Карвонсарой
Сиёсат

Ғалаба байрамини нишонлашдан бош тортган Ўзбекистонда «Хотира ва қадрлаш куни» нишонланди

Рустам Темиров ва AFP

9 май куни Москва марказидаги Қизил майдонда Ғалаба куни муносабати билан ўтказилган ҳарбий парадда ҳарбийча қадам ташлаётган россиялик аскар [Александр Неменов/AFP]

9 май куни Москва марказидаги Қизил майдонда Ғалаба куни муносабати билан ўтказилган ҳарбий парадда ҳарбийча қадам ташлаётган россиялик аскар [Александр Неменов/AFP]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон бу йил Ғалаба кунини нишонлашда Россиянинг Украинага босқинини қоралаш белгиси сифатида Россия рамзларидан воз кечган.

Қозоғистон ҳам ҳар йили Нурсултонда ўтказиладиган Ғалаба парадини бекор қилди, Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ) эса хотира тадбирларида Россия босқинини қўллаб-қувватлаш рамзи бўлмиш «Z» белгисидан фойдаланмаслик ҳақида фуқароларни огоҳлантирган.

Собиқ совет давлатларидан иҳоталаниш кучайиб бораётган бир пайтда, Россия президенти Владимир Путин душанба (9 май) куни 1945 йилда фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабага бағишлаб, Москвада ўтказилган ҳарбий парадда Россия Украинадаги уруш билан «Ватанни» ҳимоя қилаётганини таъкидлади.

Москванинг Қизил майдонидаги байрам тадбирлари бошқа йиллардаги билан таққослаганда дабдабасиз ўтди, уларда Путин билан бирга бирорта ҳам хорижий давлат раҳбари иштирок этмади, парадда эса одатдагидан сезиларли даражада камроқ қўшин ва техника намойиш этилди. Кремл шунингдек, режаланган намойиш парвозларини ҳам бекор қилган.

Россиянинг Украинадаги ҳарбий тажовузини қўллаб-қувватлаш рамзига айланган, георгий тасмаси билан Z ҳарфи туширилган бино олдидан ўтиб кетаётган пиёдалар, 4 апрел, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри. [Ольга Мальцева/AFP]

Россиянинг Украинадаги ҳарбий тажовузини қўллаб-қувватлаш рамзига айланган, георгий тасмаси билан Z ҳарфи туширилган бино олдидан ўтиб кетаётган пиёдалар, 4 апрел, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри. [Ольга Мальцева/AFP]

2021 йил 9 май куни Ўзбекистоннинг Наманган шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба кунига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Бу кун Ўзбекистонда байрам Ғалаба куни эмас, балки Хотира ва қадрлаш куни деб номланади. [Тоҳир Турсунов]

2021 йил 9 май куни Ўзбекистоннинг Наманган шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба кунига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Бу кун Ўзбекистонда байрам Ғалаба куни эмас, балки Хотира ва қадрлаш куни деб номланади. [Тоҳир Турсунов]

Кузатувчилар парад кўламининг қисқаришини «қўшни Украинада давом этаётган урушда Россия тарафининг сезиларли йўқотишлари билан изоҳламоқда», деб ёзади Moscow Times.

Украина мудофаа вазирлигининг душанба кунги ҳисоб-китобларига кўра, Украина кучлари ҳозиргача 25650 га яқин россиялик аскарни ўлдирган ва 1145 танкни йўқ қилган.

24 февралдан бери 1351 нафар россиялик аскар ҳалок бўлгани ва 3825 нафари яраланганини маълум қилган Россия мудофаа вазирлиги 25 мартдан бери Кремлнинг консерватив эътирофини янгилагани йўқ.

Қизил майдонда ўтказиладиган ҳар йилги ҳарбий парад аввалида сўзлаган Путин фурсатдан фойдаланиб, «махсус ҳарбий операция»га ватанпарварлик ёрдамини сафарбар қилиш умидида Россиянинг босқинини ҳимоя қилди.

У бошланганига икки ойдан ошган можаро қандай давом этаётгани ҳақида гапирмади, бироқ ҳалок бўлган аскарларнинг оилалари «ўрнини тўлдириб бўлмайдиган жудоликка» учраганини тан олди.

Путин, шунингдек, кўплаб кузатувчилар кутганидек, ҳарбий ҳаракатларни жадаллаштириш режалари борасида ҳеч қандай муҳим баёнот бермаган.

Кузатувчиларнинг қайд этишича, Россия ҳарбийлари ва қуролли тузилмалари йўқотишлар учун «қасд олиш» мақсадида ишғол қилинган ҳудудларда уруш жиноятларини содир этмоқда.

Бу уруш жиноятлари, жумладан Буча ва Ирпенда тинч аҳолини қирғин қилиш, украиналикларнинг уйларидан маиший буюмларни талон-тарож қилиш ва уларни Россияга юбориш ҳамда Мариуполдаги драма театрини бомбалаш кабилар Ғалаба куни паради учун асос ҳисобланган Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги нацистларнинг ҳатти-ҳаракатларини эслатади.

