Карвонсарой
Сиёсат

Ўзбек рассоми Россиянинг Украинага қарши тажовузига сатира орқали норозилик билдирмоқда

Рустам Темиров

Икки бошли Россия бургути ўз панжаларида одатдаги ҳасса ва хочли шар ўрнига ядро бомбаси ва Россиянинг Украинага босқини рамзи бўлган «Z» ҳарфини ушлаб турибди. [Маҳмуд Эшонқулов]

Икки бошли Россия бургути ўз панжаларида одатдаги ҳасса ва хочли шар ўрнига ядро бомбаси ва Россиянинг Украинага босқини рамзи бўлган «Z» ҳарфини ушлаб турибди. [Маҳмуд Эшонқулов]

Қадимий ҳайкаллардан бўлмиш «Лаокун ва унинг ўғиллари»га чизилган ўхшатмада Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси Георгий лентаси билан курашаётгани акс этган. [Маҳмуд Эшонқулов]

Қадимий ҳайкаллардан бўлмиш «Лаокун ва унинг ўғиллари»га чизилган ўхшатмада Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси Георгий лентаси билан курашаётгани акс этган. [Маҳмуд Эшонқулов]

Ўйин қартасида «ажал чалғисини» ушлаб турган Россия президенти Владимир Путин. [Маҳмуд Эшонқулов]

Ўйин қартасида «ажал чалғисини» ушлаб турган Россия президенти Владимир Путин. [Маҳмуд Эшонқулов]

Россия президенти Владимир Путин Украина харитасига танк билан зарба бермоқда. [Маҳмуд Эшонқулов]

Россия президенти Владимир Путин Украина харитасига танк билан зарба бермоқда. [Маҳмуд Эшонқулов]

«Z» ҳарфидан иборат бомбалардан ер остига яширинаётган тинч фуқаролар. [Маҳмуд Эшонқулов]

«Z» ҳарфидан иборат бомбалардан ер остига яширинаётган тинч фуқаролар. [Маҳмуд Эшонқулов]

БЕШАРИҚ ТУМАНИ, Ўзбекистон – Ўзбекистонлик 55 яшар карикатурачи рассом Маҳмуд Эшонқуловнинг ижодида Россия Украинага бостириб кирган 24 феврал кунидан янги босқич бошланган.

Эшонқуловнинг апрел ойидаги карикатураларининг бирида Россия президенти Владимир Путин ўйин қартасида чалғи ушлаган ажал образида тасвирланган.

Бошқа бир суратда икки бошли Россия бургути ўз панжаларида одатдаги салтанат ҳассаси ва хочли шар ўрнига ядро бомбаси ва Россиянинг Украинага босқини рамзи бўлган «Z» ҳарфини ушлаб турибди.

Карикатуралар орасида Ватикандаги қадимий ҳайкаллардан бўлмиш «Лаокун ва унинг ўғиллари»га чизилган ўхшатма ҳам бор.

4 май куни Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги сокин қишлоғида ишлаётган 55 яшар ўзбек карикатурачиси Маҳмуд Эшонқулов. [Бобур Воҳид ўғли]

4 май куни Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги сокин қишлоғида ишлаётган 55 яшар ўзбек карикатурачиси Маҳмуд Эшонқулов. [Бобур Воҳид ўғли]

Унда денгиз илонлари билан олишаётган юнон қаҳрамони ва унинг ўғиллари ўрнига совет байроғи олдида Россия ташвиқотининг рамзларидан бўлган Георгий тасмаси билан ўралашган Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси тасвирланган.

«Айни пайтда Украинада тинч аҳоли ва болалар ҳалок бўлмоқда. Шаҳарлар вайрон қилинган. Бутун дунё бу тажовузни қораламоқда, шу қатори мен ҳам», дейди Маҳмуд Эшонқулов.

«Одамлар энди Россиядан нафратланмоқда – рус халқидан эмас, балки Путинпараст нацистлардан», дейди у.

Эшонқулов Ўзбекистондаги кам сонли сиёсий карикатурачилардан биридир.

1991 йилда «Муштум» сатирик журналида суратлари чоп этилгунига қадар Эшонқулов тракторчи, ҳайдовчи, сотувчи, ёқилғи қуйиш шохобчаси оператори каби турли ишларни бажарган.

Шу кунларда у шовқин-суронли Тошкентдан Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги сокин қишлоғини афзал кўрган.

