Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг ҳарбий муваффақиятсизликлари унинг Марказий Осиёдаги хавфсизлик кафолати сифатидаги ролини шубҳа остига қўймоқда

Канат Алтинбаев

27 март куни олинган суратда Одесса йўлидаги муҳим шаҳар бўлмиш Николаев яқинидаги Баштанка қишлоғида вайрон қилинган Россия ҳарбий техникаси акс этган. [Александр Гиманов/AFP]

27 март куни олинган суратда Одесса йўлидаги муҳим шаҳар бўлмиш Николаев яқинидаги Баштанка қишлоғида вайрон қилинган Россия ҳарбий техникаси акс этган. [Александр Гиманов/AFP]

ОЛМАОТА – Россиянинг Украинага тўхтаб қолган босқини, иккинчи ойдирки, Россия армиясининг салоҳияти ва Москванинг Марказий Осиёдаги хавфсизлик кафолати сифатидаги анъанавий роли борасида саволлар туғдирмоқда.

Украинанинг шимолдаги мудофаасини ёриб ўтолмай, Киевни ишғол қила олмаган Россия ўз мақсадини ўзгартириб, мақсад – бутун Донбасс минтақасини «озод қилиш» эканини айтган.

Бу ўзгариш Украина мудофаа вазирлиги чоршанба (20 апрел) куни 20900 га яқин россиялик аскарни ўлдирилгани ва кўплаб тактик носозликлар аниқлангани ҳақида хабар бериши ортидан кузатилган.

20 дан ортиқ юқори мартабали ҳарбий офицерлар, жумладан саккиз генерал босқинда ҳалок бўлган.

Одесса вилоятининг Дмитривка шаҳрида рус аскарининг куйиб кетган жасади, 8 апрел куни олинган сурат. [Метю Раттман/Карвонсарой]

Одесса вилоятининг Дмитривка шаҳрида рус аскарининг куйиб кетган жасади, 8 апрел куни олинган сурат. [Метю Раттман/Карвонсарой]

30 март куни Украина қўшинлари Харков шарқидаги Малая Роган қишлоғини қайтариб олганидан кейин ерда ётган рус аскарлари жасадлари ёнидан ўтаётган украиналик аскар. [Фадел Сенна/AFP]

30 март куни Украина қўшинлари Харков шарқидаги Малая Роган қишлоғини қайтариб олганидан кейин ерда ётган рус аскарлари жасадлари ёнидан ўтаётган украиналик аскар. [Фадел Сенна/AFP]

Маълум бўлишича, урушнинг бошида Россия қўшинлари смартфонлар ва push-to-talk функцияли радиоқурилмалар каби ҳимояланмаган алоқа воситаларидан фойдаланган.

Шу билан бирга, таъминотдаги муаммолар ва ёқилғи тақчиллиги туфайли қўшинлар машиналарини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Украинадаги уруш халқаро ҳамжамиятнинг Россия ҳарбий салоҳиятини керагидан ортиқ баҳолаб юборганини ошкор қилди, дейди Армия, конверсия ва қуролсизланиш тадқиқотлари марказининг Осиё-Тинч океани бўлими раҳбари, киевлик Юрий Пойта Карвонсарой нашрига.

У Россия қуролларининг қолоқлигини, офицерлар профессионаллик даражасининг пастлиги ва қатъий вертикал бўйсуниш тизимига асосланган ҳарбий қўмондонлик ва бошқарувнинг советча эскирган ёндашувларини санаб ўтган.

«Биз турли жанговар кучлар ўртасидаги мувофиқлашувнинг сустлигини, шунингдек, Россия ҳарбий-саноат комплексининг Ғарбдан келадиган бутловчи қисмларга қарамлигини ва шу туфайли ёпиқ ишлаб чиқариш циклини ташкиллаштириш имконсиз эканлигини кўрмоқдамиз», деди Пойта.

Бу заифликлар Россиянинг Марказий Осиё давлатларини ҳимоя қилиш салоҳиятига бевосита таъсир қилиши мумкин, дейди у.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё мамлакатларидаги Россия кучлари классик уруш олиб боришга мослашган, бу эса душман аҳоли пунктларига танклар ёки пиёдалар билан бостириб киришини назарда тутади.

Бундай ёндашув эскирган, чунки замонавий ҳарбий тўқнашувлар ўзгарган, дейди Пойта.

Ҳозир жанглар ассиметрик тактика, қайишқоқлик ва мослашувчанлик, танкка қарши енгил ва зенит қуролларидан самарали фойдаланишга, шунингдек, маҳаллий аҳоли орасида кенг информаторлар тармоғининг мавжудлигига таянади, деди у.

Рол кичраймоқда

Бу каби хатолар Россиянинг минтақа хавфсизлиги кафолати сифатидаги сўзсиз роли борасида Марказий Осиёдаги кузатувчиларда саволлар туғдирмоқда.

Россия 1990-йиллардан бери экстремизм ва терроризм таҳдидини баҳона қилиб, минтақадаги ҳарбий таъсирини сақлаб қолишга уриниб келади. У Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базаларга таяниб, минтақа давлатларини мунтазам равишда қурол-яроғ билан таъминлаб турган.

«Украинадаги сўнгги воқеалар Марказий Осиёда исломий халифалик қуриш орзусидаги потенциал жангариларга Россия қуролларининг қолоқлигини кўрсатиб қўйди», дейди Пойта.

