Карвонсарой
Сиёсат

Украинадаги воқеалар фонида АҚШ делегациясининг Марказий Осиёга ташрифи Кремлнинг ғазабини қўзғади

Рустам Темиров

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Владимир Норов 24 май куни Тошкентда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу билан қўл сиқишмоқда. [Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги]

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Владимир Норов 24 май куни Тошкентда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу билан қўл сиқишмоқда. [Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги]

ТОШКЕНТ – Ўтган ҳафта АҚШ делегациясининг бир қатор Марказий Осиё давлатларига беш кунлик ташрифи Кремл ва унинг ташвиқот воситаларини ғазаблантирган, дейди таҳлилчилар.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу бошчилигидаги делегация 23-27 май кунлари Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистонда бўлди.

Луга бир қатор дипломатик, хавфсизлик ва молия соҳаси мулозимлари ҳамроҳлик қилганлар.

Делегация халқаро санкцияларнинг Россияга таъсири, иқтисодий ҳамкорлик, минтақавий ва чегара хавфсизлиги каби мавзуларни муҳокама қилди.

АҚШ делегатлари 24 май куни Тошкентдаги «Тошкент гуллари» гул мактабида тадбиркор аёллар билан учрашдилар. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

АҚШ делегатлари 24 май куни Тошкентдаги «Тошкент гуллари» гул мактабида тадбиркор аёллар билан учрашдилар. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

Музокараларда давлатларнинг C5+1 платформаси доирасида инфратузилма, энергетика, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш каби соҳалардаги ҳамкорлигининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

АҚШ Давлат департаментига кўра, «C5+1 Марказий Осиёнинг беш давлати ва Қўшма Штатларни ўзаро манфаатли бўлган масалаларни муҳокама қилиш ва улар ишлаш учун бирлаштирадиган платформадир».

Ташриф доирасида Лу Тошкентда АҚШ кўмагида ташкил этилган хотин-қизлар учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш машғулотларида бўлди.

Шунингдек, у Тожикистоннинг Ваҳдат шаҳрида АҚШ ҳомийлигида ташкил этилган афғон қочқинлари марказига ташриф буюрди.

«Мен дипломат сифатида дунёда доим тинчлик ҳукм суриши тарафдориман. Мен учун тинчлик нафақат уруш ва қуролли тўқнашувларнинг йўқлиги, балки барча халқларнинг эркин, соғлом ва хавфсиз ҳаёт кечиришидир», деди Лу 24 май куни Тошкентда АҚШ элчихонаси хабарига кўра.

«Савдолашув муҳити»

Кремл ва унинг ташвиқот воситалари Лунинг ташрифини салбий баҳолаган, зеро, Марказий Осиё давлатлари Москванинг Украинага босқини туфайли Россия тарафини олишдан бош тортмоқда.

Қўшма Штатлар Россия билан қарама-қаршиликда Марказий Осиё давлатларини ўз тарафига оғдириш ниятида эмас, дейди МДҲ мамлакатлари институтининг Марказий Осиё ва Қозоғистон департаменти раҳбари Андрей Грозин 23 май куни Газета.ру нашрига.

Бунинг ўрнига «улар шунчаки томонларни тафриқага солиб, [Вашингтон назарида] Россия, Марказий Осиё республикалари ва Хитой ўртасида ишончсизлик муҳитини келтириб чиқариши керак бўлган савдолашув муҳитини яратмоқчи», деди Грозин.

Россия давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин ҳам Марказий Осиё давлатларининг Россия олдидаги мажбуриятлари «нейтрал» эканига ишора қилган.

«Бугунги Марказий Осиё давлатларининг ташкил топганига 30 йилдан ошган, уларга кап-катта одамлар раҳбарлик қилади, улар бир четда туришни истасалар ҳам, барча алоқаларимиз ва ўзаро мажбуриятларимизни ҳисобга олган ҳолда, бундай қила олмасликларини яхши тушунишлари керак», деди Затулин 23 май куни Газета.ру нашрига.

Агар Марказий Осиё давлатлари Россиядан узоқлашишга қарор қилсалар, Москва ҳам муайян мажбуриятлардан воз кечиши мумкин, деб огоҳлантирди Затулин.

