Карвонсарой
Дин

Украинада юзага келган ихтилоф Рус православ черковининг яккаҳокимлиги тугаганидан дарак бермоқда

Ольга Чепил ва AFP

Украина православ черкови диний етакчилари 27 май куни Киевдаги авлиё Пантелеймон аёллар монастирида йиғин ўтказди. Шу куни черков олий бошқарув органининг йиғини Россиянинг Украинага босқини туфайли Москва патриархияси билан алоқаларни расман узишга қарор қилган. [Украина православ черкови/Facebook]

Украина православ черкови диний етакчилари 27 май куни Киевдаги авлиё Пантелеймон аёллар монастирида йиғин ўтказди. Шу куни черков олий бошқарув органининг йиғини Россиянинг Украинага босқини туфайли Москва патриархияси билан алоқаларни расман узишга қарор қилган. [Украина православ черкови/Facebook]

КИЕВ – Украинадаги уруш Рус православ черковининг Украинадаги 300 йиллик ҳукмронлигига чек қўйган.

Москвадаги Рус православ черковининг шохобчаси бўлган Москва патриархиясига қарашли Украина православ черкови 27 май куни Россиянинг руҳоний раҳбарларига қарши тарихий қадам сифатида Украинага босқини сабаб Россия билан алоқаларни узиши ҳақида эълон қилди.

«Биз Москва патриархи Кириллнинг уруш борасидаги позициясига қўшилмаймиз», дейилади Россиянинг «тажовузи» муносабати билан ўтказилган мажлис ортидан берилган ва «Украина православ черковининг тўлиқ мустақиллиги ва мухторияти» эълон қилинган баёнотда.

«Ўлдирма»

Черков шу вақтга қадар черков президент Владимир Путиннинг 24 феврал куни Украинага бостириб кирганини очиқ-ойдин қўллаб-қувватлаган Россия патриархи Кириллга расман содиқ бўлиб келган эди.

27 май куни Украинанинг Дрогобич шаҳридаги черков аҳли Москва патриархиясига алоқадор черков ичи бўшаб қолганига гувоҳ бўлган. [Андрей Ковч шахсий архиви]

27 май куни Украинанинг Дрогобич шаҳридаги черков аҳли Москва патриархиясига алоқадор черков ичи бўшаб қолганига гувоҳ бўлган. [Андрей Ковч шахсий архиви]

«Кенгаш урушни Худонинг «Ўлдирма» амрининг бузилиши сифатида қоралайди ва урушда жабрланганларга ҳамдардлик билдиради», дейилади хабарда.

Унда айтилишича, черковнинг Москва раҳбарияти билан алоқалари Украина ҳукумати ҳарбий ҳолат эълон қилганидан бери «мураккаблашган ёки батамом узилган».

Кенгаш Украинани ҳам, Россияни ҳам «музокара жараёнини давом эттириш» ва «қон тўкилишини тўхтатиш» йўлини топишга чақирган.

Черков матбуот котиби, архиепископ Климентнинг AFPга айтишича, кенгаш «патриарх Кириллнинг уруш борасидаги позициясини бутунлай инкор этишини» таъкидлаган.

«У Россиянинг ҳарбий тажовузини қоралай олмагани етмагандек, балки жабрдийда украин халқига ҳамдардлик ҳам билдирмади», деди у ўтган ойда.

Украина камида 1600-йиллардан бери – юзлаб йиллар давомида Москванинг руҳоний раҳбарлиги остида бўлиб келган.

Бу сўнгги йилларда Украина православ черковида юзага келган иккинчи йирик ихтилофдир.

Украина православ черкови (Киев патриархияси номи билан ҳам машҳур) 2018 йилда Кремлнинг Қримни аннексия қилгани ва Донбасс шарқидаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлагани туфайли Москва патриархиясидан ажралиб чиққан эди.

Путиннинг босқини ва унинг Кирилл тарафидан қўллаб-қувватланиши Москва қаноти остида бўлган Украинадаги черковни қалтис аҳволда қолдирган.

Ўз навбатида патриарх Кирилл 29 май куни Москвада ўтган якшанба маросимида кенгаш қарори «мункар» эканлиги ва Украинада «ер юзидаги ёвуз инс-жинслар кўтарилганини» айтган.

«Тобутга мих»

Урушдан олдин Москва патриархиясининг Украина православ черкови (МП-УПЧ) мамлакатдаги энг йирик черков бўлиб, унинг 12000 дан ортиқ қавми бор эди – бу рақам у билан рақобатлашувчи Украина православ черкови ва Украина юнон-католик черковини бирга қўшиб ҳисоблаганда ҳам уларникидан кўпроқ.

Православликка мансуб бир нечта асосий қадамжолар МП-УПЧга тегишли бўлган, масалан, Киев ғорлари монастири, Святогоррск ва Почаевский монастирлари.

