Карвонсарой
Хавфсизлик

Украинада ҳарбий мансабдорларнинг камайиши ортидан Вагнер россиялик маҳбусларни аскарликка ёлламоқда

Карвонсарой ва AFP

Украинанинг Клиновое шаҳридаги Вагнер гуруҳи аскарлари, июл ойи бошлари. [Вагнер гуруҳи]

Украинанинг Клиновое шаҳридаги Вагнер гуруҳи аскарлари, июл ойи бошлари. [Вагнер гуруҳи]

Кремлнинг ёлланма армияси бўлган Вагнер гуруҳи президент Владимир Путиннинг Украинадаги уруши натижасида қурбонларнинг кўпайиши ортидан Россия қамоқхоналаридаги маҳбусларни ёллашга ўтди.

Санкт-Петербургда Вагнер ёлловчилари бир неча ўнлаб маҳбусларни Донбассда «кўнгилли аскар» бўлишга кўндиришган, деб хабар беради Important Stories (iStories) мустақил тергов нашри 4 июл куни.

Ёлловчилар 1 июл куни Санкт-Петербургдаги Яблоневка қамоқхонасига ташриф буюриб, тўпланган маҳбусларни «она ватанни ҳимоя қилишга» чақиришган ва ёллашни жараёнини қамоқхонадаги ишончли вакилларга топширишган.

Бу вакиллар қолган маҳбусларга Украинадаги «нацистларга» қарши курашиш кераклигини айтганлар.

Луганск вилояти Лисичанск яқинидаги Белогоровка қишлоғидаги Россия ҳарбий позициясида ташлаб кетилган Россия танкини кўздан кечираётган украиналик ҳарбий, 17 июн. [Анатолий Степанов/AFP]

Луганск вилояти Лисичанск яқинидаги Белогоровка қишлоғидаги Россия ҳарбий позициясида ташлаб кетилган Россия танкини кўздан кечираётган украиналик ҳарбий, 17 июн. [Анатолий Степанов/AFP]

Маҳкумлардан бирининг қариндоши қамоқхонадагилар нималарни эшитганини айтиб берган.

«У ерда нацистлар яхши тайёргарлик кўришган. Сиз олдинги сафда нацистларни топишга ёрдам бериш учун борасиз, шу сабабли ҳаммангиз ҳам қайтиб келмаслигингиз мумкин», деб айтган у iStories нашрига.

«Аввалига улар 20 фоизга яқин одам қайтади, деб айтишди. Кейин эса «деярли ҳеч ким қайтмайди» дейилган.

Олти ойлик хизмати учун ҳар бир «кўнгилли» жангарига маълум қийматдаги пул ва агар омон қайтиб келишса амнистияни таклиф қилишган.

Агар жангчи ўлса, унинг оиласига янада каттароқ маблағ тўлашни ваъда қилишган.

«Буларнинг бари оғзаки, ҳеч нарса ёзма бўлмаган», деб айтган у.

Яблоневка қамоқхонасида «дастлаб 200 га яқин одам ёзилмоқчи эканини айтган, аммо якунда 40 тача одам ёлланган», деб қўшимча қилди у.

Ишончсиз тўлов

Вагнер гуруҳи анчадан бери жангариларни ёллаш учун инсофсиз тактикадан фойдаланганига далиллар мавжуд.

Айниқса суриялик ёлланма аскарлар Россиянинг тўловлари ишончсиз эканлигига амин бўлишган.

24 феврал кунги Россия ҳужумидан озроқ вақт ўтгач, суриялик жангарилар Россия қуролли кучлари сафида курашиш учун Украинага учиб кела бошлаганлар.

Украинада Москва ҳарбийлари билан бир сафда 20 мингга яқин Вагнер жангариси, шунингдек Сурия ва Ливиядан ёлланма аскарлар жанг қилаётгани ҳақида апрел ойи бошида Европа расмийлари хабар берган эди.

2019 йил май ойида «Сурияликлар ҳақиқат ва адолат учун» ташкилотининг Сурия адолат ва ҳисобдорлик маркази (SJAC) билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқотида айтилишича, ўтмишда суриялик жангариларнинг кўпчилигида бу масалада танлов деярли бўлмаган ва улар ваъда қилинган пулнинг кичик бир қисминигина олишган.

Кузатувчилар Ливия ва Тоғли Қорабоғда ўлдирилган суриялик жангариларнинг яқинларига бадал пули тўланмагани билан боғлиқ ҳолатларни ҳам аниқлаган.

Вагнер гуруҳининг ёллаш усуллари «Ислом давлати» (ИД) тактикаси билан солиштирилган, унга кўра ночор одамлар пул билан жалб қилинади ва Интернет орқали ҳимоясиз ёшлар топилади.

Дастлаб саргузаштларга чанқоқлик ва сароб орзу-хаёллар ИД сафига ёллашнинг асосий икки омили эди. Аммо 2019 йил март ойида ИД «халифалиги» қулаганидан сўнг, гуруҳ «Вагнер» сингари, ёлланма аъзоларни жалб қилиш учун уларнинг оғир молиявий шароитидан фойдаланмоқда.

