Карвонсарой
Дипломатия

Тинч океанидаги орол мамлакатлар Хитойнинг «оғалик» таклифини рад этдилар

Карвонсарой ва AFP

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И (ўртада) Фижи бош вазири Франк Байнимарама (ўнгда) билан 30 май куни Сува шаҳрида ўтган қўшма матбуот анжуманидан сўнг жўнаб кетмоқда. [Леон Лорд/AFP]

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И (ўртада) Фижи бош вазири Франк Байнимарама (ўнгда) билан 30 май куни Сува шаҳрида ўтган қўшма матбуот анжуманидан сўнг жўнаб кетмоқда. [Леон Лорд/AFP]

СУВА, Фижи – Пекиннинг Тинч океани жанубида кенг кўламли минтақавий хавфсизлик пактини тузиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлари душанба (30 май) куни Хитойнинг таклифи «ғаразли» деган хавотирлар туфайли амалга ошмади.

Манфаатдор томонларга кўра, агар Хитойнинг ҳудудий сувлари ва унинг атрофидаги хатти-ҳаракатлари қандайдир кўрсаткич деб ҳисобланса, Тинч океанининг жанубий қисмидаги давлатлар эҳтиёткорликни лозим тутиб, тўғри иш қилганлар.

Тинч океанидаги 10 та орол давлати раҳбарлари Фижи пойтахти Сува шаҳрида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан музокаралар чоғида Хитойнинг уларни Пекин орбитасига жалб қилиш ташаббусини рад этган.

Хитой стратегик муҳим минтақада АҚШ ва унинг иттифоқчилари таъсирига бевосита таҳдид солган ҳолда Тинч океани жанубидаги фаолиятини кескин кучайтиришни таклиф қилмоқда.

Таклиф этилаётган битим Пекиннинг Тинч океани оролларидаги полиция ходимларини ўқитиш, киберхавфсизлик соҳасида иштирок этиш, сиёсий алоқаларни кенгайтириш, денгизда пухта картография ишларини олиб бориш ҳамда қуруқлик ва сувдаги табиий ресурслардан кенгроқ фойдаланиш имкониятини беради.

Пекин миллионлаб долларлик молиявий ёрдам, потенциал даромадли Хитой-Тинч океани ороллари бўйича эркин савдо келишуви истиқболлари ва Хитойнинг 1,4 миллиард кишилик улкан бозорига киришни жозибадор таклиф сифатида илгари сурмоқда.

Қўшниларни қўрқитиш

Ван Фижидаги минтақавий раҳбарлар билан учрашув ўтказган куннинг ўзида Хитой Тайваннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳудудига (ADIZ) бу йилги иккинчи йирик босқинни амалга оширди. Тайпей унинг ҳудудига 30 та самолёт, шу жумладан 20 дан ортиқ қирувчи самолётлар киргани ҳақида хабар берган.

Демократик Тайван оролни ўз ҳудуди деб биладиган ва керак бўлса, бир кун уни куч билан тортиб олишга ваъда берган Хитойнинг доимий босқинчилик таҳдиди остида яшайди.

Душанба кунги босқин ADIZ ҳудудига 39 та самолёт кирган 23 январдан бери энг йириги бўлди.

AFP тўплаган маълумотларга кўра, ўтган йили Тайван ҳаво ҳудудини бузиб кириш билан боғлиқ 969 та ҳолат қайд этилган, бу 2020 йилги 380 талик кўрсаткичдан деярли икки марта кўп.

2022 йил бошидан бери шу кунга қадар Тайван 465 та босқин ҳақида хабар берган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки баравар кўп.

Сешанба куни расмий Манила Филиппин ҳудудий сувларида Хитойнинг соҳилни қўриқлаш кемаси томонидан денгиз тадқиқот кемасининг таъқиб қилинишига норозилик билдириш мақсадида Пекиннинг юқори мартабали дипломатини чақиртирганини маълум қилди.

