Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистоннинг Ғалаба куни парадини ўтказишдан воз кечгани Россия билан муносабатлардаги тангликдан далолат бермоқда

Канат Алтинбаев

21 апрел куни Нур-Султонда Қозоғистон республикаси армиясининг қуруқликдаги қўшинлари кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

21 апрел куни Нур-Султонда Қозоғистон республикаси армиясининг қуруқликдаги қўшинлари кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳукумати Совет Иттифоқининг фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабаси муносабати билан 9 май кунги ҳарбий парадни ўтказмасликка қарор қилар экан, Россиянинг Украинага босқини фонида Қозоғистоннинг Москва ҳукмронлиги остидаги ўтмишига эътибор қаратишдан қочмоқда.

Босқин Қозоғистонда хавотир уйғотиб, Украинага нисбатан хайрихоҳлик пайдо қилар экан, шовинистик рус сиёсатчилари уларнинг Украинага бўлган муносабати билан бирга Қозоғистон давлатчилиги қонунийлигини ҳам шубҳа остига олганлар.

13 апрел куни Қозоғистон мудофаа вазирлиги Қозоғистон республикаси Қуролли кучлари ташкил топганининг 30 йиллигига бағишланган парад ўтказилмаслиги ҳақида баёнот берди.

Тадбир нима сабабдан бекор қилингани айтилмаган бўлса-да, кейинроқ вазирлик буни маблағ етишмовчилиги билан изоҳлаган.

6 март куни Олмаотада Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган митинг чоғида плакатлар кўтариб турган намойишчилар. [Малика Ауталипова/AFP]

6 март куни Олмаотада Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган митинг чоғида плакатлар кўтариб турган намойишчилар. [Малика Ауталипова/AFP]

«Бюджет маблағларини тежаш мақсадида, шунингдек, бошқа вазифаларни ҳал қилиш зарурати туфайли 2022 йилда Қозоғистонда ҳарбий парад ўтказиш режалаштирилмаган», дейилади вазирликнинг 15 апрел кунги баёнотида.

«Хусусан, Қозоғистон Қуролли кучлари бўлинмаларининг жанговар шайлиги ва ҳаракатчанлигини талаб даражасида ушлаб туриш, давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш ҳамда муҳофаза қилиш устувор вазифа ҳисобланади.»

Мудофаа вазири Руслан Жаксиликов 20 апрел куни журналистларга ҳукумат «харажатли» парадни эмас, балки яқинда ўтказилган ҳарбий машғулотларни афзал кўрганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, битта парадга ўртача 4 миллиард қозоқ тенгеси (9 миллион доллар) сарфланади.

«Бу ёқилғи-мойлаш материаллари, сафар харажатлари ва ҳарбий хизматчиларнинг овқатланишига кетадиган маблағ. Хўш, қайси бири муҳимроқ эди: машғулотлар ўтказишми ёки парадми?»

Парад бекор қилинган бўлса-да, Қозоғистоннинг турли шаҳарларида Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари учун байрам тадбирлари ўтказилади, деди у.

Ҳукумат, шунингдек, 9 майга режалаштирилган байрам мушакбозлигини ҳам бекор қилди ва Ғалаба куни шарафига шаҳарликлар Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ота-боболарининг портретларини кўтариб юрадиган анъанавий «Ўлмас полк» тадбири онлайн тарзда ўтказилишини айтди.

Бу Нур-Султон расмийларининг ушбу тадбирни кетма-кет учинчи йил онлайн тарзда ўтказиши, аммо жорий йилда COVID-19 билан боғлиқ вазият сезиларли даражада яхшиланган.

Таълим вазирлиги, шунингдек, мамлакат миқёсида 9 майга бағишлаб ўтказиладиган анъанавий мактаб тадбирларини ҳам бекор қилган.

Салоҳиятни модернизация қилиш

Қозоғистон мудофаа вазирлигидаги исмини ошкор қилишни истамаган мулозимнинг Карвонсаройга маълум қилишича, ҳукумат геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда мамлакат ҳарбий салоҳиятини кучайтириш ва ҳаракатчанлигини оширишга эътибор қаратмоқда.

«Ҳозир параднинг мавриди эмас», деди у.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кириши ортидан Қозоғистон ўз мудофаасини мустаҳкамлашга эътибор қаратган.

Бу ой Нур-Султон ҳукумати жорий йилда «куч тузилмалари ва фавқулодда вазиятларни бошқариш органларининг жанговар тайёргарлигини ошириш ва жиҳозларини модернизация қилиш» учун 1 миллиард долларга яқин (447,3 миллиард тенге) қўшимча маблағ ажратди.

Бундан ташқари, жорий йилда ҳарбий харажатлар учун деярли 2 миллиард долларга (894,6 миллиард тенге) яқин маблағ ажратилган.

