Карвонсарой
Терроризм

Ўзбекистонда террорга алоқадор фаолиятнинг кучайгани комплекс ёндашувни тақозо этмоқда

Рустам Темиров

8 июн куни Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ўз сайтида ҳибсга олинган террорчи ташкилотлар аъзоларининг суратларини чоп этган. [Ўзбекистон ИИВ]

8 июн куни Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ўз сайтида ҳибсга олинган террорчи ташкилотлар аъзоларининг суратларини чоп этган. [Ўзбекистон ИИВ]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жорий йилнинг дастлабки беш ойида бир нечта тақиқланган террорчилик ташкилотларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйди, деб хабар қилган Ўзбекистон ИИВ шу ой бошида.

ИИВ маълумотларига кўра, «Ислом давлати» (ИД) ва «Тавҳид ва жиҳод катибаси» (ТЖК) билан алоқадор тўрт гуруҳ фаолиятига барҳам берилган.

Улар, шунингдек 10 дан ортиқ онлайн экстремистик гуруҳлар фаолиятини фош этиб, интернет орқали «ёлғиз бўриларни» ёллаш билан шуғулланганликда гумон қилинган 250 киши ҳибсга олишган.

Гумондорлар «экстремистик ва террорчи ташкилотлар ғояларини тарғиб қилган, ўз мамлакатларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишга чақириб, жангарилар сафига янги аъзоларни жалб қилган ва терроризмни молиялаштирган», дейилади вазирлик баёнотида.

Ўтган йилнинг 18 октябр куни Самарқанддаги ўқув машғулотларида иштирок этаётган Ўзбекистон аксилтеррор кучлари. [Замира Болтаева]

Ўтган йилнинг 18 октябр куни Самарқанддаги ўқув машғулотларида иштирок этаётган Ўзбекистон аксилтеррор кучлари. [Замира Болтаева]

Экстремизмда гумон қилинганлардан мусодара қилингани айтилган қўлбола портловчи мослама компонентлари. [Ўзбекистон ИИВ]

Экстремизмда гумон қилинганлардан мусодара қилингани айтилган қўлбола портловчи мослама компонентлари. [Ўзбекистон ИИВ]

Вазирликнинг қўшимча қилишича, шу каби ҳолатларнинг бирида куч ишлатар тузилмалар Тошкентда 27 ёшгача бўлган 10 нафар аъзоси бор иккита ТЖК ячейкаси фаолиятига чек қўйган.

Уларнинг фаолияти ТЖКнинг Суриядаги вакили Абу Аҳмад Ўзбекий тарафидан мувофиқлаштирилгани айтилади.

Экстремистлар Ўзбекистон пойтахтидаги жамоат жойлари ва ҳукумат бинолари яқинида терактлар уюштиришни режалагани ва улардан қўлбола портловчи мосламанинг компонентлари мусодара қилингани ҳақида хабар берилган.

Афғонистон, Сурия ва Ироқда террорчилик фаолияти тўхтагани йўқ, жанговар ҳаракатларда Ўзбекистон фуқаролари ҳам иштирок этмоқда, деб хабар беради ИИВ.

Ўзбекистон аксилтеррор тузилмалари бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даврида хорижда қўлга олинган 59 нафар жангарини ватанига олиб келган.

Ўзбекистонга қайтарилганлар террорчи гуруҳлар томонидан ёлланган бўлиб, қўпорувчилик фаолиятини молиялаштириш ва Суриядаги жангарилар лагерларига одам жўнатиш билан шуғулланган, дейилади хабарда.

Вазирликка кўра, Сурияга юборилган жангариларнинг айримлари турли мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишни режалаган.

Ташвиқотдан таъсирланганлар

Тошкентдаги Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази раҳбари Виктор Михайловнинг айтишича, жорий йилнинг ўтган даврида камида 250 нафар гумондорнинг ҳибсга олингани (ўтган йили Ўзбекистонда экстремизм билан боғлиқ ҳибслар сони 400 тани ташкил этгани инобатга олинса) хавотирли.

«Уларнинг сони интернетдаги ёлловчиларнинг фаоллиги туфайли ортиб бормоқда», деди у. «Албатта, бу ёшларга кучли таъсир қилади. Кўпчилик бундай ташвиқот таъсирига тушади.»

Михайловнинг сўзларига кўра, фойдаланувчиларнинг 99 фоизи интернетдаги радикал даъватчиларни шунчаки тинглайди. Улар рози бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Аммо экстремистик материаллар айрим интернет фойдаланувчиларини виртуал гуруҳларга қўшилишга ундайди.

Сўнгги ҳибслар, энг аввало, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу масалага жиддийроқ ёндаша бошлаганидан далолат беради, дейди тошкентлик блогер Қобил Хидиров.

«Бошқача айтганда, бундай гуруҳлар аъзолари кўпайди демаган бўлардим, лекин уларнинг фаолиятига барҳам бериш чоралари кўрилмоқда», деди у.

Бу комплекс ёндашувни тақозо этади, дейди Хидиров.

«Инсон капиталига сармоя киритишимиз, ёшлар учун МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) давлатлари меҳнат бозорида рақобатлашиш ва турли касблар ўрганиш учун шарт-шароитлар яратишимиз керак», деб айтган у. «Мамлакатда ночорликка барҳам беришимиз ва муносиб иш ўринлари ташкил этишимиз зарур.»

«Давлат ёшларга оид сиёсатни монополлаштирмай, янги авлодга бўш вақтини мазмунли ўтказишга имкон берадиган чораларни амалга ошириши керак. Шунингдек, диний таълим сифати ва кўламини кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилиши лозим», дейди у.

Радикал қарашларни ўзгартириш

Жазо масаласига келсак, радикаллашганлар қайта тарбияланиши зарур, деди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев.

Ўзбекистондаги малакали ва нуфузли уламолар кўп, уларни ёшлар учун мўлжалланган турли тадбирларга жалб қилиш мумкин, дейди у.

«Радикал ғоялар тарқалишига қарши бутун жамият курашиши керак», деб айтган Мирзабоев.

Сурия, Ироқ ва Афғонистонда бузғунчи ва радикал унсурлар бор экан, фанатизмга мойил ёшлар «соф ислом» учун курашга мойил бўлаверади, дейди Афғонистондаги Совет уруши фахрийси, нукуслик тарихчи Максим Матназаров.

«Ўзбекистоннинг ўзида аксилташвиқот суст ташкиллаштирилган. Расмий имомлар ёшлар учун курашда радикал ҳамкасбларига мағлуб бўлишмоқда», деди у.

«Ҳозирча террорчилик ва экстремизм куч билан бартараф қилинмоқда, аммо ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор», деб таъкидлади Матназаров.

«Бу борадаги ишлар нафақат разведка идоралари, балки бутун ўзбек жамияти томонидан олиб борилиши керак.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Ўзбекистонга қайтарилганлар террорчи гуруҳлар томонидан ёлланган бўлиб, қўпорувчилик фаолиятини молиялаштириш ва Суриядаги жангарилар лагерларига одам жўнатиш билан шуғулланган». Бу ерда ҳам Россиянинг иштирокисиз иш битмаган.

Жавоб бериш

Муносиб даражадаги таълимнинг йўқлиги ва паст иқтисодий стандартлар янглиш ақидалар, оқимлар ва ташкилотлар кабиларни сингдириш учун идеал замин яратади. Терроризм паст тараққиётга жавобдир.

Жавоб бериш