Карвонсарой
Сиёсат

Россия ОАВ ва қозоғистонликлар Қодировнинг танқидий видеоси устида тўқнаш келишди

Ксения Бондал

Фейсбукда чоп этилган карикатурада Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путиннинг қўлидаги қўнғироқ сифатида тасвирланган.

Фейсбукда чоп этилган карикатурада Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путиннинг қўлидаги қўнғироқ сифатида тасвирланган.

ОЛМАОТА – Қозоғистоннинг «Донецк халқ республикаси» (ДХР) ёки «Луганск халқ республикаси» (ЛПР) деб аталувчи давлатлар мустақиллигини тан олмагани ҳақидаги қарори танқид қилинган можароли видеоролик Россия матбуотини қозоқларга қарши қилиб қўйди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 17 июн куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи мажлисида иштирок этар экан, журналистларга Қозоғистон Украина шарқида ўзини мустақил деб эълон қилган Россия қўлловидаги республикаларни ҳеч қачон тан олмаслигини айтган.

Бунга жавобан Россия президенти Владимир Путиннинг иттифоқчиси бўлган Чеченистон президенти Рамзан Қодиров 19 июн куни Қозоғистон позициясини қораловчи видео чиқарди.

«Қозоғистонни ким қутқарди? Россия... Лекин Россияга ёрдам керак бўлганида эса, ҳамма жим ўтиради, чунки санкциялардан қўрқишади», деди Қодиров январ ойида Қозоғистондаги тартибсизликларни бостириш учун Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) қўшинлари киритилганини назарда тутиб.

6 март куни Олмаотада Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган митинг чоғида плакат кўтариб турган намойишчилар. [Малика Ауталипова/AFP]

6 март куни Олмаотада Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган митинг чоғида плакат кўтариб турган намойишчилар. [Малика Ауталипова/AFP]

Бу 2002 йилда КХШТ ташкил этилганидан буён қўшинларнинг киритилиши билан боғлиқ ягона ҳолат бўлди.

«КХШТ деб аталадиган ташкилот бор. Россия ундан ҳеч қандай фойда кўрмайди, лекин Россия ҳаммага ёрдам беради», дейди Қодиров.

«Россия Қозоғистонни қутқарди... Иттифоқчиларимизни тан оласизми ёки йўқми, биз учун муҳим эмас. Америка, НАТО ва уларнинг атрофида айланиб, уларнинг ноғорасига ўйнаётган барча давлатлар бошқа ҳеч нарса қила олишмайди», деб қўшимча қилди у.

Қодировга эслатма

Қодировнинг видеоси Қозоғистонда кенг кўламли норозилик келтириб чиқарган.

КТК давлат телеканалининг журналисти, олмаоталик блогер Сергей Пономарев ўша куни ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида бунга муносабат билдирган.

Пономарев Чеченистонни ўз ичига олувчи Шимолий Кавказнинг бир қанча халқларини назарда тутиб, «Мен уч авлод давомида Нах халқларининг хотираси бунчалик қисқа бўлишини кутмагандим», деб ёзди.

«1944 йил феврал ойида Совет раҳбарлари 500 мингга яқин чеченларни Гитлер томонига ўтишга тайёр бўлган ишончсиз халқ деб ҳисоблаган, уларни озиқ-овқат ва иссиқ кийимларсиз чорва моллари ташиладиган вагонларга солиб, Қозоғистонга юборган эди».

«Бу бутун бир халқни кўчириш билан боғлиқ энг йирик ҳодиса бўлган эди. Одамларга ҳатто тайёргарлик кўришга, озиқ-овқат, кийимлари ёки жиҳозларини олишга ҳам рухсат берилмади. Улар ўз устиларидаги кийим билан қаҳратон қишли даштларга йўл олишди», деди у.

«Қозоқлар уларнинг қишли даштларда очликдан ўлишларига йўл қўймадилар. Ўзлари оч бўлатуриб, охирги бурда нонлари билан бўлишдилар, лойдан ясалган кулбаларида силласи қуриган чечен болаларига бошпана бердилар.»

«Чеченлар ўзларига кўрсатилган меҳр-мурувватни ёдда тутиб, Қозоғистон ва қозоқларни яхшилик билан эслайдилар. Кимдир Рамзан Ахматовичга эслатиб юбора оладими? Балки у бир лаҳзага бўлса-да, ўз ишидан уялар».

Қодировни бошқа қозоғистонликлар ҳам қоралаган.

«Бизда «Кўп кўргандан сўра» деган гап бор. Қозоғистон ҳақида оқсоқолларингиздан сўрасанг, жавоб беришади. Зотан, буни ўзинг ҳам биласан, бу ҳақда кўп гапиргансан, лекин энди негадир рангингни ўзгартирдинг», деб ёзади Серик Насиров исмли фойдаланувчи.