«Биз яқин-яқингача биз ўз мажбуриятларимизни бажариб келганмиз. Афғонистондан эҳтимолий таҳдидлар масаласими, Қозоғистондаги тартибсизликларми – ҳар доим жавоб чораларини кўрганмиз».

«Бошқа томондан, МДҲ давлатлари рақибларимиз билан алоқада бўлса ҳам, уларни қўпол равишда жиловлашнинг ҳожати йўқ. Муҳими, бу муносабатлар бизга зарар келтирмасин», деди у.

«Бу масалада орамизда келишув бўлиши лозим», деди у.

Россия норози

Россия америкалик сиёсатчиларнинг бундай сафарларини хуш кўрмайди, дейди бишкеклик журналист Одил Турдиқулов.

«Доналд Лунинг ташрифи ҳам Кремлни ғазабга солган. Бу матбуотда аччиқ баёнотлар чиқариш учун яна бир сабаб. Буларнинг бари Кремлнинг кўрсатмаси билан қилинаётгани аниқ», деди у.

«Бу экспертларнинг шунчаки шахсий позицияси эмас. Улар Кремл айтолмайдиган нарсани дипломатик тилда билдирмоқда», дейди Турдиқулов.

Central Asia Due Diligence маркази раҳбари, тошкентлик Алишер Илҳомовга кўра, Кремл Марказий Осиё давлатларининг Ғарб ва айниқса, АҚШ билан яқинлашувига аввалдан жуда оғриқли муносабатда бўлиб келган.

Айниқса, ҳарбий ва стратегик ҳамкорликка муносабат ўта негатив, деди у.

«Москва Манасдаги АҚШ авиабазаси ёпиш учун Қирғизистон ҳукуматига босим ўтказганини эслайлик», деб айтган Илҳомов 2014 йилда Қирғизистоннинг Афғонистонга аскарлар ўтказиш учун фойдаланилган АҚШ ҳаво базасини ёпганини назарда тутиб.

«Бу босқичда Россия раҳбарияти Марказий Осиё давлатларининг Украинадаги уруш масаласида бетараф позицияни танлаганидан норози. Шунинг учун улар «ҳарбий операцияда» бевосита иштирок этишдан бош тортишган», деб айтган Илҳомов.

Март ойида парламентда Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий суверенитетини қўллаб-қувватлашини ва «Донецк халқ республикаси» (ДХР) ёки «Луганск халқ республикасини» (ЛХР) тан олмаслигини айтган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов Кремл босими туфайли апрел ойида ўз вазифасидан озод этилган, деди у.

«Хусусан, шу (май) ойда Москва Марказий Осиё давлатларидан ҳарбий қурилмалар ва ўқ-дорилар сотиб олишга ҳаракат қилиб, Украинага нисбатан тажовузи сабабли Россияга қарши қўлланилган Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун бу мамлакатлар ҳудудларидан фойдаланмоқда», деб қўшимча қилган Илҳомов.

Бу мақсад «иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш» баҳонасида олиб борилаётган бўлса-да, Москва ўз мудофааси учун зарур бўлган юқори технолигик маҳсулотларни сотиб олиши ва иқтисодиётини қўллаб-қувватлаши учун минтақадаги давлатларда бизнес-тузилмалар ташкил этилмоқда, деб айтган Илҳомов.

«Бу минтақадаги ҳукмрон элита учун қизиқиш туғдирибгина қолмай, Ғарбнинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан иккиламчи санкциялар қўллаши хавфини пайдо қилади», деб айтган у.

«АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг ташрифидан мақсад – бу мамлакатлар ҳукуматларини Россия билан бу каби махфий келишувлар ва Россияга яширин тарзда ҳарбий қурилмалар ва ўқ-дорилар етказиб берилишига йўл қўйилмаслик ҳақида огоҳлантириш бўлиши мумкин», деб таъкидлаган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 12

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Москва Қирғизистон ҳукуматига қандай босим ўтказганини эслайлик...» Қирғизистонга шунчалик босим ўтказишдики, мамлакат ҳали ҳам ўзига кела олмай, ривожлана олмаяпти.