Икки ҳолатда ҳам бу омадсиз ёлланма аскарлар зудлик билан фронтга жўнатилиб, ўлимга рўбарў қилинади.

Ҳайратомуз талафотлар

Украинага ҳужум бошлаганидан бери Россия армияси кўплаб қурбонлар бериши ортидан навбатдаги ёллаш жараёни бошланган.

Бу Иккинчи жаҳон урушидан бери Европадаги энг йирик босқин бўлса-да, дастлаб Россиянинг 160 минглик армияси украиналик ҳимоячилардан унча кўп эмас эди.

Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, босқинчилар ҳимоячилардан учга бир нисбатда кўпроқ бўлиши керак, Москва ҳарбий кучлари эса Украина осмонида ҳам устунликка эга бўла олмаган.

Россиянинг кучи учта ҳужумга бўлинган эди: Киевга қарши, шарқда ва жанубда.

Украинанинг тарқоқ қўшинлари НАТОнинг кўп йиллик машғулотлари, шунингдек, Ғарб иттифоқчиларидан танкларга ва ҳаво ҳужумига қарши қуролларни қабул қилгани сабабли ўз рақибига катта зиён етказа олди.

Россия фақат икки марта қурбонлар сонини расмий равишда эълон қилган бўлиб, (охирги марта 25 март куни) уларнинг сони 1351 кишини ташкил этди, таҳлилчилар бу рақамларни жуда паст деб ҳисоблайди.

Украина ҳарбийларининг сўнгги маълумотларига кўра, Россия 37 мингдан ортиқ аскар, 1600 дан ортиқ танк, 217 самолёт ва 187 вертолётни ўз ичига олган техник воситаларни бой берган.

AFP билан боғланган Ғарб манбалари Россиянинг қурбонлари ҳақида одатда анча паст рақамларни кўрсатади – ҳалок бўлган аскарлар сонини 15 000 дан 20 000 гача, Oryxspioenkop каби махсус техника бўйича ихтисослашган сайтлар ҳам визуал далилларга таяниб шундай паст рақамларни келтиради.

«Ҳозирда Россия феврал ойида қўллаган ҳарбий салоҳиятининг учдан бирини йўқотган бўлиши мумкин», деб хабар берган Британия мудофаа вазирлиги май ойи ўрталарида Твиттер саҳифаси орқали. Тахминларга кўра, 25 минг россиялик аскар ҳалок бўлган ва бир неча ўн минг нафари жароҳатланган.

Июн бошида Oryxspioenkop блогидаги очиқ манбалардан олинган разведка маълумотларига кўра, Россия 739 та танк, 428 бошқа зирҳли ва 813 пиёда жанговар техникаси, 30 га яқин самолёт, 43 та вертолёт, 75 та дрон ва тўққизта денгиз кемаси, жумладан Москва номли Қора денгиз байроқдорини йўқотган.

Дунё бўйлаб зарарли таъсир

Вагнер илк марта 2014 йилда Украинада пайдо бўлган.

Ўшандан бери гуруҳ жангарилари дунёнинг турли давлатлари, жумладан Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Ливия, Марказий Африка Республикаси (МАР), Мали ва Чаддаги можароларда иштирок этишган.

Ёлланма жангарилар улар жойлаштирилган қайноқ ҳудудлар, жумладан Украина, Мали, Ливия ва Суриядаги уруш жиноятларида айбланган.

Вагнер жангарилари «афтидан, 2019 йилдан бери МАРда фуқароларни қатл қилган, қийнган ва дўппослаган», деб хабар беради HRW 3 май куни.

Апрелда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош комиссари Мишел Бачелет МАРдаги нафақат исёнчи гуруҳлар, балки ҳарбийлар ва уларнинг россиялик иттифоқдошлари томонидан содир этилган «жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишини», жумладан қотилликлар ва тинч аҳолига нисбатан жинсий зўравонликни қоралаган.

Вагнер гуруҳи жангарилари президент саройини қўриқлаётган Малида март ойида Мурада юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган операция борасида тортишувлар авж олган.

Матбуот ва Human Rights Watch суҳбатлашган Мали армияси ва гувоҳлар операцияни Мали аскарлари ва руслар деб айтилган хорижий жангарилар томонидан амалга оширилган зўравонлик, талончилик ва тинч аҳолининг қирғини дея таърифлаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия қўшинлари уч йўналишда юборилди: Киевга қарши, шарқда ва жанубда - Украина армияси уларнинг барчасини кутиб олади ва уларни горизонтал ҳолатга келтиради.

Жавоб бериш

Ёлловчилар 1 июл куни Санкт-Петербургдаги Яблоневка қамоқхонасига ташриф буюриб, улар учун саф тортган маҳбусларни «она ватанни ҳимоя қилишга» чақиришган ва ёллашни жараёнини қамоқхонадаги ишончли вакилларга топширишган. Қизиқ, сиёсий маҳбусларни ҳам жалб қилишармикин ёки фақат маньяклар, қотиллар ва зўравонларними?

Жавоб бериш

Агар гўёки «олижаноб» қўшинлар ўзини шундай тутса ва бу қадар ваҳшийликлар содир этса, собиқ маҳбуслар нима қилишларини тасаввур қилиш қўрқинчли.

Жавоб бериш