Эшонқулов профессионал фаолияти давомида 350 дан ортиқ кўргазма, фестивал ва танловларда иштирок этган.

Сиёсий ижоднинг аҳамияти

Ўзбекистонда сиёсий ва урушга қарши карикатуралар жанр сифатида оммалашмаган ва деярли ривожланмаган, дейди тошкентлик рассом Вячеслав Охунов.

Бу жанрда ижод қилувчи рассомлар икки-учтадан ошмайди, чунки ўзбек рассомлари кўпинча ўз асарларини тижорийлаштириш тарафдори бўлиб, ижтимоий-сиёсий фаолликдан, долзарб мавзулардан онгли равишда четланадилар, дейди у.

Охунов Эшонқуловнинг аксилҳарбий ижодини юқори баҳолар экан, бундай намуналар сиёсий ижоднинг узлуксиз ривожи учун зарур эканини айтади.

Эшонқуловнинг шахсий позицияси ҳурматга лойиқ, деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистон ҳукумати Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватласа-да, у ерда ўзбошимчалик билан эълон қилинган республикаларни тан олмаса-да, Россия элчихонаси, Россия уйи ва савдо ваколатхоналари «сўнгги вақтларда кўпайиб кетган турли ФСБ жосусларига тўла», деди Охунов Россия Федерал хавфсизлик хизматини назарда тутиб.

«Россия элчихонаси разведка идораларидаги одамлари орқали урушга қарши мавзуда чиқиш қилаётган ёки Украинадаги ҳарбий жиноятлар ҳақида очиқ гапираётган шахсларни аниқлаш ва рўйхатга олиш учун барча воситаларни ишга солмоқда», деди у.

Россиянинг Ўзбекистондаги ўта фаол ташвиқоти келажакда Ўзбекистон мустақиллигининг йўқотилишига олиб келиши мумкин, деб огоҳлантирди Охунов.

Демократик жамиятда инсонлар фикрни ифодалаш эркинлигига эга бўлишлари лозим, жумладан, бу карикатура эркинлигини ҳам ўз ичига олади, дейди тошкентлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

«Бу майдонда рассомлар сони бир, икки, беш ёки ўнта эмас, жуда кўп бўлиши керак», деди у. Карикатурачилар фикр эркинлигига таянмоғи зарур».

Эшонқуловнинг карикатуралари ғазаб ва умидсизлик табассумини уйғотади, дейди фарғоналик санъатшунос Санъат Мелибоев.

«Бугун уруш ва уни бошлаганлар ҳақида ўз фикрини эркин билдириш учун катта жасорат керак», деди у. «Бунга ҳар қандай рассом ҳам журъат қила олмайди».

«Аммо Украинадаги уруш даҳшатларини кўрсангиз, жим туролмайсиз. Шу сабабли Эшонқулов чизган расмлар шундай кучли ҳис-туйғулар уйғотади», дейди Мелибоев.

«Улар диктатуранинг шафқатсизлиги ва унинг оқибатлари ҳақида фикр юритишга ундайди».

Воқеликни тасвирлаш

Ўз навбатида Эшонқулов воқеликни санъат орқали акс эттираётганини айтади.

Сиёсий карикатуралар ва танқид келажак учун хизмат қилади, дейди у.

«Ўзимизни танқид қилсак, жамият ривожланади... биз ўз камчиликларимизни биламиз ва уларни тузатишга ҳаракат қиламиз.»

Эшонқуловнинг яна бир суратида Путиннинг Украина харитасига танк билан зарба бермоқчи бўлаётгани тасвирланган. Кейинги суратда эса танк парча-парча бўлиб кетган.

«Бутун дунёдаги одамлар урушга қарши. Мана биз Ўзбекистонда яшаймиз. Уруш кимга керак?»

«Айнан шу сабабли Путин – нацист. Агар Россия-Украина уруши каби ҳодисалар юз берадиган бўлса, биз барибир жимгина қараб турмаймиз», деб айтган Эшонқулов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қишлоғингга қайтиб, расм чизишни тўхтат. Сизларга цивилизация ва маданият олиб келган Россия бўлади.

Жавоб бериш

Энангникига даф бўл, рус ҳарбий кемаси

Жавоб бериш

Куф-суф, дўппингга чоптирдим )))

Жавоб бериш