Карвонсарой
Хавфсизлик

Тайванда кескинлик кучайган бир пайтда Россия ва Хитой ҳарбий машғулотлар ўтказди

Карвонсарой ва AFP

Хитойнинг машғулотлар ўтказаётган икки жанговар самолёти, март ойи. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Хитойнинг машғулотлар ўтказаётган икки жанговар самолёти, март ойи. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Сешанба (24 май) куни Хитой ва Россия Кремл Украинага ҳужум бошлаганидан бери илк марта биргаликда ҳарбий машғулотлар ўтказди ва Осиё шимоли-шарқида хорижий етакчилар муҳим учрашув ўтказаётган ҳудудга бомбардимончи самолётларни йўллади.

Жанубий Корея Хитойнинг иккита ва Россиянинг тўртта жанговар самолёти мамлакатнинг шарқий соҳилидаги ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ҳудудига кириб борганини тасдиқлаган, деб хабар беради New York Times нашри. Стратегик бомбардимончи учоқлар иштирокидаги машғулотлар мураккаб бўлиб, одатда анча аввал режалаштирилади, деб қўшимча қилинган хабарда.

Япония мудофаа вазири Нобуо Киши бу парвозларни «провокацион» деб атади. Унга кўра, Россиянинг разведкачи самолётлари сешанба куни Хоккайдо шимолидан Ното яриморолига парвоз қилган.

Машғулотлар Хитойнинг тобора кучайиб бораётган ҳарбий таҳдидини муҳокама қилган Quad тўртлиги – Қўшма Штатлар, Ҳиндистон, Австралия ва Япония учрашуви вақтида ўтказилган.

(Ўнгдан чапга) Австралия бош вазири Энтони Албанезе, АҚШ президенти Жо Байден, Япония бош вазири Фумио Кишида ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Токиодаги Quad учрашуви олдидан журналистларни қаршиламоқда, 24 май. [STR/AFP]

(Ўнгдан чапга) Австралия бош вазири Энтони Албанезе, АҚШ президенти Жо Байден, Япония бош вазири Фумио Кишида ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Токиодаги Quad учрашуви олдидан журналистларни қаршиламоқда, 24 май. [STR/AFP]

Душанба куни Токиодаги нутқи чоғида АҚШ президенти Жо Байден Хитойнинг мустақил Тайванга қарши таҳдидини Россиянинг Украинага қарши ҳужуми билан солиштириб, Пекиннинг ўсиб бораётган иқтисодий ва ҳарбий қудрати билан боғлиқ кескинлик ортиб бораётган бир пайтда бу масала бўйича ўзининг энг дадил фикрларини баён қилди.

Байден Тайвандаги вазиятни бевосита Украина билан солиштирди. Украина 24 феврал кунги Россия босқини ортидан Қўшма Штатлардан бир неча миллиард долларлик ёрдам олган.

Унга кўра, Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари «қимматга тушиши» керак, бўлмаса «Хитойнинг Тайванни куч билан олиш ҳаракатига қарши қандай сигнал юборилади?»

У Хитойнинг Тайван бўғозидаги тобора ортиб бораётган ҳарбий парвозлари, денгиз кучлари машғулотлари ва намойишкорона хатти-ҳарактларини назарда тутиб, Пекин «жуда яқин парвозларни амалга ошираётгани ва барча манёврлари орқали хавф билан ўйнашаётгани ҳақида огоҳлантирган».

6 май куни Хитой Тайваннинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ҳудудига 18 та жанговар ва бомбардимончи самолётларини юборган, 23 январ куни бу ҳудудга 39 та жанговар самолёт бостириб кирар экан, бу ҳолат кунлик иккинчи энг йирик босқинга айланган, деб хабар беради AFP.

2021 йилнинг сўнгги чорагида Хитой Тайваннинг ҳаво мудофааси ҳудудига ҳужумларни оширган, ўшанда 4 октябр куни бир куннинг ўзида бу ҳудудга 56 та жанговар самолёт кирган.

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой президенти Си Цзиньпин 4 феврал куни Пекинда учрашиб, глобал ва ҳарбий тартибнинг «янги даврида» ўзаро ҳамкорлик қилишга ваъдалашган эдилар.

«Бу икки мамлакат ўртасидаги дўстлик чегара билмайди», деган эди икки етакчи учрашувдан кейин эълон қилинган қўшма баёнотда. «Ҳамкорликда тақиқланган соҳалар йўқ.»

