КИЕВ – Украинадаги Россия аскарлари Мариуполнинг аксар қисмини ўз назоратига олганидан кейин шаҳардаги ўлкашунослик музейни талон-тарож қилганлар, деб хабар берган расмийлар ўтган ойда.
24 феврал куни Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери талончилик ҳолатлари ҳақида бир қанча хабарлар олинган бўлиб, россиялик аскарлар қармоқ илгакларидан тортиб, тракторларгача ўғирлашда айбланганлар.
Энди эса уларнинг диққати тарихий аҳамиятга эга ва қимматбаҳо буюмларга қаратилган.
Мариуполдаги россиялик аскарлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир неча марта маҳаллий ўлкашунослик музейларига бостириб киришган, деб хабар беради шаҳар мэри ёрдамчиси Петр Андрюшченко.
«Россиялик аскарлар биринчи марта музейга кирганларида махсус медаллар коллекцияси йўқолган», деб айтган у.
Бино ичида турли асрларга оид 50 мингдан зиёд ҳар хил қийматга эга буюмлар бўлган.
Россиялик аскарлар музейга иккинчи марта келишганида экспонатларнинг аксари жойлашган, махсус жиҳозлар сақланадиган омборхонага кирганлар.
«Кеча ва бугун россиялик аскарлар ҳамда тан олинмаган Донецк халқ республикаси расмийлари музей хизматчиларини излаб топиб, уларни музей архивлари ва омборидаги ҳамма нарсани кўрсатишга мажбурлаган», деди Андрюшченко 26 апрел куни.
«Улар қимматбаҳо адабий тўпламларни, жумладан бронза тўқалар, найза пойнаклари каби скифлар экспонатларини олиб чиқишни бошлашган», деб қўшимча қилди у.
Энг қиммат буюмлар юк машинасига ортилиб, ишғол қилинган Донецк шаҳрига олиб кетилган, деб айтган у.
«Донецкда Россиядан кимдир борлигини тушуниб турибмиз. Аввалига бу буюмлар сараланади, кейин эса экспонат сифатида Россиядаги кўргазмаларга олиб кетилади.»
«Шу тариқа улар бизнинг маданий ва тарихий меросимизни ўғирламоқда», деб айтган Андрюшченко.
Херсон музейи хавф остида
Кузатувчиларга кўра, 400 км ғарбда Россия ишғол қилган Херсондаги музейлар ҳам худди шундай хавф остида.
Россия қуролли кучлари бир ойдан ошибдики, шаҳарни ишғолда ушлаб турибди.
Шаҳарда қолган ва ўз вазифасини давом эттирган Херсон мэри Ихор Коликаев 25 апрел куни чиқариб юборилганини айтган.
«Калитларимизни олиб, қўриқчиларимизни ўзлариники билан алмаштиришди. Мен кеч соат 7:45 да кетаётганимда бино узра Украина байроғи ҳилпираб турган эди», деб ёзади Коликаев ўзининг Facebook саҳифасида.
Шаҳар Украина кучлари назоратида бўлганида барча музейлар ёпиқ эди, дейди маҳаллий ўлкашунос ва Россия ишғол қилган ҳудудга гуманитар ёрдам олиб борган кўнгиллилардан бири Андрей Селецкий.
Аммо, энди ҳаммаси ўзгариши мумкин, деб айтган у.
«Жанг майдонида россияликлар таъзирини еганидан кейин, улар тобора ноадекват бўлиб боришмоқда. Херсон музейларига шунчаки талончилик қилиш учун ҳам киришлари мумкин», деб айтган Селецкий.
Херсон ўлкашунослик музейида Украинанинг энг қимматли антик давр коллекцияларидан бири мавжуд бўлиб, у қадимги Юнонистон шаҳарлари ва мустамлакаларига тегишли эрамиздан аввалги 7-асрга оид археологик топилмаларни ўз ичига олади.
«Бу коллекция нафақат ажойиб маданий бойлик ва жанубнинг қадимийлигини акс эттиргани, балки Иккинчи жаҳон урушидан омон қолгани билан ҳам ноёбдир», деди Селецкий.
Бутун дунё рассомларининг асарларини жамлаган Херсон санъат музейи коллекцияси ундан-да каттароқ хавф остида, деб қўшимча қилди у.
