Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Хитой ўз ташвиқотини ёйинлаш учун кўплаб онлайн-платформаларни ишга солмоқда

Карвонсарой

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Хитой ижтимоий тармоқларга таянган ҳолда бутун дунё бўйлаб ташвиқот ва дезинформация тарқатиш билан шуғулланмоқда. [Pexels]

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Хитой ижтимоий тармоқларга таянган ҳолда бутун дунё бўйлаб ташвиқот ва дезинформация тарқатиш билан шуғулланмоқда. [Pexels]

Пекин Хитойга, хусусан, уйғурлар ва Шинжон минтақасидаги бошқа мусулмон озчиликларнинг аҳволига оид дезинформацияни кучайтириш ва тарқатиш учун ижтимоий тармоқлардаги инфлюенсерлар ва қидирув тизими натижаларидан фойдаланмоқда.

Хитой демократик институтларни заифлаштиришга қаратилган ахборотни тарқатиш ва бутун дунё бўйлаб аудиторияга ўз ташвиқотини ёйинлаш учун Google, Bing, YouTube, Facebook ва Twitter каби cайтларни ишга солмоқда, деб хабар қилган 6 июл куни Брукинг институти.

«Пекин геосиёсий аҳамиятга эга бир қатор мавзуларда Хитой коммунистик партияси [ХКП] ташвиқотини кучайтирувчи давлат қўлловидаги ОАВда тарқатиш учун қидирув тизими натижаларидан фойдаланган», деб баёнот берган Брукингс май ойида Германия Маршалл фондининг Демократияни таъминлаш иттифоқи билан ҳамкорликда чоп этилган ҳисоботга таяниб.

Шинжон ҳақида маълумот олиш учун қидирув тизимларига мурожаат қилаётган интернет фойдаланувчилари ҳайратланарли даражада тез-тез «Хитой давлат оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган шу мавзулардаги мақолаларга дуч келишмоқда», дейилади ҳисоботда.

2021 йилнинг 22 феврал куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Хитой консуллиги олдида ўз қариндошларининг дарагини олиш учун намойиш ўтказаётган уйғурлар. [Ўзан Косе/AFP]

2021 йилнинг 22 феврал куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Хитой консуллиги олдида ўз қариндошларининг дарагини олиш учун намойиш ўтказаётган уйғурлар. [Ўзан Косе/AFP]

Пекин узоқ йиллардан бери давом этаётган тазйиқлар доирасида олис ғарбий минтақада бир миллиондан ортиқ уйғур ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа туркийзабон аҳолини ҳибсга сақлашда айбланади – АҚШ, бошқа ҳукуматлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари бу ҳолатни «геноцид» деб атаган.

Май ойида Шинжондаги ҳибсхоналар борасида эълон қилинган янги ҳужжатлар инсон ҳуқуқларнинг бузилиши, жумладан оммавий ҳибслар, қийноқлар, мунтазам зўрлашлар, мажбурий стерилизация ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш каби зўравонлик ҳолатларини фош этган.

24 май куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайснинг айтишича, бу ҳуқуқбузарликлар Пекинда энг олий даражада маъқулланган бўлиши мумкинлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд.

«Бостириш, ҳибсга олиш, геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар билан боғлиқ тизимли амалиётлар ХХР ҳукуматининг энг юқори даражадаги маъқулловисиз амалга оширилганини тасаввур қилиш мушкул», деди у Хитой Халқ Республикасини назарда тутиб.

Хитой режими ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни рад этиб, лагерларни «исломий радикализм»нинг олдини олишга ёрдам берадиган «касб-ҳунар марказлари» сифатида таърифлайди.

Брукингс институти ҳисоботида айтилишича, Хитой давлат оммавий ахборот воситаларини қидирув тизими натижаларига жойлаштириш Пекиннинг Шинжондаги вазият ҳақида ташқи тасаввурларни шакллантиришга қаратилган ҳаракатларида муҳим рол ўйнайди.

2021 йилнинг ноябридан 2022 йилнинг февралига қадар тўрт ой давомида Брукингс ва Демократияни ҳимоя қилиш алянси Шинжон билан боғлиқ атамалар бўйича қидирув тизими натижаларини кузатган.

