ТАЙПЕЙ, Тайван – Россиянинг Украинага асоссиз босқини ортидан Хитойнинг Тайванга нисбатан тажовузининг кучайиши Тайпейни Пекин билан ҳарбий можаро эҳтимолига жиддий тайёргарлик кўришга ундамоқда.
Россия 24 феврал куниУкраинага бостириб кирган эди.
Cешанба (14 июн) куни Тайпей Хитойни Тайван бўғози халқаро сувлар ҳудудига кирмайди деган баёноти учун қоралаб, Пекинни унга нисбатан ҳудудий даъвоси билан минтақа тинчлигини хавф остига қўйишга уринаётганликда айблади.
Тайван ва материк Хитойни ажратиб турувчи тор сув йўли қайноқ нуқта бўлиб, Пекин кўпинча хорижий ҳарбий кемаларнинг бу ердан ўтишига ғазабнок муносабатда бўлади.
Қўшма Штатлар ва бошқа давлатлар бўғозни ҳамма учун очиқ бўлган халқаро сув ҳудуди деб билади.
Аммо душанба куни Хитой ташқи ишлар вакили Ван Венбин «Хитой Тайван устидан суверенитет, суверен ҳуқуқлар ва юрисдикцияга эга», деб айтган.
«Айрим мамлакатлар Тайванга оид масалаларни манипуляция қилиш ва Хитой суверенитети ва хавсизлигига таҳдид қилишга сабаб топиш учун Тайван бўғозини «халқаро сувлар ҳудуди» деб аташи сохта даъводир», деб қўшимча қилган у.
Сешанба куни Тайпей Пекиннинг даъволарини «нотўғри» ва «номақбул» деган танқид билан жавоб қайтарган.
«Хитой... Тайван суверенитетига очиқдан-очиқ раҳна солмоқда ҳамда минтақавий тинчлик ва барқарорликни хавф остида қолдириб, халқаро денгиз тартибига путур етказмоқда», дейилади Демократик прогрессив партия баёнотида.
Ташқи ишлар вазирлиги Пекинни «Тайван бўғозини ўзининг эксклюзив иқтисодий ҳудуди дея камситиб, халқаро қонунларни атайин бузмоқда» деб қоралади.
«Хитойнинг Тайванни аннексия қилиш нияти аниқ», дейилади баёнотда.
1949 йилдан бери ўз ҳукуматига эга Тайван Хитойнинг доимий босқинчилик таҳдиди остида яшайди. Пекин оролни ўз ҳудуди деб билади ва уни бир кун керак бўлса куч билан тортиб олишга ваъда берган.
Мустақиллик хавф остида
Сингапурда Хитой мудофаа вазири Вей Фенхе ва АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ўртасида илк марта ўтказилган қизғин музокаралар ортидан айбловлар янгради.
«Кимдир Тайванни Хитойдан ажратиб олишга уринса, Хитой армияси қанчалар қимматга тушмасин, иккиланмасдан уруш бошлайди», деб айтган Хитой мудофаа вазири вакили У Цян Вейнинг Остин билан учрашуви вақтидаги сўзларидан иқтибос келтириб.
Вазирлик хабарига кўра, Вей шунингдек «Тайван мустақиллиги борасидаги ҳар қандай фитна парчалаб ташланиши ва ватанни бирлаштириш ғояси қатъий қўллаб-қувватланишини» айтган.
Вазирликка кўра, у «Тайван Хитойга тегишли эканини, Хитойни тийиб туриш учун Тайвандан фойдаланиш ҳеч қачон фойда бермаслигини таъкидлаган».
АҚШ мудофаа вазирлигига кўра, Остин Вейга Пекин «Тайванга нисбатан беқарорлаштириш ҳаракатларидан тийилиши» кераклигини айтган.
Бундай кескин баёнотлардан кейин АҚШнинг миллий хавфсизлик масаласи бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ва Хитойнинг юқори мартабали дипломати Янг Цзечи душанба куни Люксембургда давомли ва икки томонга кўра «самимий» музокара ўтказган.
