Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қозоғистон Россия орқали транзит ўрнига Транскаспий йўналишидан фойдаланишни кенгайтирмоқчи

Канат Алтинбаев

Санасиз суратда Каспий денгизи бўйида Транскаспий йўналишидан ўтувчи юкларни қабул қиладиган Қозоғистоннинг Оқтов порти акс этган. [Оқтов порти матбуот хизмати]

Санасиз суратда Каспий денгизи бўйида Транскаспий йўналишидан ўтувчи юкларни қабул қиладиган Қозоғистоннинг Оқтов порти акс этган. [Оқтов порти матбуот хизмати]

ОЛМАОТА – Ғарб давлатлари Украинага босқини туфайли Россияга қарши кенг қамровли санкцияларни жорий этиш ва кенгайтиришда давом этар экан, Қозоғистон Россияни четлаб ўтиш мақсадида муқобил савдо йўналишларини ривожлантириш чораларини кўрмоқда.

Одатда Европага йўналтирилган Қозоғистон юклари қуруқлик орқали Россия ҳудудидан ўтади.

Май ойида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Транскаспий йўналиши бўйлаб савдо ҳажмини оширишга кўмаклашиш мақсадида Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузияга таништирув сафарини уюштирди.

Тадбир Европа-Кавказ-Осиё транспорт йўлаги (ТРАСЕКА) ва Қозоғистон транспортчилари уюшмаси KazLogistics билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Транскаспий йўналишининг техник-иқтисодий асослари бўйича бир ҳафталик танишув сафари давомида 20 май куни «Грузияда халқаро автомобил транспортини ривожлантириш истиқболлари» мавзуидаги конференция бўлиб ўтди. [TRACECA]

Транскаспий йўналишининг техник-иқтисодий асослари бўйича бир ҳафталик танишув сафари давомида 20 май куни «Грузияда халқаро автомобил транспортини ривожлантириш истиқболлари» мавзуидаги конференция бўлиб ўтди. [TRACECA]

Транскаспий халқаро транспорт йўналиши Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Туркия, Украина орқали Европа давлатларига ўтади. [Middlecorridor.com]

Транскаспий халқаро транспорт йўналиши Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Туркия, Украина орқали Европа давлатларига ўтади. [Middlecorridor.com]

«Сўнгги пайтларда Марказий Осиё ҳукуматлари Каспий денгизи орқали юк ташиш ҳажмини оширишга катта эътибор қаратмоқда, чунки савдо иштирокчилари ўз юкларини ҳозирги транзит йўналишлари бўйлаб [Россия орқали] олиб ўтишда муаммоларга дуч келяпти», дейилади USAIDнинг 17 май кунги пресс-релизида.

Каспий денгизи орқали ўтган халқаро транспорт йўлаги Марказий Осиёдан Европага юк ташиш учун муқобил йўналиш бўлиб, савдо ва бизнесни ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга, дейди USAIDнинг Марказий Осиё минтақавий савдо бўйича вакили Роберт Паркер.

«USAID бу мамлакатларнинг ҳамкорлигини олқишлаб, минтақавий савдо ва инвестициялар ҳажмини оширишга олиб келадиган қарорларни қўллаб-қувватлайди», деди у.

USAID томонидан ташкил этилган турда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг божхона ва транспорт сиёсати давлат идораларининг 40 дан ортиқ ходимлари иштирок этди.

Уларга Озарбайжон, Грузия ва Марказий Осиё давлатларининг автомобил ташувчилар миллий уюшмалари, логистика компаниялари ва экспедиторлар, денгиз портлари ва юк ташиш компаниялари вакиллари ҳамроҳлик қилди.

Делегация аъзолари йўналишдаги ҳар бир портнинг нарх сиёсати ва жараёнларни ўрганиб, уларга жорий тартибларни янада соддалаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқишда ёрдам берадиган рақамлаштириш ташаббуслари билан танишдилар.

USAID шунингдек, ташувчилар дуч келадиган муаммоларни аниқлаш учун Марказий Осиёдан таклиф қилинган муқобил йўналиш бўйича Қозоғистоннинг Қуруқ порти орқали Озарбайжон ва Грузия орқали Туркияга аввалдан танланган юкларнинг синов транзитини амалга оширди.

Минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш

Транскаспий йўналиши Қозоғистоннинг иқтисодий хавфсизлиги учун муҳим бўлиб, сўнгги ойларда унинг аҳамияти ортиб боряпти, чунки Россия ҳудуди орқали экспорт қилиш санкциялар туфайли тобора қийинлашмоқда.

Қозоғистон Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан феврал ойи охирида Транскаспий йўналиши имкониятларини рўёбга чиқариш устида жиддий иш бошлаган.