Россия рамзларидан воз кечиш

Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга мамлакати Путиннинг мақтанчоқлиги билан алоқадор бўлишни истамади.

Ўтган ой охирида Ўзбекистон мудофаа вазирлиги Ғалаба куни муносабати билан Ўзбекистонда ҳарбий парад ўтказилмаслигини маълум қилган эди.

«9 май Ўзбекистонда Ғалаба куни эмас, Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади», деб баёнот берган вазирлик матбуот котиби Ойбек Мамадалиев 25 апрел кунги матбуот анжуманида.

Аввалроқ «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳам Тошкентда иштирокчилар Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ота-боболарининг портретларини қўлларида ушлаб юрадиган «Ўлмас полк» тадбири ўтказилишига қарши чиққан эди.

«Бу юмшоқ куч намойиши бўлиб, Совет иттифоқининг ташвиқот қуроли ҳисобланади. Биз бундай намойишларга қаршимиз!» деб ёзган 4 апрел куни у ўзининг Телеграм каналида.

Феврал ойида босқин бошланганидан бери ижтимоий тармоқлардаги кўплаб ўзбекистонликлар мамлакатда Россиянинг Ғалаба байрами рамзлари, жумладан, георгий тасмасининг тақиқланишини талаб қилганлар.

Ушбу тасма Россия ҳарбий рамзларидан бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари хотирасини абадийлаштиришга қаратилган, лекин айни пайтда Россия ҳукуматини қўллаб-қувватлаш намойиши сифатида ҳам ишлатилади. Унинг тарихи 1700-йилларнинг охирига бориб тақалади.

Ўзбекистон расмийлари георгий тасмаларини Ўзбекистон байроғи ранглари туширилган тасмаларга алмаштирган.

1 майдан кучга кирган янги йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ҳайдовчилар ўз автомобилларига стикер ёки белгилар, жумладан, Ғалаба байрами рамзлари бўлмиш «Z» ва «V» ҳарфларини ёпиштириши мумкин эмас.

Бу ўзгаришлар кўпчилик ўзбеклар тарафидан илиқ қарши олинган.

9 май энг аввало фашизмга қарши курашда жонини фидо қилган аждодларни хотирлаш куни бўлиши керак, дейди Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирининг талабаси Нурия Мадаминова.

У байрамнинг асосий мақсади уруш ва унинг оқибатларини тушунтириш, аҳоли ўртасида ҳамдардлик ва меҳр-оқибат ҳиссини шакллантириш бўлиши лозимлигини айтган.

«Аммо ҳарбий парад ўтказиш, георгий тасмаларини тарқатиш ва Украинада аёллар ва ёш болаларнинг ўлдирилиши рамзи бўлиб қолган «Z» ва «V» ҳарфлари туширилган машиналарни ҳайдаб юриш ҳақоратли иш», дейди Мадаминова.

«Ўзбекистон ва ватандошларимиз учун бу ахлоқсизлик», дейди у. «Уруш қандай бўлмасин, у мен учун фожеадир. Россия Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларидан сабоқ олмади ва ўзи тажовузкорга айланди.»

Тарихдан олинадиган сабоқлар

Сўнгги йилларда 9 май байрами кўпроқ сиёсий тус олган, дейди Москвада яшовчи ўзбекистонлик адвокат Ботиржон Шермуҳаммад.

«Аввал георгий тасмаси ҳам, Ўлмас полк ҳам бўлмаган», деди у. «Аммо ҳозир «Берлинга», «Такрорлай оламиз» деб ёзилган ҳарбий машиналарга ҳам кўзингиз тушади.»

«Албатта, урушнинг тугаши ва ғалаба яхши», дейди у. «Аммо, бу ғалабани қандай саъй-ҳаракатлар ва қурбонлар билан қўлга киритганимизни тушунишимиз керак. Шу сабабдан ҳам бу кунни хотира ва қадрлаш куни деб номлаш тўғри бўлади.»

Ҳамманинг байрамни нишонлашга ҳаққи бор, аммо байрамнинг ўз кўринишини жорий қилиш у ёқда турсин, Россия ундан бошқа одамларнинг нафратини қўзғаш учун ташвиқот сифатида фойдаланмаслиги керак, деб айтган Шермуҳаммад.

«Шунинг учун ҳам мен ҳар қандай, айниқса ҳарбий рамзлардан фойдаланишга қаршиман», деб айтган у. «Бу сиёсий байрам эмас. Аксинча, бу кунда инсоният ҳалок бўлганларни хотирлаши ва яна шундай фожеа рўй бермаслиги учун ибрат олиши керак.»

Украинадаги сўнгги воқеаларга манзарасида, ўзбекистонликлар 18-19 асрларда Марказий Осиёда Россия босқинларининг нечоғли ғайриинсоний ва шафқатсиз бўлганини билишлари керак, дейди Туркияда яшовчи ўзбекистонлик журналист Дилдора Тўлаганова.

«Дипломатик ваколатхоналарда тарқатилаётган ва тақилаётган георгий тасмасида халқим, аждодларим, қатл қилинганлар, зўрланганлар ва ёқиб юборилганларнинг қони бор», деб айтган у.

