КИЕВ – Украина шарқидаги қамалда қолган Мариупол порт шаҳридаги гуманитар вазият «ҳалокатли» даражада қолмоқда, Россия қўшинлари эса шаҳарда кўплаб тинч аҳолини гаровда ушлашда давом этмоқда, деб хабар беради расмийлар чоршанба (20 апрел) куни.
Киев чоршанба куни Россия кучлари билан қарийб икки ойлик қамалдан сўнг хавфсиз йўлак очишга келишиб олганини айтди. Украиналик расмийлар Мариупол «бир неча соат» ичида Россия қўлига ўтиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Сешанба куни CNNга берган интервьюсида Донецк вилояти ҳарбий маъмуриятини назорат қилувчи Павло Кириленко Мариупол баҳсли ҳудуд бўлиб қолаётганини таъкидлади.
«Шаҳар узра Украина байроғи ҳилпираб турибди. «Кўча жанглари давом этаётган айрим туманлар бор. Уларни руслар назорат қиляпти, деб бўлмайди.»
«Мариуполдаги ҳалокатли гуманитар вазиятни инобатга олган ҳолда... аёллар, болалар ва қариялар учун гуманитар йўлак ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришдик», деб ёзган чоршанба куни Телеграмда бош вазир ўринбосари Ирина Верешчук AFP хабарига кўра.
Мариуполдан тинч аҳолини эвакуация қилиш бўйича аввалги уринишлар кўча жанглари ва ўққа тутишлар давом этаётгани боис муваффақиятсиз якунланган эди.
Россия аскарлари уюшган инсонпарварлик ёрдами карвонларининг шаҳарга киришига йўл қўймай, бўш автобусларнинг тинч аҳолини эвакуация қилишига рухсат бермаган.
Москва бир неча бор шаҳар ҳимоячиларини таслим бўлишга чақирган.
Кремл кучлари Мариуполдаги улкан «Азовстал» металлургия заводидан Украинанинг қолган қўшинларини сиқиб чиқаришга уринмоқда.
Заводда минглаб аскарлар ва тинч аҳоли вакиллари қолмоқда, деб хабар беради AFP.
Мариупол мэрининг маслаҳатчиси қуршаб олинган мажмуадаги «даҳшатли вазиятни» тасвирлар экан, 2000 га яқин одам, асосан аёллар ва болалар «нормал» ичимлик суви, озиқ-овқат ва тоза ҳаво таъминотисиз қолганини маълум қилди.
Энг шиддатли жанглардан айримлари Азов денгизидаги стратегик муҳим порт шаҳри атрофида кечди – у Москва назорати остида бўлган Украина шарқидаги ҳудудлар ва Кремл томонидан аннексия қилинган Қрим яримороли ўртасида қуруқликдаги кўприк вазифасини ўтайди.
Гуманитар фалокат
64 ёшли Феодосия Рицик уруш бошланганидан кейин Украина ғарбидаги Луцкка эвакуация қилингунига қадар Мариуполда икки ярим ҳафта яшади.
«Кетаётганимизда шаҳарда на иссиқлик, на электр ва на сув бор эди. «Омон қолиш учун биз дарахтларни кесиб, овқат пишириш учун ўтин ёқардик.»
Туман бўйлаб Украинадаги энг йирик металлургия заводларидан бири бўлган Мариуполдаги Ильич заводида ишлаб турган сув манба борлиги ҳақида гап-сўзлар тарқамагунича сув муаммоси ҳал этилмади.
Манба деганлари металл қувур бўлиб, ундан туну кун ичимлик суви оқиб турарди, деди Рицки: «Бир баклажка сув олиш учун бир неча соат навбатда туришингиз керак эди».
«Азов» батальони қўмондони Денис Прокопенконинг айтишича, сув танқислиги сабаб жангчилар саноат учун мўлжалланган сувни қайнатиб ичишга мажбур. «Азов» баталони Мариуполни ҳимоя қилмоқда.
«Бу чинакам гуманитар фалокат, чунки шаҳарда қолган тинч аҳоли ҳам худди шундай аҳволда», деди у 31 март куни украиналик журналист Дмитрий Гордонга берган интервьюсида.
БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарининг сешанба (19 апрел) куни маълум қилишича, Россия босқини бошланган 24 февралдан бери 5 034 439 нафар украиналик қочоққа айланган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳисоб-китобларига кўра, 7,1 миллион одам ўз уйини тарк этган, аммо ҳали ҳам Украинада қолмоқда.
Аҳолининг чорак қисмидан кўпи ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлар экан, кўнгиллилар ва халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами, жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби Марказий Осиё давлатларининг кўмаги ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
«Ваҳима ва қўрқувда ушлаш»
Тинч аҳолини Мариуполдан эвакуация қилишга оид келишувда аввалги тажриба инобатга олиниши керак, дейди кузатувчилар.
