Карвонсарой
Хавфсизлик

Беларуслар ва руслар Украина учун ва Москва империализмидан озод бўлиш йўлида курашмоқдалар

Карвонсарой

Беларуслик юзлаб кўнгиллилар Беларуснинг Украина тарафдори бўлган энг йирик жанговар кучлари бўлмиш Кастус Калиновский батальони таркибида Украинада жанг қилмоқда. [Кастус Калиновский батальони]

КИЕВ – Юзлаб беларуслар ва руслар босқинчи рус қўшинларига қарши курашда Украинанинг ғалаба қозонишига ва бу ғалаба туфайли улар ўз ватанида ҳам Кремл зулмидан озод бўлишига умид қилмоқда.

Украина тарафдори бўлган Беларуснинг энг йирик жанговар кучлари бўлмиш Кастус Калиновский батальони қўмондони ўринбосари Вадим Кабанчукнинг сўзларига кўра, Беларусдан келган юзлаб кўнгиллилар Украинадаги махсус Беларус батальони ва бошқа украин ҳарбий бўлинмаларида жанг қилмоқда.

«Яна бир неча минг киши интернетдаги ёллаш платформаси орқали сафимизга қўшилиш учун ариза топширди», деди у 29 март куни Америка Овози (VOA) билан телефон орқали суҳбатида.

1860 йилларда Россия истилосига қарши қўзғолонга раҳбарлик қилган беларус инқилобчиси номи билан аталган батальон Киевда 24 феврал куни Россия президенти Владимир Путин қўшинларга Украинага бостириб киришга буйруқ берганидан кўп ўтмай шакллана бошлаган.

Кастус Калиновский батальони жангчилари, 2 апрел куни гуруҳнинг Телеграм-каналига жойланган сурат. [Файл]

Кастус Калиновский батальони жангчилари, 2 апрел куни гуруҳнинг Телеграм-каналига жойланган сурат. [Файл]

7 март куни олинган ушбу суратда беларуслик 24 яшар Павел Кухта Полшанинг Варшава шаҳрида ўқ ўтказмайдиган нимча ва бошқа жиҳозлар тўпламига суяниб турибди. Беларусдаги режим Кремлни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда, кўплаб оддий фуқаролар Украина томонига ўтиб, ҳатто қўлларига қурол олмоқдалар. [Павел Кричко/AFP]

7 март куни олинган ушбу суратда беларуслик 24 яшар Павел Кухта Полшанинг Варшава шаҳрида ўқ ўтказмайдиган нимча ва бошқа жиҳозлар тўпламига суяниб турибди. Беларусдаги режим Кремлни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда, кўплаб оддий фуқаролар Украина томонига ўтиб, ҳатто қўлларига қурол олмоқдалар. [Павел Кричко/AFP]

Украина учун ихтиёрий равишда жанг қилаётган беларусликларнинг аксарияти Киевнинг кураши Беларусни Россия империализмидан озод қилиш йўлидаги қадам эканлигига амин, дейди Европа ташқи алоқалар кенгаши таҳлилчиси, Беларус ташқи ишлар вазирлигининг собиқ расмийси Павел Слункин.

«Улар орасида блоггерлар, журналистлар, IT [ахборот технологиялари] мутахассислари, завод ишчилари бор. Турли касб эгалари. Ва улар Беларусни демократик давлат сифатида кўришни истайдилар», деди у «Америка Овози» билан суҳбатда.

Яна бир фойдаси Украина қонунига кўра, унинг армияси сафига қўшилган чет элликлар фуқаролик олиши мумкин.

Кабанчукнинг айтишича, у 2014 йилда Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин Украинада жанг қилаётган батальон аъзоларидан бирига айланган.

Калиновский баталонига қўшилиш учун минглаб одамлар ариза топширган бўлса-да, текшириш жараёни хавфсизликка потенциал таҳдидлар ёки беларуслик диктатор ва Путиннинг иттифоқчиси Александр Лукашенкога содиқ айғоқчиларни ажратишга қаратилган.

«Минглаб мурожаатчилардан кўпчилигининг аризаси Полша пойтахти Варшавадаги потенциал жангчилар учун биринчи босқичда филтрлаш маркази вазифасини бажарадиган Беларус ёллаш марказидаги юзма-юз суҳбатдан сўнг рад этилади», деди Кабанчук. «Бошқаларга эса батальон базаларига келганидан кейин яроқсиз дея рад жавоби берилади.»

Калиновский батальони ўз фаолиятини Телеграмдаги @belwarriors саҳифаси орқали ёритиб боради.

9 март куни батальонга Калиновский номи берилгани эълон қилинди, 25 март куни эса батальоннинг Беларус ва Украинага содиқлик қасамёди акс этган видеолавҳа унинг Телеграм каналига жойлаштирилган.

