Карвонсарой
Хавфсизлик

Қийноқлар, зўрлаш ва қатллар: Россиянинг бутун дунёдаги ёлланма жангарилари тактикаси

Карвонсарой ва AFP

image

Кремлнинг 2021 йилги «Турист» филмидан олинган кадрда Марказий Африка Республикасидаги амалиётларга ҳозирлик кўраётган Россиянинг икки ёлланма аскари акс этган.

Кремл қўлловидаги «Вагнер» ёлланма жангарилари Марказий Африка Республикасида (МАР) тинч аҳолини ўлдирмоқда ва бошқа инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилмоқда. Бу ҳақда сешанба (3 май) куни Human Rights Watch (HRW) ташкилоти маълум қилди.

Бу айблов Вагнер гуруҳи ва Россиянинг бошқа ҳарбийлашган тузилмалари жойлаштирилган деярли барча оловли нуқталар, жумладан, Украина, Мали, Ливия ва Сурияга дахлдор.

«Афтидан, гувоҳлар тарафидан россиялик экани тасдиқланган Марказий Африка Республикасидаги кучлар 2019 йилдан бери тинч аҳолини қатл қилган, қийноққа солган ва калтаклаган», дейилади HRW баёнотида.

«Бир қанча Ғарб ҳукуматлари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) экспертлари ва махсус маърузачилари Марказий Африка Республикасида фаолият юритаётган Россия билан боғлиқ кучлар орасида Россиянинг ҳукуматга алоқадор хусусий ҳарбий компанияси бўлмиш «Вагнер гуруҳи»нинг кўплаб аъзолари борлигига оид далилларни аниқлади», дейилади хабарда.

image

2 апрел куни Киев шимоли-ғарбидаги Буча шаҳри кўчаларининг бирида ётган, қўллари орқасига боғланган эркак жасади. Украина кучлари Бучани Россия қўшинларидан қайтариб олгандан кейин бу кўчада ўнлаб тинч аҳоли вакилларининг жасадлари топилган. Қўлга киритилган сўзлашувлар Вагнер ёлланма аскарларини жиноят содир этилган жойга олиб чиққан. [Роналдо Шмидт/AFP]

Москванинг «кўмаги»

2013 йилда бошланиб, кўплаб қуролли тузилмаларни инқироз ёқасида турган давлатга қарши қўйган фуқаролар уруши сўнгги йилларда сезиларли даражада сустлашган.

Аммо тахминан бир йил олдин, исёнчилар президент Фостен-Арканж Туадерани ағдариш учун ҳужум бошлар экан, жанглар тўсатдан яна фаоллашган.

Президент Москвани ёрдамга чақирганидан сўнг, Россиянинг юзлаб ҳарбийлашган тузилмалари ҳали ҳам мамлакатнинг катта қисмини назорат қилаётган исёнчиларни сиқиб чиқаришга кўмаклашган.

Бу хусусий ҳарбий компаниялар (ХҲК) кўпинча ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган Россия муассасаси – «Вагнер гуруҳига» тегишли деб таърифланади.

Вагнер гуруҳини молиялаш ортида Россия президенти Владимир Путиннинг иттифоқчиси бўлган россиялик тадбиркор Евгений Пригожин турганига ишонилади.

Пригожин ҳам, Кремл ҳам ушбу гуруҳ билан ҳар қандай алоқаларни рад этади.

Карнеги жамғармасининг таҳлил маркази Вагнерни «Москванинг энг ҳимояланмаган сирларидан бири» деб атаган.

Марказга кўра, гуруҳнинг иккита асосий мақсади бор – «уруш ҳудудларига жангариларни жойлаштиришда Кремлни ҳақиқатнамо инкор билан таъминлаш» ва «заиф давлатларга босимни кучайтириш учун тайёр салоҳият» таклиф этиш.

«Марказий Африка ҳукумати хавфсизлик cоҳасида халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўрашга тўла ҳақли, бироқ у чет эл кучларининг фуқароларни ўлдиришига ва уларни бошқа йўл билан таҳқирлашга йўл қўймаслиги керак», деди HRWнинг Инқироз ва можаролар бўлими раҳбари Ида Сойер.

«Қонун устуворлигига ҳурмат кўрсатиш ва бу қонунбузарликларга чек қўйиш учун ҳукумат қотилликлар, ноқонуний ҳибслар ва қийноқлар учун масъул бўлган барча кучларни, жумладан, Россияга алоқадор кучларни зудлик билан тергов қилиб, жавобгарликка тортиши лозим», деди у.

HRW МАР ва Россия ҳукуматларига хат йўллаган, аммо ҳеч қандай жавоб олмаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет ўтган ой МАРда исёнчи гуруҳлар, шунингдек, ҳарбийлар ва уларнинг россиялик иттифоқчилари тарафидан содир этилган «инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишлари», жумладан тинч аҳолига нисбатан қотиллик ва жинсий зўравонликларни қоралади.

Бучадаги қатлиом

Вагнер ёлланма аскарлари илк бор Украинага 2014 йилда, Россия Қримни аннексия қилганида киритилган. Ўшандан бери улар бутун дунёда, жумладан Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Ливия, CАР, Чад ва Малидаги ҳарбий можароларда иштирок этган.

