Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Вагнер гуруҳи тинч аҳолини ўлдиришда давом этар экан, Пригожин учун жавобгарликдан қочиш имконсиз бўлиб бормоқда

Карвонсарой ва AFP

Украинадаги Вагнер ёлланма аскари, май. [Файл]

Украинадаги Вагнер ёлланма аскари, май. [Файл]

ЛЮКСЕМБУРГ – Россия ёлланма аскарларининг бутун дунёдаги ваҳшийликларга алоқадорлигига ишора қилувчи далиллар ортиб борар экан, Вагнер гуруҳи молиячиси навбатдаги айбловлардан бўйин товлашга уриниб кўрди.

Россия президенти Владимир Путиннинг яқин сафдоши Евгений Пригожин Ливияга «Вагнер» жангариларини юборгани туфайли 2020 йилда Европа Иттифоқидаги (ЕИ) активларининг музлатилганига ва виза берилмайдиганларнинг қора рўйхатига киритилганига қарши чиққан эди.

Аммо ўтган чоршанба (1 июнь) куни Европа Иттифоқи олий суди Пригожиннинг талабини рад этган.

Пул ортидан қувиб

Вагнер гуруҳининг ёлланма аскарлари 2018 йилдан бери Ливияда Россия қўлловидаги ҳарбий қўмондон Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясини дастаклаб жанг қилмоқда.

2 апрел куни олинган сурат: Россия армияси Киев шимоли-ғарбидаги Буча шаҳрини тарк этганидан сўнг, шаҳардаги кўчаларнинг бирида ётган украиналик тинч фуқароларнинг жасадлари. Немис разведкаси томонидан қўлга киритилган рация сўзлашувларидан тахмин қилинишича, бу ваҳшийликлар Вагнер жангариларидан бири тарафидан содир этилган. [Роналду Шмидт/AFP]

2 апрел куни олинган сурат: Россия армияси Киев шимоли-ғарбидаги Буча шаҳрини тарк этганидан сўнг, шаҳардаги кўчаларнинг бирида ётган украиналик тинч фуқароларнинг жасадлари. Немис разведкаси томонидан қўлга киритилган рация сўзлашувларидан тахмин қилинишича, бу ваҳшийликлар Вагнер жангариларидан бири тарафидан содир этилган. [Роналду Шмидт/AFP]

Кремлнинг таъсир агенти Евгений Пригожин ёлланма фаолият сабабли ўзига нисбатан жорий қилинган халқаро санкцияларнинг бекор қилинишига эриша олмаган. [Файл]

Кремлнинг таъсир агенти Евгений Пригожин ёлланма фаолият сабабли ўзига нисбатан жорий қилинган халқаро санкцияларнинг бекор қилинишига эриша олмаган. [Файл]

Ливиянинг улкан нефт захиралари ва Ўртаер денгизидаги стратегик жойлашуви Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилаётган Москвани ўзига жалб қилади.

БМТ маълумотларига кўра, Вагнернинг Ливиядаги ҳозирлиги хориждаги энг йириги деб гумон қилинади, шунингдек, бу можарога Россиянинг бошқа ХҲКлари ҳам жалб қилинган.

Ўтган ҳафта ЕИнинг бош судида блок «жаноб Пригожин ва Вагнер гуруҳи ўртасидаги яқин алоқалар ҳақида аниқ ва изчил далилларни тақдим этганига қарамай», Пригожин «Вагнер гуруҳи деб номланган ташкилот ҳақида ҳеч нима билмаслигини» айтган.

Шунингдек, Пригожин «АҚШни алдов фитнасига алоқадорликда гумон қилиниб», Федерал қидирув бюросининг (ФҚБ) қидирув рўйхатига киритилган.

2018 йилда АҚШ молия вазирлиги Сурияда Пригожин «эгалик қилган ёки бошқарган» нефт конларини «ҳимоя қилиш» бўйича шартнома тузгани сабабли Россиянинг Evro Polis компаниясига қарши санкциялар эълон қилган эди.

Худди шу компания Ливиядаги ҳаракатларга алоқадорлиги айтилади.

