Карвонсарой
Бизнес

Ўзбекистонга Россия компаниялари оқиб кирар экан, Тошкент мувозанат сақлашга уринмоқда

Рустам Темиров

Россия президенти Владимир Путин 19 ноябр куни Москвада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан қучоқлашиб кўришмоқда. [Михаил Климентьев/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 19 ноябр куни Москвада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан қучоқлашиб кўришмоқда. [Михаил Климентьев/Sputnik/AFP]

ТОШКЕНТ – Москванинг Украинага босқини ортидан Ғарб қўллаган санкциялардан қочишга уринаётган россиялик тадбиркорлар Ўзбекистонда ўз фаолиятини кучайтирар экан, Тошкентнинг ўзини Россияга ёрдамчи бўлиш хавфи остида қолдирмоқда.

2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида очилган корхоналар сони, айниқса, феврал ойида уруш бошланганидан кейин ошган.

Бу ҳолат кўплаб россияликлар, жумладан ҳарбий хизматга чақирувдан қўрққанлар ва масофадан туриб ишлашга қодир бўлган ахборот технологиялари соҳаси ходимлари мамлакатни тарк этганидан кейин юз берди.

Кўпчилик постсовет мамлакатларига, жумладан Арманистон, Грузия, Қозоғистон ва Ўзбекистонга кўчиб ўтди ва кейинчалик ўз бизнесини ҳам хорижга кўчира бошлади.

Инфографикада чапдан ўнгга 1 июл ҳолатига кўра Ўзбекистонда фаолият юритаётган Россия, Туркия, Хитой ва Қозоғистон фирмалари сони (яшил устунлар), шунингдек, 2022 йилнинг биринчи ярмида очилган фирмалар сони (қизил устунлар) кўрсатилган. [Карвонсарой]

Инфографикада чапдан ўнгга 1 июл ҳолатига кўра Ўзбекистонда фаолият юритаётган Россия, Туркия, Хитой ва Қозоғистон фирмалари сони (яшил устунлар), шунингдек, 2022 йилнинг биринчи ярмида очилган фирмалар сони (қизил устунлар) кўрсатилган. [Карвонсарой]

Ўзбекистонда Россия маблағлари ҳисобидан январда 23 та, февралда 28 та, мартда 56 та, апрелда 103 та, май ва июнда 189 та компания ташкил этилган, деб хабар берди Nova24.uz 12 июл куни Ўзбекистон ҳукуматига таяниб.

Бундан келиб чиқадики, олти ой ичида Ўзбекистонда 399 та Россия компанияси пайдо бўлиб, бу борада Россия Хитой ва Туркияни ортда қолдирган. Охирги икки давлат анъанавий равишда Ўзбекистонда энг кўп хорижий ва қўшма корхоналарга эга.

Ғарб санкциялари Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги бизнес ҳамкорлигини секинлаштиргани йўқ, аксинча, фаоллаштирди, деди Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов 8 июл куни Podrobno.uz интернет нашрига берган интервьюсида.

Январ-май ойларида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 34 фоизга кўп, деди Малгинов Ўзбекистон ҳукумати маълумотларига таяниб.

Россияга экспорт ҳажми қарийб 43 фоизга ошиб, салкам 940 миллион долларни ташкил этди, Россия товарлари импорти эса 30 фоизга кўпайиб, 2 миллиард доллардан ошди, дейди у.

Россиянинг йирик банклари SWIFT пул ўтказмалари тизимидан чиқариб юборилганидан кейин молиявий ва банк тўловлари масаласига келсак, икки мамлакат ҳозирда бу муаммони ўз валюталарида тўловларга ўтиш ва SWIFT муқобили бўлган Россиянинг SPFS тизимидан фойдаланиш орқали ҳал қилмоқдалар, деб қўшимча қилди у.

Санкциялар хатари

Ўзбекистоннинг ҳолати қалтис, дейди таҳлилчилар.

Россиядан Ўзбекистонга келиб яшаётган ёки ишлаётганлар орасида босқиндан нафратланувчилар ҳам, шунчаки Ғарбнинг Россияга нисбатан жорий қилган санкциялари юкидан қутулмоқчи бўлганлар ҳам бор.

Аслида Кремл бу каби «инвестициялар» билан санкцияларни четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда, дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence маркази директори Алишер Илҳомов.

«Москва яқин атрофдаги, биринчи навбатда Марказий Осиёдаги содиқ давлатларнинг ҳудуди ва юрисдикциясидан фойдаланиб, санкциялардан қочиш имкониятини кўзлаган эди», деди у. «Янги рўйхатдан ўтган компаниялар савдо операцияларини Ўзбекистондаги юридик шахс сифатида амалга оширади».

Бироқ постсовет ҳудудида биринчи бўлиб ўзбек компанияси санкция режимини бузгани учун иккиламчи санкцияларга дучор бўлди, деди у.

АҚШ Давлат департаментининг 28 июн кунги баёнотида айтилишича, АҚШ Ўзбекистоннинг «Promcomplektlogistic» компаниясини аввалроқ Россия мудофаа саноатига маҳсулот етказиб бергани учун санкцияга учраган «Радиавтоматика» компаниясига микросхемалар етказиб бергани сабабли санкцияга тушган компаниялар рўйхатига киритган.

«Вазият шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатга ҳақиқий суверенитет етишмайди ва у ҳамон Россияга қарам», дейди Илҳомов.

