Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг таъсири камайиб боргани сайин Хитой Марказий Осиёдаги ҳозирлигини кучайтирмоқда

Рустам Темиров

Суратда: Жиззахдаги Хитой тиббиёти маркази, 25 июн. [Бек Жўраев/Карвонсарой]

Суратда: Жиззахдаги Хитой тиббиёти маркази, 25 июн. [Бек Жўраев/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Россиянинг Украинага босқини Хитой учун Марказий Осиёда янги сиёсий ва иқтисодий имкониятларни пайдо қилди, бу эса Пекин таъсирининг кенгайиши билан боғлиқ хавф-хатарларини келтириб чиқармоқда.

7-8 июн кунлари Нур-Султонда «Хитой-Марказий Осиё» муҳокама гуруҳидаги ташқи ишлар вазирларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев ва унинг хитойлик ҳамкасби Ван И «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилишига оид ҳамкорликдаги ишларни жадаллаштириш муҳимлигини қайд этдилар, деб хабар беради Қирғизистон ТИВ.

Мазкур темирйўл қурилиши шу йил кузда бошланиши кутилмоқда, деб хабар берган 24.kg май ойида.

2021 йилда Марказий Осиёдаги тўрт давлатнинг Хитойдан (миллиардлаб доллар) ташқи қарзлари қиёси. Суратда Туркманистон кўрсатилмаган. [Карвонсарой]

2021 йилда Марказий Осиёдаги тўрт давлатнинг Хитойдан (миллиардлаб доллар) ташқи қарзлари қиёси. Суратда Туркманистон кўрсатилмаган. [Карвонсарой]

Фарғонадаги тошдан қоғоз ишлаб чиқарадиган Ўзбекистон-Хитой заводи, 29 июн куни олинган сурат. [Тимур Холиқов/Карвонсарой]

Фарғонадаги тошдан қоғоз ишлаб чиқарадиган Ўзбекистон-Хитой заводи, 29 июн куни олинган сурат. [Тимур Холиқов/Карвонсарой]

Бу ва Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар (Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон) темир йўли Марказий Осиёни минтақалараро транспорт ва логистика йўлакларига интеграциялашувида муҳим аҳамиятга эга, деди учрашувда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов, деб хабар беради Kun.uz.

Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўли қурилиши аллақачон бошланган, деб ёзган эди Kun.uz март ойида санага ойдинлик киритмай.

24.kg хабарига кўра, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли 1991 йилдан кейинги Қирғизистон тарихидаги энг йирик лойиҳа бўлади, деб айтган Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаров май ойида вазирлар маҳкамаси йиғилишида.

Лойиҳа Осиё-Тинч океани минтақасидан Марказий Осиё давлатларига, сўнгра Яқин Шарқ ва жанубий Европага янги темир йўл коридорини яратишга имкон беради.

Россия Украинага босқин билан овора бўлиб турган бир пайтда Хитойнинг таъсири кучайиб бориши кутилмоқда.

Бишкеклик журналист ва таҳлилчи Одил Турдиқуловнинг айтишича, Хитойнинг Қирғизистон иқтисодиёти ва ташқи савдосидаги иштироки урушдан олдин ҳам салмоқли эди.

Энди эса бу жараён янада фаоллашди, чунки Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо ҳажми камайиб, инвестиция имкониятлари пасайган, дейди у.

Ўсаётган қарзлар

Бундай таъсир натижасида Марказий Осиё давлатлари олдида Пекиннинг қарз тузоғига тушиб қолиш хавфи ортади.

Хитой банклари «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасида Марказий Осиёда тоғ-кон саноати лойиҳаларини, йўллар, кўприклар, гидроэлектростанциялар, метролар ва бошқа йирик объектлар қурилишини молиялаштириб келмоқда.

«Ташқи қарзимизни диверсификация қилишимиз ва камайтиришимиз керак. Бу Қирғизистон учун жуда муҳим», деди Турдиқулов.

Kaktus.media маълумотларига кўра, Қирғизистоннинг Хитой олдидаги ташқи қарзи ўн йил аввалгига нисбатан 6,5 баробарга ошиб, қарийб 1,5 миллиард долларга кўпайган.

2021 йилда у 1,77 миллиард доллар ёки Қирғизистон умумий ташқи қарзининг 42,5 фоизини ташкил этган эди.

Қирғизистон ўз қарзларини тўлай олмаса ёки тўлашни кечиктирса, хитойликлар ўзлари молиялаган ва улар учун кредит берган объектларни тортиб олади, деган эди Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2021 йил мартда Озод Европа/Озодлик радиосининг қирғиз хизматига берган интервюсида.

«Масалан, [Бишкекдаги] иссиқлик электр станцияси, «Шимол-Жануб» йўли ва «Датка-Кемин» электр узатиш линияси. Биз бу лойиҳалар учун пул олганмиз», деди у.