Шунингдек, Пригожин АҚШда 2016 йилдаги сайловларга аралашуви сабабли Вашингтоннинг қора рўйхатига киритилиб, апрел ойида Россиянинг Украинага босқини ортидан ЕИ санкцияларига дучор бўлган.

Украинада Москва кучлари сафида Вагнер гуруҳи, шу жумладан Сурия ва Ливиядан келган 20 мингга яқин жангари урушаётгани ҳақида Европа расмийлари апрел ойида хабар берганлар.

BND номи билан танилган Германия ташқи разведкасининг апрел ойидаги маълумотига кўра, Россия қўшинлари Буча шаҳарчасини тарк этаётганида Вагнер гуруҳи украиналик оддий фуқароларнинг ўлдирилишига алоқадорлигини исботловчи рация сўзлашувлари қўлга киритилган.

«Ҳалокатли мерос»

Вагнер илк марта 2014 йилда Украинада пайдо бўлган. Ўшандан бери гуруҳ жангарилари дунёнинг турли давлатлари, жумладан Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Ливия, Марказий Африка Республикаси (МАР), Мали ва Чаддаги можароларда иштирок этишган.

Ёлланма жангарилар улар жойлаштирилган қайноқ ҳудудлар, жумладан Украина, Мали, Ливия ва Суриядаги уруш жиноятларида айбланган.

«Ливия агентликлари ва миналарни зарарсизлантириш гуруҳлари Вагнер гуруҳини 2019-2020 йиллар Ливияда тақиқланган миналар ва тузоқлардан фойдаланишга боғлаганлар», деб хабар берган Human Rights Watch (HRW) ташкилоти 31 май кунидаги баёнотида.

«Одамнинг борлиги, яқинлашуви ёки тегиши туфайли портлайдиган пиёдаларга қарши миналар халқаро гуманитар ҳуқуққа зиддир, чунки улар тинч аҳоли ва жангчиларни ажрата олмайди», дейилади HRW баёнотида.

«Вагнер гуруҳи Триполи ташқариси бўйлаб одамларнинг уйларига қайтишини хавф остида қолдирган миналар ва тузоқларнинг ҳалокатли меросига ҳисса қўшган», дейди HRW ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўлими раҳбари Лама Факиҳ.

Вагнер жангарилари «афтидан, 2019 йилдан бери МАРда фуқароларни қатл қилган, қийнган ва дўппослаган», деб хабар беради HRW 3 май куни.

Апрелда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош комиссари Мишел Бачелет МАРдаги нафақат исёнчи гуруҳлар, балки ҳарбийлар ва уларнинг россиялик иттифоқдошлари томонидан содир этилган «жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишини», жумладан қотилликлар ва тинч аҳолига нисбатан жинсий зўравонликни қоралаган.

Вагнер гуруҳи жангарилари президент саройини қўриқлаётган Малида март ойида Мурада юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган операция борасида тортишувлар авж олган.

Матбуот ва Human Rights Watch суҳбатлашган Мали армияси ва гувоҳлар операцияни Мали аскарлари ва руслар деб айтилган хорижий жангарилар томонидан амалга оширилган зўравонлик, талончилик ва тинч аҳолининг қирғини дея таърифлаган.

«Ёлғон изи»

Москва Вагнер гуруҳининг «ваҳшийликларидан» эътиборни чалғитиш мақсадида Малида дезинформация кампаниясини кучайтирган, деб хабар беради АҚШ давлат департаменти 24 май кунги баёнотида.

Вагнер ва Пригожинга алоқадор бошқа ташкилотлар Россияни қўллаб-қувватлаш учун «нотинч вазиятлардан дезинформация орқали фойдаланади», дейилади хабарда.

«Россиянинг дезинформацияни фаол қўллаши ва Вагнер гуруҳидан Африка бўйлаб фойдаланиши ёлғон ва инсон ҳуқуқлари бузилишларининг тарқалишига олиб келди», дейилади ҳужжатда.

«2021 йилда Малига ташрифидан бери Вагнер гуруҳи содир этган ваҳшийликлар ҳақидаги хабарлар ортиб бораётган бир вақтда Россиянинг дезинформация экотизими эътиборни чалғитиш ва жавобгарликдан қочиш учун ёлғон хабарлар ёйинлашни давом эттирмоқда.»

