Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россия Украинанинг ишғол қилинган ҳудудларида мажбурий паспортлаштириш жараёнини бошлади

Ольга Чепил

Россия қўшнисига ҳужум қилганидан 11 кун ўтиб, 6 март куни Сербия пойтахти Белградда, Россиянинг Украинага босқинига қарши намойиш чоғида иштирокчилардан бири ўзининг Россия паспортини ёқиб юборган. [Андрей Исакович/AFP]

Россия қўшнисига ҳужум қилганидан 11 кун ўтиб, 6 март куни Сербия пойтахти Белградда, Россиянинг Украинага босқинига қарши намойиш чоғида иштирокчилардан бири ўзининг Россия паспортини ёқиб юборган. [Андрей Исакович/AFP]

КИЕВ – Россиянинг Украинадаги босқинчи кучлари украиналикларни Россия паспортларини олишга мажбурламоқда – кузатувчилар наздида бу халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилишидир.

Ишғол қилинган, ҳали ҳам алоқа ва электр қуввати тикланмаган Мариуполда россияликлар ҳужжатларни қабул қилиш пунктларини Россия паспортларини олиш имконияти учун жиҳозлай бошладилар, деб ёзади Мариупол мэри маслаҳатчиси Пётр Андрюшченко 2 июн куни ўзининг Телеграм каналида.

Мариуполдаги босқинчи кучлар «бундай пунктлар учун электр энергияси улаш имконияти бор ва бузилмаган бинолардан жой қидирмоқда», деб ёзган у.

«Мариуполнинг ҳақиқий аннексияси бошланди».

2014 йилнинг 25 май куни Россиянинг ўша пайтдаги Бош вазири Дмитрий Медведев (ўртада) Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский (чапдан иккинчи) ҳамроҳлигида Қримнинг Севастопол портидаги маҳаллий ФМХ идорасига ташриф буюрди. Медведев ўша йили Россия тарафидан аннексия қилинган Қримга ҳам ташриф буюрган, расмий Киев бу воқеани «провокация» деб атаган. [Александр Астафьев/РИА-Новости/AFP]

2014 йилнинг 25 май куни Россиянинг ўша пайтдаги Бош вазири Дмитрий Медведев (ўртада) Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский (чапдан иккинчи) ҳамроҳлигида Қримнинг Севастопол портидаги маҳаллий ФМХ идорасига ташриф буюрди. Медведев ўша йили Россия тарафидан аннексия қилинган Қримга ҳам ташриф буюрган, расмий Киев бу воқеани «провокация» деб атаган. [Александр Астафьев/РИА-Новости/AFP]

25 май куни президент Владимир Путин Украина жанубидаги Запорожье ва Херсон вилоятлари аҳолиси учун Россия паспортини олиш тартибини соддалаштирувчи фармонни имзолаган.

«Мажбурий паспортлаштириш жараёни... Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрлари ва тамойилларининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади», дейилади Украина ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Бу ташаббус Украинага қарши урушнинг жиноий мақсадларини, яъни Россия армияси назоратидаги вилоятларни «Россиянинг ҳуқуқий, сиёсий ва иқтисодий майдонига интеграция қилиш жараёнини яна бир карра тасдиқлайди», деди вазирлик.

Бу борадаги расмий буйруқ 2019 йилда қабул қилинган фармойиш ортидан берилган – ўшанда ўзини мустақил деб эълон қилган Украина шарқидаги бўлгинчи вилоятлар – Донецк ва Луганск халқ республикалари аҳолиси учун ҳам худди шундай тезкор тартиб жорий этилган эди.

Бу жараён Россия томонидан ишғол қилинган Украина ҳудудларини аннексия қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар фонида юз бермоқда.

«Европа Иттифоқи [ЕИ] Россиянинг демократик йўл билан сайланган ва қонуний Украина маъмуриятларини алмаштиришга бўлган ҳар қандай уринишларини қатъиян қоралайди», деди Европа Иттифоқи бош дипломати Хосеп Боррел 3 июн кунги баёнотида.