Бу ҳодиса Манила Пекин томонидан баҳсли Спратли ороллари яқинида «уч ярим ойлик балиқ овлашга бир томонлама мораторий жорий этгани» учун алоҳида дипломатик норозилик нотаси йўллаганини маълум қилган куни ошкор бўлган.

Манила ва Пекин анчадан бери Жанубий Хитой денгизи ҳудудлари бўйича келиша олмаяпти, Хитой уларнинг деярли барчасига нисбатан якка ҳуқуққа эга эканлигини таъкидлаб, унинг тарихий даъволари асоссиз экани ҳақидаги 2016 йилги Ҳаага қарорини рад этиб келади.

«Яхши оға»

Душанба кунги учрашув олдидан ХХР раиси Си Цзинпин Хитой минтақага «оғалик» қилиши ва уларнинг «тақдири муштарак» экани ҳақида мужда йўллаган, деб хабар беради Хитойнинг CCTV давлат телеканали.

Аммо Тинч океани давлатлари ва бошқа манфаатдор иттифоқчилар Пекиннинг таклифига бирмунча қаршилик билдирмоқда.

Етакчи Ғарб давлатлари келишувларга кескин қарши чиқдилар, АҚШ Давлат департаменти эса Тинч океани минтақасини Хитой билан «ношаффоф ва ноаниқ келишувлардан» эҳтиёт бўлишга чақирди.

Австралия Тинч океани жанубидаги давлатларни Хитойнинг минтақага чуқурроқ кириш уринишларини рад этишга чақириб, АҚШни қўллаб-қувватлади, ташқи ишлар вазири Пенни Вонг эса бундай келишувларнинг «оқибати яхши бўлмаслиги» ҳақида огоҳлантирди.

Микронезия федератив давлатлари президенти Девид Пануэло яқинда ҳамкасбларига йўллаган мактубида бу таклиф «носамимий» эканини ва «ҳукуматдаги Хитой таъсирини» ва асосий тармоқларнинг «иқтисодий назоратини» таъминлаши ҳақида огоҳлантирган.

Музокаралардан сўнг, етакчилар минтақавий консенсус йўқлиги сабаб Пекин таклиф қилаётган «тараққиётнинг умумий нуқтаи назари»га рози бўла олмаслигини айтганидан сўнг, жамоатчилик томонидан юмшоқроқ танбеҳ берилган.

Ваннинг минтақадаги 10 кунлик дипломатик ташрифи чоғида унинг қўллаб-қувватланишига ишонган Хитой расмийлари уларнинг илтижолари амалга ошмаганини эътироф этганлар.

Сувада журналистлар олдида чиқиш қилган Хитойнинг Фижидаги элчиси Цян Бо «умумий ҳисобда 10 та давлатнинг қўллаб-қувватловига эришилганини» айтди. «Шундай бўлса-да, муайян масалалар бўйича айрим хавотирлар борлиги табиий ва биз келишувга эришмагунимизча, бу икки ҳужжат кейинроқ муҳокама қилинишига келишиб олдик».

Таклиф тўлалигича ошкор этилмаган бўлса-да, душанба кунги йиғилиш олдидан оммавий ахборот воситаларига, жумладан AFPга ҳам сиздирилган.

Хитой келгуси ҳафталарда таклифлар баён қилинган «позициявий ҳужжат» жамоатчиликка ошкор қилинишини айтди.

Қарз тузоқлари

Сувада туриб сўзлаган Ван 10 мамлакат Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолашган рози бўлганини эълон қилди.

Томонлар «ҳамкорлик юзасидан янада кўпроқ консенсусга эришиш учун доимий ва чуқурлаштирилган муҳокамалар ва маслаҳатлашувларни давом эттиради», деди Ван Пекиннинг ниятларидан хавотирда бўлганларни «жиддий хавотирга тушмаслик ва асабийлашмасликка» чақириб.

