Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ўзбекистон Украинадаги уруш сабаб озиқ-овқат хавфсизлигидан ташвишга тушмоқда

Рустам Темиров

Тошкент марказий бозорида сотилаётган Қозоғистон уни, 9 апрел. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Тошкент марказий бозорида сотилаётган Қозоғистон уни, 9 апрел. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида юзага келган озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси Марказий Осиё давлатлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларининг 32 фоизини Россия ва Украинадан импорт қилувчи Ўзбекистон каби мамлакатларни хавотирга сола бошлаган.

Буғдой, ўсимлик ёғи ва шакар каби асосий импорт маҳсулотларининг камайиши ҳамда ёқилғи нархининг ошиши – урушнинг яна бир бевосита оқибати – минтақада озиқ-овқат нархларининг кўтарилишига сабаб бўлди.

Йирик халқаро ташкилотлар 13 апрел кунги мурожаатида глобал озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ таҳдидларга қарши шошилинч чоралар кўришга чақирган.

Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Жаҳон савдо ташкилоти ва Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбарларининг қўшма баёнотида «Озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмаган мамлакатларга мувофиқлаштирилган тарзда тезкор ёрдам кўрсатиш зарурлиги» айтилади.

Комбайн қўлда бошқарилмаётганини кўрсатиш учун қўлини кўтариб ишора қилаётган оператор, 2018 йил 18 июл, Олмаота вилояти. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Комбайн қўлда бошқарилмаётганини кўрсатиш учун қўлини кўтариб ишора қилаётган оператор, 2018 йил 18 июл, Олмаота вилояти. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 250 минг тонна шакар захирасини ҳозирлаган. [Файл]

1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 250 минг тонна шакар захирасини ҳозирлаган. [Файл]

Улар халқаро ҳамжамиятни фавқулодда озиқ-овқат таъминоти, ночор оилалар ва фермерлар учун ижтимоий ҳимоя, шунингдек, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва бошқа чораларни молиялаштиришга чақирди.

Ўтган ҳафта Европа Иттифоқининг (ЕИ) ташқи сиёсат бўйича раҳбари Хосеп Боррелл глобал озиқ-овқат инқирозига Москвага нисбатан жорий этилган санкциялар эмас, балки Россиянинг Украинадаги уруши сабаб бўлаётганини айтди.

Айнан Россия «портларни, буғдойни тўсиб, Украинадаги буғдой захираларини йўқ қилиб, дунёда танқислик келтириб чиқармоқда», деди Боррел.

Россия ҳарбийлари «Украина далаларига бомба ёғдирди, Россия ҳарбий кемалари эса буғдой ортилган ўнлаб кемаларнинг йўлини тўсди», деб қўшимча қилди у. «Улар буғдой заҳираларини бомбалаб, йўқ қилмоқда» ва унинг экспортига тўсқинлик қилмоқда.

Санкцияларни айблашни бас қилинг, деди Боррел. «Озиқ-овқат танқислигига айнан Россия ҳарбийлари сабаб бўлмоқда».

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, Россиянинг Украина қишлоқ хўжалиги марказига бостириб кириши ортидан март ойида дунё миқёсида озиқ-овқат нархлари рекорд даражага етди.

Дон етиштириладиган йирик ҳудудларга эга Россия ва Украина дунёдаги асосий ғалла конларидан ҳисобланади. Бу икки мамлакат дунё миқёсида буғдой, ўсимлик ёғи ва маккажўхори каби маҳсулотларнинг асосий экспортчилари ҳисобланади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги уч йил ичида дунёда буғдой ва маккажўхори экспортининг тахминан 30 ва 20 фоизи Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги

Россиянинг Украинага қарши давом этаётган ҳужуми натижасида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги таҳдид остида қолган.

Дон ва дон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи ва шакар Ўзбекистон озиқ-овқат импортининг 60% дан ортиғини ташкил қилади.

Минтақадаги мева-сабзавот бозорини кузатувчи East-fruit.com маълумотларига кўра, Ўзбекистон озиқ-овқатнинг қарийб 30 фоизини Россиядан, 2 фоизини Украинадан ва 4 фоизини можарода билвосита иштирок этаётган Беларусдан импорт қилади.

Сайтнинг 25 март кунги ҳисоботида айтилишича, бу уч мамлакатдан озиқ-овқат маҳсулотларининг катта қисми Ўзбекистонга Қозоғистондаги воситачилар орқали кириб келиши инобат олинса, ҳақиқий рақамлар бундан юқорироқ бўлиши мумкин.

