Карвонсарой
Жамият

Россияда «McDonald's» ўрнига келган янги бренд интернетда кулгига қолди

Канат Алтинбаев ва AFP

Москвадаги ресторанларнинг биридан «McDonald's» логотипи олиб ташланмоқда, 17 июн. [Александр Неменов/AFP]

Москвадаги ресторанларнинг биридан «McDonald's» логотипи олиб ташланмоқда, 17 июн. [Александр Неменов/AFP]

ОЛМАОТА – Россияда «McDonald's» халқаро тармоғига тегишли бўлиб келган янги фаст-фуд ресторанининг очилиши ижтимоий тармоқларда танқидий фикрлар ва ҳазил-мазахларга сабаб бўлди.

1990 йилда Москвадаги Пушкин майдонида биринчи «McDonald's» ресторанининг очилиши ўнлаб йиллар давом этган совет ҳокимияти ҳукмронлигидан сўнг пойтахтнинг «етуклик кечасига» айланган эди.

Қайта брендланган ресторан 12 июн куни яна ўз эшикларини очди. У Украинадаги можаро туфайли келиб чиққан ўзгаришларни эслатиб турувчи янги ном ва логотипга эга бўлди.

Фаст-фуд гиганти 16 май куни Россиянинг 24 феврал куни Украинага бостириб кирганига жавобан мамлакатни тарк этишини эълон қилган эди.

12 июн куни Москвада ребрендинг қилинган собиқ «McDonald's» ресторанининг очилиш маросими олдидан қўш чизбургер тайёрлаётган ходим. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

12 июн куни Москвада ребрендинг қилинган собиқ «McDonald's» ресторанининг очилиш маросими олдидан қўш чизбургер тайёрлаётган ходим. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

13 июн куни Москвада собиқ «McDonald's» ресторанининг русча версияси очилган куннинг эртасига унга кириш учун навбатда турган мижозлар. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

13 июн куни Москвада собиқ «McDonald's» ресторанининг русча версияси очилган куннинг эртасига унга кириш учун навбатда турган мижозлар. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Қозоғистонда 22 та «McDonald's» ресторани мавжуд бўлиб, улар Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Уларда босқиндан сўнг Қозоғистонга кўчиб келган россияликларни учратиш мумкин.

12 июн куни Пушкин майдонида туш вақтидаги расмий очилиш маросимидан анча олдин фаст-фуд рестораннинг «Вкусно и точка» деб номланган русча варианти олдида ўнлаб мижозлар тўпланган.

Айримлар ресторан номини «Мазали. Нуқта» деб таржима қилишган, «Мазали, гап тамом» деган вариант ҳам бор.

Бу ресторан илк бор мижозларни қабул қилган 15 та «Вкусно и точка» нуқтасидан бири бўлди.

Улардан яна 50 таси 13 июн куни очилди, янги тармоқ бутун мамлакат бўйлаб бир ҳафтада 50 дан 100 тагача жой очишни режалаштирмоқда.

Зарурий ўзгаришлар

Унинг логотипи яшил фондаги қизил доира ёнига қўйилган иккита норинж рангли картошка-фри бўлагидан иборат.

Янги компания бошқа ўзгаришларни ҳам амалга ошириши керак эди.

«Биз айрим маҳсулотларни менюдан олиб ташлашга мажбур бўлдик, чунки улар бевосита McDonald's брендига тегишли», дейди гуруҳнинг янги бош менежери Олег Пароев Euronews.com хабарига кўра.

Ғарб давлатларининг санкциялари ортидан Россияга жиддий таъсир кўрсатган инфляция туфайли нархлар «бироз» ошди, аммо уларни «мақбул даража» сақлашга ҳаракат қилинади, деб қўшимча қилган у «Vedomosti.ru» нашрига кўра.

Қадоққа келсак, у «нейтрал» – «бирор бир сўз ёки ҳарф» мижозларга янги тармоқнинг ўтмишдошини эслатмаслиги керак, дейди Россиядаги 850 та собиқ «Макдоналдс» ресторанини сотиб олган Александр Говор «Aif.ru» нашрига.

CNBC маълумотларига кўра, урушга қадар «McDonald's»нинг Россия ва Украинадаги айланмаси бутун дунёдаги умумий даромаднинг қарийб 9 фоизини ташкил қилган.

Май ойида компания мамлакатдаги фаолиятини якунлашини эълон қилганидан уч кун ўтгач, McDonald's лицензиясига эгалик қилиб келган Говор Россиядаги барча франшизаларни сотиб олди.

«McDonald's»нинг маълум қилишича, Говор ходимларни камида икки йил ушлаб туришга ва таъминотчилар, ижарага берувчилар ва коммунал хизматлар олдидаги мажбуриятларни молиялаштиришга рози бўлган.

Битим қиймати ошкор этилмаган.

Урушдан аввал Говор Сибирда 25 та «McDonald's» ресторанига эгалик қилган.

«Юмшоқ»

Пушкин майдонидаги собиқ «McDonald's»нинг кўзгули фасадига ўрнатилган шиорда «Ном ўзгаради, меҳр эса қолади» деган ёзувлар бор.

Бироқ, кўпчилик учун бундай муқобилнинг ҳеч қандай жозибаси йўқ.

