ТОШКЕНТ – Ўзбекистонлик журналист ва таҳлилчилар ҳукуматни Кремл назоратидаги телеканаллар ўзбек халқининг онгини заҳарлашига йўл қўймаслиги учун уларни тақиқлашга чақирмоқда.
Россия ОАВ феврал ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан айниқса қаттиқ назоратга олинган.
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот 4 апрел куни «Алтер Эго» янгиликлар сайтига берган интервьюсида жаҳон ҳамжамияти «суверен ҳудудга асоссиз, аёвсиз ва мудҳиш босқинчиликка нисбатан чора кўриши кераклиги ва бу ишларнинг асоси шунчаки ёлғон эканлигини» айтган.
«Россияликлар ўз оммавий ахборот воситаларини уруш қуроли сифатида, ҳар қандай адолатли жамият учун мутлақо номақбул тарзда қўлладилар», деди у.
Ғарб «Россия оммавий ахборот воситаларини ёпаётгани йўқ», деди у. Бироқ, «уларнинг уруш қуролига айланмаслиги учун қатъий чоралар кўрмоқда» ва «улар қила оладиган нарсаларга асосли чекловлар қўймоқда».
«Бу мамлакат ўз халқини ва ўзининг расмий нуқтайи назарига зид келиши мумкин бўлган ахборотни ёйинлаётган ОАВни чекламоқда», деди Торлот. «Бу фавқулодда ҳолат.»
«Россияликларнинг бу ишда ОАВдан фойдаланаётгани хунук, жирканч ва шармандали ҳолат», деди у.
«Ушбу босқинни оқлаш учун ўйлаб топилган уйдирма мен кўрган мамлакатдан (Украинадан) бутунлай фарқ қилади... Россия оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган сафсатага қулоқ солманг», деди Торлот.
Ўзбекистонлик журналист Анора Содиқовага кўра, аксарият ўзбеклар дунёни Россия матбуоти орқали кузатади ва таҳлил қилади, зеро рус тили мамлакатдаги иккинчи асосий тилдир.
Бу томошабинлар кўпинча Россия каналлари, хусусан, «Биринчи канал» ва «Россия 24»ни эркин ОАВ деб билади, деди у.
«Улар телевидениедаги ташвиқот таъсирига тушиб, Россия томонида бўлмасак, НАТО Қозоғистон ва Ўзбекистонга келиши, Америка эса бизнинг юртларга бостириб киришига ишонади», деди у Карвонсаройга. «Ҳатто катталар ҳам шундай дейишади. Бундай гапларни оиламдагилар ва қўни-қўшниларимдан эшитиб ҳайратга тушганман.»
Россиянинг заҳарли ташвиқоти
Бутун Марказий Осиёга кириб борган Россиянинг заҳарли ташвиқоти яқинда кремлпараст россиялик телебошловчидан ранжиган Қозоғистон ҳукуматини унинг мамлакатга киришини тақиқлаш масаласини кўриб чиқишга ундади.
Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг чоршанба (27 апрел) куни кечқурун берган баёнотида RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоняннинг турмуш ўртоғи Тигран Кеосаяннинг сўзлари икки давлат ўртасидаги «яхши қўшничилик муносабатлари муҳитига путур етказиши» айтилган.
«Менимча, у Қозоғистонга киритилмайдиган шахслар рўйхатига киритилади», дейилади Ташқи ишлар вазирлиги вакили Айбек Смадияровнинг сўзларидан иқтибос келтирилган баёнотда.
«Қозоқлар, биродарлар. Бу қандай нонкўрлик бўлди?», деб савол берган Кеосаян ўтган ҳафта якшанба куни ўзининг YouTube каналидаги видеосида Қозоғистон собиқ Совет иттифоқининг Ғалаба куни муносабати билан 9 май кунги парадни ўтказмасликка қарор қилгани ҳақидаги хабарни назарда тутиб.
