Карвонсарой
Терроризм

«Ислом давлати» янги каналлар орқали Марказий Осиёда жангариликка ёллаш ишларини кучайтирмоқда

Рустам Темиров

18 апрел куни Ўзбекистонга уюштирилган ҳужум ҳақидаги хабар ортидан эълон қилинган суратда снарядлар олдида турган ИД аъзоси. [Файл]

18 апрел куни Ўзбекистонга уюштирилган ҳужум ҳақидаги хабар ортидан эълон қилинган суратда снарядлар олдида турган ИД аъзоси. [Файл]

ТОШКЕНТ – Таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, «Ислом давлати» (ИД) ва бошқа экстремистик гуруҳлар постсовет ҳудудидаги Марказий Осиё республикаларида ёллаш ва ташвиқот ишларини кучайтирмоқда.

Cўнгги ойларда ИД минтақа тиллари, жумладан ўзбек, тожик ва қирғиз тилларидаги материаллар билан Марказий Осиё фуқароларига ўз мурожаатини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Хусусан, ИД ўзбек аудиторияси учун Телеграм ва бошқа платформаларда экстремистик материалларни ёйинловчи «Хуросон овози» гуруҳини очган.

Бошқа гуруҳлар ҳам шундай йўл тутмоқда.

Сирдарёда «жиҳодчилар» экстремистик гуруҳига аъзоликда гумон қилинганлар ҳибсга олинди, 2021 йил, 21 январ. [Ўзбекистон ИИВ]

Сирдарёда «жиҳодчилар» экстремистик гуруҳига аъзоликда гумон қилинганлар ҳибсга олинди, 2021 йил, 21 январ. [Ўзбекистон ИИВ]

Афғонистоннинг Ҳайратон чегара пунктидаги божхона бошлиғи Абдул Саттор Рашид (чапдан иккинчи) бошқа афғонистонликлар билан Афғонистон-Ўзбекистон дўстлик кўприги бўйлаб юриб кетмоқда, ўтган йилнинг 27 октябр куни олинган сурат. [Вакил Коҳсар/AFP]

Афғонистоннинг Ҳайратон чегара пунктидаги божхона бошлиғи Абдул Саттор Рашид (чапдан иккинчи) бошқа афғонистонликлар билан Афғонистон-Ўзбекистон дўстлик кўприги бўйлаб юриб кетмоқда, ўтган йилнинг 27 октябр куни олинган сурат. [Вакил Коҳсар/AFP]

19 май куни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) обуначиларга экстремистик мазмундаги электрон китоблар, фотосуратлар ва аудио ва видеоматериалларни тарқатиш мақсадида Телеграм канал очган 23 яшар наманганлик шахс ҳибсга олинганини маълум қилди.

Унинг каналидаги материаллар орасида Суриядаги халқаро террорчилик ташкилотлари етакчиларининг ўзбек тилида сўзлаган нутқлари ва маърузалари бўлиб, уларда этник ўзбеклар Афғонистондаги ИД жангарилари бўлишга чақирилган, деб хабар беради ДХХ.

ДХХ маълумотларига кўра, маърузачилар орасида экстремистлар етакчиси Абу Салоҳ (қирғизистонлик этник ўзбек), Абдуллоҳ Зуфар ва Содиқ Самарқандий (иккови ҳам ўзбекистонлик) каби шахслар бор.

Булардан машҳурроғи Абу Салоҳ «Абу Салоҳ дарсликлари» деб номланган YouTube каналида ўзбек тилида маъруза қилади.

Самарқандийнинг маърузалари эса YouTube тармоғидаги «Tavhid TV» ва «Yaumma» каналларига ҳам жойланган.

Радикал қарашдаги бу «имомлар» ўзбекларнинг Сурия ва Афғонистондаги террорчи ташкилотлар сафига ёлланиши учун замин яратмоқда, дейди Тошкентдаги Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази директори Виктор Михайлов.

«ИД аъзолари ҳам ўз сафларига одам ёллаш учун радикаллашувдан фойдаланмоқда», деди Михайлов ва бу террорчи гуруҳ Марказий Осиёнинг беш давлатида ўз таъсирини кенгайтирмоқчи бўлаётганини қўшимча қилди.

Унинг айтишича, ўтган йилнинг август ойидан бери «ИД қўшимча куч тўплаган». «Натижада жангарилар сони кўпайди. Улар орасида Ироқ ва Суриядан Афғонистон шимолига олиб ўтилганлар ҳам бор».

Экстремизмга биргаликда қарши кураш

Ҳар қандай ҳарбий-сиёсий ташкилот каби ИД ҳам ўз мафкурасини турли восита ва усуллар билан тарғиб қилишга уринмоқда, дейди тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Шокир Ҳакимов.

Акс ҳолда, у муайян давлатлар ёки трансчегаравий диний ва ҳарбий-сиёсий гуруҳлардан маблағ ололмайди, деди у.

«Шу сабабли ИД ўз стратегик манфаатлари доирасида изчиллик билан жамоатчилик фикрини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда», деди у. «Бу ташвиқотга қарши курашишнинг ягона йўли минтақа мамлакатларида ҳаёт сифати ва турмуш даражасини оширишдан иборат».

«Ҳақиқий иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш зарур», деди у.

Минтақа ҳукуматлари потенциал таҳдид ва чақириқларга, жумладан ИДга қарши курашнинг ҳақиқий механизмларини фаоллаштириш учун арзон популизмдан воз кечиб, ижтимоий консенсусга эришиши лозим, деб қўшимча қилди у.

