Карвонсарой
Хавфсизлик

Афғонистонда Хитой қўшинлари борми?

Сулаймон

13 апрел куни «қўлга олиш ва йўқ қилиш» амалиётини машқ қилаётган Хитой аскарлари. [Хитой мудофаа вазирлиги]

13 апрел куни «қўлга олиш ва йўқ қилиш» амалиётини машқ қилаётган Хитой аскарлари. [Хитой мудофаа вазирлиги]

КОБУЛ – Яқинда интернетда тарқалган хитойлик ҳарбий йўриқчиларнинг Афғонистондаги Баграм авиабазасига жойлаштирилгани ҳақидаги хабар Хитойнинг мамлакатга қизиқиши ортиб бораётганига шубҳа билан қараётган афғонларда хавотир уйғотган.

Номи очиқланмаган манбалар октябр ойи бошида AND нашрига «бир нечта Хитой ҳарбий самолётлари Бағром авиабазасига қўнганини» маълум қилган.

Ўша пайтда уларнинг мақсади маълум эмасди, бироқ нашр 13 март куни «Хитойлик ҳарбий хизматчилар Бағром заминида ва Ҳаққоний тармоғи жангчиларини тайёргарликдан ўтказмоқда» деб хабар берган.

Авиабазада шунингдек, Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) аъзолари ва Покистон идоралараро разведка хизмати ходимлари ҳам борлиги айтилган.

Кобулдан 70 км шимолда жойлашган Бағром авиабазасининг барча АҚШ ва НАТО қўшинлари чиқиб кетганидан кейинги ҳолати, ўтган йилнинг 5 июли. [Вакил Кохсар/AFP]

Кобулдан 70 км шимолда жойлашган Бағром авиабазасининг барча АҚШ ва НАТО қўшинлари чиқиб кетганидан кейинги ҳолати, ўтган йилнинг 5 июли. [Вакил Кохсар/AFP]

Сўнгги баёнотлар бу иддаоларни тасдиқлаган, дейилади хабарда.

«Бағром авиабазасининг айрим ички ҳудудларига хорижий қўшинларнинг кичик контингенти жойлашди», деб ёзган Афғонистон собиқ вице-президенти ва Миллий хавфсизлик бошқармасининг собиқ раҳбари Амрулло Солиҳ 22 апрел куни Твиттерда.

«Уларнинг кимлиги ва қандай функцияларни бажариши ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бу тез орада ойдинлашади. Улар Ҳаққоний жангариларини тайёргарликдан ўтказмоқда, буни бир қанча манбалар тасдиқлайди.»

Ҳаққоний тармоғини Афғонистонда сўнгги йигирма йил ичида содир этилган энг ҳалокатли ҳужумларда айблашади. У тарихан «Ал-Қоида» билан боғлиқ бўлиб, ва «Ислом давлати» (ИД) билан ҳамкорлик алоқаларига эга.

Афғонистон расмийларининг 2021 йил феврал ойидаги маълумотларига кўра, «Ҳаққоний тармоғи»нинг иши режалаштириш ва ресурслар билан таъминлашдан иборат бўлса, ИД ҳужумларни амалга оширади ва масъулиятни ўз зиммасига олади, бу эса айбловлардан ҳимояланиш имконини беради.

Хитой инқирозни «кучайтирмоқда»

Хитой буни расман тасдиқламаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабар афғонистонликларни жиддий хавотирга солиб қўйган.

«Бағром муаммоси ва хитойликларнинг Ҳаққоний жангчиларини тайёргарликдан ўтказиши муҳокама учун ўта жиддий мавзу», дейди Норвегиядаги афғон сиёсий таҳлилчиси Раҳматулла Бежан.

Унинг сўзларига кўра, «Бу хабар ҳозирча разведка ҳамжамияти томонидан тасдиқланмаган ёки эълон қилинмаган» бўлса-да, «Хитой қўшинларининг Бағром авиабазасига ёки [умуман] Афғонистонга ҳар қандай стратегик топшириқларни бажариш учун киритилиши жуда шошилинч ва яхши ўйланмаган ҳаракат бўлар эди.»

«Ҳукумати Кобулнинг [янги] маъмуриятини тан олмаган мамлакатнинг ташқи ишлар вазири ва бошқа Хитой расмийларининг Афғонистонга ташрифи жуда шубҳали», дейди Бежан.

24 март куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И музокаралар учун Кобулга ташриф буюрган.

«Хитойликларнинг Афғонистонда ҳаракатланиши ва турли тармоқлар барпо қилишга уринишлари мамлакат барқарорлиги, хавфсизлиги ёки ҳукумат тузилишига фойда келтирмайди, аксинча, инқирозни янада кучайтиради», деди Бежан.

«Бу хитойликларни тушунарли ўйиндан уларга жуда қимматга тушадиган мураккаб ўйин тарафга тортади.»

Афғонистон ички ишларига аралашув

Бошқа таҳлилчиларнинг айтишича, Хитойнинг Афғонистондаги ҳар қандай ҳарбий ҳозирлиги Афғонистон миллий манфаатларига ва халқаро қонунларга зиддир.

