Карвонсарой
Хавфсизлик

«Москва» экипажи аъзоларининг қаерда эканидан яқинлари ҳам бехабар қолмоқда

Олга Чепил

Апрел ойида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеолавҳа кадрида Қора денгизда шикастланган «Москва» кемасининг ғарқ бўлиш арафасидаги ҳолати акс этган.

Апрел ойида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеолавҳа кадрида Қора денгизда шикастланган «Москва» кемасининг ғарқ бўлиш арафасидаги ҳолати акс этган.

КИЕВ – Чўкиб кетган «Москва» крейсери экипажи аъзоларининг қариндошлари ўтган ой қурбонлар ҳақида шубҳали маълумотлар берган Россия мудофаа вазирлигини ёлғон сўзлашда айбламоқда.

Пентагоннинг юқори мартабали расмийсига кўра, Қора денгиздаги «Москва» кемаси 14 апрел куни Украинанинг иккита ракетаси келиб тушиши ортидан сувга ғарқ бўлган.

Қора денгиз флотининг байроқдор кемаси Украинада қарийб икки ойдан бери давом этаётган можарода Россия денгиз кучлари ишини мувофиқлаштириб, Мариупол порт шаҳрини қамал қилишда етакчи ролни ўйнаган.

Украиналикларнинг улкан ҳарбий ютуғини тан олишни истамаган Россия мудофаа вазирлиги 22 апрел куни «Москва» кемаси ёнғин ва ўқ-дориларнинг портлаши оқибатида чўкиб кетганини маълум қилди.

Россиянинг Қора денгиз флоти байроқдорининг чўкиб кетгани ҳақидаги хабар дунё нашрлари сарлавҳаларида пайдо бўлар экан, қурбонларнинг яқинлари Россия мудофаа вазирлигини ёлғончиликда айблаб, фарзандлари ҳақида ҳақиқатни талаб қилмоқдалар. [Карвонсарой]

Россиянинг Қора денгиз флоти байроқдорининг чўкиб кетгани ҳақидаги хабар дунё нашрлари сарлавҳаларида пайдо бўлар экан, қурбонларнинг яқинлари Россия мудофаа вазирлигини ёлғончиликда айблаб, фарзандлари ҳақида ҳақиқатни талаб қилмоқдалар. [Карвонсарой]

Россия президенти Владимир Путин ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий (ўнгда) Миср раҳбарининг Россияга илк расмий ташрифи чоғида Қора денгиз флотининг байроқдор кемаси «Москва»ни тарк этишмоқда, 2014 йил 12 август, Сочи. [Алексей Дружинин/РИА Новости/AFP]

Россия президенти Владимир Путин ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий (ўнгда) Миср раҳбарининг Россияга илк расмий ташрифи чоғида Қора денгиз флотининг байроқдор кемаси «Москва»ни тарк этишмоқда, 2014 йил 12 август, Сочи. [Алексей Дружинин/РИА Новости/AFP]

«Бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, яна 27 та экипаж аъзоси бедарак йўқолди», деб баёнот берган вазирлик «қолган 396 нафар аъзо» эвакуация қилинганини қўшимча қилиб.

Ушбу баёнот расмийлар илк марта экипажнинг барча аъзолари эвакуация қилинганини айтганидан сўнг берилган.

Бироқ, Украина расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, кемада ичида бўлганлардан 400 га яқини ҳаётдан кўз юмган бўлиши мумкин.

«Бизнингча, улар 58 кишини қутқаришган, холос... крейсерда жами 510 киши бўлган», деди Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов 22 апрел куни «Украинска правда» газетасига берган интервьюсида.

«Аммо одамнинг ўзи бўлмаса, уни дафн қилишга ҳам, ҳеч қандай маросим ўтказишга ҳожат ҳам бўлмайди... Россияликларнинг сиёсати шундай», деди Данилов.

