Карвонсарой
Таҳлил

Россия Марказий Осиёга қаратилган ташвиқот кампаниясини жадаллаштирмоқда

Канат Алтинбаев

Кремлпараст троллар бутун Марказий Осиё бўйлаб Россия нарративини фаол қўллаб-қувватлашга уринмоқда. [Pexels]

Кремлпараст троллар бутун Марказий Осиё бўйлаб Россия нарративини фаол қўллаб-қувватлашга уринмоқда. [Pexels]

ОЛМАОТА – Ижтимоий тармоқлардаги ҳар кунги муҳокамаларда Украинага хайрихоҳлик билдираётган Марказий Осиёликлар Россиянинг ахборот уруши нишонига айланиб бормоқда.

Олеся Рижкованинг аккаунти ҳам шундай шубҳали троллардан биридир.

Ҳар куни – кўпинча кунига бир неча марта – Украинадаги уруш ва Россиядаги вазият ҳақида хабарлар чиқадиган профилда фойдаланувчи ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Барча постлар битта нарративга мос: Россия Украинанинг мазлум русийзабон фуқароларини озод қилиш учун Украинадаги фашистлар режимига қарши курашмоқда.

Россия қўшинлари ўнлаб тинч фуқароларни қатл қилган Украинанинг Буча шаҳридаги оилалардан бирининг дафн маросими. Троллар Марказий Осиёда Украинага қарши кайфиятни юзага келтириш учун уруш ҳақида сохта фактларни тўқимоқда. [Сергей Супинский/AFP]

Россия қўшинлари ўнлаб тинч фуқароларни қатл қилган Украинанинг Буча шаҳридаги оилалардан бирининг дафн маросими. Троллар Марказий Осиёда Украинага қарши кайфиятни юзага келтириш учун уруш ҳақида сохта фактларни тўқимоқда. [Сергей Супинский/AFP]

Афтидан, Рижкова унинг Фeйсбукдаги кўплаб дўстлари яшайдиган Қозоғистондан туриб ишлайди.

Шунингдек, бу аккаунт Россиянинг Украинага босқини ҳақидаги бошқа одамларнинг постларини кузатиб боради ва кўпинча эълон қилинган маълумотларни рад этишга уринади.

«Ундай эмас», деб ёзади Рижкова 3 май куни «Россияда нацизм Украинадагидан ҳам кўпроқ» деб айтган олмаоталик журналист Сергей Дувановга жавобан.

«Мариуполликлар у ердаги миллатчилар ёш қизларни қандай қўрқитиб, зўрлагани ҳақида сўзлаб беришган. Можароли суд ишини эсга олайлик, унда ўз айбига иқрор бўлган айрим судланувчилар жангларда иштирок этгани учун гаров эвазига қўйиб юборилган».

У мазкур «ҳодисалар» ҳақиқатан ҳам содир бўлганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирмаган.

Рижкова, шунингдек, Марказий Осиёда Кремлнинг юмшоқ куч сиёсатини илгари суриш учун ташкил этилган федерал агентлик – «Россотрудничество»нинг Қозоғистондаги ваколатхонаси бўлмиш Нур-Султондаги Россия уйининг Украинадаги уруш ҳақидаги постларини ҳам улашмоқда.

Россия ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантириш вазифасини бажариши айтилган бу муассаса сўнгги бир неча ой ичида фаол ташвиқот воситасига айланган.

Хусусан, «Россия уйи» Кремл қўлловидаги RT телеканали суратга олган «украин аскарларининг мариуполликларни ўққа тутгани ва қийноққа солгани» ҳақидаги ҳужжатли филмларни ижтимоий тармоқлар орқали ёйинлаган.

Нишонда – Қозоғистон

Бундай троллар Қозоғистонда 1945 йилда Гитлер мағлуб этилгани муносабати билан ўтказиладиган Ғалаба куни ҳарбий паради бекор қилинганига эътибор қаратган.

Дмитрий Макаров исмли тролликда гумон қилинганлардан бири Қозоғистон «расмий равишда ўз фахрийларини ахлатга улоқтирганини» ёзади.

