Карвонсарой
Иқтисодиёт

Украинага босқиндан кейин Россия меҳнат мигрантлари учун «хавфли» бўлиб қолмоқда

Канат Алтинбаев

18 апрел куни Москвадаги валюта айирбошлаш шахобчасидан чиқаётган аёл. [Александр Неменов/AFP]

18 апрел куни Москвадаги валюта айирбошлаш шахобчасидан чиқаётган аёл. [Александр Неменов/AFP]

ОЛМАОТА – Россия иқтисодиётининг феврал ойидан бошланган инқирози мамлакатда меҳнат қилаётган миллионлаб Марказий Осиёлик мигрантлар учун ҳалокатли тус олган – улар ишидан маҳрум бўлиб, аввалгидан ҳам кўпроқ дискриминацияга дучор бўлмоқда.

24 феврал куни президент Владимир Путин Украинага бостириб киришга буйруқ берганидан кейин юзлаб халқаро компаниялар Россиядаги фаолиятини тўхтатиб қўйди ёки мамлакатни бутунлай тарк этди – улар ўз ортидан бўшаб қолган офислар ва ишламайдиган ходимларни қолдириб кетган.

Россия ҳукумати иш ўринлари яратишга уринаётган бўлса-да, устуворлик ишсиз россияликларга қаратилмоқда, натижада меҳнат мигрантлари даромад манбаисиз ва айрим ҳолларда ватанга қайтиш учун маблағсиз қолиб кетмоқда.

«Ҳисоб-китобларимизга кўра, 200 мингга яқин одам ўз ишидан айрилиш хавфи остида», деб айтган Москва мэри Сергей Собянин душанба (18 апрел) куни ўз блогида.

13 апрел куни Москвадаги офислардан бирининг кириш эшигини тозалаётган аёл. Ишсизликнинг ортиши кўплаб россияликларни мигрантлар ўрнини эгаллашга мажбур қилмоқда. [Юрий Кадобнов/AFP]

13 апрел куни Москвадаги офислардан бирининг кириш эшигини тозалаётган аёл. Ишсизликнинг ортиши кўплаб россияликларни мигрантлар ўрнини эгаллашга мажбур қилмоқда. [Юрий Кадобнов/AFP]

13 апрел куни Москвадаги Зарядье боғида павильон томини тозалаётган ишчилар. [Юрий Кадобнов/AFP]

13 апрел куни Москвадаги Зарядье боғида павильон томини тозалаётган ишчилар. [Юрий Кадобнов/AFP]

Москваликларга ишдан бўш вақтларида шаҳардаги бир қатор ташкилотлар, хиёбонлар ва бошқа жойларда жамоат ишларида қатнашиш имконияти таклиф этилади, деди у айрим иш ўринлари вақтинчалик бўлишини қўшимча қилиб.

Молия ва технология соҳаларига оид компанияларнинг чиқиб кетиши инобатга олинса, иш излаётганлар орасида банкирлар, дастурчи-муҳандислар ва Россияда одатда мигрантлар бажарадиган ишларга кўникмаган бошқа «оқ ёқали» ходимлар ҳам бўлиши мумкин.

«Олдинда оғир кунлар кутмоқда»

Санкциялар ва компанияларнинг урушга норозилик сифатида Россиядан чиқиб кетишининг тўлақонли таъсири ҳали олдинда, дейди иқтисодчилар.

«Украинага босқин ортидан Россия иқтисодиёти чуқур таназзулга юз тутди, 2022 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 11,2 фоизга қисқариши кутилмоқда», деб маълум қилган Жаҳон банки шу ой бошида.

Бу қийинчиликлар – ишсизлик, даромадларнинг йўқотилиши, рублнинг қадрсизланиши, таъминотдаги узилишлар, банк ҳамда пул ўтказишдаги муаммолар ва барча маҳсулотлар нархининг кескин ошиши – айниқса меҳнат мигрантлари учун оғир бўлиши кутилмоқда.

Москвадаги дастурий таъминот компаниясида офис менежери бўлиб ишлаган ўшлик Зарина Аттокурова ўтган ой компания штатни қисқартиришни бошлаганида ўз лавозимидан бўшатилган.

«Бизнинг асосий мижозларимиз Европа компаниялари эди, аммо энди уларни йўқотдик», деди у. «Олдинда оғир кунлар кутиб турибди.»

25 ёшли Аттокурова бошқа иш қидирмоқда, аммо ҳозирча омади чопгани йўқ, чунки унинг айтишича, маҳаллий меҳнат бозори қисқармоқда.

У икки хонадоши билан Москва чеккасидаги икки хонали квартирада яшайди. Унда ҳамма харажатларни назорат қилганида ҳам, кўпи билан яна икки ойлик ижарага етадиган пул қолган, холос.