У ўз эътиборини экспорт учун транзит йўналишига айланиши мумкин бўлган бошқа давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратган.

Май ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Анқарага борган ва у ерда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан илиқ кутиб олинган эди.

Икки туркийзабон давлат геосиёсий зиддиятларнинг кескинлашуви шароитида ҳозирги яқин алоқаларни янада чуқурлаштириш истагини яна бир бор тасдиқладилар.

Шу билан бирга, Тўқаев «транспорт ва транзит ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг салоҳиятидан самаралироқ фойдаланиш» борасида Туркиянинг қўллаб-қувватловига эришган.

Қозоғистон Озарбайжон билан ҳам ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда, маҳаллий оммавий ахборот воситалари бу мамлакатни «стратегик ҳамкор» деб атаган.

Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори Еркин Тукумов 30 май куни Zakon.kz янгиликлар сайтига берган интервьюсида Озарбайжонни Қозоғистоннинг энг муҳим ҳамкорлари ва иттифоқчиларидан бири деб атади.

Боку билан ҳамкорлик «айниқса транспорт йўлаги бўйича жуда катта салоҳиятга эга», деди у.

«Бу фақатгина газ ва нефт қувурлари эмас. Гап кенгроқ ҳамкорлик ҳақида кетмоқда: Шарқ-Ғарб транзити», деди Тукумов. Боку орқали Туркияга кира оламиз, Озарбайжон эса биз учун муҳим давлатлардан бири».

Қозоғистон юк ташиш ҳажмини оширади

Айни пайтда Каспий денгизидаги Оқтов порти негизида контейнер марказини ишга тушириш лойиҳаси қизғин амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Қозоғистондаги ушбу порт ўз қувватининг чорак қисмидан ҳам фойдаланмаяпти.

Контейнер маркази Россияни четлаб ўтувчи юк оқимини оширади.

Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигининг 16 май куни хабар беришича, ушбу лойиҳа «Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйлаб юк ташишни ривожлантириш» мақсадида Оқтов махсус иқтисодий зонасида (МИЗ) амалга оширилади.

Лойиҳага Сингапурнинг PSA Group, Даниянинг Maersk ва Швейцариянинг MSC каби глобал контейнер операторлари инвесторлик қилиши кутилмоқда, Қозоғистон улар билан дастлабки келишувларга эришган.

Лойиҳанинг тахминий қиймати 10 миллиард тенгедан (23 миллион доллар) ошади.

Илгари «Оқтов» МИЗда ишлаб чиқарилган товарлар Европага Россия орқали экспорт қилинар эди, аммо Россияга нисбатан қатъий санкциялар натижасида бу йўналиш ўз фаолиятини тўхтатган.

Россиянинг қуруқликдаги транзитига қарамлик хавфи ва экспорт йўналишларини диверсификация қилиш зарурати 22 март куни Новороссийск яқинидаги Каспий қувури консорциуми (КҚК) денгиз терминалида юз берган авария билан яна бир бор тасдиқланди. Москванинг айтишича, ўшанда довул туфайли учта юкловчи мосламадан иккитаси ишдан чиққан.

Ўз нефтининг учдан икки қисмидан кўпроғини КҚК қувури орқали етказиб берган Қозоғистон ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлди. Бир ойлик танаффус Марказий Осиё республикасига 337 миллион долларга тушди.

Хорижлик таҳлилчилар ва маҳаллий кузатувчилар Россиянинг баёнотига шубҳа билдиришган, зеро Ғарб компаниялари ва консорциум ҳамкорлари воқеани мустақил тергов қила олмаганлар.

Аслида Россия унинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлашдан бош тортган Қозоғистонга босим ўтказиш учун денгиз терминалидаги «фалокат»ни ўйлаб топган, дейди Қозоғистоннинг йирик «Хабар» ва КТК телеканалларининг собиқ раҳбари, жамоат арбоби Арман Шораев.

«Москванинг бу ҳаракати шерикни сақлаб қолишнинг яхши усули эмас», деди у.

Россияга қарамликни камайтириш

Транскаспий йўналиши Қозоғистоннинг Россияга қарамлигини камайтиришга ва экспорт йўналишларини диверсификация қилишга кўмаклашиши кутилмоқда.

13 май куни Бош вазир Алихон Смоилов Манғистов вилоятига ишчи ташрифи чоғида ўз қўл остидагиларга Транскаспий йўналиши бўйлаб экспорт юкларини жўнатиш орқали Оқтов ва Қуруқ денгиз портлари юкламасини ошириш вазифасини топширган.

