Карвонсарой
Хавфсизлик

Қурбонлар сони кўпаяр экан, Россия ҳалок бўлган аскарлар аёллари ва оналарининг овозини ўчиришга уринмоқда

Олга Чепил

Июн ойи бошида Украина шарқида рус ва украин кучлари ўртасида кечган жанг оқибатлари. [Файл]

Июн ойи бошида Украина шарқида рус ва украин кучлари ўртасида кечган жанг оқибатлари. [Файл]

КИЕВ, Украина – Россия ҳукумати қурбонлар ҳақидаги хабарларни камайтиришга уриниб, Украинадаги «махсус операция» бўйича норозиликни бостиришга ҳаракат қилмоқда.

Шунга қарамай, Россиянинг шарқий Сибирдаги тоғли республикаси бўлмиш Бурятияда норозилик авж олмоқда – Кремл бу минтақадан фаол равишда Украинадаги урушга аскарлар жалб қилган.

Ана шундай камёб норозилик намойишида 28 июн куни вилоятлик аскарларнинг аёллари ва оналари Бурятия Республикаси раҳбари Алексей Циденовдан Украинада жанг қилаётган қариндошларини ватанига олиб келишни талаб қилиб видео чиқаришган.

«Ҳарбий хизматчилар руҳам ва жисмонан чарчаганлар. Уларнинг барчасида енгил ва ўрта даражадаги контузия бор», дейди 16 нафар бурятиялик аёлдан бири.

«Люди Байкала» (Байкал одамлари) – Россия-Украина урушида ҳалок бўлган Бурятия ва иркутсклик аскарлар ҳисобини юритаётган ягона маҳаллий нашр. Расмда Бурятия ва Иркутск вилоятидан мос равишда 243 ва 52 та аскар ҳалок бўлгани кўрсатилган. [Люди Байкала]

«Люди Байкала» (Байкал одамлари) – Россия-Украина урушида ҳалок бўлган Бурятия ва иркутсклик аскарлар ҳисобини юритаётган ягона маҳаллий нашр. Расмда Бурятия ва Иркутск вилоятидан мос равишда 243 ва 52 та аскар ҳалок бўлгани кўрсатилган. [Люди Байкала]

Бурятияда Украинада асирга тушган икки маҳаллий аскарга бағишланган расмий некрологлар пайдо бўлди. Бурятиядаги деворда Украина босқинига бағишланган плакат осилган. [Люди Байкала]

Бурятияда Украинада асирга тушган икки маҳаллий аскарга бағишланган расмий некрологлар пайдо бўлди. Бурятиядаги деворда Украина босқинига бағишланган плакат осилган. [Люди Байкала]

«Аскарлар 2022 йилнинг январидан ҳозирги кунгача дала шароитларида кун кечирмоқда. Уларнинг кўпчилигида шамоллаш бор. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиши зарур», деди у.

Аёлнинг айтишича, мурожаат қилганларнинг яқинлари 5-Тацинский танкчилар бригадасининг бурятиялик аскарлари бўлиб, улар «январ ойида машғулотлар ўтказиш учун Белоруссияга жўнаб кетишган» ва 24 февралдан бери Украинадаги «махсус операцияда қатнашмоқда».

Россияда Украинадаги урушни «махсус операция»дан бошқача ном билан аташ 15 йилгача қамоқ билан жазоланиши мумкин.

«46108-сонли ҳарбий қисм аскарларини ротация қилиб, доимий ҳарбий хизмат жойига кўчириш масаласини кўриб чиқишингизни сўраймиз», дейди аёл.

Видеомурожаат тадбирда иштирок этган Вера Партилхаеванинг Инстаграмдаги аккаунтида эълон қилинган.

«Ҳамма қўрқувда. Бизга сукут сақлаш ҳақида буйруқ берилди. Бу адолатсиз урушда ҳар бир аскарнинг ўлими сизнинг виждонингизга ҳавола», деб ёзган у сарлавҳа остида.

Россиянинг «Люди Байкала» (Байкал одамлари) интернет нашри муҳаррири, ёзувчи Елена Трифонованинг сўзларига кўра, видеомурожаат ва аккаунт ўша куни кечқурун ўчириб ташланган.

Трифонова Партилхаева билан телефон орқали ҳам боғлана олмаган.

«Видеони интернетдан топиш мумкин, аммо Вера Партилхаеванинг аккаунти бутунлай ўчирилган. У ҳам, видеодаги бошқа аёллар ҳам алоқага чиқишмаяпти», деди Трифонова.