29 март куни эълон қилинган бошқа видеолавҳада у Украина армияси сафида янги мақомга эга бўлганини эълон қилди, батальон аъзолари эса қўлларида Украина ҳарбий гувоҳномаларига ўхшаган яшил буклетлар ушлаб турган эдилар.

Бу хабар Украина ҳукумати ва ҳарбийлари томонидан бошқариладиган веб-сайтларда тасдиқланмаган бўлса-да, таҳлилчилар унинг ишончли эканини айтганлар.

Калиновский батальони Украина учун курашаётган беларус гуруҳлари ичида энг йирик ва «эҳтимол энг яхши ташкиллаштирилгани», дейди қувғиндаги Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг катта маслаҳатчиси Франак Вякорка.

«Ҳозирча улар нафақат бир жойда, нафақат Киевни, балки бутун Украинани ҳимоя қилиш учун жанг қиладилар», деди Вякорка «Америка Овози» билан суҳбатда.

Кейинги бекат: Беларус

Украинада беларуслик жангчиларнинг бошқа кичик гуруҳлари ҳам фаол ҳаракат қилмоқда.

31 март куни Тихановская Твиттерда «янги ташкил этилган Беларус ҳарбий бўлинмаси – [Украина] Қуролли кучлари таркибига кирувчи «Пагоня» полки» суратини жойлаштирди.

Украинага ёрдам беришдан ташқари, «Пагоня» Лукашенкодан кейинги даврга «янги профессионал Беларус армияси учун база яратишни мақсад қилган», деб ёзди Вякорка 30 март куни Твиттерда.

Россия босқинидан кўп ўтмай, Украина президенти Владимир Зеленский хорижлик кўнгиллиларни янги ташкил этилган Халқаро легионга қўшилишга таклиф қилди.

«Пагоня» ушбу халқаро легионнинг бир қисми, Калиновский батальони эса унинг таркибига кирмайди.

2020 йилнинг август ойида бўлиб ўтган баҳсли президентлик сайловлари ортидан Лукашенко намойишчиларни зўравонлик билан бостирар экан, ўша йили Беларус бўлинмаларининг кўплаб аъзолари Украина ёки бошқа дўстона мамлакатларга қочиб ўтган.

Сергей Беспалов исмли журналист ва блогер бир неча дўстлари ҳибсга олинганидан сўнг Беларусдан қочиб кетган, деб хабар беради Wall Street Journal (WSJ) 7 апрел куни.

«Нишонга айланишим эҳтимоли катта эди», деб айтган у.

Бир нечта Телеграм каналларини юритадиган Беспалов ҳарбий тажрибага эга эмасди. Аммо энди у Калиновский батальони сафига янги жангчиларни жалб қилишда иштирок этмоқда.

«Украинани озод қилишимиз билан Минскни озод қилгани борамиз», деди у.

Павел Кулажанка – бир неча ҳафта олдин Киевга келган ва Путиннинг таъсиридан узоқроқда доимий йўл топиш умиди билан Калиновский батальонига қўшилган яна бир беларусликдир.

«Мустақил Украинасиз мустақил Беларус бўлмайди», деди у WSJга. «Бу биринчи бекат, иккинчи бекат Беларус бўлади.»

«Ҳозирда Беларуснинг мавжудлиги таҳдид остида», деб айтган Вякорка WSJнинг ўша хабарига кўра. «Путин Украина давлатчилиги мавжуд бўлмаслиги керак деганда, Беларус борасида ҳам худди шуни назарда тутган.

«Россия армиясининг Киевни босиб олиш ғоясидан воз кечгани ҳам Киевни қамал қилишни ўта қийинлаштирган ва Россиянинг орқа томонини хавфли ҳолатга келтирган беларусларнинг хизматидир», деди у.

Баталон Киевни мудофаа қилиш йўлидаги бир неча шиддатли жангларда қатнашди – Путин бу жанглар тезда тугашини кутганди, бироқ у тахминан етти ҳафта давом этган жанглардан сўнг Украина қўлида қолди.

Ҳозиргача Калиновскийнинг уч аъзоси ўлдирилган, деди Кулажанка.

Путинга қарши чиқаётган россияликлар

Халқаро легионда Украина учун жанг қилаётган камида битта рус бўлинмаси бор.

Ўтган ҳафта Киевдаги матбуот анжуманида иштирок этган, камуфляж кийиб олган Россия учун эркинлик бўлинмасининг уч нафар аъзоси Россия армияси уларни Украинага юборганини, аммо асир тушганларидан кейин қарши тарафга ўтганини айтди.

«Бу легион Путин режимига қарши курашиш учун тузилган», деб айтган режимни алдов йўли билан россияликларни Украинага ҳужум қилишга мажбурлашда айблаган россиялик собиқ махсус кучлар сержанти.

Улар Россия қуролли кучларида хизмат қилиши ёки Украина армияси билан айни вақтдаги муносабати тафсилотларни ошкор қилишдан бош тортган. Шунингдек, Россия учун эркинлик гуруҳида неча киши борлигини айтишни истамаган.

