Карвонсарой
Энергия

Россиянинг Каспий қувурини ёпиши Қозоғистондан қасос олиш сифатида баҳоланди

Канат Алтинбаев

Санасиз сурат: Новороссийскдаги Каспий қувурлари консорциумининг 2-терминали, бу ердан Қозоғистон нефти Европага кетаётган танкерларга ортилади. [КҚК матбуот хизмати]

Санасиз сурат: Новороссийскдаги Каспий қувурлари консорциумининг 2-терминали, бу ердан Қозоғистон нефти Европага кетаётган танкерларга ортилади. [КҚК матбуот хизмати]

ОЛМАОТА – Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) қувури фаолиятини 30 кунга тўхтатиб қўймоқчи бўлган Россия шу тариқа Украинага босқинни қўллаб-қувватламагани учун Қозоғистондан қасос олишга уринмоқда, дейди кузатувчилар.

Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги Тенгиз нефт конидан Россиянинг Новороссийск шаҳрига ўтувчи КҚК қувури Қозоғистон нефтини Европага етказиб берувчи асосий йўналиш ҳисобланади.

Новороссийск шаҳрининг Приморский туман суди Россиянинг транспорт соҳасидаги назорат органи «Ространснадзор» талабига биноан 5 июл куни экологик талабларнинг «бузилиши» сабабли КҚК фаолиятини 30 кунга тўхтатиб қўйди.

Бироқ, КҚКнинг Краснодар ўлкаси судига апелляция шикояти йўллаши ортидан душанба (11 июл) кунги аввалги инстанция қарор бекор қилиниб, унинг ўрнига КҚКга 200 минг рубл (тахминан 3250 доллар) жарима белгиланган.

Қозоғистондан Россиянинг Новороссийск шаҳрига нефт ташувчи Каспий қувурлари консорциуми харитаси. [КҚК матбуот хизмати]

Қозоғистондан Россиянинг Новороссийск шаҳрига нефт ташувчи Каспий қувурлари консорциуми харитаси. [КҚК матбуот хизмати]

9 январ куни Киевда #ПутингаЙўқ деб номланган акцияда намойишчилардан бири «Озод Қозоғистон» ёзувли плакатни ва Украина байроғини, яна бири Қозоғистон байроғи ушлаб турибди. [Сергей Супинский/AFP]

9 январ куни Киевда #ПутингаЙўқ деб номланган акцияда намойишчилардан бири «Озод Қозоғистон» ёзувли плакатни ва Украина байроғини, яна бири Қозоғистон байроғи ушлаб турибди. [Сергей Супинский/AFP]

5 июл кунги қатъий ҳукм Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Европа Иттифоқига (ЕИ) энергия билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бериш ваъдасидан бир кун ўтиб эълон қилинган.

Европа Кенгаши (ЕК) президенти Чарлз Мишел билан телефон суҳбатда Тўқаев «глобал энергетика хавфсизлигига таҳдидлар юзасидан хавотир билдириб, жаҳон ва Европа бозорларини барқарорлаштириш учун [Қозоғистон] углеводород салоҳиятини таклиф қилди», деб хабар беради президентнинг матбуот хизмати.

ЕК Европа Иттифоқининг умумий сиёсий йўналиши ва устуворликларини белгиловчи органдир.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, газ қувури қарийб 20 йил ишлатилган ва 24 февралда уруш бошланганидан кўп ўтмай, Россияда тўсатдан у билан «муаммолар» пайдо бўла бошлаган.

Март ойида Россия Новороссийскдаги КҚКнинг учта юклаш қурилмасидан иккитаси бўрон туфайли ишдан чиққанини билдирган эди, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиосининг қозоқ хизмати 8 июл куни.

Мустақил кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари бу даъвони ва ҳатто бўрон юз берганини ҳам шубҳа остига олишган.

Москва, шунингдек, июн ойида портга яқин жойдаги «денгиз тубида ўта хавфли портловчи моддалар топилгани учун» консорциум 10 кун давомида ишламаслигини айтган, деб қўшимча қилади Озодлик.

Москва хавотирда

Газ қувурининг ёпилиши сиёсий характерга эга, дейди таҳлилчилар.

КҚК фаолиятини вақтинча тўхтатиш қарори Украинадаги уруш бошланганидан бери Россия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганини кўрсатади, дейди Марказий Осиёдаги воқеаларни ёритувчи прагалик журналист Брюс Панниер.

«Қозоғистон феврал ойида Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси мустақиллигини тан олмаслигини очиқ-ойдин баён қилганидан сўнг, КҚК қувури фаолияти уч марта тўхтатилди... бунгача эса 20 йил давомида унда ҳеч қандай муаммо бўлмаган», дейди Панниер 8 июл куни Озодлик радиосининг қозоқ хизматига.

Агар Қозоғистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар Россия Украинага бостириб киришидан олдингидек бўлганида, ҳеч қандай муаммо юзага келмас эди, дейди у.