«Манбаларимизнинг айтишича, бу ишга ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) аралашган ва ҳукумат вакиллари аёлларнинг олдига боришган», деди у. «Ҳаммага жим туриш буюрилган.»

Россия расмий қурбонлар сонини фақат икки марта, охирги бор 25 март куни эълон қилган ва ўшанда 1351 нафар аскар ҳалок бўлганини билдирган эди. Таҳлилчилар бу рақамларни жуда оз деб ҳисоблайди.

Украина ҳарбийларининг сўнгги маълумотларига кўра, Россия 37500 мингдан ортиқ аскарини йўқотган.

Ғарб манбалари, одатда, Россиянинг қурбонлари бўйича анча паст – 15000 дан 20000 гача ҳалок бўлган аскарлар ҳақида хабар беради, жумладан, визуал далилларга таянадиган Oryxspioenkop каби техник талафотларга ихтисослашган сайтлар ҳам.

InfoResist веб-сайтининг ҳарбий-сиёсий таҳлилчиси Александр Коваленкога кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳисоб-китоблар Россия армияси жуда катта йўқотишларга учраганини кўрсатмоқда.

«Украина Бош штабининг расмий рақамларига таянадиган бўлсак... бу жуда катта – Афғонистон урушидаги [1979-1989 йиллардаги] йўқотишлар сонидан икки баравар кўп», деди у.

«Қариндошлар тарафидан қандайдир реакция бўлиши керак эди», лекин ундай бўлмади, деди Коваленко.

Қурбонлар сир тутилмоқда

Яхши ташкиллаштирилмаган босқиннинг бешинчи ойи давом этар экан, халқаро ҳамжамият, жумладан, Марказий Осиёдагилар ҳам Россияни қўллаб-қувватлаётгани йўқ.

Қозоғистон Украина шарқида ўзини мустақил деб эълон қилган Россия қўлловидаги республикаларни ҳеч қачон тан олмайди, деган эди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 17 июн куни Санкт-Петербургда журналистларга.

Июн ойида Россия ҳарбийларини қўллаб-қувватлагани учун ўзбек ширкатига нисбатан санкциялар жорий қилингани ҳам Россия уларнинг мамлакатидан ўз қурол-яроғ саноати учун фойдаланаётганидан хавотирда бўлган ўзбеклар орасида норозилик уйғотган.

Россия расмийлари катта йўқотишларга қарамай, мамлакат ичида «махсус операция»нинг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишига эришмоқчи.

Трифонованинг сўзларига кўра, видеолавҳада тилга олинган 5-Тацинский танкчилар бригадасининг камида 30 нафар аскари ҳалок бўлгани маълум.

«Люди Байкала» Россия-Украина урушида Иркутск вилояти ва Бурятия республикасидан қанча аскар ҳалок бўлганини ҳисоблаб бораётган ягона маҳаллий нашрдир.

Трифонова ва унинг ҳамкасблари жуда оз ҳажмдаги маълумотларни излаб, ўлган аскарларнинг яқинлари билан мулоқотда бўлган ва қабрларни санаб чиққан.

Уларнинг рўйхатида тўлиқ исм, ёш, унвон ва ҳар бир шахс ҳақида билиб олиш мумкин бўлган барча маълумотлар бор.

«Баъзида одам расмий маълумотларга кўра ўлмаган бўлади, аммо қариндошлари ўлган деб айтишади», деди у. «Урушнинг бешинчи ойи бошида биз Украинада 230 га яқин бурятиялик аскар ҳалок бўлганидан хабардор эдик».

«Рақамлар ўсиб бормоқда», деди у ва нашр бедарак йўқолганларни ҳисобламаётганини қўшимча қилди.

Трифонованинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати нима қилиб бўлса ҳам, ҳалок бўлган аскарлар сонини яширишга уринмоқда.

Жамоатчилик уруш ва унинг оқибатлари ҳақида қаттиқ ўйламаслиги учун мутасаддилар Иркутскда дабдабали байрам тадбирларини ўтказмоқда, деб қўшимча қилди у.

«Қишлоқларда доим дафн маросимлари ўтказилади, лекин ҳеч ким бу ҳақда ёзмайди, тасвирга олмайди ва гапирмайди.

«Айни пайтда кўчаларда доимий равишда байрам тадбирлари ўтказилмоқда... Ҳукумат одамларнинг қўрқувини бостириш учун байрамлардан фойдаланмоқда – улар уруш ҳақида ўйламасликлари ёки ҳалок бўлганлар ҳақида сўрамасликлари учун», деди Трифонова.