Боррелл шунингдек, «Россия рублини Украина гривнасига параллел валюта сифатида муомалага киритиш, Россия таълим дастурлари ва материалларини жорий қилиш, Херсон ва Запорожье вилоятларининг босқинчи қуролли кучлар ноқонуний назорат қилаётган ҳудудларидаги мактабларда таълим тилини ўзгартириш уринишларни» қоралади.

Халқаро ҳуқуқнинг бузилиши

Қрим ҳуқуқбон гуруҳи раҳбари Олга Скрипникнинг айтишича, босиб олинган ҳудудларда Россия паспортлари «қурол ўқталиб» берилмоқда, аҳолида танлов имкони йўқ.

«Бу ҳудудлар ҳозир Россия армияси назоратида», деди у. «Улар (маҳаллий аҳолини) бу паспортларни олишга мажбурлайдилар. Уларсиз одамларга гуманитар ёрдам берилмайди».

«Бош тортганлар калтакланиши, қўрқитилиши ёки ҳатто ўлдирилиши мумкин. Россия армиясининг усуллари даҳшатли ва шафқатсиз... Эндиликда паспорт олиш – омон қолиш деганидир», деди Скрипник.

Паспортлаштириш – инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўлиб, у бошқа жиноятлар, масалан, дискриминацияга сабаб бўлиши мумкин, дейди у. Оккупация шароитида Россия паспортига эга бўлмаган одамлар кўчаларда хавфсиз ҳаракатланиш, ишлаш ва қандайдир ёрдам олиш имконидан маҳрум бўлади.

Россия учун бу вақтинча ишғол қилинган ҳудудларда мустаҳкам ўрнашиб олиш имкониятидир, деб қўшимча қилди Скрипник.

«Руслар Украина жанубини сақлаб қолишни истаяпти», деди у. У ерда «мустақил республикалар» деб аталадиган тузилмалар ташкил қилиш учун паспортлар берилмоқда, бунинг учун халқнинг итоати керак».

Қаршиликни синдириш учун руслар бу паспортларни мажбурлаб бермоқдалар, дейди у.

«Қаршилик қилганлар эса шунчаки ғойиб бўлмоқда», деди Скрипник.

«Қрим SOS» ҳуқуқбон ташкилоти таҳлилчиси Евгений Ярошенконинг айтишича, босиб олинган ҳудудларда ғойиб бўлган одамларнинг қариндошларидан аризалар келиб тушмоқда.

Ғойиб бўлганларнинг аксари кўнгиллилар ёки собиқ аскарлар бўлиб, улар ҳатто ўлим хавфига дуч келса ҳам, Россия паспортини олишдан бош тортадиганлардир, дейди у.

Бундан ташқари, украиналиклар Россия паспортини олгач, Россия армияси уларни ноқонуний равишда қуролли кучлар сафига чақириш билан таҳдид қилмоқда, дейди Ярошенко.

«Бу вазиятда Россия бир вақтнинг ўзида иккита ҳарбий жиноят содир этмоқда», деди у. Биринчиси, босиб олинган ҳудудлар аҳолисини Россия армияси сафига мажбуран чақириш, иккинчиси эса уларни ўз давлатига қарши жангларга жалб этишдир».

Босиб олинган ҳудудлардаги ташвиқот

Мажбурий паспортлаштиришнинг бошқа тарафи ҳам бор – аёвсиз ташвиқот, дейди Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги дезинформацияга қарши кураш маркази матбуот котиби Василий Сличко.

Херсон вилоятида алоқа узилиб бормоқда. Украинанинг уяли алоқа провайдерлари ишламаяпти, интернет ҳам чекланган, деб огоҳлантирди у.

«Улар паспортлаштиришни амалга ошириш учун атайин ахборот вакуумини вужудга келтирмоқдалар.»