Унинг Москвадан ажралиб чиқиши Рус православ черкови учун ўнлаб йиллар ва ҳатто асрлар давомидаги энг катта йўқотиш бўлади, дейди диний арбоблар.

«Бу кенгаш рус православ черковининг тобутига мих қоқади», деди МП-УПЧнинг киевлик протоиерейи Андрей Пинчук.

«У энди Кирилл давридаги кўринишда мавжуд бўлмайди... Бу Гундяев тимсолидаги рус православ черковининг дафн маросимидир», деди Пинчук патриарх Кириллнинг фамилиясига ишора қилиб.

«Бу қандай зарба эканини тўла англаш учун рақамларга назар солиш кифоя», деди у.

«Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, рус черкови ўз епископлигининг тўртдан бир қисмини, епархияларининг олтидан бирини, барча черков ва монастирларининг учдан бирини ва энг муҳими, унга содиқ қавмнинг деярли ярмини бой бермоқда», деди у. «Булар Москва учун жуда катта йўқотишдир».

Апрел ойида Пинчук урушни қўллаб-қувватлаган Кириллни черков трибунали томонидан лавозимидан четлатиш ташаббусини бошлаган эди.

«Декирилизация» жараёни аллақачон бошланган», деди у. «Бунинг тўлқини рус черкови раҳбариятини ҳам олиб кетади».

«[Православлар ва руҳонийлар] Кириллни қоралаши аниқ», деб қўшимча қилди Пинчук. «Бу унинг тириклигида бўладими ёки вафотидан кейинми, масала шунда. Бу албатта содир бўлади».

Аралаш мақом

МП-УПЧнинг мақоми ҳозирда муаллақ қолган.

«МП-УПЧ аввалгидек бўлмаслиги аниқ. Лекин ҳозир ҳеч ким, ҳатто епископлар ҳам унинг кейинги тақдирини ва қандай мақомга эга бўлишини билмайдилар», дейди диншунос олим Сергей Шумилов.

«Ўйлайманки, УПЧ Константинопол билан мулоқотга киришади, лекин бу жараён жуда секин кечади», деди у МП-УПЧ Украинанинг автокефал православ черкови таркибига қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларга ишора қилиб.

«Бир томондан, черков мустақил, лекин каноник жиҳатдан уни ҳеч ким тан олмаган, чунки у автоном черков ёки черков тили билан айтганда, автокефал черков бўлиши керак», дейди киевлик диншунос олим Александр Саган.

«Улар мухтор мақомга эга эмас – бу ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилмаган. Шундай экан, черков ҳозир гибрид мақомда», деди у.

«Епархияларнинг сезиларли қисми ким билан бирга бўлишни ўзлари ҳал қиладилар», деди у. «Уруш шароитида янги низомни қабул қилиш-қилмасликни епархияларнинг ўзи белгилаши мумкин».

Тартибсиз ажралиб чиқишлар

Сўнгги уч ярим йил ичида 1000 га яқин қавм Москва патриархиясидан Украина православ черковига ўтган. Биргина 24 февралдан бери уларнинг 300 га яқини ажралиб чиққан.

Баъзида ажралишлар дўстона кечмайди.

Мисол учун, март ойи бошида Украина ғарбидаги кичик шаҳарча – Дрогобич шаҳар кенгаши ўз жамоаси ҳудудида МП-УПЧ фаолиятини тақиқлаган эди.

Дрогобич ҳокимининг ўринбосари Андрей Ковчнинг сўзларига кўра, Москва патриархиясига қарашли черковлардан бири Москва билан алоқаларини яширишга уринган.

Черков руҳонийси унинг Москва патриархиясига қарашли экани ёки йўқлигини аниқлаши керак бўлган махсус комиссия ҳузурига чақиртирилган.

«У Москва патриархияси билан алоқадор эмаслигига қасам ичди», деди Ковч. «Аммо биз барибир алоқалар борлигини аниқладик.»

«Ўша куни руҳоний одамларнинг «Уят!» деган қичқириқлари остида марказий майдонни тарк этди ва биз черковни муҳрладик», деди у.

Бир неча кундан кейин, 27 май куни 400 га яқин одам черковда жамоавий ибодат учун йиғилди.

«Черковни муҳрлаётган пайтимизда одамлар ичкарига кирмаган эдилар, ўшанда киришди. Ва даҳшатли манзарага гувоҳ бўлишди. Қўнғироқлар олиб ташланган, иконостас бузилиб, барча иконалар олиб кетилган эди.»

«Ичкарида бўм-бўш деворлардан бошқа ҳеч вақо йўқ эди», деди Ковч.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Яхши мақола экан. Украинадаги мусулмонлар ва Россия руҳоний вакиллари ўртасидаги муносабатлар ҳақида билишни истардим.

Жавоб бериш