Хитой режими Россиянинг Украинага босқини режасидан хабардор бўлган, аммо унинг Пекиндаги Қишки олимпиада вақтида юз бермаслиги ҳақида қайғурган холос.

«Статус-квони куч билан ўзгартириш»

Хитойнинг мустақил Тайванни босиб олиши билан боғлиқ хавотирлар кучаяр экан, сешанба куни Япония, Ҳиндистон, Австралия ва Қўшма Штатлар етакчилари «статус-квони куч билан ўзгартириш» уринишларидан огоҳлантирдилар.

Quad блокининг умумий баёноти Хитойнинг ҳудудда тобора ортиб бораётган ҳарбий кучини бевосита тилга олмаса-да, аммо ташвиш сабаблари борасида шубҳа қолдирмаган.

«Биз минтақада статус-квонинг ўзгариши ва кескинликнинг ошишига қаратилган ҳар қандай мажбурий, провокацион ёки бир томонлама ҳаракатларга, масалан баҳсли ҳудудларнинг ҳарбийлаштирилиши, соҳилни қўриқлаш кемалари ва денгиз милициясидан хавфли тарзда фойдаланиш, бошқа мамлакатларнинг денгиз ресурсларини эксплуатация қилиш ҳаракатларига қаршимиз», дейилади ҳужжатда.

Тўрт мамлакат ўзаро ихтилофларга қарамай, Хитойнинг ортиб бораётган ҳарбий ва иқтисодий қудратига қарши бирлашиш ниятида.

«Россиянинг Украинага босқини халқаро қонунчиликни бузар экан, куч билан статус-квони ўзгартиришга қаратилган бир томонлама ҳаракатларга ҳеч қачон ва ҳеч қаерда, хусусан Ҳинд-Тинч океани ҳудудида йўл қўйилмайди», деб айтган Япония бош вазири Фумио Кишида.

Хитой Украинадаги урушни «эҳтиёткорлик билан ўрганмоқда»

Хитой Украинадаги урушни яқиндан ўрганмоқда ва эҳтимол урушдан олинган сабоқларга таяниб Тайван устидан назоратни қўлга олиш бўйича узоқ муддатли режалар тузаётган бўлиши мумкин, деб айтган май ойи бошларида АҚШ Марказий разведка агентлиги раҳбари Билл Бёрнс.

«Хитой раҳбарияти ўз мақсадлари ва Тайван бўйича Украинадан қандай сабоқлар олиши кераклигини эҳтиёткорлик билан кузатмоқда», деб айтган Бёрнс Financial Times анжуманида.

Бёрнсга кўра, Хитой Россия ҳарбий кучларининг суст фаолиятидан, шунингдек бутун Украина жамиятининг қаршилигидан «ҳайратда» қолган.

«Ўйлайманки, ушбу тажовузга нисбатан Россияга қарши иқтисодий санкциялар қўллаш йўлида трансатлантика иттифоқининг бирлашгани уларни лол қолдирди», деб қўшимча қилган у.

Пекин «Россия президенти Владимир Путиннинг ҳаракатлари европаликлар ва америкаликларни бирлаштирганидан ташвишда», деб айтган Бёрнс.

«Бундан қандай хулоса қилишгани сўроқ остида қолмоқда», деб айтган у.

«Менимча, Хитой раҳбарияти Тайван устидан назоратни қўлга олишда ҳар қандай ҳаракатларнинг оқибатлари ва қийматини ўрганиш учун буларнинг барини диққат билан кузатмоқда.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу машқлар бир марта бўлса ҳам омадли якунланганми? Ҳар сафар улар ўзининг ҳамма ҳарбий техникаси билан хорижий давлат чегараси ёнида юради.

Жавоб бериш

Ўзлари вазиятни кескинлаштиришганидан кейин танглик кучайиб кетди.

Жавоб бериш

Россия ва Хитой ҳамкорлиги ўзининг унча ноадекват имкониятлари билан бутун дунёни ҳавотирга солади. Аммо, битта яхшилик бор: иккаласи ҳам бошқалар билан келишувларига амал қилмайди ва фақат ўзининг манфаатини кўзлайди. Ҳамма битимлари бошланмай туриб тугайди.

Жавоб бериш

Бу йил экология одатдаги кўрсаткичлар билан хайрлашса ҳам бўлади. Ушбу битмас-туганмас империалистик амбициялар туфайли барча экотизимлар, одамлар ва ҳайвонлар йўқ қилинади.

Жавоб бериш

Дунёга яна битта уруш етмай турувди.

Жавоб бериш

Карфаген (Хитой) йўқ қилиниши лозим.

Жавоб бериш