Қўшимча маблағларнинг асосий қисми Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва мудофаа вазирликлари қошида фаолият юритаётган махсус мақсадли бўлинмалар сонини кўпайтиришга, кўпроқ техника, жумладан, ҳарбий транспорт самолётларини сотиб олишга йўналтирилади.

Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг маоши 30-40% га оширилади.

Армия, конверсия ва қуролсизланишни ўрганиш марказининг Осиё-Тинч океани бўлими раҳбари, киевлик Юрий Пойтанинг айтишича, Қозоғистон армиясининг асосан Россия қуролларига таянувчи техникаси йирик молиялаштириш ва модернизацияга муҳтож.

«Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун қурол вазифасини ўтайдиган Россия техникаси жуда эскирган ва анча самарали қуроллар қўлланиладиган замонавий урушлар учун яроқсиз», деди у.

Россия «тушунтириш» талаб қилмоқда

Айни пайтда россиялик сиёсатчилар Ғалаба куни тадбирлари бекор қилинганига эътироз билдирган.

Қозоғистоннинг бундай қарорлари номақбул, деди Россия Давлат думаси (парламент қуйи палатаси) депутати Николай Новичков. У Россия ҳукуматини Қозоғистонга босим ўтказишга чақирган.

«Бу муҳим нуқта ва парад ўтказиш муҳим анъана эканлиги ҳақидаги позициямизни расмий каналлар орқали дипломатик усуллар билан баён қилиш зарур», деб айтган Новичков 17 апрел куни NEXTA Live янгиликлар сайтига кўра.

У барча саволлар «ўрганилиб чиқиши ва ҳал қилиниши» учун Қозоғистон ҳукуматидан қабул қилинган қарор сабабларини тушунтиришни талаб қилган.

Ҳозирча Нур-Султон Новичковнинг сўзларини эътиборсиз қолдирган, қозоғистонликлар эса мамлакатда парад ўтказмаслик қарорига тушуниш билан муносабат билдирган.

«Украинада уруш бўлаётган ва минглаб одам ўлиб турган бир вақтда ҳарбий парад ўтказиш жуда ғалати ва сурбетлик бўлар эди», дейди BAZIS қурилиш компаниясининг бошқарувчиси, олмаоталик Мухтар Суюншалин.

«Айниқса, бу урушни қўллаб-қувватламаётган Қозоғистон учун», деди у.

«Россия нацистлар устидан қозонган ғалабасини нишонловчи парад ўтказишни режаламоқда, аммо ўзининг аскарлари Украинада тинч аҳоли ва ёш болаларни ўлдириб, уйларини талон-тарож қилиб нацистлардек ҳаракат қилмаяптими?», дейди олмаоталик фаол Олтиной Мауленова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мен ҳукуматимнинг мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва рашизмни безбетларча қўллаб-қувватловчи мамлакат бўлишдан воз кечиш ҳақидаги оқилона қарорини ҳурмат қиламан.

Жавоб бериш

Ҳозир вазият шундайки, ҳар қандай қурол намойиши ёки ҳарбий парадлар деярли тажовуз амалиёти сифатида баҳоланади. Шунинг учун буларнинг барчасидан воз кечган маъқул.

Жавоб бериш

Россия билан ҳамма ҳамкорлигини тугатиш Қозоғистон учун яхши бўлади. Ҳурматни йўқотмасликнинг янона йўли. Тарихда ҳаммаси сақаланиб қолиши сабабли, уруш тугаганидан кейин ким ҳақ, ким ўз мақсадига эришишда ваҳшийларга хизмат қилгани аниқлашади.

Жавоб бериш

Ҳарбий қадам ташлайдиган ватанпарварлар, эҳтимол, Россия пропагандаси учун муҳимроқдир, аммо фахрийларга пул олгани яхши. Уларга Қозоғистонда 1000-2000 доллар берилади, Россияда эса 100 доллар.

Жавоб бериш

Россияда ветеранларга яхши муносабат қилишмайди. Россия сабабчи бўлган урушларда омон қолиб, кейин ёмон аҳволга тушиб қолганлар ҳақида ҳикоялар жуда кўп. У парадлар бошқалар кўриши учун бўлган холос. Бошқа мамлакатлар ветеранларни ҳурмат қилади, уларга катта пул тўлайди ва имтиёзлар беради, улар ўз ватандошлари учун намуна бўлишади, аммо Россияда ҳаммаси кўрсатиш учун.

Жавоб бериш

Нима бемаънилик бу, Россияда уруш фахрийларини ҳурмат қилишмайди деб ким айтди сизга? Аввал ўз фахрийларингизни эплаб олинг, кейин Россияни гапирасизлар.

Жавоб бериш