Тошкентлик иқтисодчи Анвар Назировга кўра, янги очилган компанияларнинг кўпчилиги сохта бўлиши, пулларни чиқариб олиш ҳамда доллар ва евродаги ҳисоблардан фойдаланиш имконига эга бўлиш учун очилган бўлиши мумкин.

«Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар томонидан жорий этилган санкциялар туфайли Россиянинг ўрта ва айниқса кичик бизнеслари евро ва доллар валютасидан фойдаланиш имкониятидан тўсилиб қолган.»

«Россиянинг хомашё ва валютадан фойдаланиш имкониятидан чекланиб қолган Россия компаниялари ёпилиб, Ўзбекистонда қайта очилмоқда», деб айтган Назиров.

Ўзбекистон Россия рублини қабул қилишдан манфаатдор эмас, деб таъкидлади у.

«Ҳозир улардан ҳеч нима сотиб ололмаймиз: Россия автомобил ва механик муҳандислик саноати ёки бошқа саноатлар ёки ҳар қандай технологиялар энди йўқ. Россиянинг саноати ўлган», деб айтган у.

«Рублда савдо қилганингизда, у биринчи галда рублни кучайтиришга ёрдам беради. Бу Ўзбекистонга ҳеч ҳам ёрдам бермайди.»

Мувозанатни сақлаш чораси

Россиялик компанияларнинг ўз ҳудудига кўчиб ўтишига расмий қаршилик қилиш билан Ўзбекистон Россия билан тўқнаш келишни истамайди, деб айтган тошкентлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

«Бунда геосиёсий эҳтиёткорлик бор. Бундан ташқари, шахсий манфаатдорлик даражаси ҳам бор, чунки Россия бизнеси барибир ташкил этилган ва инвестициялар Ўзбекистоннинг айрим иқтисодий манфаатларига мос келади», дейди у.

Бироқ, бундай иқтисодий алоқалар Ўзбекистоннинг Москвага санкциялардан қочишга бевосита ёки билвосита ёрдам бергани учун Ғарбнинг қора рўйхатига тушиши мумкинлигини англатади.

«Ғарб ҳозирда бизнинг геосиёсий маънода заиф ҳолатда эканлигимизни тушунади», дейди у. «Россия агрессив давлат, шунинг учун Ўзбекистон Кремлнинг бевосита ғазабига учрамаслик учун маневр қилишга мажбур».

«Ўзбекистон президент Қосим-Жўмарт Тўқаев аллақачон очиқ қарама-қаршилик йўлига ўтган Қозоғистон каби ҳаракат қилишни истамайди», деди у яқинда Қозоғистон ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг кескинлашганига ишора қилиб.

Ўзбекистон Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бера оладиган саноқли давлатлар қаторига киради ва шу туфайли иккиламчи санкцияларга дучор бўлиши мумкин, деди Назиров.

«Бу Ўзбекистон учун улкан хавф ва жуда ачинарли оқибатларга олиб келади», деди у.

«Бу ҳолатда Ўзбекистон жуда эҳтиёткор бўлиши зарур».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ш.[авкат] М.[ирзиёев] Путиннинг югурдаги. Унда давлат раҳбари сифатида ўз юртини ҳимоя қилиш учун жасорат йўқ. Каримов диктатор бўлишига қарамай шундай жасоратга эга эди. Бундай хислат Зеленский, Тўқаев ва Сандуда (Болтиқбўйи давлатлари раҳбарларини айтмаса ҳам бўлади) ҳам бор. Раҳбарнинг қўрқоқлиги ўз мамлакатининг суверенитетини хавф остида қолдиради. Ш. М.нинг Каримов ва Путинга эргашиб ҳокимиятни тортиб олишга уриниши шундан далолат берадики, бу ҳаракатлар ва ислоҳотларнинг бари Мугабе, Брежнев, Ким Ир Сен, Каримовдан тортиб Раҳмон ва Путингача бўлган барча диктаторларга хос ҳокимиятга ҳирс ва узоқни кўра билмасликни яширувчи фасаддир, холос.. Диктаторлар мамлакат тараққиёти йўлидаги тўсиқдир.

Жавоб бериш

«Ғарб санкциялари Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги бизнес ҳамкорлигини секинлаштирмади, аксинча, фаоллаштирди» муҳими, улар дунёга Ўзбекистоннинг навбатдаги «ука» эмас, балки Россиядан мустақил давлат эканлигини исботлашлари керак бўлмасин.

Жавоб бериш

Россия бизнеслари чўкаётган кемадан қочаётган каламушлар кабидир, Россия одамлари ҳам шу. Хўш, нега улар ҳамма ҳасад қиладиган ва ҳужум қилмоқчи бўладиган ўзларининг энг ажойиб ва ривожланган мамлакатларида яшамаяптилар? Куйган ҳид чиқди-ю, ҳамма қочиб кетдими?

Жавоб бериш

Россияда деярли ҳар бир постсовет республикасидан келган одамлар ишлайди ва яшайди! Улар яхши пул топиб, оилаларига жўнатишади. Аммо россиялик одамлар бошқа республикаларга кела бошлаши билан (сабаби муҳим эмас), дарҳол бақир-чақир бошланди. Ҳаммаёқ куйган ҳидга тўлиб кетди, сезяпсизми?

Жавоб бериш