«Бундан келиб чиқадики, ота-онамга пул жўната олмайман», деди Аттокурова. «Бу даҳшат.»

Москвада ишлаётган тошкентлик қурувчи Ойбек Ҳасанов ҳам икки ҳафта аввал иш берувчи томонидан маош тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқарилган эди. У ётоқхонада бошқа меҳнат мигрантлари билан бирга кун кечирмоқда.

«Қурилиш тўхтаб қолган, қачон давом эттирилиши, умуман қайта бошланадими-йўқми, ҳеч ким билмайди. Охирги икки ой давомида менга маош беришгани йўқ, умуман пулни кўришдан умид узганман.»

Ҳасанов хонадонларни таъмирлаш билан шуғулланмоқчи ва бошқа ўзбеклар билан қўшилиб бригада тузмоқда, аммо талаб паст ва таклиф юқори бўлган даврда бу ҳам қийин иш.

Глобал инфляция билан бир вақтга тўғри келган рубл курси пасайиши туфайли қурилиш материаллари нархи ошиб кетган, бу эса таъмирни режалаган уй эгаларининг харид қобилиятига таъсир қилди.

Россияликлар мигрантларнинг ўрнини эгалламоқда

Айни пайтда мигрантлар эгаллаб турган жойларни илгари бундай ишларни менсимаган россияликлар аста-секин эгаллаб олишмоқда.

Мигрантлар қурилишда, ресторан ишида, болалар парвариши, кўчаларни тозалаш, таксичилик ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида фаол меҳнат қиладилар.

Москвада яшовчи меҳнат миграцияси бўйича қирғизистонлик мутахассис, Kginfo.ru ахборот-таҳлилий портали бош муҳаррири Асилбек Эгембердиевнинг март ойи охирида «Ведомости» бизнес нашрига айтишича, «илгари россияликлар мигрантларга хос оғир жисмоний ишларни бажаришни истамас эди».

«Аммо энди тобора кўпроқ маҳаллий аҳоли бундай ишларга рози бўлмоқда ва тез орада улар бизни сиқиб чиқара бошлайди.»

Бу хавотирларни Россияда иш қидириш бўйича энг йирик платформа – hh.ru томонидан шу ой бошида Свердловск вилоятида ўтказилган сўров натижалари ҳам тасдиқлайди.

Респондентларнинг 36 фоизга яқини мамлакатни тарк этган мигрантларнинг иш ўрнини эгаллашга тайёр эканини билдирган.

Ишдан бўшатилган офис менежери Аттокурова Россиядаги меҳнат мигрантларининг аҳволини янада ёмонлаштирадиган тенденцияни тилга олди.

«Ҳозирда иш берувчилар маҳаллий аҳолини – россияликларни ишга олишга уринмоқда», деди у. «Россиянинг ўз фуқаролари орасида ишсизлар сони кўпайиб бормоқда ва табиийки, улар устуворликка эга бўладилар».

Россияда Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланадиган асли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик ҳам ушбу хавотирли тенденцияни тасдиқлади.

«Иш берувчилар аллақачон очиқ-ойдин камситишга ўтиб, славянларни ишга олишмоқда», деди у.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатлардан Россияга келган меҳнат мигрантларининг меҳнат шароитлари, биринчи навбатда, маошларнинг камайиши туфайли пасаяди, дейди у.

Юзага келаётган вазият мигрантларни Қозоғистон ва Туркия каби бошқа давлатлардан иш излашга ундамоқда, деб қўшимча қилди Чупик.

2020 йил март ойидан бери етти миллиондан ортиқ хориж фуқароси Россияда қонуний ишлаш учун рухсатнома олди, деб хабар берган «Интерфакс» агентлиги ўтган йилнинг декабр ойида Россия ички ишлар вазирлигига (МВД) таяниб.

Хабарда айтилишича, меҳнат мигрантлари, жумладан, ноқонуний ишлаётганларнинг ҳақиқий сони анча юқори.

Россия фуқаролиги армияга чақирувни англатиши мумкин

Иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви Россиядаги мигрантлар учун энг ёмон истиқбол бўлмаслиги мумкин.

Марказий Осиёда туғилиб, кейинчалик Россия фуқаролигини олган эркакларнинг маҳаллий ҳарбий комиссариатларга чақирилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

Тожик ва туркман миллатига мансуб фуқаролардан ташқари (уларнинг ҳукуматлари Кремл билан келишув имзолаган), Россия фуқаролигига қабул қилинганлар, ҳатто ўз ватанлари армиясида хизмат қилган бўлсалар ҳам, ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин.

Бундай йўл билан фуқаролик олганлар ҳарбий хизматга чақирилганида хизмат қилишдан бош тортса, фуқароликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Россия армияси Украинадаги уруш туфайли захирадаги зобитлар, жумладан, Марказий Осиёда туғилган эркаклар учун ҳам сафарбарлик чақирувини бошлаган.