Рус тролларининг ўзи Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба билан боғлиқ қадриятларга нисбатан нафратини намойиш этади, чунки улар ўз ташвиқот мақсадларига эришиш учун улардан сурбетларча фойдаланади, дейди журналист Дуванов.

«Улуғ Ватан урушида (Иккинчи жаҳон уруши) қатнашган бобом бу воқеалар ва улар билан боғлиқ рамзлар ҳақида заррача маълумотга эга бўлмаган бу ташвиқотчиларни тушунмаган бўларди», деди Дуванов Карвонсаройга.

«Бу – шармандалик.»

Қозоғистонда номаълум троллар феврал ойида босқин бошланганидан бери Россиянинг тажовузи ва Украинага қарши кайфиятни қўллаб-қувватлашга уринмоқда, дейди Factcheck.kz сайти бош муҳаррири, олмаоталик Думан Смаков Карвонсарой билан суҳбатда.

«Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳақида қасддан ёлғон хабарлар тарқатиш ҳолатлари қайд этилди – гўёки Украина 1991 йилда мустақилликка эришганида, Киев ўз ҳудудини БМТ [Бирлашган Миллатлар Ташкилоти] рўйхатидан ўтказмаган эмиш», деди Смаков.

Яна бир ҳолатда троллар Қозоғистонда очиқ осмон остидаги ибодатхона ва тарихий ёдгорлик бўлган Тамғали тош петроглифларига кимдир гўёки Украина байроғини чизиб қўйгани ҳақидаги хабарни тарқатган.

Шунингдек, «Украинадаги неонацистлар» ҳақида кўплаб ёлғон хабарлар тарқатилган.

«Ижтимоий тармоқлар ва Инстаграмдаги саҳифаларда қозоқ тилида жойлаштириладиган бу каби ҳикоялар кўпинча онлайн таржимон ёрдамида таржима қилингани билиниб туради, чунки улар чигал жумлалар ва одатда қозоқлар ишлатмайдиган сўзлардан иборат бўлади», дейди Смаков.

Ташвиқот ва дезинформация ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш иловалари орқали махсус фейк яратувчилар томонидан тарқатилади, уларнинг мақсадли аудиторияси – танқидий фикрлаш қобилияти ва медиасаводхонлиги паст одамлар, деб қўшимча қилди у.

«Бизда бевосита далил бўлмагани учун уларни Кремл троллари деб таъкидлай олмасак-да, бунга шубҳамиз йўқ», деб айтган Смаков.

Ахборот хуружларига қарши туриш

Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) қирғиз хизматининг феврал ойи охирида маълум қилишича, Қирғизистонга қарши дезинформация саъй-ҳаракатларининг муваффақиятига таълим даражасининг қониқарсиз экани сабаб бўлмоқда.

Ўқувчиларни баҳолаш халқаро дастурининг (PISA) 2009 йилги натижалари шуни кўрсатдики, «15 ёшдаги қирғизистонликларнинг бешдан тўрт қисми ўқиган маълумотларини тўлиқ тушунмайди, таҳлил қила олмайди ва шарҳлай олмайди», деб хабар берган RFE/RL.

Ўша пайтдаги мактаб ўқувчиларининг ёши ҳозирга келиб 27-30га етган ва уларнинг аксарияти «манипуляцияга ва дунёни оқ ва қора рангларда (улар ва бизлар, солиҳ ва гуноҳкор, ватанпарвар ва хорижий агент сифатида) кўришга ва жуда тез айблашга мойил.»

Таҳлилчилар бундай манипуляциянинг таъсири ҳақида анчадан бери огоҳлантириб келишган.

Марказий Осиёдаги тинчликпарварлик ва медиатехнологиялар мактабининг дастурий раҳбари, бишкеклик Инга Сикорская чет эл сохта хабарлари Марказий Осиё аҳолиси ва ҳукуматлари учун муаммо келтириб чиқариши ҳақида айтиб ўтган.

«Биз Марказий Осиё медиамаконидаги гибрид урушлар қурбонига айланмоқдамиз», деб айтган Сикорская феврал ойи охирида CABAR.Asia минтақавий таҳлил марказига берган интервьюсида.

