучлари базасини кенгайтириш бўйича 49 йиллик шартнома тузган.
ҳозирда Россиянинг нефт ва газ соҳасидаги маслаҳатчилари Суриянинг Палмира шаҳрида жойлашган бўлиб, улар орасида Россия президенти Владимир Путиннинг иттифоқчиси Евгений Пригожин эгалик қиладиган Россиянинг «ЕвроПолис» мухандислари ҳам бор.
Пригожин Россия ҳарбий полицияси билан биргаликда Палмирани бошқарувчи Вагнер гуруҳини молиялаштиради, деб айтган суриялик журналист Муҳаммад ал-Абдуллоҳ.
«ЕвроПолис Сурия режими билан узоқ муддатли шартнома тузган, унга кўра Россия жангари гуруҳлари назорати остидаги ҳудудларда нефт ва газдан олинган фойданинг 25 фоизини қўлга киритади.
Вагнер гуруҳи Палмирада ва нефт-газ конларига кундалик бориб келишида техник ходимларни қўриқлайди, деб айтган ал-Абдуллоҳ.
Шунингдек конларни, Хомс яқинидаги кимёвий ўғитлар заводини, Палмирадаги кўп сонли фосфат конларини «муҳофаза» қилади.
Шунингдек, Вагнер Сурияда қўпол равишда инсон ҳуқуқларини бузган ва жиноятларни содир этган, жумладан Сурия армия дезертирларини қийноққа солиш ва тана жароҳатлари етказишда иштирок этган.
Россияни биринчи ўринга қўйиш
Украинадаги уруш асосан Россия ва Украинадан буғдой импорт қилувчи Сурияда ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатларида нон инқирозини келтириб чиқаришидан аввал Россия Суриядаги озиқ-овқат танқислигига сабаб бўлган.
Қачонлардир ўз-ўзини буғдой билан таъминлаган Сурия уруш сабабли Россиядан буғдой импорт қилишга мажбур бўлиб қолган.
Аммо Россия компаниялари коронавирус инқирози фонида ички таъминотни ҳимоя қилиб, ўтган йили Сурия билан олтита шартномани тўхтатган, йиллик буғдой импортини ярмига қисқартирган, деб хабар беради Syria Report ва Сурия дон ташкилоти.
Украинадаги жорий низо шароитида Россиядан буғдой етказиб берилишининг давом этиши «шубҳали ва Суриянинг буғдой бўйича иккинчи энг катта етказиб берувчиси Беларус ҳам савол остида», деб айтган суриялик иқтисодчи Маҳмуд Мустафо.
Россия ҳозирда Украинадаги уруш ҳаракатларига қўшилиш орқали ёлланма аскар сифатида оила боқишдан умидвор бўлган суриялик эркакларни фаол ёлламоқда, экспертларнинг таъкидлашича, улар тўп еми сифатида ишлатилмоқда ва пулини ололмаслиги мумкин.
Бу орада Сурия Украина урушида қўлланилаётган Россия қуроллари учун ғайриихтиёрий тарзда полигон бўлиб хизмат қилди ва Россиянинг «ҳақиқий дўстига» айланди.
Россия Сурияда «Россиянинг барча сўнгги турдаги қуроллар тизимларини» – жами 320 дан ортиқ турдаги қуролларни синовдан ўтказганини очиқ тан олади.
Санкциялардан қочиш уринишлари
Украинага ҳужумидан кейин ўзига нисбатан жорий қилинган кенг қамровли халқаро санкцияларни четлаб ўтиш учун Россия яна Сурияга юзланди.
«New Lines» журналининг сешанба (5 апрел) куни хабар беришича, Кремл Сурияга умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган иккита кредит ажратди – бу пуллардан Россиянинг муайян компанияларига олти ойлик муддат ичида тўлаш учун фойдаланиш шарти билан.
Келишувда тилга олинган Россия компаниялари орасида Пригожин ва Геннадий Тимченкога тегишли компаниялар ҳам бор, уларнинг иккиси ҳам Украина урушига ёрдам бергани учун АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари остига тушган.
Кредитлар санкциялардан қочиш усули сифатида ишлаб чиқилган бўлиши мумкин, дейди у.
Сурия тарихда санкциялардан қочишга урингани маълум. Guardian нашри 22 март куни режим санкцияларни четлаб ўтиш учун тизимли равишда қобиқ компаниялар ташкил этаётгани ҳақида хабар берди.
The Guardian танишиб чиққан ҳужжатлардан маълум бўлишича, бир қанча янги қобиқ компаниялар эгалари ҳамда Асад ва Суриянинг иқтисодий жиҳатдан қудратли элитаси, жумладан санкциялар остидаги шахслар ўртасида аниқ алоқалар бор.
Унда айтилишича, октябр ойида ташкил этилган, акцияларининг назорат пакетига жисмоний шахслар эгалик қиладиган учта янги ширкат мураккаб алоқа тармоғи орқали Сурия режими билан боғланган шахсга тегишли.
Уларга эгалик қилувчи шахслардан иккитаси «Sanad Protection and Security Services» компаниясининг ҳамсоҳиби Аҳмад Халил Халилнинг қизларидир.
«Sanad» – Россияга қарашли хусусий қўриқлаш компанияси бўлиб, у Вагнер гуруҳи томонидан назорат қилинади ва Сурия марказидан Тартусга Россия фосфатини юборишда хавфсизликни таъминлайди.
Октябр ойида ташкил этилган учта cохта ширкат мураккаб ришталар орқали Сурия режими билан билвосита алоқадор шахсга тегишли экани маълум қилинди. Бу сохта компаниялар қачон тугайди? Бунақа ташвиқот одамни жуда чарчатди-ку!
Жавоб беришФикрлар 1