Мулоқот ўтган ҳафтадагига нисбатан босиқ руҳда ўтган, аммо томонлар асосий келишмовчилик, айниқса Тайван масаласи бўйича ҳеч қандай муросага келмаган.
Хитой ва Россия ўқи
Хитой президенти Си Цзиньпин анчадан бери Хитойни «ёшартириш» доирасида Тайванга даъвогарлик қилиб келган, худди шу тарзда Россия президенти Владимир Путин ҳам Украинадаги «ҳарбий операция» «ватанни» бирлаштириш мақсадига қаратилганини даъво қилади.
Москва Украинага ҳужум бошлашидан бир неча ҳафта аввал Си ва Путин ўз чегараларида Ғарбга хос демократияга эга давлатларнинг умумий таҳдидидан хавотирланиб, глобал сиёсий ва ҳарбий тартибнинг «янги асрида» бир сафда бўлишга ваъда берганлар.
««Бу икки мамлакат ўртасидаги дўстлик чегара билмайди», деган эди улар 4 феврал куни учрашувдан кейин эълон қилинган қўшма баёнотда. «Ҳамкорликда тақиқланган соҳалар йўқ.»
Путин ва Си «дунёни, хусусан собиқ социалистик мамлакатларни авторитаризм учун ҳозирлашга қатъий содиқ эканликларини кўрсатдилар», деб айтган Лондондаги SOAS университети сиёсатшуноси Стив Цанг учрашув ҳақида.
Си Цзинпин Украина борасидаги позициясини очиқлаш билан «Путин билан бирга АҚШ ҳукмронлик қиладиган дунё тартибига қарши чиқишдан манфаатдор эканлигини кўрсатмоқчи», деб айтган Цанг AFP билан суҳбатда.
Ўз навбатида Россия Пекиннинг Тайван борасидаги «ҳар қандай мустақилликка» қарши бўлган «Ягона Хитой» сиёсатини ёқлашини тасдиқлаб, сўнгги икки йил ичида Гонконгдаги демократик ҳаракатларнинг шафқатсиз бостирилганини қўллаб-қувватлаган.
Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқинидан бир кун аввал – 23 феврал куни Хитой ҳукумати Тайван Хитойнинг бир қисми эканлигини ваҳимали тарзда яна бир бор таъкидлаган эди.
«Тайван доим Хитой ҳудудининг ажралмас қисми бўлиб келган. Бу рад этиб бўлмайдиган тарихий ва ҳуқуқий факт», деди ХХР ТИВ матбуот котиби Хуа Чунин матбуот анжуманида.
Тайван президенти Цай Ин-Вен «ташқи кучлар» «Украинадаги вазиятдан фойдаланиб, Тайван жамоатчилигининг руҳиятига таъсир ўтказишга» уринаётганини айтди ва ҳукуматни «когнитив урушга қарши ҳушёрроқ бўлишга» чақирди.
Украина сабоқлари
Украинада давом этаётган уруш қудратлироқ босқинчи кучларга қарши туриш учун зарур бўлган тактика ва қуроллар борасида кўпчилик тайванликларга ёқимсиз сабоқ бўлди.
Тайван қирувчи самолётлар ва сув ости кемалари учун миллиардлаб доллар маблағ сарфламоқда, профессионал армия барпо этишга уринаётган ҳарбийлар эса юқори малакали аскарларни тўплаш, тайёрлаш ва ушлаб туришга қийналмоқда.
Аммо бу ҳолат ўзгариши мумкин.
Тайпейлик компьютер муҳандиси, заҳирадаги 31 яшар ҳарбий хизматчи Ву Чиуан-Сюннинг айтишича, март ойидаги машғулотлар сўнгги йилларда унга ўхшаган аскарлар иштирокида ўтказилган машғулотларга нисбатан давомлироқ ва қийинроқ кечган.