Жавоб бериш

Афсуски, Ўзбекистон – бу бошланиши холос. Амбициялар ва Осиё минтақасидаги қўшни давлатларни қўрқитиш тўхтамаса керак, бу жараён бошланиб бўлди. Бироқ, бир жиҳат бор: уларда етарлича куч йўқ, санкциялар кучайиб бормоқда, қўллаб-қувватлаш эса камаймоқда ва Хитой борган сари ҳамкор бўлишдан бош тортмоқда. Кўрамиз охири нима бўларкин. Умид қиламизки, ядро қиши келмайди, шунда ҳаммаси яхши бўлади.

Жавоб бериш

Нега Россия Ўзбекистон вазирини ишлаб олиб ташлаши мумкин?

Жавоб бериш

Чунки бу мамлакат ҳеч ким чақирмаса ҳам, доим қандайдир сиёсий ҳаракатларга бурнини суқиб юради.

Жавоб бериш

Россияга яширин тарзда ҳарбий қурилмалар ва ўқ-дорилар етказиб берилишига йўл қўймаслик – Бу комиссия ва ёрдамчилар ташрифининг асосий сабаби шу бўлса керак; Россия шунча қурол-яроғни қаердан олгани қизиқ; ўзи уларни ишлаб чиқармаса, эски захиралар эса тугаб бораётган бўлса ва бу захираларнинг сифати ҳаминқадар экани аниқ бўлса.

Жавоб бериш

Россия норози; Россия қачондир рози бўлганми ўзи? Пфф

Жавоб бериш

Россия фақат вайронагарчиликлар, зўравонлик, талончилик, қотилликлар ва қашшоқлик билан «рус дунёси» келсагина мамнун бўлади. Унинг ташвиқотчилари ўзларининг бошқалардан устун эканлигини уқтирганида ҳам!

Жавоб бериш

Бунинг оқибатлари аллақачон бошланган – юкларни ташиш учун Россияни четлаб ўтувчи янги йўллар. Ва бу тўғри; бундай ташрифлар кўпроқ бўлиши керак, чунки агар барча давлатлар Россия орқали транзит ва юк ташишни тўсиб қўйишини ҳисобга олсак, у энг манфаатсиз ҳамкорлардан бирига айланади.

Жавоб бериш

Энг муҳими, бу ришталар бизга ҳеч қандай зиён келтирмаслиги керак - қўйсангизчи, ҳеч кимнинг иши йўқ, ришталар сизга зарар бермаса бўлди.

Жавоб бериш

Россия Осиё давлатларининг барча ресурсларини ўзлаштириб олишга шунчалик ҳаракат қилмоқдаки, ҳатто Затулиннинг ғалати иборалари каби яширин таҳдидлар ҳам қила бошлади. «Улар билан дўстлашма. Акс ҳолда биз сен билан дўст бўлмаймиз» деганга ўхшаш болалар боғчасини эслатмоқда. Афтидан, улар ўз мажбуриятларидан воз кечмасликка сабр қилолмай, «яқингача биз ҳар доим ўз мажбуриятларимизни бажариб келганмиз» каби ибораларни ишлата бошладилар.

Жавоб бериш

Россия ўз манфаатлари ҳудудида Америка вакиллари бўлишини ёқтирмаслиги аниқ, лекин улар ўзларини буюк Россияга қараганда анча оқилона тутишади. Руслар ҳудудда ҳеч нарса оча олмайди, ёрдам ҳам бера олмайди; улар фақат ресурслар ва арзон ишчи кучини талаб қилади. Улар кимдир уларнинг арзон ишчилар ҳудудларига кириб бораётганидан жазавага тушмоқда, бу ишчиларга ўзлариникидан ҳам ёмонроқ муносабатда бўлишади ва биз биламизки, уларнинг ўз одамларига муносабати ҳам расво.

Жавоб бериш

Ташрифи доирасида Доналд Лу Тошкентда хотин-қизлар учун ўзини-ўзи ҳимоя қилиш курсларида иштирок этди. Аммо унинг қўшниси Тожикистон (ҳукумати) аёлларни ўрта асрга қайтариш илинжида, уларнинг замонавий барча нарсаларни косметик амалиётлар, сайр қилиш ва машина ҳайдашни тақиқламоқда, бундан таршқари аёлларга маълум бир турдаги кийимларни кийишга зўрлашмоқда. Бутун дунёдаги халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бунга эътибор қаратишлари керак, Шунингдек аёллар ҳукумат ва уларнинг ҳуқуқларини адолатсиз бузаётганлардан ўзларини ҳимоя қилиш зарур.

Жавоб бериш