«Масалан, пенсия фақат рублда берилади, чунки бу рубл зонаси. Руслар янги телефон рақамларини ишга туширмоқдалар, энди фақат Россия рақамлари ишлайдиган ҳудудлар бўлади.»

«Руслар бегона ҳудудларини эгаллаб олганида доим шундай қилган», дейди Сличко.

Россия ўзи босиб олинган бошқа ҳудудларда – Қрим, Днестрбўйи, Абхазия ва Жанубий Осетияда ҳам шу йўл билан одамларга Россия фуқаролигини берган, дейди у.

Сличкога кўра, ташвиқотдан кўзланган иккинчи мақсад – босиб олинган ҳудудлардаги украиналиклар Россия паспортини иштиёқ билан олаётгани ва бу билан уларнинг Россияга содиқлигини кўрсатиш бўлган.

Қрим сабоқлари

65 яшар қримлик Рафқат 2014 йилда Қрим аннексия қилинганидан кейин Россия паспортини олган.

Ўшанда Россия ташвиқотчилари эрталабдан кечгача юриб, фуқароларни Россиянинг кириб келиши, референдум ва паспортлаштириш каби жараёнлар барча қонунлар ва БМТ низомига мувофиқ амалга оширилаётганига ишонтирган, деди хавфсизлик важидан исми ўзгартирилган Рафқат.

«Шундай бўлса-да, Россия паспортига эга бўлмаганлар ишга қабул қилинмаслиги, никоҳни қайд эта олмаслиги ёки судга бора олмаслиги ҳақида миш-мишлар мунтазам тарқала бошлади», деб айтган у. «Нафақалар билан нима бўлиши аниқ эмасди ва бу масала ҳам бизни хавотирга солганди.»

Соддалаштирилган жараёнда фақат расм тақдим этиш талаб қилинган, ҳужжатларни қабул қилиш пункти эса қишлоқ кенгаши биносида ташкил этилган.

Рафқат бутун оиласи учун ҳужжат топширган.

«Улар никоҳни тасдиқловчи ҳужжат, ҳарбий ёки яшаш жойида рўйхатдан ўтганлик ҳақида ҳеч қандай маълумот талаб қилишмади. Украина фуқаролигини тўхтатиш ҳақида ҳеч қандай ҳужжат сўрашгани йўқ. Украина паспортларини топширишимизни ҳам талаб қилишмаган», дейди у.

«Улар паспорт эмас, қандайдир чегирма учун купон тарқатаётганга ўхшарди», деб айтган Рафқат. «Ҳужжатларни олганимизда журналистлар келиб ҳаммани расмга олиб кетишган. Ҳужжат топширишдан кўра шу жараёнга кўпроқ аҳамият беришганди.»

2,2 миллион аҳоли яшайдиган Қримда оккупация вақтида паспортлаштириш икки ой давом этган, деди у.

«Паспортлаштиришдан кейин, дарҳол мулкни қайта рўйхатга олиш бошланди», дейди у. «Биз Россия қонунчилигига асосан, Россия паспортидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда уйимизни қайта рўйхатдан ўтказишга мажбур бўлдик.»

«Россия бошқа нарсалар қатори, заводлар ва ташкилотлар, ишлаб турган инфратузилма ва хусусий кўчмас мулкларни ҳам аннексия қилиб олган», деди у. «Уларнинг ҳаммаси Россия юрисдикцияси бўйича қонунийлаштирилиши керак эди.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу қоғоз – Россия паспортини одамларга фақат қурол ўқталиб бериш мумкин.

Жавоб бериш

Ҳозир ҳатто тожикларга ҳам Россия фуқаролиги керак эмас.

Жавоб бериш

Қутқарувчилар келишди; одамлар уларни шунчалик интиқлик билан кутишганки, қурол ўқталмасдан ҳеч ким бу товуқ паспортларини олишни истамаган. [Товуқ – Россия паспортидаги икки бошли бургутга ишора]

Жавоб бериш