Карвонсарой
Технология

Қозоғистон Кремлга алоқадор банк билан электрон ҳукумат платформаси бўйича келишувни бекор қилди

Ксения Бондал

Россия давлат Сбербанкининг логотипи, Москва, 2021 йилнинг 12 апрели. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Россия давлат Сбербанкининг логотипи, Москва, 2021 йилнинг 12 апрели. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

ОЛМАОТА – Нур-Султон Россиянинг давлатга қарашли «Сбер» гуруҳи билан Қозоғистон ҳукумати учун рақамли платформа яратиш бўйича имзоланган келишувни бекор қилди.

Сбербанк бош директори Герман Греф ва Қозоғистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Асқар Мамин 3 сентябр куни Қозоғистоннинг рақамли трансформацияси бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаган эдилар.

Меморандум доирасида Кремл билан яқин алоқага эга «Сбер» компаниялар гуруҳи Қозоғистон электрон ҳукумати (egov.kz) сайти учун GovTech рақамли платформасини жорий қилиши керак эди.

Келишувга кўра, «Сбер» барча давлат идораларининг маълумотлар базаларини ягона платформага улаши керак эди.

20 сентябр куни Олмаотада ишлаётган бекэнд дастурчиси Асхат Абдикари. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

20 сентябр куни Олмаотада ишлаётган бекэнд дастурчиси Асхат Абдикари. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Веб-сайтда шахсий маълумотлар, жумладан, Қозоғистон фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари саломатлиги, жисмоний манзили, шунингдек, мол-мулки ва солиқ тўловларига оид маълумотлар бўлиши кўзда тутилган эди.

Платформанинг тахминий қиймати тахминан 500 миллион долларга (213 миллиард тенге) баҳоланган.

Бироқ, сентябр ойидан буён бир қанча ўзгаришлар юз берди (жумладан, 24 февралда Россия Украинага бостириб кирди) ва Қозоғистон ўз фикрини ўзгартирди.

«Ҳозирги вақтда платформа яратиш бўйича «Сбер» гуруҳи билан ҳеч қандай ҳуқуқий муносабатлар мавжуд эмас», деб баёнот берган Қозоғистон рақамли тараққиёт вазири ўринбосари Асқар Жамбакин 15 апрел куни Tengri News хабарига кўра.

«Эндиликда геосиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда имкониятларимизни қайта баҳолаб, платформани яратиш учун NIT [Қозоғистоннинг National Information Technologies фирмаси] билан ҳамкорлик юритишга қарор қилдик ва бунинг учун Қозоғистон IT [ахборот технологиялари] компанияларини жалб қиламиз, деди Жамбакин.

«Техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилмоқда. Жорий йил охирига қадар янги платформанинг илк хизматлари ишлаб чиқилиб, йўлга қўйилади», деди у.

GovTech тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш учун икки-уч йил керак бўлади, деб қўшимча қилди у.

Миллий хавфсизликка доир муаммолар

Шахсий маълумотларни Россия фирмасига ишониб топшириш ғояси аввалдан кўплаб қозоғистонликларга ёқмаган эди.

«Россияни бу лойиҳага жалб қилмаслик керак, чунки бу миллий хавфсизлик масаласи», дейди БМТ Халқаро савдо марказининг экспорт бўйича таҳлилчиси Алихон Канапия.

Ўтган йили қозоғистонлик таҳлилчилар янги «Электрон ҳукумат» платформасини ишлаб чиқишни хорижий компанияга ишониб топширишнинг ўзи хавотирли эканини айтган эдилар.

Канапиянинг сўзларига кўра, Сберда тайёр рақамли платформани яратиш учун маълум ечим йўқ эди.

«Сбер IT-экотизимларини ишлаб чиқиш бўйича етакчи эмас, шунинг учун Қозоғистонда Франкенштейнга ўхшаш нарса пайдо бўлиши ҳам мумкин», деди у.

Москванинг Украинага бостириб кириши ортидан IT-мутахассисларнинг Россиядан чиқиб кетиши туфайли вазият янада оғирлашди, деб қўшимча қилди Канапия.

Минглаб малакали ходимлар хорижга қочди, бу эса Россиянинг шартномаларни бажариш лаёқатини пасайтирди. Ушбу техник ходимларининг кўпчилиги Қозоғистон ва Ўзбекистонга кўчиб ўтди ва у ерда маҳаллий талант сифатида осонгина ишга ёлланди.

Ҳозирда Россия ҳукумати мамлакатда қолган IT-мутахассисларни ушлаб қолишга ҳаракат қилмоқда, деди Канапия.

Ҳукумат эмиграцияни тақиқловчи қонунни қабул қилмаган бўлса-да, IT-мутахассисларни ҳарбий чақириқдан озод қилишни ва қулай ипотека кредитларини таклиф қилмоқда. Агар бу чоралар иш бермаса, чегарачилар IT мутахассисларни мамлакатдан чиқармаслик кўрсатмасини олганлар, деб хабар берган Канадада жойлашган Universe Today март ойида.

Мустақил Қозоғистон

Azimut Solutions Group компанияси раҳбари, олмаоталик Эркегали Машир келишувнинг бекор қилинганини қўллаб-қувватлайди.

Машир ўтган йили Сбернинг лойиҳадаги иштирокини маъқулламаган эди.

«Мен ҳар доим Қозоғистон IT-компанияларининг мамлакат ва маҳаллий компаниялар учун ўзи қодир бўлган нарсаларни яратишини қўллаб-қувватлайман, чунки бунда ишланмалар ва хизматлар учун тўланган пул бошқа мамлакатларга эмас, балки ўз иқтисодиётимизни ривожлантиришга йўналтирилади», дейди у.

«Иккинчидан, бу компаниялар иш ўринларини сақлаб қолиш ва янгиларини яратишга кўмаклашади. Учинчидан, улар қозоғистонлик дастурчиларга тажриба орттириш имконини беради», деди Машир.

Қозоғистонда рақамли платформани нолдан осонгина ишлаб чиқа оладиган IT -мутахассислар ва компаниялар бор, дейди Relog компаниясининг бекэнд дастурчиси Дамир Қоражигитов.

«Платформа учун рақамли ядро ёзиш қийин иш эмас, чунки бунинг учун очиқ манбаларда барча маълумотлар бор», деди у. «Қозоғистон дастурчилари Google қидируви орқали очиқ код кутубхоналаридан барча керакли нарсаларни топиши мумкин.»

GovTech қиммат лойиҳа бўлиб, агар у ўз маошига мамлакатда товар ва хизматлар сотиб оладиган қозоғистонлик дастурчилар томонидан ишлаб чиқилса, шу тариқа улар Қозоғистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлайдилар, деди Қоражигитов.

«Ушбу қадам орқали биз дўстларимиз – Европа Иттифоқи давлатлари ва Қўшма Штатларга... мустақилроқ бўлишга интилаётганимизни кўрсатамиз», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия уларга қилган муносабатидан кейин Қозоғистон ҳамкорлик қилишни хоҳлаши ғалати. Агар хотирам панд бермаётган бўлса, Украинада рақамлаштириш уларнинг «Diya» деб номланган иловаси билан бошланган эди. Аммо, ҳозир мутахассислар рақамлаштиришни якунлашмоқда, уларни Қозоғистонга таклиф қилиш мумкин.

Жавоб бериш

Яшасин қозоқлар. Фақат КХШТ ва ЕОИИга «йўқолларинг» деб айтиш қолди.

Жавоб бериш