Суриядаги манбаларга кўра, Башар Асад режими ёшларнинг ўта заифлигидан фойдаланиб, уларнинг ўз ватанларидан узоқда жанг қилиши учун Россия ва Эронга жангарилар ёллашга фаол ёрдам бермоқда.
Россия ва Эрон Сурияда молиявий қийин аҳволда қолган ёшларни мунтазам маош тўлаш ваъдаси билан аскарликка ёллаб ва оддий машқ ўтказиб, уларни Яман ва Украинадаги қайноқ нуқталарга юбормоқда.
Россия 24 феврал куни Украинага ҳужум қилганидан кўп ўтмай, суриялик жангарилар Россия қуролли кучлари билан бир сафда урушиш учун Украинага етиб келишган.
Уларни тайёрлаш ва ташиш Суриядаги Россия қуролли кучлари ва Россияга алоқадор икки қўриқлаш компанияси: Вагнер гуруҳи ва Ал-Сайёд қўриқлаш ва хавфсизлик хизматлари томонидан амалга оширилмоқда.
Март ва апрел ойларида «Ҳақиқат ва адолат учун сурияликлар» ташкилотининг Al-Mashareq нашрига хабар беришича, Украинадаги Россия кучлари сафида жанг қилиш учун Суриядан 500 киши ёлланган.
Янги ёлланма аскарлар 25 кишидан иборат кичик гуруҳларда Россиянинг Латакия вилоятидаги Хмеймим базаси орқали Украинага олиб кетилган.
Сурия режими хавфсизлик хизматлари Россия қуролли кучларига аввал Суриянинг жангари гуруҳлари ёки қуролли кучлари сафида россиялик зобитлар назорати остида урушган, шаҳар шароитида жанг олиб бориш тажрибасига эга кўнгиллиларни аниқлашга ёрдам берган.
Россиянинг Суриядаги ёллаш ҳаракатлари
Сурия режимининг Россия қўлловидаги 25-махсус кучлари дивизияси (Суҳайл ал-Нимр) ва 5-корпуснинг субдивизияси бўлган 8-бригада аскарлари Украинадаги урушга қўшилганлар, деб хабар беради «Ҳақиқат ва адолат учун сурияликлар» ташкилоти.
Улар россиялик зобитлар ўтказган икки ҳафталик ҳарбий тайёргарликдан сўнг кескин жанг бўлаётган шарқий фронтга жўнаб кетишган.
11 март куни Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши урушда минглаб Яқин Шарқлик жангариларнинг иштирок этиши учун йўл очган эди.
Украинада Россия қуролли кучлари сафида «жанг қилишга Яқин Шарқда 16 минг нафар кўнгилли шай», деб айтган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу.
Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига кўра, Россия бундан аввал Украинада россияликлар билан елкама-елка жанг қилиши учун Сурия режими армияси ва иттифоқдош жангариларнинг 40 мингдан ортиқ фахрийлари рўйхатини тузган.
Суриянинг мухолифатчи оммавий ахборот воситалари аввалроқ россияликлар сафида жанг майдонига тушишга тайёр бўлган 2,5 мингга яқин суриялик жангари борлиги ва бу рақам тўрт мингга етиши мумкинлигини тахмин қилган.
Бу нашрларнинг хабар беришича, Сурия режимининг Россия қўлловидаги 4- ва 5-корпусларининг аскарлари урушга жўнаб кетиш учун Хомс қишлоғидаги Тияс (Т-4) ҳарбий базасида тайёргарликдан ўтганлар.
Украинага юборилган аскарларнинг қариндошларидан кўрсатма ва интервью олган «Ҳақиқат ва адолат учун сурияликлар» ташкилотига кўра, ёллаш жараёнида маблағ катта рол ўйнайди.
Кўпчилик сурияликлар пулга ўта муҳтож бўлган ҳолатларида жангариликка ёзилишади, аммо айрим хабарларга кўра, Россиянинг пулни вақтида тўлашига ишонч йўқ ва бу яна шундай давом этиши мумкин, дейди манбалар.