Россиянинг Украина ва Суриядаги аралашуви Ливия, МАР, Мали ва бошқа давлатлар учун сабоқ бўлиши лозим.

Кремл ўзининг геосиёсий таъсирини ошириш йўлида президент Башар Асадни қўллаб-қувватлаш учун йиллар давомида Суриядаги низога жангарилар ва маблағ юбориб турган.

Сўнгги йилларда Сурияда россиялик ХҲКлар сони Сурия армияси фаолиятига путур етказадиган даражада кўпайиб кетган.

2019 йил сентябрда Сурия инсон ҳуқуқлари тармоғи Кремлни 2015 йилдан бери Суриядаги ҳарбий операциялар вақтида «юзлаб уруш жиноятларини» амалга оширганликда айблаган.

2021 йил 15 март куни Франция, Сурия ва Росссиядан учта ҳуқуқбон гуруҳ 2017 йилда суриялик эркакнинг боши танасидан жудо қилинши ва «уруш жиноятларига» тенг деб кўрилган зўравонлиги юзасидан Москвада Вагнер гуруҳига қарши қонуний шикоят билан судга мурожаат қилган.

«Вагнер афсонаси»

Суриядан аввал шарқий Украинага юборилган ва у ерда оғир жароҳатланган собиқ россиялик аскар ва вагнерчи жангчининг шафқатсиз фаолиятини тасдиқлаган.

Россия ёлланма аскарлардан «барча ахлоқий меъёрлар ва қадриятларга хилоф тарзда фойдаланади», дейди 55 ёшли Марат Габидуллин 11 май куни AFPга берган интервьюсида.

Ўтган ой Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Вагнернинг Мали ва Ливия каби мамлакатларда «тижорат асосида» фаолият юритиши ҳақидаги Кремлнинг расмий позициясини яна бир бор тасдиқлаган эди.

Путин Вагнерни «хусусий бизнес» деб таърифлаган.

Пригожин Вагнернинг Суданда олтин конини бошқариши ҳақидаги гап-сўзларга жавоб берар экан, бундай гуруҳнинг мавжудлигини инкор этган.

«Афсуски, мен ҳеч қачон олтин қазиб олувчи компанияларга эгалик қилмаганман», деди у 5 июн куни The New York Times нашрида чоп этган ёзма жавобда.

«Мен эса Россия ҳарбийси эмасман», деди у.

Вагнер ҳақидани афсона, деб қўшимча қилди у, – шунчаки афсона.

Габидуллин Вагнернинг давлат билан ҳеч қандай алоқаси йўқ, деган фикрни рад этди.

«Хусусий шахслар бундай қуролларини фақат давлат органларининг рухсати билан сақлаши мумкин. Камида», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Вагнер жангарилари «афтидан, 2019 йилдан бери МАРда фуқароларни қатл қилган, қийнган ва дўппослаган», деб хабар беради HRW 3 май куни. Хўш, нега ҳаммасини ушлай олишмайди? Хавотир билдиришдан бошқасига ярамайдилар.

Жавоб бериш

Пригожиннинг ҳаёти ва ютуқлари ҳақида ўқисангиз, вазият янада қизиқарлироқ тус олади. Ишончим комилки, унинг иштироки ҳақида жуда кўп нарсаларни билиб олишингиз мумкин!

Жавоб бериш

Ахборот олиш имконияти тобора ортиб бораётгани сабабли, улар имзолаган ҳужжатлар ва Украина, Ливия ва бошқа мамлакатлардаги бутун шаҳарларни вайрон қилишни қандай келишганликлари ҳақидаги суҳбатлар ёзувлари бир-икки йил ичида бизда пайдо бўлади деб ўйлайман.

Жавоб бериш

Далиллар ортиб бораётгани ажабланарли эмас: бу даҳшатли зўравонликдан омон қолганларнинг ҳикояларидан ташқари, содир бўлаётган воқеаларни тасвирга олиш учун ҳаммада уяли телефон бор.

Жавоб бериш