Босқин минтақадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳам оғирлаштирди, «ички сиёсий вазиятни беқарорликка янада заифроқ қилиб қўйди», деб қўшимча қилди у.

«Россиянинг «хавфсизлик кафолати» ва ишончли ҳамкор сифатидаги аҳамияти сезиларли даражада пасайган, бу эса Марказий Осиё давлатларини муқобил ечимлар излашга ундайди».

Қирғизистон ва Тожикистондаги Россия ҳарбий бўлинмалари ухлаб ётган экстремистик ячейкаларга қарши курашишга мутлақо тайёр эмас, бу эса ташқаридан бостириб киришдан кўра кўпроқ хавф туғдиради, дейди Пойта.

Украинадаги уруш ботқоғига ботиб қолган Россия Марказий Осиёдаги бирон бир ҳодисада ёрдам бера олмайди, дейди айрим кузатувчилар.

Хавфсизлик бўйича бишкеклик таҳлилчи Касибек Жолчуев 1999 йилда Тожикистондан Боткен вилоятига кириб келган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) жангарилари билан Қирғизистон ўртасида бир неча ой давом этган тўқнашувни тилга олди.

Қирғизистон кучлари ва террорчилар ўртасида уч ой давом этган жанговар ҳаракатлар қирғизларнинг ғалабаси билан якунланди, деди Жолчуев.

Бу вақтда Россия иккинчи чечен уруши билан банд эди ва Қирғизистонга қўшимча ҳарбий куч юбормади, деди у.

Ҳатто Қирғизистоннинг Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) ҳарбий блокига аъзолиги ҳам инқирозли вазиятларда ёрдам беролмайди.

«2010 йилда Қирғизистон жанубида миллатлараро хунрезлик бошланганида мамлакатимизда жойлашган Россия контингенти ҳеч нарса қилгани йўқ», дейди Жолчуев кўпчилик қирғизлар ва этник ўзбеклардан иборат озчилик ўртасидаги тўқнашувларга ишора қилиб.

«Расмийларимиз барқарорликни тиклашда ёрдам сўраб Москвага мурожаат қилганида, КХШТ ҳарбий блоки Қирғизистоннинг ички ишларига аралашмаслигини таъкидлаб, рад жавобини берди».

Шу нуқтайи назардан келиб чиқиб, Россия Қирғизистонда фаолият юритаётган бузғунчи ҳаракатлар ва террорчилик ячейкаларининг ҳужумини ҳам тезкор чора талаб қилмайдиган «ички масала» деб ҳисоблаши мумкин, деди у.

«Мана сизга кафиллик.»

Дўстми ёки душман?

Украинани кузатаётган Марказий Осиё давлатлари учун давлат даражасидаги энг катта миллий таҳдид – Россиянинг ўзи, айниқса улар Москванинг таъсир доирасидан чиқишга ҳаракат қилса.

Россия Украинада қўллаётган тактикани бошқа жойда ҳам қўллаши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар Марказий Осиёда, хусусан, шимолий вилоятларида этник руслар кўп бўлган Қозоғистонда кенг тарқалган.

Россия расмийлари кўп йиллар давомида Қозоғистондаги русларни «қутқариш» керак деган ғояни ёйинлашга ҳаракат қилмоқда.

Ўтган йилнинг ноябр ойида «Российская газета» давлат нашрида чоп этилган мақолада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистонни «русийзабон фуқароларга нисбатан ксенофобияда» айблаб, «оғир вазиятлар» юзага келган тақдирда «оператив чоралар» кўрилиши билан таҳдид қилган эди.

Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Россиянинг Украинадаги «махсус операцияси»ни қўллаб-қувватлашдан бош тортиб, Ғарб санкцияларига риоя қилмоқда.

Вашингтондаги миллий мудофаа университети профессори Эрика Маратнинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага ҳужумидан олдин Москванинг айбловчи риторикаси янграган эди.

«Марказий Осиё, хусусан Қозоғистон [Россия президенти Владимир] Путин қандай қилиб гап-сўзлардан муайян ҳаракатларга ўтиши мумкин бўлган сценарийлар ҳақида ўйлаб кўриши керак», деди Марат.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитой қанчалик фаол ҳаракат қилаётганини ҳисобга олсак, бу кучсиз империядан кўра ишончлироқ давлаи топиш керак. Яқинда от-уловга ўтишади, ҳатто ўзларига ҳам хавфсизликни таъминлай олмасалар керак.

Жавоб бериш

Ҳамма техникани Украинага ташлаган бўлишса, шунинг ярми ишга яроқсиз бўлса, қандай қилиб улар кафил бўла олишади?

Жавоб бериш

Бекор гап! Энг ками Россия керак бизга. Одамлар ўз мамлакатида қандай яшашини ўргатишдан аввал ўзларида тартибга солишсин.

Жавоб бериш

Бу чириган Россия қандай қилиб хавфсизлик кафолати бўлиши мумкин? Ўзини ўзи қутқарсин.

Жавоб бериш

Хавфнинг кафили! Ўзларига ҳеч нимани кафолат бера олмайдилару, ҳамма ерга ҳеч кимга керак бўлмаган «Рус дунёси» мафкурасини тиқиштиради. Ҳамманинг жонига тегиб бўлди!

Жавоб бериш