Ташкилот хабарига кўра, Ливияда Россиянинг ёлланма гуруҳлари сафида жанг қилган сурияликларнинг бир қисми Украинага кўчирилишидан олдин ватанига қайтарилган.
Айрим маълумотларга кўра, режимнинг машъум «бочкали» бомбаларини ишлаб чиқарадиган 50 га яқин суриялик мутахассис бир неча ҳафта олдин Россияга келган ва Россия ҳарбий мутасаддилари билан бирга ишламоқда.
ИИПКнинг ёллаш ҳаракатлари
Бу орада Эрон ҳам Сурияда ўзининг ёллаш ҳаракатларини бошлаган – хуcийларни қўллаб-қувватлаш учун Яманга юбориладиган аскарларни тўпламоқда.
Nedaa Post нашрининг 18 апрел кунги хабарига кўра, Сурияда Ҳожи Диёний номи билан танилган эронлик қўмондон Жавод Муҳаммад-Ғулом Дианий назорати остида янги ёллаш кампанияси олиб борилмоқда.
Хабар қилинишича, бу кампания чегарадаги Албу Камол шаҳридан 200 га яқин сурияликни хусийлар сафида жанг қилиш учун уч йиллик шартнома асосида ёллашга қаратилган.
«Россия ва Эрон биргаликда Сурия ёшларини ўз жангарилари сафига ёллаш ва ташқи можароларда уларни тўп еми сифатида ишлатиш билан мамлакат халқини йўқ қилмоқда», дейди Суриянинг қабилавий кенгаши расмий вакили Шайх Мудар ал-Ассад.
«Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИПК) ҳали ҳам айрим сурияликларни пул билан ўзига жалб қилмоқда ва Сурия режими қамоқхоналаридаги маҳбусларга қамоқда қолиш ёки жангариларга қўшилиш танловини тақдим этяпти», деди у Ал-Машариқ нашрига.
Ал-Ассааднинг таъкидлашича, Фирот ҳавзаси, Дайр аз-Зор, Раққа, Шомия, Сурия соҳиллари ва жанубий Дамашқдан кўп сонли ёшлар «мажбурлов ёки молиявий сабаб» туфайли ИИПК жангарилари сафига қўшилган.
«Эронликлар ўзларига қарашли бошқа жангарилари сафига қўшилишлари учун бу одамларнинг кўпчилигини Яман, Ироқ ва ҳатто Афғонистонга ва баъзи Африка мамлакатларига юборган», деди у хусийлар, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ва ироқлик жангариларни назарда тутиб.
Умид қиламизки, тарих тўғри ёзилади ва рашалик йиртқичлар тарафида кимлар бўлганини ҳеч ким эсдан чиқармайди
Жавоб беришФикрлар 4
Янгиликларга қараганда, Украинада интернетда атиги уч кунда ғалаба қилиши ва қандайдир буюк армия ҳақида ўпкасини тўлдириб чинқираётган бирорта ҳам «ҳақиқий рус» жанг қилаётгани йўқ. Янгиликларни ўқисангиз, фақат бурятлар, қандайдир алкашлар, энди эса мана суриялик ёлланма аскарлар жанг қилаётган бўлади.
Жавоб беришФикрлар 4
«Хабар қилинишича, бу кампания чегарадаги Албу Камол шаҳридан 200 га яқин сурияликни хусийлар сафида жанг қилиш учун уч йиллик шартнома асосида ёллашга қаратилган» – агар ҳамма ҳатто шартномалар сони ва муддатини билса, нега бунга чек қўя олишмайди?
Жавоб беришФикрлар 4
«Пулга муҳтож суриялик ёшлар» минтақани қашшоқ ҳолатга олиб келишди ва энди уларни ёллаш мумкин. Иқтисодни нолга олиб борасан, инфратузилмани ва минтақавий сиёсатни йўқ қиласан ва исталган жойга ёллаш мумкин бўлади.
Жавоб беришФикрлар 4