«Мактабларда объектив ва ҳақиқий Ўзбекистон тарихи ўтилиши керак. Телевидение, радио ва бошқа ОАВда бу мавзу доим ёритилиши лозим», дейди у. «Ҳозирда зиёлилар бирлашиб, вазиятни назоратга олиши керак бўлган пайт.»

Путин 1945 йил май ойидаги ғалабадан халқнинг кўз ўнгида ўз ҳукмронлигини қонунийлаштириш учун фойдаланмоқда, деб айтган у. Украинада бўлаётган уруш фонида бу мафкура аянчли ва чириган кўринади, деб қўшимча қилган у.

Тошкентлик блоггер Нурбек Алимовга кўра, аслида георгий тасмаси унинг аждодларига қарши курашган аскарларга берилган буйруқлар ва медаллар билан боғлиқ.

«Сўнгги йиллар ва айниқса охирги ойларда бу Россиянинг тажовузкор сиёсатининг рамзи бўлиб қолган», деб айтган у.

«Биринчидан, мен уни ҳар қандай ҳолатда ҳам тақишларини қўллаб-қувватламайман, иккинчидан эса, таққанларни қоралайман», деб айтган Алимов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 12

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Нацистлар белгисига ўхшаган белгиларни намойиш қилиш учун жазо тайинланиши керак. Нацистлар ғоялари қонли, ҳалокатли ва зўравонли бўлгани сабаб улар чекланиши ва тақиб қилиниши керак.

Жавоб бериш

Колорадо [авлиё Георгий] тасмаси ва рашистларнинг Z белгисини тақиб юрганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши керак; бу рамзлар салбий маънодаги руҳга эга, яъни Россия империясини қайта тиклашга чақириқлар, СССР парчаланганидан кейин мустақиллик йўлига ўтган кўплаб мамлакатлар суверенитетига таҳдид. [Россия рамзларининг мухолифлари авлиё Георгий ленталарини Колорадо деб аташади, чунки лента ранглари уларга Колорадо картошка қўнғизини эслатади]

Жавоб бериш

Тўлиқ орксизлаштириш муносабати билан парад қачон ўтказилади? Бундай парадда биринчи сафларда байроқ кўтаришни истаган кўплаб кўнгиллилар топилган бўлар эди.

Жавоб бериш

Россия энди Оркистон. Тўғри ёзинг.

Жавоб бериш

Бобом доим фахр билан «Бу ғалаба куни» деб айтар эдилар. Ажабланарлиси, СССРда на жанг қилган, на яшамаган одамлар бизга қандай яшашни ва қандай номлар қўйишни ўргатмоқда.

Жавоб бериш

Ҳозир яшаётган одамлар ҳозирда нимани қандай аташни ҳал қилишлари мумкин. Бу мантиққа мос эмасми?

Жавоб бериш

Русларга айтинг, Гитлер билан уруш 70 йил олдин тугаб бўлган.

Жавоб бериш

Келажак билан яшайдиган, нимадир барпо этадиган ва яратадиган одамлар бор; бугунги кун билан яшайдиган одамлар бор ва ўтмиш билан яшайдиганлар бор. Афтидан, Россиянинг бутун маданияти «буюк» ўтмиш хотиралари асосида қурилган. Ўтмиш етарли даражада буюк бўлмаса, ҳар доим тарихни қайта ёзиш мумкин - жуда қулай.

Жавоб бериш

Дарвоқе, совет ҳарбий нишонлари орасида «авлиё Георгий» ленталари бўлмаган. У ерда ГВАРДИЯЧИЛАР ленталари бор эди; уларнинг тўқ сариқ ва қора ранглари Шон-шараф ордени ва «Германия устидан қозонилган ғалаба учун» медалида бор эди. Аммо Власовчи-коллаборационистларда сариқ-қора георгий тасмаси ҳақиқатан ҳам бўлган. Шунақа гаплар.

Жавоб бериш

Нима бўлганда ҳам, бу рамз шунчалик қонга беландики, ҳозир уни ишлатса бўладими, деган савол туғилмоқда. Бунинг жавоби шуки, эҳтимол, барча обрўсизлантирувчи белгилардан четланганимиз маъқулроқ. Шундай экан, уни ҳам ўлдирилганларни, ҳам тирикларни ҳурмат қилиш учун уни Хотира куни сифатида қолдириш керак.

Жавоб бериш

Бу кун урушнинг даҳшатли эканини эслаш ва ҳеч қачон такрорланмаслиги учун хотира куни бўлиши мумкин. Уруш дегани бегуноҳ одамларнинг ўлими, ўғирланган болалик, қулаган иқтисодиётлар ва вайронага айланган шаҳарлар демакдир. Уруш ҳеч қачон такрорланмаслиги кераклигини эслаш куни!

Жавоб бериш

Плакатларга «такрорлай оламиз» ва «Берлинга» деб ёзиш учун қанчалик расво ва безбет бўлиш керак! Қандай таҳдид бу? Қўлингиздан балоям келмайди-ку! Фақат бақириш ва зўрлашни билади булар!

Жавоб бериш