Карвонсарой
Бизнес

Афғонистон портида Ўзбекистон билан савдо ҳажмининг ошиши кузатилмоқда

Муҳаммад Қосим

22 май куни Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Ҳайратон портида афғон маҳсулотларини контейнерларга ортаётган кран. [Ижтимоий тармоқлар]

22 май куни Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Ҳайратон портида афғон маҳсулотларини контейнерларга ортаётган кран. [Ижтимоий тармоқлар]

ҚУНДУЗ ВИЛОЯТИ, Афғонистон – Афғон савдогарлари ва маҳаллий расмийларга кўра, Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятидаги Ҳайратон порти орқали ўтадиган импорт ва экспорт ҳажми 10 ойлик пасайишдан сўнг яна кўтарила бошлаган.

Бу янгилик ўзига қўшни мамлакат равнақидан манфаатдор бўлган Ўзбекистонда илиқ қаршиланмоқда.

«Экспортимиз ҳажми жуда яхши», дейди Ҳайратон порти бош директори Абдул Саттор Рашид. «Шунингдек, ҳар куни Ўзбекистондан келувчи турли маҳсулотлар ортилган 120 дан 140 тагача темирйўл вагонларини импорт қиляпмиз.»

«Афғонистонлик савдогарлар гилам, қизилмия, табиий ўтлар, қуритилган мева ва ёнғоқлар, бодом, кедр ёнғоғи ва майиз, сабзавотларни экспорт қилади», деди у. «Афғонистон импорти ун, гуруч ва ёғ каби озиқ-овқат маҳсулотлари, арматура ва бошқа зарурий маҳсулотларни ўз ичига олади.»

«Афғон савдогарлари ҳар куни чегарадан тўрт-бешта юк машинасида маҳсулотлар олиб ўтишади, улар учун божлар бекор қилинган», деди у. «Экспорт ҳажмини янада оширишга ҳаракат қиляпмиз.»

Абдул Рашиднинг айтишича, Ҳайратон портида тижорат товарларининг кунлик импорт-экспортига ҳеч қандай чекловлар йўқ.

«Ўтган йил август ойидан бери биз Ҳайратон порти орқали 640 минг тоннадан ортиқ картошка, пиёз, қизилмия, гиламлар, кунжут, зиғир уруғи, пахта ва жониворлар терисини экспорт қилдик», дейди Балх савдо ва саноат бошқармаси қошидаги саноат парклари бўлими раҳбари Шер Аҳмад Сипоҳизода.

«Бу порт орқали экспорт [сўнгги ойларда] 82 фоизга ошди», деди у. «Ўтмишда уруш ва нотинчлик туфайли бизда экспорт ҳажми бундай эмас эди.»

Тижорий маҳсулотларни ортиш, тушириш ва сақлашни назорат қилувчи Ҳайратон чегара хизмати маъмурияти маълумотларига кўра, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажмини ўсиши билан бирга даромад ҳам ошган.

«Ўтган йилларда Бошқарманинг кунлик даромади 1 миллион афғонийни (11 минг доллар) ташкил этган бўлса, ҳозирда бу давлат ғазнасига қўшиладиган 3 миллион афғонийдан (34 минг доллар) ошди», деди бошқарма раҳбари Алижон Умарий.

«Бизнес операциялар устидан қатъий назорат ўрнатиш, коррупциянинг олдини олиш, йирик корхоналарга имтиёзлар бериш даромадларнинг ошишига олиб келди.

Умарий мамлакатни тарк этган инвесторлар ва тадбиркорларни Афғонистонга қайтишга, мамлакатни қайта тиклаш ва ривожлантиришга сармоя киритишга чақирди.

Савдогарлар орасидаги некбинлик

Афғонистон шимолидаги савдогарларнинг айтишича, савдо жараёнида ҳеч қандай тўсиқлар йўқ, Ҳайратон орқали импорт ва экспорт ҳажми эса ошмоқда.

Ўтган йил давомида вилоятда савдо секинлашган бўлса-да, сўнгги вақтларда Ҳайратон орқали импорт ва экспорт ҳажми ошган ва савдогарлар учун айрим қулайликлар яратилмоқда, дейди Балх вилоятидаги афғон савдогари Муҳаммад Имрон Аҳмадий.

Импорт ва экспорт билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди, деди у. Фақат «пул ўтказиш ва савдогарларга ўз вақтида виза бериш» муаммоси сақланиб қолмоқда.

У афғонистонлик савдогарларга виза бериш масаласи жиддий муаммо бўлганини ва кўплаб савдогарлар сиртдан битимлар тузишга мажбур бўлгани учун катта зиён кўрганини айтди.

«Чегаралар очиқ эмас, аҳоли қийинчиликларга дуч келмоқда», деди у. Афғонистонлик савдогарларга визалар берилса, чегаралар очилса ва ўз вақтида экспорт қилиш йўлга қўйилса, мамлакат иқтисодиёти яхшиланади», дейди у.

«Олдинги давр билан таққослаганда савдогарлар учун қулайликлар кўпайиб, ортиқча харажатлар камайди, деди ҳайратонлик савдогар Маҳмуд Рамин.

«Савдогарларга кўпроқ қулайликлар яратилиши бозорларда озиқ-овқат, газ, нефт каби товарларнинг кўпайишига сабаб бўлади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Иқтисодни кўтариш ва иттифоқларни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик алоқаларининг яна гуллаб-яшнаши минтақа учун жуда муҳим.

Жавоб бериш