«Шундай маккорлик қилиб, бунинг учун бизга ҳеч нарса бўлмайди деб ўйлашда давом этсангиз, хато қиласиз», деб айтган Кеосаян.
«Кремл манқуртлари»
Россиянинг «манқуртлик ташвиқоти» ёлғон, нафрат, шовинизм ва ҳақиқий нацизмнинг қоришмасидир, дейди тошкентлик иқтисодчи Юлий Юсупов.
«Улар билан ким «мусобақалашмоқда», лаёқатсиз ўзбек телеканалларими? Юзага келаётган вазият даҳшатли ва бу мамлакат миллий хавфсизлиги учун реал ва асосий таҳдиддир», деб ёзган у ўзининг Телеграм каналида 18 апрел куни.
«Инсоният тарихидаги энг кучли ташвиқот машинаси бир неча ўн йиллардан бери фуқароларимизнинг онгини заҳарлаб, уларни Кремлнинг манқуртларига айлантириб келмоқда.»
«Бунинг устига мамлакатдаги амалдорларнинг (агар аксарияти бўлмаса) сезиларли қисмини шундай онги заҳарланган одамлар ташкил қилади», деб айтган у. «Аммо ҳукумат муқобил ахборот манбаларини блоклашдан бошқасини билмайди.»
«Ҳамма нарсани тириклай йўқ қиладиган бундай ахборот муҳитида келажагимиз йўқ», деб айтган Юсупов.
Айни вақтда Ўзбекистоннинг ахборот макони Россия ва Украина уруши сабабли қизиқ вазиятда қолган, дейди сиёсий таҳдидчи Камолиддин Раббимов.
«Бетараф қолиш мушкул. Шу сабабли ички ва ташқи цензура бу мавзуни ёпишга ундамоқда», деб айтган у.
«Қўшни мамлакатларда катта уруш бўлаётган бир вақтда ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг бошқа мавзуга эътибор қаратиши учун куч ва имконияти йўқ», деди Раббимов. «Бошқа мавзулар қизиқ эмас ёки ноўрин. Натижада ички маънавий ва сиёсий зиддият юзага келмоқда.»
Аҳолининг катта қисмига етиб бора оладиган ва уни хорижий ташвиқотлардан ҳимоя қила оладиган мустақил ва ишончли ахборот маконига эга эмаслиги Ўзбекистоннинг йирик сиёсий муаммоларидан биридир, деб айтган у.
«Агар Россия ОАВ Ўзбекистон давлати ва ҳукуматига қарши агрессив ахборот оқимини яратса ва бу орқали мамлакатни беқарорлаштиришга уринса, Тошкент ҳеч нарса қила олмай қолади.»
«Бу катта муаммо. Бу Ўзбекистоннинг сиёсий ва геосиёсий мустақиллигини чегараловчи жиддий омил», деб айтган Раббимов.
«Нацизм ташвиқоти»
Россия оммавий ахборот воситалари Владимир Путин режимининг бир қисми бўлиб, унинг нацизм мафкурасини бутун постсовет макондаги аудиторияга етказмоқда, дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence тадқиқот маркази раҳбари Алишер Илҳомов.
«Ўзбекистон Россияга иқтисодий жиҳатдан қарам эканлиги ҳақиқат ва бу унинг собиқ «катта оғасига» нисбатан кўра оладиган чоралари кўламини чеклайди», деб айтган у.
«Ўзбекистон ҳукумати Россия телеканалларининг ҳозирги шаклдаги фаолиятини чеклашга ҳаракат қилмай, нацистлар ташвиқотини ёйинлаш ва ўзбекларнинг онгини заҳарлашга имкон беришда шерик бўлиб қолмоқда.»
Ўзбекистонда Россия ташвиқотига барҳам бериш чақириқлари илк марта янграётгани йўқ.
Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси 1 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юбориб, шундай қилишни сўраган эди.