Триллион долларлик «Бир камар, бир йўл» ташаббуси 2013 йилда Хитой президенти Си Цзинпин тарафидан Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий таъсирини кенгайтириш мақсадида ишга туширилган бўлиб, унинг доирасидаги кўплаб инфратузилмавий режалар Хитой маҳсулотларини дунё мамлакатларига етказиб беришни кўзлайди.

«Бир камар, бир йўл» ташаббусига яқиндан назар солинса, Пекиннинг табиий ресурсларни ўзлаштиришни монополлаштириш ва Хитойдан тортиб Ўртаер денгизи, жумладан Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Африкагача ҳарбий амбицияларни кенгайтириш мақсади намоён бўлади.

BRI бошқа мақсадлар қатори ночор мамлакатларнинг табиий бойликларини Хитой манфаатлари йўлида қазиб олиш ва ташиб кетишга ҳам хизмат қилади.

Танқидчиларга кўра, Хитой ушбу улкан инвестиция лойиҳасининг яширин мақсадлари борлигини инкор этса-да, ўз таъсирини кучайтириш учун молиявий воситалар ёрдамида «қарз тузоғи дипломатиясини» олиб бормоқда. Бу усул қарздор давлатлар молиявий муаммоларга дуч келганида, уларнинг стратегик объектларини тортиб олишга имкон берувчи қаттиққўл шартлар ва келишувларни мажбуран илгари суришни кўзда тутади.

Кузатувчилар Хитой молиясига ишонч борасида хавотир изҳор этар экан, Хитой инвестицияси шартларига нисбатан норозилик тобора кучайиб бормоқда.

Ўтган жумада Германия канцлери Олаф Шольц Хитойнинг қашшоқ мамлакатларга кўп йиллик кредитларни тақдим этаётгани дунёни навбатдаги молиявий инқирозга дучор қиладиган «жиддий хавф» келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирган.

Хитойнинг дунё мамлакатларига бераётган кредитлари туфайли жанубда навбатдаги йирик қарз инқирози юзага келиши мумкин деган хавотирлар мавжуд ва жуда кўп иштирокчилар жалб қилингани сабабли унга тўлиқ назар солиш имконсиз», деди у.

«Бу Хитойни ҳам, глобал жанубни ҳам йирик иқтисодий ва молиявий инқирозга дучор қилади ва дунёнинг қолган қисмига таъсир қилмасдан қолмайди», деди Шольц. «Шундай экан, бу – жиддий муаммо.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Камбағал мамлакатларга кредитлар бериш билан Хитой таъсир нуқтасига эга бўлади, айниқса, бу кредитларнинг шартлари ноаниқ бўлгани; бу шартномаларга яна нималар ёзилгани тушунарсиз бўлгани учун. Хитойнинг режалари аниқ; у битимларни узайтириш баҳонасида хоҳлаган нарсасини талаб қилиши мумкин. Корхоналар ёпиш ва очиш, ташкилотларда қарорларни қўллаб-қувватлаш учун ўзига хос талаблар қўйиш ва оддий одамлар учун барча экологик ва гуманитар қонунларнинг бузилишига кўз юмиш Хитойга хос классик хатти-ҳаракатлардир.

Жавоб бериш

«Хитой минтақа учун «яхши ака» бўлиши мумкин, уларнинг «тақдири ҳам бир»», бу гапларни аввал ҳам эшитгандекмиз.

Жавоб бериш

«Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий таъсирини кенгайтириш учун Си 2013 йилда Бир йўл, бир камар ташаббусини ишга туширган эди», нефть ҳам, қурол ҳам дунёни бошқармайди, аслида ташвиқот бошқарар экан.

Жавоб бериш

Хитой ўзининг империал мақсадлари билан яна бир «катта акага» ўхшаб боряпти, қачон тўхтар экан? Кузатувчилар Хитой молиялаштиришига қарам бўлиб қолиш хавотирли эканлигини айтишмоқда. Огоҳлантириш анча аввал бўлиши керак эди, қандай тугаши номаълум бўлиб қолмоқда.

Жавоб бериш