Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Пекиннинг уйғурларга нисбатан шафқатсиз муносабати «энг юқори даражада» маъқулланган бўлиши мумкин

Карвонсарой ва AFP

Уйғурларга нисбатан муносабатни ўрганган академик Адриан Зенц 24 май куни Шинжонда оммавий ҳибсда сақлаш жараёнидаги зўравонлик усулларига ойдинлик киритувчи сиздирилган минглаб янги фотосуратлар ва расмий ҳужжатларни чоп этган. [Файл/Адриан Зенц/Твиттер]

Уйғурларга нисбатан муносабатни ўрганган академик Адриан Зенц 24 май куни Шинжонда оммавий ҳибсда сақлаш жараёнидаги зўравонлик усулларига ойдинлик киритувчи сиздирилган минглаб янги фотосуратлар ва расмий ҳужжатларни чоп этган. [Файл/Адриан Зенц/Твиттер]

ВАШИНГТОН – Хитойдаги мусулмон уйғур озчиликнинг қамоққа олинишига оид янги материаллар инсон ҳуқуқларининг поймол қилингани билан боғлиқ «мудҳиш» ҳолатларни ошкор қилар экан, сешанба (24 май) куни АҚШ ва Германия бу борада жиддий хавотир изҳор этган.

Ушбу қонунбузарликлар Пекинда энг юқори даражада маъқулланганини тасдиқловчи далиллар мавжуд, деди АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс.

«Бу хабарлар ва мудҳиш суратлар бизни ларзага солди», деди у журналистларга.

«Бостириш, ҳибсга олиш, геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар билан боғлиқ тизимли амалиётлар ХХР ҳукуматининг энг юқори даражадаги маъқулловисиз амалга оширилганини тасаввур қилиш мушкул», деди у Хитой Халқ Республикасини назарда тутиб.

Хитой компартияси АҚШ, бошқа давлатлар ва ҳуқуқбонлар тарафидан «геноцид» деб таърифлаган кўп йиллик тазйиқлар доирасида олис ғарбий минтақадаги бир миллиондан ортиқ уйғур ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа туркийзабон халқларни ҳибсга олишда айбланмоқда.

«Биз ХХРни барча ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганларни зудлик билан озод қилишга, ҳибсда сақлаш лагерларини тугатишга, оммавий ҳибсларни, қийноқларни, мажбурий стерилизацияни ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатишга чақирганмиз ва чақиришда давом этамиз», деди Прайс.

Уйғурларга нисбатан муносабатни ўрганган академик Адриан Зенц оммавий ҳибсда сақлаш жараёнидаги зўравонлик усулларига ойдинлик киритувчи сиздирилган минглаб янги фотосуратлар ва расмий ҳужжатларни чоп этган.

Бир нечта ОАВ «Шинжон полициясининг ҳужжатлар тўплами» деб аталувчи сиздирилган ҳужжатларни эълон қилган бўлиб, уларда Шинжондаги оммавий ҳибсхоналар тизимига оид минглаб фотосуратлар, жумладан ҳибсга олинган уйғурлар акс этган.

Ҳисоботда айтилишича, энг ёш маҳбус қиз ҳибсга олинганида атиги 15 ёшда бўлган.

BBC ва Le Monde каби бир нечта ОАВ томонидан қисман текширилган материаллар, шунингдек, ҳибсхоналар ҳаёти ҳақида тасаввур беради.

Фотосуратларда зобитлар бошига қоп кийдирилган ва қўллари кишанланган маҳбусларни калтаклар билан ушлаб тургани, камуфляж таққан бошқа қўриқчилар эса ўқотар қуроллар билан турганини кўриш мумкин.

Бу хабарлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) инсон ҳуқуқлари бўйича раҳбари Мишел Бачелет Хитойга ташрифини бошлаганида пайдо бўлган.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд ўз Твиттерида Бачелет «бу юзларга диққат билан назар солиши ва Хитой расмийларидан тўлиқ, тўсиқсиз кириш ва жавоблар талаб қилиши» кераклигини айтган.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Баербок ҳам бу айбловлар бўйича «шаффоф тергов ўтказишга чақирди», дейилади вазирлик баёнотида.

Хитойлик ҳамкасби Ван И билан телефон орқали суҳбатида Бербок «Шинжонда инсон ҳуқуқларининг ўта жиддий бузилишига оид мудҳиш хабарлар ва янги далилларни» зикр қилган, дейилади баёнотда.

Шу ой бошида AFP ихтиёрига келиб тушган полиция маълумотлари базасида ҳибсга олинган минглаб уйғурларнинг исмлари ва тафсилотлари келтирилган.

Мусулмонлар бирдамлиги

Араб ва ислом мамлакатлари ҳамда иттифоқлари Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан зулмига қарши ўз мавқифини якдиллаштириши ва зўравонликларга барҳам бериш йўлидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириши керак, деб айтган Яқин Шарқдаги уламолар ва диний арбоблар.

Ислом уламоларига кўра, Хитой ҳукуматининг уйғурларга нисбатан шафқатсиз муносабатини кенг қамровли кампаниялар ва Хитой маҳсулотларини бойкот қилиш қилиш орқали тўхтатиш мумкин.

Шунингдек, араб давлатлари ИҲТ ва Форс кўрфази ҳамкорлиги кенгаши каби ташкилотлар ва иттифоқлар орқали Хитойнинг мусулмон озчиликка қарши репрессив амалиётларини қоралаш бўйича умумий позицияни эгаллаши керак, дейди улар.

«Диний нуқтайи назардан, мусулмонлар зулм остида қолган биродарларига ёрдам бериши керак», дейди Ал-Азҳар университетининг шариат ва фиқҳ бўйича профессори, уламо Найиф Абд Раббу.

«Хитойнинг Яқин Шарқ, айниқса исломий мамлакатларда кенг қамровли иқтисодий манфаатлари бор», деб айтган Умм ал-Қуро университетининг қиёсий ҳуқуқшунослик бўйича профессори Абдуллоҳ ал-Муқрин.

Мамлакатлар бундан Хитой ҳукуматини мусулмонларга нисбатан олиб бораётган ҳаракатларидан воз кечишга ундаш йўлида фойдаланишлари мумкин, деб айтган у.

Ал-Муқрин ҳукуматларни Хитой ҳаракатларига қарши муносабат билдиришга ундаш учун оммавий намойишлар самараси ва Хитойдаги мусулмонларга қарши зулмлар ҳақидаги хабарларни ёйинлашда ижтимоий тармоқларнинг ўрнини алоҳида таъкидлаган.

«ИҲТ ва КҲК каби гуруҳларнинг умумий ҳаракатларидан фарқли ўлароқ, алоҳида давлатлар позицияси бирор сезиларли натижа олиб келмаслиги мумкин», деб қўшимча қилган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу халқнинг тарихи қонга беланган ва бундай кетишда у ҳам қолмайди.

Жавоб бериш

Империялар тобора юлғич бўлиб бораётгани туфайли халқлар азоб чекмоқда.

Жавоб бериш