Аниқланишича, «Google News ва Bing News сайтларидаги энг яхши натижаларнинг 21,5 фоизи Хитой давлат ОАВга, YouTube тармоғидаги энг яхши натижаларнинг чорак қисми эса давлат қўлловидаги аккаунтларга мансуб бўлган».

«Веб-қидирувлар учун энг яхши натижаларнинг 6,5 фоизи давлат ОАВ билан боғлиқ бўлган.»

Бу шуни англатадики, Шинжондаги вазиятни билмоқчи бўлган фойдаланувчилар катта эҳтимол билан Хитой давлат ОАВ томонидан тарқатилаётган ташвиқотга дуч келадилар.

Ижтимоий тармоқ инфлюенсерлари

Пекин, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги турли инфлюенсерлар орқали хорижликларнинг Хитой борасидаги қарашларини ҳам шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.

Шундай YouTube каналларининг бирида британиялик ота-ўғил дуэти Ли ва Оли Баррет Хитойдаги ҳаётнинг некбин ва ҳаяжонли манзарасини чизиб, авторитар режимни танқид қилганларга жавобан унинг Шинжон, Гонконг ва Тайванга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилишган.

277 минг мартадан ортиқ томоша қилинган видеоларнинг бирида Ли Баррет Шинжон билан боғлиқ «мажбурий меҳнат» ва «геноцид» каби атамаларни одамларнинг ҳис-туйғуларига жалб қилишга уриниш эканини айтган.

«Ғарбнинг бирдан-бир мақсади Хитойнинг юксалишини тўхтатиш учун Шинжон ҳудудини беқарорлаштиришдир», дейди у.

Бошқа бир YouTube фойдаланувчиси, Хитойда яшовчи Америка-Германия қўш фуқаролигига эга Сайрус Янсен ҳам шунга ўхшаш контентни жойлаган.

«Ғарбда ҳеч ким Хитойнинг бунчалик муваффақият қозонишини тасаввур қилмаган. Ва бу доим Ғарб ОАВ тарафидан Хитойга ҳужумнинг асосий сабаби бўлиб келган», дейди у 440 минг мартадан кўпроқ кўрилган видеода.

«Айтишларича, бу геноцид эмиш. Геноцид. Бунга ҳеч қандай далил йўқ. Ваҳшийликлар содир этилгани исботини топмаган. Буларнинг бари кўп бор рад этилган», деди «Best China Info» YouTube-каналидан BarrieV.

Кавказлик эркакларнинг инглиз тилида гаплашаётгани акс этган видеолавҳаларда улар сўзлаётган воқеаларнинг ҳақиқийлигини исботлашга ҳаракат қилинган.

«Аммо камеранинг орқа тарафида кўп ҳолларда ҳукумат ташкилотчиларининг катта аппарати, давлат томонидан назорат қилинадиган ОАВ ва бошқа расмий кучайтирувчи туради - буларнинг бари Хитой ҳукуматининг бутун сайёра бўйлаб Пекинни қўллаб-қувватловчи хабарларни тарқатиш уринишларининг бир қисмидир», деб ёзади 13 декабр куни New York Times.

Ютуберлар қандай видеолар чиқаришни ўзлари ҳал қилишларини ва уларнинг мақсади Ғарбнинг Хитой ҳақидаги тобора салбий тасаввурларига қарши туриш эканини айтмоқда.

Аммо улар ўзларини ташвиқот воситаси деб билмасалар ҳам, Пекиннинг «жангчи бўри» дипломатлари улардан шу йўлда фойдаланмоқда. Хитой дипломатлари, элчихона ходимлари ва бошқа амалдорлар бу видеоларни матбуот анжуманларида намойиш этиб, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали тарқатишган.

Хитой расмийлари маълумотларнинг назоратсиз тарқалишининг олдини олиш учун Хитой ичида блокланган YouTube ва Tвиттердан «бутун дунё учун ташвиқот карнайлари» сифатида фойдаланмоқда, деб ёзади New York Times.

Хитой ижтимоий тармоқларининг собиқ модератори Эрик Лю шундай дейди: «Хитой глобал ижтимоий тармоқларида пайдо бўлган янги супержиноятчи. «Мақсад ғалаба қозониш эмас, балки ҳақиқий буткул йўқолиб кетгунига қадар тартибсизлик ва шубҳалар келтириб чиқаришдир.»