Хатарларни баҳолаш гуруҳи директори, олмаоталик сиёсий таҳлилчи Дўсим Сатпаевнинг айтишича, Қозоғистон «мустақиллиги кучайиб бораётгани»нинг аниқ аломатлари фонида Москва Нур-Султонга яна босим ўтказмоқда.

Қозоғистон Россия тажовузини қўллаб-қувватлашдан бош тортиб, Европага ёрдам таклиф қилди, деди у.

Июн ойи бошида Қозоғистон ўз нефти маркасини KEBCOга (Kazakhstаn export blend crude oil) ўзгартириб, уни санкцияларга учраган Россиянинг Urals брендидан ажратди, деди у.

17 июн куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Тўқаев Россия президенти Владимир Путиннинг олдида Қозоғистон Украина шарқида ўзини мустақил деб эълон қилган, Россия қўлловидаги республикаларни ҳеч қачон тан олмаслигини айтди.

«Москванинг бу босими охиргиси эмас – олдинда бизни ҳали кўп таҳдидлар кутиб турибди», дейди Сатпаев.

«Шу сабабли Қозоғистон иқтисоднинг инқирозга чидамли моделини ишлаб чиқиш ва Россия билан ҳаддан ташқари яқин иқтисодий алоқалардан тийилиш бўйича иш бошлаши керак», деди у.

Сатпаевнинг сўзларига кўра, мамлакат олдидаги энг долзарб стратегик вазифалардан бири – нефт экспорти йўналишларини диверсификация қилиш.

«Қозоғистон нефт экспортининг 80 фоизга яқини Новороссийск нефт терминали орқали ўтади», деб ёзган The Diplomat 6 июл куни.

Хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўли Россияни айланиб ўтувчи йўналишни таклиф қилиши мумкин, деди Сатпаев Қозоғистон нефтини Каспий денгизи орқали Озарбайжонга жўнатиш режасини назарда тутиб. Кейинчалик у Россияники бўлмаган қувур орқали Европага бориши мумкин.

Қозоғистондаги норозилик

Москванинг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги хабар интернетда қозоғистонликларнинг норозилигига сабаб бўлган.

«Нега бизнинг судларимиз Россия ракеталари учирилганида ҳудудимизни гептил билан ифлослантирадиган Бойқўнғир (Россия томонидан ижарага олинган космодром) фаолиятини чекламайди?», деб ёзган олмаоталик Марат Елсултанов 10 июл куни Фейсбукда.

«Руслар КҚКдаги экологиядан хавотирда экани қизиқ», деб қўшимча қилди у.

Россиянинг Қозоғистонга КҚК орқали бир неча марта босим ўтказгани «Қозоғистон ҳукуматини аста-секин Кремлга тўлиқ қарамликдан халос бўлишга ва мустақил сиёсат ишлаб чиқишга мажбур қилмоқда», деб ёзди Нур-Султонлик Исмоилбек Беккужин 9 июл куни Фейсбукда.

«Кремл ўз лойиҳасини (Евроосиё иқтисодий иттифоқини) йўқ қилмоқда, у борган сари амалий долзарблигини йўқотмоқда. Қозоғистон учун аввал-бошдан унга аъзо бўлишдан ҳеч қандай маъно йўқ эди», деди у.

Кремл қувурни ёпиш билан Қозоғистондан аламини олмоқда, деб ёзди Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти бош таҳлилчиси Никита Шаталов 6 июл куни Телеграмдаги каналида.

Бундай пасткашлик пировардида тескари натижа бериши мумкин, деб айтган у.

«Бу Қозоғистонни Россиядан нафақат дунёқарашга оид масалаларда узоқлашишга, балки углеводородларни импорт ва экспорт қилиш учун янги инфратузилма ечимларини излашга мажбур қилади», деди Шаталов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Агар Россия Москвага ўзи истаган вақтда қувурни ёпиб қўядиган бўлса, Божхона иттифоқидан нима наф? Бу иттифоқдан чиқиб, нефтни Россияни четлаб ўтган ҳолда ҳайдаш керак, шунда унинг Новороссийск денгиз порти ўз-ўзидан банкрот бўлади.

Жавоб бериш

Ҳақиқатан ҳам барча иқтисодий соҳаларнинг тўғри ишлаши учун Россияни четлаб ўтиш йўлларини топиш вақти келди; Грузия ва Озарбайжон, шубҳасиз, жуда яхши ҳамкор бўла олади.

Жавоб бериш

Лекин моҳиятан Россия Грузия ва Озарбайжон ҳукуматларини бўйнидан ушлаб турибди ва шундай усуллар билан Қозоғистон ҳукуматининг бўйнидан ҳам қаттиқроқ ушлаб туришга уринмоқда.

Жавоб бериш

Муаммоларни фақат шантаж йўли билан ҳал қилишади; Шунча алдаган, ўлдирадиган давлат билан тил топишиб, шартномалар тузиш ҳақида нима дейиш мумкин?

Жавоб бериш