«Қадимий ҳайкал ёки антиқа қабр тошини ташиш шунчаки расмни рамкадан кесиб олиб кетишдан қийинроқ», дейди Селецкий.
Босқин туфайли санъат асарларига аллақачон шикаст етган.
Феврал ойи охирида Киев вилоятининг Иванков қишлоғидаги ўлкашунослик музейига келиб тушган Россия ракетаси украиналик рассом Мария Примаченконинг расмларини йўқ қилган.
Ўшандан бери Украина маданият ва ахборот сиёсати вазирлиги Россия аскарлари зарар етказган маданий мерос объектлари ҳисобини юритмоқда.
Бу статистика кун сайин ортиб бормоқда, деб ёзган Украина маданият вазири Александр Ткаченко 23 апрел куни Телеграмдаги каналида.
«Ҳозирги кунга қадар Маданият ва ахборот сиёсати вазирлиги 242 та ҳолатни қайд этди. Маданий меросимизнинг йўқ қилиниши кўпроқ Харков вилоятига тўғри келди: 84 та, Донецкда 45 та, Киевда 38 та, Черниговда 24 та, Луганскда 17, Сумида 14», деб ёзади Ткаченко.
Тарихий биноларнинг шикастланиши
Ткаченко тилга олган зарарнинг аксар қисми маҳаллий ва миллий аҳамиятга эга бўлган тарихий биноларга Россия снарядларининг келиб тушиши билан боғлиқ.
Минг йиллик тарихга эга Чернигов шаҳрида бундай бинолар кўп. 11-12 асрларда қурилган энг қадимий бинолар бир жойда жамланган ва учта музейга туташ.
Черниговнинг 30 кунлик қамали пайтида ҳеч қандай ҳарбий аҳамиятга эга бўлмаган қадимий бинолар ва музейлар яқинига снарядлар келиб тушди, дейди ана шу музейлардан бирининг директори Сергей Лаевский.
«Спасо-Преображенский собори миллий аҳамиятга эга ёдгорлик ҳисобланади. Унинг фасади кассетали снарядлардан шикастланган. Маҳаллий аҳамиятга эга меъморий ёдгорликлар, жумладан, Украина қадимий ашёлари уй-музейи ҳам энг кўп жабр кўрди», деди Лаевский Васил Тарновский Украина осори атиқалар уй-музейини назарда тутиб.
Тарновский музейи 1918 ва 1919 йилларда болшевиклар томонидан ўққа тутилган, 1941 йилда эса фашистларнинг бомба ҳужумларидан омон қолган, деб ёзади Лаевский 11 март куни Facebook саҳифасида.
Бу музей Черниговнинг ташриф қоғозидир, дейди маҳаллий ўлкашунос ва гид Володимир Пилипенко.
«Қиймат ва қадрни бир-биридан фарқлай олиш керак. Қиймат - бу бино барпо этилган материал, қадр эса бу бинолар замиридаги маъно ва уларнинг аҳамияти», дейди у.
Черниговдаги бошқа бинолар ҳам шикастланмай қолмаган.
1930-йиллар охирида шаҳарнинг марказий майдонида қурилган кинотеатр Россия ракетаси тарафидан деярли буткул вайрон қилинган.
Бинога 1941 йилда ҳам немис бомбаси келиб тушган эди.
«Бир томондан тақдир ҳазили, бироқ бошқа томондан, биз Черниговни вайрон қилишда нацистларнинг издоши ким эканлигини аниқ тушуниб турибмиз», деди Лаевский.
Улар фақат ўғирлашни билишади; энг ёмони, бу асарларнинг кўпи кейинчалик турли шахсий коллекцияларда йўқолиб, дом-дараксиз бўлиб кетади.
Жавоб беришФикрлар 4
Bobolar ham oʻgʻirlashgan!
Жавоб беришФикрлар 4
Бу армия эмас, талончилар ва ваҳшийлар тўдаси.
Жавоб беришҚачондир бошқача бўлганми? Ҳамма, ҳар ерда ва ҳар доим талон-тарож қилган :(
Жавоб беришТурли оилаларнинг авлодлари ғурур билан сақлайдиган жуда кўп «уруш ўлжалари» бор. Улар нафақат талон-тарож қиладилар, балки уни тўғри сақлай олмайдилар ва инсоният кўплаб қимматли маданий ёдгорликлардан маҳрум бўлади.
Фикрлар 4