«Агар хитойликларнинг Афғонистонга қўшин юборгани ҳақидаги хабар рост бўлиб чиқса, бу Хитой сиёсатидаги катта ўзгариш бўлади. Бундай ҳозирлик ҳақиқатан ҳам аралашув сифатида баҳоланади ва халқаро ҳуқуққа зид», дейди Германиядаги афғон таҳлилчиси Ваис Носирий.

«Хитой сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий соҳада АҚШга рақобатчи экани аниқ», деди у. «Хитой энди Афғонистонга жиддий қизиқиш билдирмоқда

«Хитойнинг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлиги минтақа ва дунё учун нозик масаладир», дейди ҳозирда Туркияда бўлиб турган Парвон вилоятининг собиқ губернатори Абдул Басир Салангий.

У Хитой қўшинларининг ҳақиқатан ҳам Афғонистонда эканлигига шубҳа билдирса-да, «Хитой катта эҳтимол билан Мироншоҳ, Пешовар ва Кветтада Ҳаққоний тармоғи жангариларини тайёргарликдан ўтказаётган бўлиши мумкинлигини» айтган.

Исломободда яшовчи афғонистонлик сиёсий ва ҳарбий таҳлилчи Ориф Каёнийнинг айтишича, Хитой уйғур исёнчиларининг фаолияти ҳақида маълумот олиш учун Афғонистонга кичик разведкачилар гуруҳини юборган бўлиши мумкин.

Кобулдаги хусусий университетлардан бирининг сиёсатшунослик куллиёти талабаси, 27 ёшли Жавид Холиқий ҳам шундай фикрни билдирган.

«Улар [хитойликлар] Афғонистондаги уйғур жангариларини бостириш учун «Ҳаққоний тармоғи» аъзоларини тайёргарликдан ўтказаётган бўлиши ҳам мумкин», деди у.

Хитой Афғонистон конларини кўзламоқда

Бошқа таҳлилчилар Хитой Афғонистондан олиши мумкин бўлган иқтисодий манфаатга ишора қилмоқда.

Хитой компаниялари аллақачон Афғонистоннинг тоғ-кон саноатига сармоя киритишга қизиқиш билдирган – Кобул билан дўстона муносабатлар Пекиннинг «Бир камар, бир йўл» (BRI) ташаббусини Афғонистон ва Марказий Осиё республикаларига кенгайтириш учун йўл очади.

BRI бошқа мақсадлар қатори ночор мамлакатларнинг табиий бойликларини Хитой манфаатлари йўлида қазиб олиш ва ташиб кетишга ҳам хизмат қилади.

«Хитойнинг сиёсати Пекин Афғонистон конларига жуда қизиқаётганидан далолат беради», дейди ҳозирда Францияда яшаётган ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Мирза Муҳаммад Ярманд.

«Улар шартномаларни қўлга киритиб, Афғонистон конларини эксплуатация қилмоқчи, чунки орадаги масофа жуда қулай ва тежамкор», деди у.

Ярманднинг фикрича, Пекин Афғонистонга қўшин киритмаган маъқул эканини яхши билади.

«Хитой қўшинларини Афғонистонга киритишга ҳожат йўқ, агар улар шундай қилишса, бу улкан минтақавий қарама-қаршиликка, Шарқ ва Ғарб ўртасида зиддиятга олиб келади», дейди у.

«Хитой қўшинларининг ҳозирлиги ҳеч бир афғон учун мақбул эмас, чунки Хитой Афғонистоннинг барқарорлиги, хавфсизлиги ёки иқтисодий ривожланишига ҳеч қандай ҳисса қўшгани йўқ», дейди университет талабаси Холиқий.

«Хитойнинг Афғонистондаги ягона мақсади – конларимизни талон-тарож қилиш», деди у. «Хитойнинг ҳарбий ҳозирлиги афғонларнинг миллий манфаатларига мос эмас, аксинча вазиятни мураккаблаштиради ва Афғонистондаги билвосита урушларни авж олдиради».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитой Афғонистон билан шартномалар тузишга тўлиқ ҳақли. Агар уларни афғонлар таклиф қилган бўлса, АҚШ ҳеч нарса қилолмайди. Яқин Шарқдаги янги тартибдан ҳам шундай баҳраманд бўлиш мумкин. Америка чиқди. Россия ва Хитой кирди.

Жавоб бериш

Марказий Осиё ва Туркия Афғонистон ва Покистонни ҳам жалб қилган ҳолда Турон номли ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиши керак. Мусулмонларнинг бундай иттифоқи коммунистик Хитой экспансияга қарши тура олади.

Жавоб бериш

Бу иттифоқ барибир кучайтирилиши лозим, чунки Хитой анча қудратли.

Жавоб бериш

Нима учун Хитой бу минтақадаги инқирозни янада кучайтирмоқчи экани тушунарсиз. Бутун Осиёни назорат остига олиш учунми? Бу қандайдир империалистик инжиқликлар эканини ва улардан фойда йўқлигини кўриб турибмиз. Битта империя мустақил мамлакатни қулга айлантиришга уринди ва бунинг оқибати нима бўлди? Санкцияларга учраб, дунёга шарманда бўлди.

Жавоб бериш

Ўз манфаатларига эга яна бир кучли ўйинчи бўлган оловли нуқта етмай турувди. Маҳаллий аҳоли хитойларнинг бу мамлакатга қизиқишига салбий муносабатда, аммо шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди.

Жавоб бериш