Таҳлилчилар, айниқса, Марказий Осиё билан чегарадош ва ИДнинг Хуросон бўлинмаси фаол бўлган Афғонистондан хавотирда.

ИД Хуросон бўлинмаси апрел ва май ойларида Афғонистон ҳудудидан туриб Ўзбекистон ва Тожикистонни ўққа тутганини даъво қилган эди.

Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий инқироздан чиқиш мақсадида афғон аҳолисига манзилли гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш жуда муҳим, дейди тошкентлик тарихчи олим Равшан Назаров.

Шу билан бирга, ҳарбий ва тактик ҳаракатларни ҳам сусайтирмаслик керак, деди у.

«Энг аввало, қуролли кучлар, хусусан, чегара қўшинлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа, десантчи ва махсус кучлар ҳамда Афғонистон билан чегарадош давлатларнинг разведка идоралари ташқи таҳдидни исталган вақтда бартараф этиш учун тўлиқ жанговар шай ҳолатда бўлиши керак», деди Назаров.

Қирғизистонлик журналист ва таҳлилчи Одил Турдиқуловнинг фикрича, Афғонистондаги экстремистик гуруҳларнинг фаоллашуви ресурслар, жумладан, инсон ресурслари учун кураш билан боғлиқ бўлиши мумкин, айниқса халқаро ҳамжамиятнинг эътибори Украина ва Россиядаги воқеаларга қаратилган бир пайтда.

«Ҳукуматларимиз сиёсий мухолифатга эмас, экстремистларга қарши курашиши керак. Бу ўз эътиборини айнан уларга қаратиши керак бўлган махсус хизматларга ҳам тегишли», деди у.

Таҳдидларга қарши туриш учун барча Марказий Осиё давлатлари ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириши лозим, дейди Турдиқулов.

Панадаги ячейкаларни йўқ қилиш

Ўзбекистонда яқинда амалга оширилган бошқа ҳибслар экстремистлар ўз фаолиятини кучайтираётганидан далолат беради.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 23 апрел куни Россия ва Туркия орқали Сурияга кетмоқчи бўлган 24 яшар ўзбекистонликни қўлга олди, деб хабар қилади ДХХ ўз Телеграм каналида.

Россияда меҳнат мигранти бўлган гумондор ижтимоий тармоқлар орқали террорчилик ташкилотлари сафига жалб қилинган. Ўзбекистонга қайтгач, у ўзининг ижтимоий тармоқдаги аккаунтлари орқали жангарилик ғояларни ёйинлаган.

Куч тузилмалари апрел ойи ўрталарида Суриядаги жангарилар сафига қўшилишга тайёргарлик кўраётгани айтилган бир қанча сирдарёлик ёшларни ҳибсга олган эди.

«Қўлга олинганлар жангариларнинг онлайн курсларида қатнашган, уларнинг икки нафари узоқ вақт давомида радикал ғоялар таъсирида бўлиб, Сурияга кетишга тайёргарлик кўраётган эди», деб хабар беради NOVA24.uz 17 апрел куни вилоят ички ишлар бўлими матбуот хизматига таяниб.

Шунингдек, феврал ойи охирида Самарқанд вилоятида ижтимоий тармоқларда «Ҳизб ут-Таҳрир» тақиқланган гуруҳининг радикал ғояларни тарқатишда айбланган саккиз нафар аъзоси ҳибсга олинган, деб хабар беради Uza.uz.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 8

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Ўзбекистонда яқинда амалга оширилган бошқа ҳибслар ҳам экстремистлар ўз фаолиятини кучайтираётганидан далолат беради.» – Фақат Ўзбекистон ҳақида гапирилаётгани ғалати. Бу бутун Осиё бўйича шундай бўлиши керак.

Жавоб бериш

Жангариликка ёллаш учун психологик тайёргарликка эга қанчадан-қанча одамлар бўлиши керак? Буларнинг ҳаммасидан ташқари, одамлар бу мафкура билан бутунлай боғлиқ бўлишлари керак.

Жавоб бериш

Қандайдир психологик тайёргарликка эга бўлган соғлом одам қандай қилиб бу мафкурада бўлишининг ўзи савол туғдиради

Жавоб бериш

Жангариларнинг онлайн дарслари фантастик филмлардаги нарсадек кўринади, аммо афсуски, бугунги воқелигимиз шу.

Жавоб бериш

Яқинда «Қўшилишни хоҳлайсизми? «Ислом давлати» онлайн мактабига рўйхатга олиш бошланди; портловчи маърузани ўтказиб юборманг» каби мақсадли рекламаларга дуч келсак керак.
Албатта, буларни бари ҳазил, лекин яна қанча одам қурбон бўлиши ноаниқ.

Жавоб бериш

«Ислом давлати» террорчилик ҳужумларини амалга ошириш орқали ҳар бир масала бўйича ўз позициясини билдиришда жуда фаол эканини ҳисобга олсак, бу маълумотлар кишини ҳавотирга солади. Дунё бўйлаб кўплаб митинглар бўлиб бўляпти, аксар одамлар эса умумий тақиқларга эътибор бермайди.

Жавоб бериш

Дунё бўйлаб ҳамма уруш хоҳлаётганга, аммо аниқ жой топа олмай бутун ер юзи бўйлаб уруш қўзғашаётганга ўхшайди.

Жавоб бериш

Ёллашни тўхтатишмаган эди, аммо ёллашнинг фаоллашиши ҳақидаги хабарлар қўрқинчли, чунки ёшлар ва унча ҳам ёш бўмаганлар радикаллашади.

Жавоб бериш