Трифонованинг сўзларига кўра, оилалар ўлим ҳолатида бериладиган катта нафақалар сабабли сукут сақлайди.

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти кичикроқ қишлоқлардан бўлган, одатда 9-синфни битириб, касб-ҳунар мактабига ўқишга кирган, кейин эса ҳарбий хизматга чақирилган эркаклардир. Иш топиш имконияти йўқ ёки паст бўлган бундай эркаклар учун армия энг барқарор иш берувчи ҳисобланади, деди у.

Унинг айтишича, аскарлар ойига 40000 дан 50000 рублгача (684–855 доллар) маош олади, агар ҳалок бўлишса, уларнинг қариндошлари маҳаллий ўлчовларга кўра жуда катта миқдорда товон пули олишади.

«Ўлган ўғли ёки эри учун она ёки рафиқаси 7 миллион рубл (119709 доллар) олади, бу ерда одатдаги иш ҳақи ойига 12000-15000 рублни (205-257 доллар) ташкил қилади», деди у. «Бунча пулга Улан-Удедан (Бурятия пойтахти) иккита квартира сотиб олиш мумкин.»

«Ўғлингизни ҳеч ким қайтариб бермайди, лекин улар [ҳукумат] сизга пул бериши керак», деди Трифонова.

«[Азадор] россияликлар бунга ўз чўнтагидан тўлаяпти», дейди таҳлилчи Коваленко.

«Ўша бурятиялик она... 7 миллион рубл унинг бутун умри давомида ишлаб топган пули эканлигини тушунмайди; шунчаки давлат ундан бу пулни тортиб олиб, уни талон-тарож қилган».

«Ўлим ва урушга пул тўлаш учун Россия тиббиёт, таълим ва илм-фанга пул тежаяпти», дейди Коваленко.

Қамалиш хавфи

Қамоқ жазоси қўрқуви ҳам фуқароларнинг оғзини юммоқда, дейди Трифонова.

Унинг айтишича, Россия расмийлари уруш ҳақидаги ҳар қандай номақбул баёнотларни зудлик билан йўқотадилар.

16 апрел куни Россиянинг «Роскомнадзор» цензура идораси Бош прокуратура буйруғи билан «Люди Байкала» нашрини блоклаган.

«Бизни нима учун блоклашганини ҳалигача билмаймиз – ҳеч қандай ҳужжат олганимиз йўқ. Судга ариза бердик. Бу масалада тортишмоқчимиз», дейди у.

«Тўғри, ҳозирча ҳеч ким буни уддалай олмаган ва биз ҳам қила олмасмиз, лекин ҳеч бўлмаганда нима учун блокланганимизни билиб оламиз».

Ҳамкасбларимни бир неча бор ҳибсга олишган ва сўроқ қилишган, деди Трифонова.

«Буни яшириш имконсиз – ҳукумат қанчалик яширишга уринмасин, барибир бу юзага чиқади. Ҳаммамиз ҳам одаммиз ва ўзимиз, ҳамкасбларимиз ва қариндошларимиз учун қўрқамиз».

«Ишонаманки, эртами-кечми ҳақиқат барибир ошкор бўлади», дейди Трифонова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ўлган ўғлининг жасади учун пул олиш – оналар учун энг муҳими.

Жавоб бериш

Шунча пайтдан бери сукут сақлашгани ҳисобга олинса, энди гапиришаётгани ғалати. Ҳечқиси йўқ; улар «Буюк рашистлар империяси» учун кўпроқ насл туғиб берадилар.

Жавоб бериш

Нега аввалроқ ҳеч нарса дейишмаган? Наҳотки, уларнинг оғзини шу қадар маҳкам беркитишган бўлса ёки эрлари ва ўғиллари бегуноҳ одамларни талон-тарож қилган, ўлдирган, болалару аёлларни зўрлаган, эркакларни таҳқирлаганми? Улар қандайдир бузуқ завқ учун ҳайвонларни ҳам ўлдиришган. Улар илгари гапиришни хоҳламаганмиди?

Жавоб бериш

Оналар шунча вақт оналик туйғулари йўқдек ва ўз фарзандларига чинакам эътиборсиздек сукут сақлаган.

Жавоб бериш

Улардан кимдир эндигина нимадир қила бошлагани қизиқ, чунки бу беш ойдан бери давом этмоқда, зўрлаган ва талон-тарож қилганлар эса уларнинг эрлари бўлган.

Жавоб бериш