Ташвиқотни бостириш чоралари

Австралия стратегик сиёсат институтининг (ASPI) 10 декабр куни маълум қилишича, ХКПнинг хорижий инфлюенсерлардан фойдаланиши глобал ижтимоий тармоқ платформалари ва уларнинг давлатга қарашли аккаунтларни аниқлаш ва белгилашида тобора кучайиб бораётган муаммодир.

Ижтимоий тармоқлардаги хорижий инфлюенсерлар тарафидан яратилган Шинжон ҳақидаги контентдан «Хитой тарафидан минтақадаги инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид танқидий хабарларга қарши курашга қаратилган кенг кўламли глобал ташвиқотнинг бир қисми сифатида қўлланилмоқда, кўп ҳолларда АҚШда жойлашган ижтимоий тармоқ платформаларида ёйинлаш орқали», дейилади ASPI хабарида.

«2020 йилнинг январидан 2021 йилнинг августигача бўлган даврда АҚШда жойлашган ижтимоий тармоқлардаги 156 та Хитой давлат аккаунтида камида 546 та Facebook пости, твитлар ва CGTN, Global Times, Xinhua ёки China Daily веб-сайтларидан олинган Шинжон билан боғлиқ контентни кучайтирган мақолалар чоп этилган, шулардан 13 та аккаунт инфлюенсерларга тегишли бўлган», дейилади хабарда.

«Ижтимоий тармоқлардаги хорижий инфлюенсерлар иштирокидаги видеолавҳалар кўпинча Хитой давлат тузилмалари Интернетда қайта ишлаб, тарғиб қиладиган мақбул контент ҳисобланади».

Чет элликлар томонидан яратилган ташвиқот айниқса кучли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ғоя Хитой режимининг узоқ йиллик стратегиясидир.

«Биз доим «гапириладиган оғизлар» хизматидан фойдаланишга катта аҳамият берганмиз ва хорижий ташвиқотни амалга ошириш учун халқаро дўстларимиздан фойдаланганмиз», деган эди China Daily газетасининг ўша пайтдаги бош муҳаррири Чжу Линг 2016 йилги нутқида.

Хитой ташвиқоти максимал даражада самарали бўлиши учун «биз айтмоқчи бўлган нарсаларни» хорижий аудитория «эшитмоқчи бўлган нарсалар» билан уйғунлаштириши керак, дейди у.

Ижтимоий тармоқ компаниялари Пекиннинг бу жабҳадаги ҳаракатларига қарши чора кўришни бошлаган.

Google корпорациясининг таҳдидларни таҳлил қилиш гуруҳи (TAG) Хитой ташвиқотини ёйинловчи ўн минглаб YouTube каналларини ўчириб ташлаганини маълум қилди.

Компания Хитой билан боғлиқ мувофиқлаштирилган таъсир операциялари бўйича олиб борилаётган тергов доирасида январ ойида 4361 та, феврал ойида 6103 та ва март ойида 7304 та YouTube канали фаолиятини тўхтатган.

Апрел ва май ойларида Google турли мавзуларда дезинформация тарқатувчи жами 5616 та YouTube каналини ёпган.

Ўтган йил декабр ойида Twitter ҳукумат ташвиқотини ёйинлаш билан шуғулланган қарийб 3500 та ҳисобни ўчириб ташлаган, уларнинг аксарияти Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан репрессиялари билан боғлиқ нарратив кучайтирувчи тармоқнинг бир қисми бўлган.

Шу билан бир вақтда Facebook Хитой давлат оммавий ахборот воситаларидан иқтибос келтирган сохта олимнинг постларини тарқатган 500 дан ортиқ аккаунтларни ўчириб ташлаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Аслида Ғарб Хитойнинг ривожланишини секинлаштириш учун адоват қўзғашни мақсад қилган.

Жавоб бериш

«Хитой дипломатлари, элчихона ходимлари ва бошқа расмийлар матбуот анжуманларида видеоларни намойиш қилишди ва уларни ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида тарқатишди» - барчаси олдиндан ўйлаб қўйилган ва ставкалар YouTube босишлар ва рекламалар сонидан юқори.

Жавоб бериш

Ташвиқот ҳар қандай урушнинг энг яхши дўстидир. Мисоллар бу ерда уларнинг барчасини санаб ўтиш учун кўплик қилади.

Жавоб бериш