Минглаб россияликлар Путин режимига қарши курашни хоҳлайди, деб айтган ҳозирда Киевда яшовчи россиялик собиқ депутат Илья Пономарев.

«Мен Россияда Путин армиясига қарши жанг қилишни истайдиган бир неча минглаб одамларни биламан», деб айтган у WSJ нашрига. «Улар ўз ватандошларини эмас, балки 80 йил аввалги фашистлардек бўлиб қолган путинчиларни ўлдиришни истайдилар.»

Украина учун курашаётган россиялик аскарлар Иккинчи жаҳон уруши даврида Иттифоқчилар сафига қўшилган нацистларга қарши немисларга ўхшайди, деб айтган 2014 йилда Қрим аннексия қилинишига қарши овоз берган ягона россиялик депутат Пономарёв.

Бугун Украина эркинлиги учун жанг қилаётган россияликлар катта ҳарбий куч бўлмаса-да, улар сиёсий жиҳатдан муҳим, деб айтган россиялик санъат асарлари коллекционери ва Россия давлати бошқарувидаги «Биринчи» телеканали раҳбарининг собиқ ўринбосари Марат Гелман.

«Россия фуқаролари бу тажовузга қаршилик қилишда Украинага қандай ёрдам бергани маълум бўлса, келажакда россияликлар ва украиналиклар ўртасидаги мулоқот енгиллашади», деб айтган у WSJ нашрига. «Ва бу одамлар воситачи бўлишлари мумкин.»

Ўз-ўзини ҳимоя қилиш

Лукашенко Украина учун жанг қилаётган беларусларнинг устидан кулиб, уларни «телба» ва пулга ўч деб атар экан, (Москва тақиқлаган атамадан фойдаланган ҳолда) Украинадаги «урушга» барҳам беришга қаратилган тинчлик музокараларига Минскни қўшишга чақириш билан ўзидаги исён аломатларини кўрсатган.

Беларус Украинага босқин олдидан россиялик аскарларни ўз ҳудудида жойлаштирган бўлса-да, Лукашенко ўз ҳарбийларини Россия босқинига қўшишдан тийилиб келган, айримлар бу ҳаракатни сиёсий жиҳатдан ўз-ўзини ҳимоя қилиш деб атаганлар.

Беларус аҳолиси урушга қатъиян қарши, маҳаллий фаоллар Беларусдаги темирйўл қурилмаларига саботаж уюштириш орқали Россиянинг аскарлар ва қуролларни олиб келишига қаршилик қилишган.

Агар Лукашенко Украинага қўшин юборса, айрим беларуслик аскарлар таслим бўлиши, бошқалари эса унга қарши чиқиши мумкинлигидан қўрқади, деб айтган Кабанчук.

«У Украинага аскар юбориш ўз режими қулашини тезлаштириши мумкинлигини тушунади», деб айтган у.

Лукашенконинг истаксизлиги бошқа иттифоқдошлар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам Москвадан узоқлашаётган бир вақтга тўғри келмоқда.

«Албатта, Россия кўпроқ унинг тарафида бўлишимизни хоҳлайди», деган эди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейманов март ойи охирларида.

«Аммо, Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади. Биз Қрим билан боғлиқ вазиятни ҳам, Донбассдаги вазиятни тан олмадик ва тан олмаймиз, чунки уларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тан олмайди».

«Россия ҳукумати ўз ҳудудида «уруш» сўзидан фойдаланишни тақиқлаган бўлса-да, биз уни Қозоғистонда ўз номи билан атаймиз», деб қўшимча қилган у.

Ўзбекистон ҳам Украинани қўллаб-қувватлашини билдирган, таҳлилчилар эса Россиянинг нигоҳида Марказий Осиё кейинги бўлиши мумкинлигини айтиб огоҳлантиришган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қизиқарли тарихий ўхшашлик мавжуд. Шоҳ Борис учинчи даврида Болгария фашистлар Германиясига қўшилган, Югославия ва Греция ҳисобидан Болқон ерларини кенгайтирган. Натижада у Буюк Британия ва АҚШга қарши урушга кирган, немис қўшинларининг ўз ҳудудидан ўтишига рухсат берган, аммо СССРга қарши уруш эълон қилмаган, ўз армиясини шарқий фронтга юбормаган; Болгария элчихонаси эса Москвада қолган.

Жавоб бериш

Украина ва уни қўллаб-қувватловчиларга шон-шарафлар!

Жавоб бериш

Украиналиклар, беларуслар ва ҳатто ўзларининг россияликлари ҳам ҳукмрон тўда сабабли ўлимга маҳкум. Бу қандай сафсата бўлди? Қачон тўйишади ва империал истаклари тугайди?

Жавоб бериш

Славянлар Мордвага қарши.

Жавоб бериш