Киевлик сиёсий таҳлилчи, 33 ёшли Микола Давидюкнинг айтишича, у 13 март куни Ирпен яқинидаги гуманитар йўлак бўйлаб тинч аҳоли эвакуация қилинганига гувоҳ бўлган. Давидюк у ерга воқеаларни ёритаётган икки нафар хорижлик журналист билан борган.
«Шаҳарнинг катта қисмини руслар эгаллаб олган эди», деб эслайди у.
Аммо Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларини реинтеграция қилиш вазирлиги руслар билан аҳолини олиб чиқиш ҳақида келишиб олди ва «улар [руслар] чиндан ҳам бу эвакуацияни бошладилар», деди Давидюк.
«Аммо кундузи соат 11 ларда бирданига шаҳарнинг оккупация қилинган ва россиялик аскарлар жойлашган қисмида аскарлардан бири чиқиб, ўқ уза бошлади», деди у. «Унинг ортидан бошқалар ҳам чиқиб, одамларни ўққа тута бошладилар.»
Ўқлардан бири Давидук билан эвакуация жойига келган америкалик журналист Брент Ренонинг ўлимига сабаб бўлди. Унинг ҳамкасби, америкалик фотожурналист Хуан Арредондо жароҳатланган.
«Ўйлайманки, бу жанг олиб боришнинг русча услуби», деб айтган Давидюк шу каби ҳолатлар саноқсиз эканини таъкидлаб.
«Улар қанчалик қаттиққўл ва шафқатсиз эканликларини кўрсатиш учун атайин ваҳима қўзғайдилар. Улар бирор одамнинг қўлларини орқасига боғлаб, ўлдиришлари ёки қўлида оқ байроқ билан нонга навбатда турган нафақахўрни отиб ташлаши мумкин», деб қўшимча қилган у.
3 апрел куни тарқаган Ирпенга қўшни Буча шаҳридан олинган суратлар ва видеолар халқаро ҳамжамиятнинг ғазабини келтириб чиқарган.
Суратларда россиялик аскарлар кетганидан кейин кўчаларда айримларининг қўллари орқасига боғланган мурдалар ётгани акс этган.
«Бу одамлар нима учун ўлдирилган? Кўчада велосипед ҳайдаб кетаётган одам нима қилди? Оддий тинч шаҳарнинг оддий аҳолисини нимага қийнаб ўлдиришади?», деб айтган Украина президенти Владимир Зеленский 3 апрел кунги нутқида.
«Ким аёлларнинг қулоқларидаги зиракларни юлиб олиб, кейин уларни бўғади? Қандай қилиб фарзандлари кўз ўнгида оналарни зўрлаб ўлдиради, жасади устида туриб уларни мазах қилади?», деб айтган у.
«Ким мурдаларни танк билан босади? Украинанинг Буча шаҳри сизларнинг Россиянгизга нима қилди?», деб айтган Зеленский.
Хавф сақланиб қолмоқда
Уларнинг ҳужумларидан ҳеч қанча ўтмай, Россия аскарлари Киевни ишғол қилиш ва пойтахтни ғарбдан тўсиб қўйиш мақсадида унинг яқинида Буча, Ирпен ва Гостомел шаҳарларини қуршаб олганлар.
Аммо уларнинг режалари амалга ошмади.
Пойтахт ва унинг чекка ҳудудларини Украина армияси назорат қилмоқда.
Киев ҳокими Виталий Кличко ҳозирча шаҳарга омматан қайтмасликни маслаҳат бермоқда. Доимий тарзда эшитилаётган сиреналар ва ракета ҳужумлари одамлар ҳаётига жиддий хавф мавжудлигини англатади.
Россияликлар қўлга олишни режалаштирган Украина ва Россия чегараси бўйлаб жойлашган Чернигов, Суми ва Харков каби бошқа катта шаҳарлар ҳам худди шу муаммони бошдан кечирмоқда.
Россиялик аскарлар уларни Мариуполдагидек қамал қила олмадилар, аммо ракета ва ҳаво ҳужумлари туфайли юзлаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди.
Сиёсий таҳлилчи Давидюк россиялик аскарларнинг Украина шаҳарларидаги қилмишларини халқаро миқёсда тергов қилишга чақирди.
«Улар хулоса чиқариб нима бўлганини баҳолашлари керак», деб айтган у. «Айбдорларнинг жазоланиши учун биз уларга ҳаммасини кўрсатиш ва айтиб бериш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак.»
Нафақат украиналиклар, балки инсониятга қарши содир этилган қанча жиноятларга гувоҳ бўлдик? Буни тасаввур қилиб бўлмайди, аммо воқеликда шундай бўлди. Улар қўрқитишда давом этмоқда, биз эса содир бўлаётган ҳодисаларнинг ярмини ҳам билмаймиз.
Жавоб беришФикрлар 2
Варварлар бу
Жавоб беришФикрлар 2