Карвонсарой
Хавфсизлик

Афғонистонда террорчи гуруҳлар қайта фаоллашар экан, АҚШ Марказий Осиё билан ҳамкорликни кўриб чиқмоқда

Карвонсарой

ИД ўз зиммасига олган ҳужумдан бир неча кун ўтиб, Кобулдаги сикхлар ибодатхонаси мажмуасини вайроналардан тозалаётган афғонистонлик ишчилар, 20 июн. [Аҳмад Саҳел Арман/AFP]

ИД ўз зиммасига олган ҳужумдан бир неча кун ўтиб, Кобулдаги сикхлар ибодатхонаси мажмуасини вайроналардан тозалаётган афғонистонлик ишчилар, 20 июн. [Аҳмад Саҳел Арман/AFP]

Сўнгги бир неча ой ичида Афғонистон ҳудудида «Ал-Қоида» ва «Ислом давлати» Хуросон бўлимининг (ИД-Хуросон) фаоллашаётгани АҚШни минтақада терроризмга қарши курашда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга ундамоқда.

Разведка маълумотларининг чекланганига қарамай, Афғонистонда террорчиларни тайёрлаш лагерлари қайта тикланаётгани кузатилмоқда, деди АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони, армия генерали Майкл «Эрик» Курилла 23 июн куни Wall Street Journal нашрига тафсилотларни очиқламай.

Курилла бу ҳақда июн ойи бошида Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафари чоғида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари билан хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатлашуви чоғида маълум қилган.

15 июн куни АҚШ ва Тожикистон делегациялари икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни, айниқса, ҳарбий ва хавфсизлик масалаларида кенгайтириш эҳтимолини кўриб чиқдилар.

Шунингдек, минтақа ва халқаро майдондаги вазият, терроризм, наркотиклар айланмаси ва бошқа трансмиллий жиноятларга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди.

14 июн куни Курилла Ўзбекистон мудофаа расмийлари билан ҳам учрашган.

«Муҳокамалар чоғида 20 йил давомида тўпланган жанговар тажрибамиздан олинган сабоқларни ҳарбийларимиз билан бўлишиш имкониятини изладик», деди у учрашувдан сўнг АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси баёнотига кўра.

«Энди биз қийинчилик билан эришилган бу билимларимизни ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан баҳам кўрамиз. Шунингдек, америкалик ҳарбийларимиз учун қимматли бўла оладиган маҳаллий машғулотлар, техника ва тартиб-қоидаларини ҳам ўрганиш умидидамиз».

«Биз муҳокама қилган яна бир масала – зўравонлик мафкурасининг таҳдиди бўлиб, бу муаммони фақат ҳарбий йўл билан ҳал қилиш имконсиз. Бундай хатарли мафкурани қўллаб-қувватловчи гуруҳлардан барчамиз хавотирдамиз», деди Курилла.

Курилла ва Қозоғистон мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов 11 июн куни бўлиб ўтган учрашувда хавфсизликка доир умумий муаммолар ва Марказий Осиё минтақасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

«Уларни ташвишга солаётган уч асосий масала: Афғонистон, Афғонистон ва Афғонистон», деди Курилла июн ойида «Washington Post» нашрида чоп этилган мақолада «ИД-Хуросон» ёки «Ал-Қоида» Афғонистондаги ҳозирги ночорлик ҳолатидан фойдаланиб, бутун минтақани беқарорлаштириши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга ишора қилиб.

«Минтақада фаолият юритаётган ҳарбий ва дипломатик расмийларга кўра, Афғонистондаги террорчилик таҳдидларининг тикланиши масаласида Марказий Осиё давлатларининг АҚШга тақдим этиши мумкин бўлган разведка маълумотлари жуда салмоқли», деб ёзади Washington Post.

«Террор ва зўравонлик»

Афғонистонлик таҳлилчилар мамлакатда «ИД-Хуросон» ёки «Ал-Қоида» тайёргарлик базаларининг қайта тикланишидан ҳам хавотир билдирган.