«Ахборот қаршилиги» сайтининг ҳарбий ва сиёсий таҳлилчиси Александр Коваленкога кўра, «Москва»га келиб тушган иккита ракета, афтидан катта талофатларга сабаб бўлган.

Фотосурат ва видеолавҳаларга кўра, ракеталар ўқ-дорилар сақланадиган омборхоналарга тушган кўринади, деди Коваленко.

«Ҳалок бўлган ва оғир жароҳатланганлар кўп – бир ёки иккита эмаслиги аниқ», деди у.

Москва 1930-йилларда содир этган жиноятларини ҳалигача инкор этиб келади, деб ҳисоблайдиган Марказий осиёликлар учун Россия режимининг бундай адаштиришлари янгилик эмас.

2019 йилда Россия ташқи ишлар вазирлиги 1930-йилларда Қозоғистонда уюштирилган очарчиликда Совет Иттифоқининг айбини рад этувчи баёнот билан чиққан эди.

«Россияга биродар Марказий Осиё халқлари тарихий фактларни «миллий ўйинлар» ёрдамида бузиб кўрсатиш ҳаракатларига алданмасликларига ишонамиз», деган эди ўшанда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги.

«Ўғлимиз қаерда?»

Бошқа маълумотларга кўра, «Москва» бортида ҳалок бўлган денгизчилар сони биттадан кўплиги аниқ.

Кема жойлашган Севастополдаги манбанинг Карвонсаройга айтишича, мотамсаро маҳаллий аҳоли бир қанча денгизчилар ҳалок бўлганини билади, аммо бу ҳақда очиқ гапира олмайди.

Шаҳарда оғир муҳит ҳукм сурмоқда, дейди у.

«Кемага мотам тутиш мумкин, лекин ҳалок бўлган денгизчиларга эмас. Гўёки қурбонлар йўқдек. Мотам йўқ», дейди исмини ошкор қилишни истамаган манба.

«Қурбонлар берилганини айтадиган бўлсангиз, ёлғон маълумот тарқатиш ёки ҳарбийларни обрўсизлантиришга оид қонунни бузганликда айбланасиз», деб қўшимча қилди у.

У маҳаллий касалхоналарга кремация учун олиб кетилаётган қутилар кўпайганини пайқаган.

«Москва» ҳалокатидан кейин бир қанча оилалар ижтимоий тармоқлар ва мустақил маҳаллий ёки хорижий матбуотга берган интервьюларида кемада хизмат қилган ўғиллари ва қариндошларини топа олмаётганликларини айтганлар.

Ялталик бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи, крейсерда ошпаз бўлиб ишлаган Егор Шкребецнинг отаси Дмитрий Шкребец ҳамон ўғлининг тақдири билан қизиқмоқда.

«Бугун биз мудофаа вазирлигининг ишонч телефонига шу савол билан қўнғироқ қилдик: Ўғлимиз қаерда? Бизга ўғлимиз Егор Шкребец ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва бедарак йўқолганлар рўйхатида йўқлигини айтишди», деб ёзган Шкребец 22 апрел куни ВКонтакте ижтимоий тармоғида.

Аввалроқ Шкребец «Москва»да хизмат қилган камида 15 нафар денгизчини билишини, аммо қариндошлари уларнинг тақдиридан бехабар эканлигини айтган эди.

Ҳарбий таҳлилчи Коваленконинг сўзларига кўра, «Москва» бортида ҳарбий хизматга чақирилганлар бўлгани учун бу воқеа шов-шув бўлиб кетган.

Март ойида Россия мудофаа вазирлиги Украинада муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар жанг қилаётганини тан олган – аввалроқ президент Владимир Путин бу фактни бир неча бор инкор қилган эди.

«Тарихан Россияда шундай бўлган – денгиз флоти ва ҳаво кучлари қуруқликдаги қўшинлар билан таққослаганда Россия армиясининг элитаси ҳисобланади. Бу бўлинмаларга кирадиганлар, биринчи навбатда, офицерлар оилалари, [профессионал] ҳарбийлар оила аъзолари бўлиб, улар армия анъаналарини яхши тушунади», дейди Коваленко.