«Бутун минтақа бу ахборот хуружларига қарши режа тузиши ва самарали курашиш учун бир ёқадан бош чиқариши лозим.»

Глобал кампаниянинг бир қисми

Марказий Осиёга қарши чоралар Кремлнинг глобал ахборот урушининг бир қисми ҳисобланади.

Россия дезинформация тарқатиш ва Кремл танқидчилари, жумладан дунё етакчиларини нишонга олиш учун Санкт-Петербургдаги эски корхонани троллар фабрикасига айлантирган, дейилади 1 май куни очиқланган Буюк Британия ҳукумати молиялаштирган тадқиқотда.

Россиянинг бу шаҳрида жойлашган идора ижтимоий тармоқларда ва машҳур веб-сайтларнинг фикр-мулоҳазалар бўлимларида ёлғон маълумот тарқатиши гумон қилинмоқда, деб айтган Британия ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида.

Ташқи ишлар вазирлигига кўра, троллар фабрикасининг ёлланма ходимлари турли мамлакатлар, жумладан Буюк Британия, Жанубий Африка ва Ҳиндистондаги сиёсатшунослар, шунингдек мусиқачилар ва гуруҳларни нишонга олган.

Операция излари саккизта онлайн платформа, жумладан Telegram, Twitter ва Facebook бўйлаб топилган, айниқса Instagram, YouTube ва TikTok тармоқларига кўпроқ эътибор қаратилган.

TikTok инфлюенсерлари Кремл нарративларини ёйинлаши учун уларга пул тўланиши гумон қилинади.

«Киберфронт Z» («Z» ҳарфи Россия урушини қўллаб-қувватлаш рамзи ҳисобланади) номли Телеграм канали операцияда муҳим рол ўйнаши айтилмоқда.

Унинг бош қарогоҳи ҳарбий қурилмалар ва технологиялар ишлаб чиқарувчи «Арсенал» машинасозлик заводи биносидан ижарага олинган хонада жойлашган.

Тадқиқотчиларга кўра, гуруҳ фитна назариячилари, шунингдек «Ислом давлати» террорчилик гуруҳи фойдаланадиган тактикани ўрганган.

Британия ташқи ишлар вазирлиги троллар операцияси Санкт-Петербургдаги таниқли Интернет тадқиқотлари агентлигини бошқаришда айбланган, Путиннинг яқин иттифоқдоши Евгений Пригожинга алоқадорлиги ҳақида хабар берган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар ташвиқотни шу қадар молиялаштирадиларки, гар улар бу ресурслар иқтисодга сармоя қилинганида, бу вайрона уйлардан иборат расво эмас, адекват мамлакат бўлар эди.

Жавоб бериш

Қозоғистондаги Россия ОАВини ёпиш вақти келди. Россия энди таҳдид қила олмайди.

Жавоб бериш

«Азов»ни қоралаган фақат руслар эмас... У Стенфорд (АҚШ) ҳисоботида «Ислом давлати» ва бошқа террорчи гуруҳлар сафида зикр қилинган https://cisac.fsi.stanford.edu/mappingmilitants/profiles/azov-battalion#text_block_33831, Беллингcатда эса «Азов» ни нацистлар сифатида тасвирлайдиган бир нечта мақола бор https://ru.bellingcat.com › tag › азов

Жавоб бериш

Азов аслида ўз ҳудудини ҳимоя қилган, аммо ташвиқот машинаси ўз ерларининг ҳимоячиларини террорчиларга айлантириб бўлди.
Текширувлардан сўнг Азов рўйхатлардан чиқарилди; Бемаъни нарсаларни ёзишдан олдин маълумотларни текширинг.

Жавоб бериш

Кремлнинг бемаъни гапларига ишонадиганлар ҳалиям борми? Бунга шубҳам бор. Россия нацист ва фашист эканлигини ҳамма тушуниб бўлди.

Жавоб бериш

Бунинг учун янги атама ўйлаб топишди - рашизм; Бу нимани англатишини ҳамма тушунган ва оқибатларини ҳам кўрмоқда.

Жавоб бериш