«McDonald's каби барқарор монополист «қўлининг» сезилмаётгани ва тармоқнинг қатъий дизайн қоидалари ҳам фойдаланувчиларнинг қулайлигига таъсир қилади», деб ёзади 4PDA технологик сайти 12 июн куни интернетда пайдо бўлган мақоласида.

«Меню тартибсиз тузилган, ундаги кўп ёзувларни ўқиб тушуниш қийин. Ҳаммаси шошқалоқлик ва бепарволик билан қилингани кўриниб турибди».

Менюдаги расмлар McDonald's таомларининг бироз ўзгартирилган тасвирлари эди, деб таъкидлаган 4PDA.

«Бу тушунарли. Таомларни янгидан суратга олишмаган: эски файллардан бургерларнинг тайёр суратларини олишган, картошка-фрини оддий оқ қадоқ билан фотошоп қилишган, ичимликларнинг суратларини фото-омборлардан сотиб олишган ва қарабсизки, коллаж тайёр», деб ёзади сайт.

«Россия фастфуди мазасини татиб кўрган кўнгиллилар товуқ наггетслари ва стрипслари бемаза ва ўта юмшоқ экани, гўштлик хусусиятини йўқотганини айтганлар», деб ёзган 4PDA.

Эндиликда бошқа корхона тайёрлаб бераётган булочкалар «шакари кўплиги боис бургерларнинг мазасини ўзгартириб юборган», дейилади мақолади.

25 ёшлардаги ғазабнок меҳмонлардан бири «БигМакни қайтаринг» деган ёзув кўтариб олган.

Ҳозир Москвада яшаётган асли қирғизистонлик Улан Оморов авваллари McDonald's ресторанига мунтазам бориб турар эди.

«Вкусно и точка» таомларини татиб кўрган Оморов бу ерга бошқа келмаслигини айтди.

«Бургерларнинг мазаси сезиларли даражада ўзгарган ва менимча ёмон тарафга», деб айтган Оморов. «Атмосфера ҳам ўзгарган: ташрифчилар анча кам, ходимлар эса асабий.»

Мижозларнинг кўпчилиги таомларни танқид қилаётгани ва McDonald's билан солиштираётгани сабабли ходимларнинг кайфияти тушкун кўринади, дейди Оморов.

«Аввалгидек бемалол, маза қилиб ўтириш мушкул», деб қўшимча қилган у.

«Вкусно и точка» шунингдек, интернетда ҳам мазах қилинган.

Мемларнинг бирида «Асосчи» (The Founder) фильмида «McDonald's»га асос солган Рей Крок ролини ижро этган Майкл Китон «Вкусно и точка» логотипи олдида норози қиёфада тургани ва унинг остида рус тилидаги таглавҳада «БигМак қани?» деб ёзилгани акс эттирилган.

Телеграмда эълон қилинган яна бир суратда «SpongeBob SquarePants» мультфильмидаги «Krusty Krab» ва унинг муваффақиятсиз рақиби «Chum Bucket» бургерхоналари мос равишда McDonald's ва «Вкусно и точка» ресторанларига ўхшатилган.

«Планктон махфий рецептни ўғирлашга муваффақ бўлди», деб ёзган муаллиф киноя билан мультфилмдаги рақиб ва Chum Bucket эгасини назарда тутиб.

Россия: туманли келажак

Ўз ватанини ташлаб кетган россияликлар учун McDonald's – Россиянинг Украинага босқини қурбонларидан бири.

Жорий йилнинг феврал-апрел ойларида Қозоғистонга қарийб 130 минг россиялик келди, 2021 йили худди шу даврда бу кўрсаткич 60 минг кишини ташкил этган, деб хабар берган Inform.kz май ойида.

Ҳозир уларнинг аксарияти Қозоғистоннинг йирик шаҳрларида, пойтахт Нур-Султон ва тижорат маркази бўлган Олмаотада яшамоқда.

Москвалик ахборот технологиялари мутахассиси Владимир Сидоренко апрел ойида Олмаотага келган ва шаҳар марказида коворкинг офисини ижарага олган.

«У ерда тез-тез овқатланиб турсам-да, албатта, бу мамлакатга McDonald's учун келганим йўқ», деб айтган Сидоренко кулиб.

«Россияни тарк этган кўпчилик россияликлар бизнес алоқаларини сақлаб қолишга уринмоқда. Айримлар эса эҳтимол, янги, келажаги номаълум, буткул тоталитар воқеликда яшашни истамас», деб айтган у.

Россиянинг прогрессив жамоатчилиги тушкун кайфиятда, чунки одамлар «ҳукуматнинг ўз хатоларини тўғирлаши ва вазиятни ўнглашга ҳаракат қилишига ишонмай қўйган», деди Сидоренко.

«Россиядаги ҳаёт барча соҳаларда ёмонлашмоқда ва бу кундан-кунга сезилмоқда. «Вкусно и точка» биз гувоҳ бўлаётган катта фожеага кичик мисол, холос.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Вкусно и точка» мисоли биз гувоҳ бўлаётган улкан фалокатнинг кичик бир бўлагидир. Мен аллақачон шаҳардаги энг яхши ресторанда овқатдан заҳарланган илк мижозлар ҳақидаги хабарни кутяпман ва гап тамом.

Жавоб бериш

Мазали ва нуқта. Улар сизга танлов имкониятини бермайдилар. Россияда ҳамма жойда бўлгани каби. Танлов йўқ, гап тамом.

Жавоб бериш