Унинг қўмондонлари деярли ҳар куни Хитой таҳдиди кучайиб бораётганини аскарларга эслатиб туришган, дейди у.
«Энг аввало ўзингни ҳимоя қилиш учун қатъиятга эга эканингни кўрсатишинг керак, шунда бошқалар ҳам ёрдамга келишади – Украина бизга шуни ўргатди», дейди у New York Times билан суҳбатда.
Хитой деярли ҳар куни Тайванга қирувчи самолётлар юбормоқда, ўтган ойнинг ўзида ҳудудда бир кунда 30 та самолёт қайд этилган.
Ўтган йили Хитой самолётлари Тайваннинг ҳаво мудофаа ҳудудини рекорд даражада – 969 марта бузиб кирган, деб маълум қилган расмийлар январ ойида.
24 май куни Хитой ва Россия Кремлнинг Украинага босқинидан кейин илк қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиб, шимоли-шарқий Осиёдаги денгизлар узра бомбардимончи самолётларни учирди.
Машғулотлар Хитойнинг тобора кучайиб бораётган жанговар таҳдидини муҳокама қилган Quad тўртлиги – Қўшма Штатлар, Ҳиндистон, Австралия ва Япония учрашуви вақтида ўтказилган.
Провокацион жанговар ҳаракатлар ва ҳарбий машғулотлар Тайван расмийлари ва халқаро кузатувчиларни хавотирга солмоқда.
The New York Times газетасига интервью берган Тайваннинг собиқ мудофаа вазири Майкл Цай: «Биз кута олмаймиз; биз вақт билан мусобақалашяпмиз», деб айтган.
«Россиянинг Украинага босқини бир лаҳзада юз берди – ХХОА Тайванга қачон бостириб киришини ҳеч ким билмайди», деди у Хитой халқ озодлик армиясини назарда тутиб.
Ачинарлиси шундаки, Тайван Украина каби қўллаб-қувватланмайди ва Хитой, эҳтимол, Россиянинг орклар армиясидан кўра яхшироқ қуролланган. Бу қон тўкилишига олиб келиш эҳтимоли бор ва Тайван ундан мустақил ва талафотларсиз чиқа олмайди. Агар халқаро мутахассислар ва ташкилотлар аралашмаса, буларнинг барчаси янги босиб олинган ҳудуд ва мустақилликни йўқотиш билан якунланиши мумкин.
Жавоб беришФикрлар 4
Пекиннинг «ягона Хитой» сиёсати «буюк Россия» сиёсатини эслатмоқда, бу ерда фақат буюк деган сўз бор, холос. Улар битта «Чинраша»га бирлашсин ва дунёнинг қолган қисмини тинч қўйиб, ўша дўзахли ҳудуд ичида жанг қилсин. Яна битта Шимолий Кореяга қамалиб олиб, ўша ерда қолишсин.
Жавоб беришФикрлар 4
«Провокацион жанговар ҳаракатлар ва ҳарбий машғулотлар Тайван расмийлари ва халқаро кузатувчиларни хавотирга солмоқда..» Ҳамма эски схемалар билан ишлаяпти, бошқачасига мумкин эмасми? Яна провокацион машғулотлар, кейин нима, яна бир қайноқ нуқтами? Улар қачон тинчланади ўзи?
Жавоб беришФикрлар 4
Хитой санкцияларнинг ҳажмини кўриб, бунга журъат қилолмаслиги мумкин. Улар йиллар давомида ўзларини бутун дунёдан максимал даражада узоқлаштиришга ва сиёсий-ижтимоий фаолиятини ўз мамлакатлари билан чеклашга ҳаракат қилишди. Шунга қарамай, мамлакат ички бозори ёки қолган ҳамкор-мамлакатлар учун маҳаллий ишлаб чиқариш даражасини бир хил суръатда ушлаб туриб бўлмайди. Шу сабабли, Тайван келажакда оқибатлар нуқтаи назаридан уларга қимматга тушиши мумкин.
Жавоб беришФикрлар 4