Бишкек электр станциясини модернизация қилиш тўрт йил давом этди ва бунинг учун Қирғизистон Хитойдан 386 миллион доллар қарз олди. Бироқ 2018 йил январида – 2017 йил август ойидаги тантанали очилиш маросимидан бир неча ой ўтиб, станция ишдан чиқди ва Бишкек тўрт кун давомида иссиқлик таъминотисиз қолиб кетди.

«Тўлов амалга ошмаса, объектлар бошқаруви бошқа томонга ўтишини кўзда тутувчи шартнома имзолаганмиз. Агар бу етарли бўлмаса, улар бошқа объектларга ҳам ҳақли бўлади», дейди Жапаров.

Ўтган йил охирида Ўзбекистон Хитойдан 4,2 миллиард доллар қарздор бўлган, бу умумий қарзнинг 16,7 фоизини ташкил қилган.

Марказий Осиёнинг яна бир давлати – Тожикистон Пекиндан қарийб 1,1 миллиард доллар қарз бўлиб, бу – мамлакат ташқи қарзининг 35 фоизини ташкил қилади.

Айни пайтда Марказий Осиёдаги энг йирик қарздор Қозоғистон ҳисобланади. Қозоғистон Миллий банки маълумотларига кўра, 1 январ ҳолатига кўра, унинг Хитойдан қарзи 9 миллиард долларга етган.

Хавфли қарамлик

Умуман олганда, Россиянинг минтақадаги иқтисодий ва сиёсий таъсирининг кутилаётган заифлашуви муайян бўшлиқ ҳосил қилади, уни эса Хитой тўлдириши аниқ, дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence ташкилоти раҳбари Алишер Илҳомов.

«Хитой Россияни бу позициялардан сиқиб чиқаргач, минтақанинг асосий савдо шериги ва инвесторига айланади», дейди Илҳомов.

«Марказий Осиё давлатлари эҳтиёт бўлиши ва Хитойга иқтисодий жиҳатдан ҳаддан ташқари қарам бўлиб қолмасликка ҳаракат қилиши лозим», деди у.

Афтидан, Пекиннинг қўшниларига нисбатан ҳудудий даъволари кўпаяди. Айни дамда асосий босим Жанубий Осиё давлатлари, шунингдек, Хитойга (2011 йилда қарз эвазига) кичик ҳудудини бериб қўйган Тожикистонга тўғри келмоқда, деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсуповнинг фикрича, Хитой – ташқи сиёсатда катта амбицияларга эга авторитар давлат бўлиб, унга айниқса, молиявий нуқтаи назардан ҳаддан ташқари қарам бўлиш хатарлидир.

«Минтақанинг айрим мамлакатларида, хусусан, Қозоғистон ва Қирғизистонда аксил-Хитой кайфияти жуда кучли. Шунинг учун менимча, савдо ва инвестиция оқимини диверсификация қилиш оқилона иш бўлади», деди Юсупов.

Хитой Ғарб санкцияларига дучор бўлган Россияга муқобил бўлиб кўринса-да, «Хитой ҳам, Россия ҳам авторитар режимлар томонидан бошқарилади, уларнинг таъсири Марказий Осиёда институционал тараққиётга салбий таъсир қилади», дейди у.

«Иккала давлат ҳам ўзига қўшни мамлакатларда авторитар ва коррупциялашган режимларни қўллаб-қувватлашга мойил. Ва бу минтақа учун муаммо: «оқ рицарлар» йўқ, фақат «қоралар», дейди Юсупов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия ва Ғарбнинг умумий хусусияти бор – ёлғон.

Жавоб бериш

Россия ва Хитой умуман қўрқинчли иттифоқчилардир. Улар ё иқтисодни, ё жамиятни бузади. Мустақил тараққиёт ва бу улкан ҳудудларга қўшни бўлган, лекин уларнинг ҳукмронлиги остида бўлмаган Осиё давлатларининг иттифоқи нимагадир эришиши мумкин.

Жавоб бериш

Ҳатто Хитой Россиядан яхшироқ.

Жавоб бериш

«Бундай таъсир натижасида Марказий Осиё давлатлари олдида Пекиннинг қарз тузоғига тушиб қолиш хавфи ортади.» афсуски, шундай бўлиши мумкин, кейин бозорда фақат Хитой қоидалари амал қилади. Ҳозирда у сезиларли даражада шу қоидаларга риоя қилмоқда, аммо қарз мажбурияти билан бу мамлакат Осиё бозори ва сиёсати устидан назоратни қўлга олади.

Жавоб бериш

Биз 160 миллионлик аҳоли ва 2 триллион долларлик умумий ялпи ички маҳсулотга эга бўлган ўз туркий НАТОмизни яратишимиз керак, иқтисодиётни муносиб даражага кўтариш орқали минтақанинг мудофаа салоҳиятини ҳамда ташқи ва ички таҳдидларга қарши кураш қобилиятини кучайтира оламиз.

Жавоб бериш