«Афсуски, Афғонистон ҳамон халқаро террорчилар учун қулай плацдарм бўлиб қолмоқда. Яқинда Усома бин Лодиннинг ўғли Абдулла Афғонистонга бориб, у ерда ҳукмдорлар билан яширинча учрашган ва мамлакат шимолига ташриф буюрган эди», дейди афғонистонлик ҳарбий таҳлилчи, ҳозир Туркманистонда бўлган (истеъфодаги) генерал Сайид Самар Садоат.

«Халқаро террорчи унсурлар, жумладан, «Ал-Қоида» аъзолари, диссидентлар ва Чеченистон, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардан келган экстремистлар Афғонистонда одам ёллаб, ўз сафини мустаҳкамлай бошлади», деди Садоат.

«Ал-Қоида жонланишининг ҳақиқий қурбонлари афғонлардир», деб қўшимча қилди у.

«Унинг қайта тикланиши уруш, зўравонлик ва анархия олиб келади ва Афғонистонни халқаро миқёсда яккалаб қўяди».

Афғонистонда «Ал-Қоида»нинг мавжудлиги минтақа ва дунё учун катта хавф бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай; у Афғонистон хавфсизлиги ва барқарорлигига катта хавф туғдиради, дейди Садоат.

Кобуллик сиёсий таҳлилчи Матиуллоҳ Иброҳимзайнинг айтишича, ўтган йили Афғонистонда бир қатор террорчи ташкилотлар, хусусан, Ал-Қоида яна кучайиб, фаоллаша бошлаган.

Террорчилик тармоғи ўз тарихи ва Афғонистон билан аввалги алоқалари туфайли осонгина қайта тикланишга муваффақ бўлди ва ҳозирда Афғонистонда ўз сафига янги аъзоларни жалб қилиб, куч тўпламоқда, дейди Иброҳимзай.

«Ал-Қоиданинг тикланиши Афғонистонни яна террор ва зўравонликка ботириб, мамлакатни халқаро терроризм учун бошпана ва марказга айлантиради», деб қўшимча қилди у.

«Шунингдек, бу ҳолат террорчилик ташкилотларига одам ёллашни осонлаштириб, инқироздаги Афғонистон иқтисодиётининг буткул қулашига олиб келади», деди у.

Эронда истиқомат қилувчи афғонистонлик сиёсатшунос Ориф Каёний «ҳозирда «Ал-Қоида» Афғонистонда аввалгидан кўра кучлироқ таъсирга эга эканини, бу эса Афғонистон ва дунёни хавотирга солаётганини айтади.

«Ал-Қоиданинг мақсадлари ҳам минтақа, ҳам унинг ташқариси билан боғлиқ бўлиб, минтақадаги ва халқаро майдондаги хавфсизликка салбий таъсир кўрсатади», деди Каёний.

«Бундай вазият халқаро ҳамжамиятдан Ал-Қоидани жиловлаш чораларини кўришни тақозо қилади. Акс ҳолда, Афғонистондаги қурол-яроғ ва техника ҳисобга олинса, Ал-Қоида бутун минтақа ва жаҳондаги хавфсизликка таҳдид солиши мумкин», дейди у.

«Ал-Қоида, шубҳасиз, Афғонистонда ва бутун минтақада жонланишга ҳаракат қилмоқда», дейди кобуллик сиёсий таҳлилчи Сайид Муқадам Амин.

«У қайта тикланадиган бўлса, Афғонистон террорчи ва бузғунчи гуруҳлар марказига айланади. Мамлакатимизни яна уруш ва беқарорлик эгаллаб олади».

[Ушбу мақолани тайёрлашга Кобулдан Ҳамза кўмаклашди]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар Афғонистондан қочиб кетишди, нимани ўргатишмоқчи?

Жавоб бериш

Америка зўр!

Жавоб бериш

Америка Хитой ёки Россиядан яхшироқ; ҳеч бўлмаганда улар янги технологияларни экспорт қилишади ва уларда бир оз инсонийлик бор.

Жавоб бериш

Дунё харитасида яна бир қайноқ иссиқ нуқта. Урушлар етади. Урушлар маълум даражада ривожланишга олиб келади, аммо биз бу усулдан қочиш учун етарлича ривожланганга ўхшаймиз. Маълум бўлишича, ундай эмас ва гуруҳлар яна тузилади.

Жавоб бериш

Америка билан ҳамкорлик қилган маъқул

Жавоб бериш