«Манғистов вилояти халқаро даражадаги транспорт, логистика, инфратузилмавий ва хизмат кўрсатиш салоҳиятига эга», деб айтган у матбуот хизмати баёнотига кўра. Аммо мамлакат денгиз портларининг имкониятлари тўлиқ ишлатилмаяпти, ўртача фойдаланиш юкламаси эса атиги 21 фоизни ташкил этади.

«Бу вазиятни ўзгартириш керак.»

Қозоғистондаги энг йирик Оқтов портининг ўтказиш қуввати йилига 15 миллион тоннани ташкил қилади. Расмийлар жорий йил охиригача Каспий денгизи орқали йиллик ташиш ҳажмини 10 миллион тоннага етказишни, жумладан, 4 миллион тоннага яқин экспорт юкини Транскаспий йўлаги орқали йўналтиришни режалаштирмоқда.

Бундай ҳажмлар учун қўшимча денгиз транспорти керак бўлади. Ҳозирда Қозоғистон Каспий денгизида юк ташиш бўйича етакчи бўлган Озарбайжон паромларига боғлиқ бўлиб, яқинда улар ҳам етарли бўлмай қолиши мумкин.

Қозоғистон Каспий денгизида ҳаракатланадиган ўзининг тўртта паромини қурмоқда, деб маълум қилган Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Қайирбек Ускенбаев 30 апрел куни ўзининг Телеграм-каналида.

Бундан ташқари, йил охирига қадар контейнерлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Глобал тенденцияга амал қилган ҳолда контейнерлардан фойдаланишга ўтаётган Қозоғистоннинг стратегик экспортчилари сони ошиб бормоқда.

Транскаспий йўналиши мамлакат орқали Хитойдан Европага товарлар олиб ўтишда Қозоғистоннинг экспорт ва транзит салоҳиятини янада юксалтириши мумкин, дейди Миллий тадбиркорлар палатаси аъзоси, Нур-султонлик Ермек Сиздиқов.

«Биз Россияга қараб ўтирмай, ўз стратегик экспорт йўналишларимизни аллақачон диверсификация қилишимиз керак эди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 10

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мана, Божхона иттифоқи ҳам парчалана бошлади :))

Жавоб бериш

Яқинда Хитой ва Гренландия орқали ташишни бошлаймиз, Россия билан ҳеч қандай алоқа қилмаслик учун.

Жавоб бериш

Улар четлаб ўтишни бошлайдилар, лекин бу жинни рашистлар бизни қамал қилмаслигига, бостириб кирмаслигига ёки кимдандир қутқармаслигига кафолат йўқ.

Жавоб бериш

Тўғри. Биз Россияни четлаб ўтадиган йўлларни излашимиз керак; бир йилдан кейин Россия билан нима бўлишини ҳеч ким билмайди.

Жавоб бериш

Ҳа, санкциялар туфайли Россиядан товарларимизни ололмай қоламиз.

Жавоб бериш

Дунёдаги умумий беқарорлик инобатга олинадиган бўлса, етказиб беришнинг иккала усулини ҳам сақлаб қолиш оқилона иш бўларди, аммо Россия аллақачон тамом бўлганини ҳисобга олсак, янги вариантларни излаган маъқул.

Жавоб бериш

Бундан ташқари, йил охирига қадар контейнерлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Янги иш ўринлари ва янги корхоналар минтақа учун ажойиб янгилик ва тушунарлироқ ҳамкорлар билан ишлаш Қозоғистон учун манфаатлидир.

Жавоб бериш

Грузия ва Озарбайжон иқтисоди ўсиб бораётгани ҳисобга олинса, манфаатлироқ иттифоқчилар бўлиши мумкин, шунинг учун улар ўз портлари ва янги транспорт йўлаги билан боғлиқ бошқа тўловларни оширмайдилар.

Жавоб бериш

«Ташувчилар дуч келадиган муаммоларни аниқлаш учун Марказий Осиёдан таклиф қилинган муқобил йўналиш бўйича Қозоғистоннинг Қуруқ порти орқали Озарбайжон ва Грузия орқали Туркияга аввалдан танланган юкларнинг синов транзитини амалга оширди» Россиянинг бу радикаллари қандайдир провокациялар қилишмаса эди, чунки улар ўз ҳудудларини четлаб ўтмаслик учун шундан йўл тутишгача бориши мумкин.

Жавоб бериш

Тез орада Россия билан боғлиқ ҳамма нарса блокланиши эҳтимоли жуда катта, шунинг учун бу вазиятда четланиш ва максимал даражада узоқлашиш йўлларини излаш мамлакатнинг келажакдаги ривожи учун қилинадиган энг оқилона ишдир.

Жавоб бериш