Россия ОАВ украиналикларга нисбатан миллий адоват қўзғашга уринмоқда», деб хабар берган элчихона Gazeta.uz нашрига кўра.
Украина Иккинчи жаҳон урушидан бери Европа кўрмаган тажовузни бошидан кечирмоқда, деган эди март ойида Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко Озод Европа/Озодлик радиосининг ўзбек хизматига.
«Буни нафақат Украина ёки Европа мамлакатлари, балки Ўзбекистонда ҳам билишларини истаймиз», деб айтган у. «Аммо, афсуски Россия телеканаллари бошқа урушни ёки умуман уруш бўлмаётганини кўрсатмоқда.»
Ўз навбатида журналист Содиқова бу муаммони тил ёрдамида ҳал қилса бўлади, деган фикрда.
«Бунинг учун Ўзбекистонда нафақат рус тили, балки инглиз тили ҳам иккинчи тил бўлиши керак», деб айтган у. «Шунда аҳоли фақат Россия телеканаллари кўрсатувларини эмас, балки дунёда бўлаётган воқеаларни бошқа тилдаги материаллар, хорижий ОАВ кўрсатувлари орқали томоша қилади.»
«Балки бу ўзбекларнинг бошқа мамлакатлардаги воқеаларга нисбатан қарашини оз бўлса-да ўзгартирар», деб айтган Содиқова.
Шунчаки ҳукуматимиз ўзининг «катта оғасини» эркалатишга кўникиб қолган собиқ коммунистик номенклатурадан иборат. Бизга яхши маълумотли ва чет тилларини (Ўзбекистонда рус тили чет тили эмас) биладиган ёш сиёсатчилар керак. Улар дунёда рўй бераётган воқеалар юзасидан ўз фикрига эга бўлиши, ўз давлати манфаатларини ҳимоя қила олиши керак. Россия оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон устидан ҳукмронлиги ҳукуматнинг умуртқасизлиги ва уларнинг «катта акаси»дан қўрқишининг натижасидир. Шунинг учун зомбилашган аҳоли «Путин тинчликни таъминлайди» деб ўйлайди. Геббелснинг ташвиқоти Кремл ташвиқоти олдида ҳолва.
Жавоб беришФикрлар 7
Ниҳоят тушуниб етишибди! Анчадан бери қилиш керак эди; У ерда манқуртлаштиришдан бошқа нарса йўқлигини аллақачон ҳамма билиб бўлган.
Жавоб беришФикрлар 7
AFP нима ўзи? Аббревиатураларни ёқтирмайман.
Жавоб беришФикрлар 7
Россия каналлари ишлайверсин, фақат сиёсийлари эмас.
Жавоб беришУларда носиёсий оммавий ахборот воситалари йўқ; ҳамма жойда ташвиқот ёйинлайдилар. Русларнинг қўй подасига ўхшаб бораётганидан, бу қанчалик яхши ишлаётганини айтса бўлади. Ҳамма аслида мавжуд бўлмаган қандайдир армиядан қўрқади; ҳамма таърифлагани каби ўз бошлиқларидан қўрқадиган ўта қўрқинчли раҳбарлардан қўрқишади. Бу ҳатто уларнинг ҳажвий кўрсатувларига ҳам сингиб кетган.
Жавоб беришРусларга оид ҳамма нарсадан воз кечган маъқул, шунда ташвиқотга берилиб, унинг оқибатлари билан курашиш ўрнига тинчроқ яшаш ва ўсиш мумкин бўлади.
Фикрлар 7
Мақолага тўлиқ қўшиламан! Кўпчилик манқуртлашиб, вазиятни тўғри баҳолай олмаяпти!
Жавоб беришҲа, ажойиб мақола, асосли фикрлар кўп! Манқуртлаштиришга тезда барҳам берилмаса, кейинчалик Россиядаги каби оқибатларга олиб келиши мумкин. Бизга бу керак эмас!
Жавоб беришФикрлар 7