Москвадаги тожикистонлик мигрантлар ҳуқуқлари фаоли Каримжон Ёровнинг 4 март куни Facebook саҳифасида ёзишича, Россиядаги айрим мигрантлар Украинада Россия армияси сафида жанг қилишдан кўра, бошқа давлатларга қочиб кетиш ҳақида ўйламоқда, деб хабар беради Cabar.asia сайти 6 апрел кун.

У Россия фуқаролигини олган ва ҳарбий хизматга чақирилишдан қўрқаётган уч нафар тожикистонлик билан боғлиқ воқеани сўзлаб берган. Бу эркаклар тожик армиясида хизмат қилмаганлар, бу уларни Россияда ҳарбий хизматга чақирувдан озод қилиши мумкин эди.

«Улар мендан [военкоматга] боришмаса ёки бошқа давлатга қочиб кетишса нима бўлишини сўрашди», деди Ёров. «Бугун уч нафар тожикистонлик Россия фуқаролигидан воз кечса нима бўлишини, бу жараён қанча вақт олишини сўради. Улардан бири бунинг учун ҳатто пул тўлашга ҳам тайёр эди».

«Тожикистонликлар унга Россия фуқаролигини уруш учун эмас, балки яхшироқ ҳаёт ва фарзандларининг келажаги учун олганликларини айтишган», деб ёзади Cabar.asia.

Кейинроқ Ёров бу постини ўчириб ташлаган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини чет эллик жангарилар сафига қўшилиш ёки ёлланма аскар сифатида жанг қилиш тақиқлангани ҳақида огоҳлантирган.

«Ҳозирги кунда мигрантлар Россияни тарк этиб, уйига кетгани ёки бошқа мамлакатларда иш топгани маъқул», дейди мигрантлар ҳуқуқлари фаоли Чупик. «Бу мамлакатда яшаш хавфли бўлиб бормоқда.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россияда яхши нарсанинг ўзи қолмаган, мамлакат қашшоқлик сари қулаб бормоқда, ишлаб топилган пулларни эса санкциялар туфайли ватанга юбориш қийин бўлиб қолган.

Жавоб бериш

У ерда анчадан бери қўлга илинадиган нарса қолмаган, бир нечта соҳалар ҳали ҳам нафас олиб турган эди, лекин энг яхши мутахассислар кетишга ҳаракат қилишди, иқтисод порахўрлик ва подшоҳга сиғинишга асосланган эди, турмуш шароитлари эса оддий, ҳатто уларга ҳам чидаб бўлмасди.
Қашшоқлик аллақачон мавжуд эди, лекин буларнинг бари яна қаергача боришини тасаввур қилиш қўрқинчли.
Бундан ташқари, Украинадаги ўша «ўлжали» варварларнинг айримлари қайтиб келишади, кейин нима? Улар қонунбузарликка ўрганиб қолишган ва ўз шаҳарларида ўлдириш ва зўрлашни бошлайдилар.

Жавоб бериш

Бундан анча олдин, 1990-йилларда Россияга кўчиб келган қозоғистонлик славян ҳақида газетада мақола ўқигандим. Фуқароликни олиши тез ва осон кечмаган, кейин эса ҳарбий хизматга чақирилган экан – ўша ерда ҳаммасини ҳал қиламиз, деб ваъда беришган. У Чеченистонда жанг қилган, яраланган ва мукофот олган. Аммо имтиёзлар ҳақида гап очилганида, у юридик жиҳатдан ҳали ҳам Қозоғистон фуқароси экани маълум бўлган. Шу тариқа халқаро можаро келиб чиқмаслиги учун унга дарҳол Россия паспортини беришган. Аммо бу воқеа яна бир бор шуни исботлайдики, «ватандошлар» Кремл учун шунчаки сарф материаллари, холос.

Жавоб бериш

«Ватандошлар» шунчаки сарфланадиган буюмдек.
Урушда қандайдир хизматлари учун тақдирлангани ғалати. Улар учун ёддан чиқариш, уларни «урушда йўқолган» деб номлаш ёки кейинчалик пул тўламаслик учун яраланганларни ўлдириш одатий ҳолат. Россиянинг ҳеч қандай даҳли йўқ, аскарлар бошқа мамлакатлардан бўлгандек гўё ва ҳоказо.
Россияга кўра, ЛХР ва ДХР умуман россиялик аскарлар бўлмаган. Аммо, у ердаги одамлар Россия армиясининг ҳарбий озиқ-овқатларини кўп кўришган ва россиялик кўп аскарларни қўлга олишган.
Аммо, Россия армиясининг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ, улар шунчаки ўтиб кетишаётган бўлишади.

Жавоб бериш