«Уларнинг энг асосий маҳорати – тилга маҳкам бўлиш», деб қўшимча қилди у.

«Аммо муддатли ҳарбий хизматга чақирилганларда бошқа муаммо бор... Улар сир сақлашга ўрганмаган. Кейинроқ, шундай оилалардан бўлган денгизчилар ғойиб бўлгач, ваҳима кучайиб кетди», деди Коваленко.

Коваленконинг сўзларига кўра, куч тузилмалари энди қурбонлар қариндошларининг овозини ўчиришга ҳаракат қилмоқда.

«Қариндошлари вафот этгани ёки бедарак йўқолганини эълон қилганларнинг ижтимоий тармоқдаги аккаунтлари блокланмоқда. Уларнинг кўпчилиги эълон жойлаган, бироқ ҳозирда уларнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилишаётган кўринади», дейди Севастополдаги манба.

«Шармандали уруш»

Коваленко «Москва» билан 2000 йилда Баренц денгизида барча экипаж аъзолари билан бирга чўкиб кетган Россиянинг «Курск» атом сув ости кемасининг ҳалокати ўртасидаги ўхшашликларни қайд этган.

Ўшанда 118 нафар денгизчи ҳалок бўлган, бироқ Россия ҳукумати ўз одатига кўра дастлаб ҳалок бўлганлар сонини яширган. Ўша пайтдаги ва ҳозирги ҳолат ўртасидаги фарқ шундаки, президентлигига бор-йўғи бир неча ой бўлган Путин матбуотнинг овозини ўчиришга улгурмаганди.

«[Кремл тарафидан ҳам] турли рақамлар айтилди. Тахминан бир йил бу ҳақда ҳамма гапирди ва [Кремл] ҳатто қурбонларнинг қариндошлари оғзини пул билан ёпишга ҳам ҳаракат қилди. Лекин охир-оқибат ҳақиқатни яшириб бўлмади ва воқеа шов-шувга айланиб кетди», дейди Коваленко.

«Москва» ҳалокати оқибатида қурбон бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сонини аниқлаш учун бир йилдан кўпроқ вақт кетиши мумкин.

«Москва кемаси экипажи аъзоларининг рўйхати оммага эълон қилиниши керак. Шунда аниқ рақамларни биламиз ва вақт ўтиши билан ҳар бир экипаж аъзосининг тақдирини аниқлаб оламиз», деди Коваленко.

Қурбонлар сони аниқ бўлмаса ҳам, «Москвада бу шармандали уруш туфайли уяладиган нарсалар етарли. Россия сўнгги 40 йил ичида ўз байроқдор кемасини йўқотган дунёдаги илк давлат бўлди», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Рус халқини талончилардан, Россия Федерациясининг қул қилувчилари ва олигархлардан озод қилиш керак. Рус халқига озодлик!!!

Жавоб бериш

Ҳаммаси яхши, хавотир олманглар. Улар балиқларни боқишяпти. Ўз жасадлари билан

Жавоб бериш

Ўзларига муносиб жойга кетишди!

Жавоб бериш

Уруш тугагунича яна қанча баҳсли ҳолатлар бўлади, яна қанча одам бедарак кетади, даҳшат!

Жавоб бериш

Украинага қарши курашда Украина бутунлай бошқа мақсадларда қурган ускуналардан фойдаланишгани етмагандек, ўз қўшинлари ҳақидаги барча мумкин бўлган маълумотларни ҳам яширишмоқда. Адашмасам, оила аъзолари ўз қариндошларининг қаерда экани ҳақидаги маълумотни сўрашга ҳақли. Штаб ҳеч бўлмаганда уларнинг мақомини таъминлаши керак.

Жавоб бериш