Нархларнинг ошиши Россиянинг Украинага босқинининг навбатдаги зарбаси бўлди.

Россия ҳужумидан кейин Тошкентда шакар нархи 10 мингдан 14 минг сўмгача (1 АҚШ долларидан 1,4 АҚШ долларигача) кўтарилган.

Россиянинг қайта ишланган ва шакар хомашёси экспортига нисбатан жорий қилинган, 15 мартдан 31 августга қадар амал қилувчи тақиқи вазиятни янада оғирлаштирган.

Ўзбекистонда чакана нархларни барқарорлаштириш учун катта миқдорда ун, ўсимлик ёғи ва шакар заҳиралари ҳозирланган, деди Тошкентдаги Иқтисодий тадқиқотлар ва реформалар маркази раҳбари Обид Ҳакимов 4 апрел куни.

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати 250 минг тонна шакар заҳирасини ғамлади, аммо мамлакатнинг бир йиллик шакар истеъмоли 400 минг тоннани ташкил этади, деб айтган у.

Мавҳум келажак

Буғдой таъминотининг истиқболи ноаниқлигича қолмоқда.

Россия ҳукумати 15 мартдан бошлаб Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари, жумладан Ўзбекистоннинг асосий буғдой таъминотчиларидан бири бўлган Қозоғистонга буғдой экспортини тақиқлади. Чеклов 30 июнгача давом этади.

Ўз навбатида Қозоғистон маҳаллий истеъмолчиларни ҳимоя қилиш учун дон ва унинг экспортини вақтинча чеклаш-чекламаслик масаласини кўриб чиқмоқда, деб айтган Қозоғистон қишлоқ-хўжалиги вазири Ербол Карашукеев 4 апрел куни Телеграмдаги хабарида.

Ўзбекистон доим стратегик дон заҳирасига эга бўлган, бу Россия ёки Қозоғистондан етказиб беришдаги эҳтимолий узилишларни бартараф этишга ёрдам беради, деб айтган тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев.

Аммо Россия Ғарб мамлакатлари манфаатларига зарар етказиш мақсадида ва ўз аҳамиятини кўрсатиш учун дон ва шакарнинг сунъий тақчиллигини келтириб чиқаришни исташи мумкин», деб айтган у.

Мирзабоевнинг таъкидлашича, «бундай сиёсат россиялик ишлаб чиқарувчилар учун ҳам манфаатли эмас».

«Аслида Россия учун ҳозирги каби иқтисодий мураккаб паллада, Кремл чекловчи чораларни қўллашдан кўра оқилона сиёсат олиб бориши керак», деб айтган у.

Ўзбекистон Россиянинг Украинадаги ҳарбий муваффқиятсизлиги ва Ғарб санкциялари туфайли иқтисодий ва ҳарбий заифлашувидан фойдаланиб қолиши керак, дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence маркази раҳбари Алишер Илҳомов.

Шу тариқа Тошкент ташқи дунё билан иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиб, сиёсий суверенитетини мустаҳкамлай олади, деб айтган у Карвонсарой нашрига.

«Хусусан, ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комиловнинг Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилишни режаламаётгани ҳақидаги сўнгги баёноти (ҳаракат ёки амал билан) тасдиқланиши керак», деб айтган у.

«Бунинг учун ташқи сиёсатда бетарафлик тамойилини акс эттирувчи ўзбек иқтисодий фаолияти учун янгиланган тузилмани қабул қилиш зарур», деб қўшимча қилган Илҳомов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Парчаланиш (хато)

Жавоб бериш

Барча империялар парчаланади – бу ортга қайтариб бўлмайдиган тарихий жараён. Энди Россия ҳам шундай қулаш ёқасида; СССРнинг қулаши унинг дебочаси эди.

Жавоб бериш

«Санкцияларни айблашни бас қилинг. Озиқ-овқат танқислигига айнан Россия ҳарбийлари сабаб бўлмоқда», деди Боррел. Улар ўз амбициялари билан бу йилни (балки ундан ҳам кўпроғини) расво қилишди.

Жавоб бериш

Украина деҳқонлари нимадир етиштириш учун экин вақтида дубулға ва зирҳли нимчалар кийиб олишди, аммо уруш тугагунига қадар кўп нарсани кутмаслик керак. Россия ўз иқтисодиёти ва барқарорлигининг бошига етди ва энди бошқа мамлакатлар иқтисодиётини нобуд қилишга уринмоқда.

Жавоб бериш