Вагнер энди яна Украинада. 24 феврал куни Россиянинг босқини арафасида юзлаб россиялик ёлланма аскарларнинг Африкадаги постларни ташлаб, Украинадаги урушга ҳозирлик кўриш мақсадида Сурияга йўл олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ҳозирда Вагнер гуруҳидан, шунингдек, Сурия ва Ливиядан келган 20 мингга яқин ёлланма аскар Украинадаги Москва кучлари сафида жанг қилмоқда, деган эди ўтган ой Европа расмийларидан бири.

Россиянинг инкорларига қарамай, Украина, унинг Ғарбдаги иттифоқчилари ва БМТга кўра, Бучада жасадлари топилган кўплаб фуқароларнинг ўлимига Россия кучлари жавобгар.

Россия қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг, Киев яқинидаги шафқатсиз қирғинлар ва оммавий қабрларнинг даҳшатли манзараси бутун дунёни ларзага солди.

Илк кунларданоқ Украина Россиянинг Бучада жойлаштирилган 64-мотоўқчилар бригадасини айблаган.

Ушбу бригаданинг 10 нафар ҳарбий хизматчисини ҳарбий жиноят содир этишда айблаган Украина прокуратураси 28 апрел куни тергов олиб борилаётганини айтди ва уларга қидирув эълон қилди.

18 апрел куни Путин бригадани «оммавий қаҳрамонлик ва мардлик, матонат ва жасорат» учун мақтовчи расмий фармонни имзолаган.

У бригаданинг қаерда эканини очиқламаган.

AFP билан суҳбатда бўлган гувоҳлардан бирининг айтишича, Россия босқини бошланган илк кунларда у асосан ёш аскарларни кўрган.

Аммо, унинг эслашича, бир неча ҳафта ўтгач, у ерга ёши каттароқ «шафқатсиз» қўшинлар кириб келган.

«Қирғинлар ўшанда бошланди», дейди у.

Аёлнинг айтишича, улардан айримлари Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари бўлиши мумкин.

Немис разведкаси томонидан қўлга киритилган сўзлашувларга кўра, бу ишларда Вагнер гуруҳининг россиялик ёлланма аскарлари ҳам иштирок этган.

Россиянинг «ҳарбий жиноятлари»

Россиянинг Украина ва Суриядаги аралашувига назар ташлаш Ливия, МАР, Мали ва бошқа мамлакатлар учун огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади.

Кремл ўзининг геосиёсий таъсирини кучайтириш ва президент Башар ал-Асадни қўллаб-қувватлаш мақсадида узоқ йиллар Сурия низоси учун жангарилар ва маблағ етказиб берган.

Сўнгги йилларда Сурияда ХҲКлар шу даражада кўпайиб кетган эдики, улар Сурия армияси фаолиятига путур етказа бошлади.

2019 йил сентябрдаги ҳисоботда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Сурия тармоғи Кремлни 2015 йилдан бери Сурияда олиб борилган жанговар операцияларда «юзлаб ҳарбий жиноятлар» содир этишда айблаган.

15 март куни Франция, Сурия ва Росссиядан учта ҳуқуқбон гуруҳ 2017 йилда суриялик эркакнинг боши танасидан жудо қилинши ва «уруш жиноятларига» тенг дея кўрилган зўравонлиги юзасидан Москвада Вагнер гуруҳига қарши қонуний шикоят билан судга мурожаат қилишган.

Вагнер гуруҳи ёлланма аскарлари 2018 йилдан бери Ливияда Россия қўлловидаги ҳарбий қўмондон Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясини дастаклаб жанг қилмоқда.

Ливиянинг улкан нефт захиралари ва Ўртаер денгизидаги стратегик жойлашуви Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилаётган Москвани ўзига жалб қилади.

БМТ маълумотларига кўра, Вагнернинг Ливиядаги ҳозирлиги хориждаги энг йириги деб гумон қилинади, шунингдек, бу можарога Россиянинг бошқа ХҲКлари ҳам жалб қилинган.

Вагнер гуруҳи жангарилари президент саройини қўриқлаётган Малида март ойида Мурада юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган операция борасида тортишувлар авж олган.

Матбуот ва Human Rights Watch суҳбатлашган Мали армияси ва гувоҳлар операцияни Мали аскарлари ва руслар деб айтилган хорижий жангарилар томонидан амалга оширилган зўравонлик, талончилик ва тинч аҳолининг қирғини дея таърифлаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар доим ҳамма нарсани инкор этадилар: «Пригожин ҳам, Кремл ҳам бу гуруҳ билан ҳар қандай алоқани рад этади». Нимадир бўлса, буни мен қилмаганман; Кимдир нимадир қилган бўлса, бу мен эмасман. Доим ёлғонлар; Россия янгиликларини қайси тарафдан кўрманг, ҳаммаси ёлғон. Жуда катта сондаги одамлар эса мудҳиш қийноқлар туфайли ўлиб кетишяпти.

Жавоб бериш

Уларнинг варварлар экани аниқ.

Жавоб бериш