«Ота-боболаринг бу ишинг учун сени кечирмайди».

Олмаоталик жамоат арбоби ва тадбиркор Арман Шораев Қодировнинг гапларига муносабат билдириб, видео чиқарган.

«Сен қаердан қозоқларга ташланишга ҳаққим бор деб ўйладинг? Қадрдоним Рамзан, ўз оқсоқолларингдан сўра, уларнинг аксарияти қозоқлар ва муқаддас қозоқ замини сабабли тирик қолган ва улғайган», деди у чеченларнинг Қозоғистонга кўчирилганини назарда тутиб.

«Қозоқларга сакраш учун ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Бу саволга жавобинг йўқ экан, ватаним ва миллатим ҳақида энди оғиз очмайсан деган умиддаман», деди Шораев.

Россия ОАВ жавоби

Одатда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) ҳақидаги янгиликларга ихтисослашган Eadaily.com сайти Шораевнинг сўзлари учун уни алоҳида нишонга олган.

«Ўзининг кескин русофобик қарашлари билан машҳур бўлган қозоғистонлик нацист блогер Арман [Шораев] ОАВда Россия президенти Владимир Путин ҳақида номақбул гапларни гапириб, уни «безори» деб атади ва шу тариқа уни омма олдида ҳақорат қилувчи видеони чиқарди», дейилади 20 июн кунги мақолада.

Қодировнинг ўзи ҳам қозоғистонлик блогерларга жавоб қайтарган.

«Мен сизлардан кўра кўпроқ қозоқман. Отам Қозоғистонда туғилган, бобом Қозоғистонда ишлаган ва бобом Қозоғистонда дафн этилган», деб ёзган у Фейсбукда.

«Умримда ҳеч қачон қозоқ халқи ҳақида ёмон гап айтмаганман. Мен умумий сиёсат ҳақида гапирган эдим», деди у яна январ ойида КХШТ қўшинларининг Қозоғистонга киритилганига ишора қилиб.

Имижи ва савиясига кўра Қодиров етакчи эмас, бильярд ўйинчисига ўхшайди, дейди олмаоталик сиёсатшунос Дос Кошим.

«У Кремлдан катта молиявий кўмак олади, шу сабабли жамоатчилик учун кутилмаган ишларни қилиб юради», дейди у.

«1994-1996 йиллардаги биринчи Чечен уруши ва 1999-2000 йиллардаги иккинчи Чечен урушида унга Украинадан келган кўнгиллилар ёрдам беришган», дейди Кошим. «У миясига келган нарсани айтадиган ва қиладиган енгилтак одам.»

«Бу қилиғи билан у Чеченистонга жуда кўп пул сарфлаётган Владимир Путинни рози қилмоқчи бўлган», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Жириновскийнинг вафотидан кейин улар содир бўлаётган воқеалардан чалғитадиган янги масхарабоз топишлари керакка ўхшайди. Шунинг учун улар унчалик ақлли бўлмаган Қодировдан фойдаланишмоқда. Энг кулгилиси, у масхарабоз бўлишни режалаштирмагандир, лекин у шунчалик ахмоқлигидан бу табиий равишда юз бермоқда.

Жавоб бериш

«Россия Қозоғистонни қутқарди... Иттифоқчиларимизни тан оласизми ёки йўқми, биз учун муҳим эмас. Америка, НАТО ва уларнинг атрофида айланиб, уларнинг ноғорасига ўйнаётган барча давлатлар бошқа ҳеч нарса қила олишмайди», деб қўшимча қилди Қодиров. Россиянинг биринчи рақамли қоидаси: барча ҳалокатли гуноҳларда Америка ва НАТОни айблаш.

Жавоб бериш

КХШТ халқаро тан олинган чегаралар доирасида фаолият юритувчи мудофаа иттифоқи эканлигини эслатиб ўтиш муҳим. Айтганча, ҳатто СССР ҳам ўзининг барча босқинларига қарамай Совуқ уруш даврида очиқ аннексия қилишдан ўзини тийган.

Жавоб бериш

Афтидан, Россия оммавий ахборот воситалари хўжайинларининг буйруғи билан акиллайдиган лайчаларга ўхшайди; уларда ҳеч қандай ҳақиқат йўқ, бу шунчаки туйғу эмас, қандай бўлса шундай. Уларнинг журналистика мактабидаги таълими қандай бўлиши қизиқ - биринчи маъруза «қарсак чалиш» ҳақида бўлса керак.

Жавоб бериш