Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қарзлар шодаси: Шри-Ланканинг Хитой билан бизнес юритиш ҳақидаги огоҳлик ҳикояси

Карвонсарой ва AFP

13 июл куни Шри-Ланка бош вазири Ранил Викремесингхе президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан бир неча соат ўтиб, ҳукуматга қарши минглаб намойишчилар унинг идорасига бостириб киришган. [AFP]

13 июл куни Шри-Ланка бош вазири Ранил Викремесингхе президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан бир неча соат ўтиб, ҳукуматга қарши минглаб намойишчилар унинг идорасига бостириб киришган. [AFP]

ХАМБАНТОТА, Шри-Ланка – Хитой кредитлари ва инфратузилма лойиҳалари муваффақиятсизликка учрагани сабабли улкан сиёсий ва иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган Шри-Ланкада Пекин билан бизнес юритиш хавфи аниқ намоён бўлмоқда, деб огоҳлантиради таҳлилчилар.

Уларнинг айтишича, Шри-Ланкадан олинган сабоқлар Хитойдан кредитлар ва инфратузилма лойиҳаларини олувчилар, хусусан, «Камар ва йўл» номи билан ҳам танилган «Бир камар, бир йўл» (BRI) ташаббуси билан боғлиқ мамлакатлар учун огоҳлантириш бўлиб хизмат қилиши керак.

Хитойнинг қарз тузоғи режаси жуда оддий, дейди мудофаа бўйича стратег ва халқаро масалалар бўйича таҳлилчи, истеъфодаги майор Амит Бансал ўтган жума (15 июл) куни Ҳиндистондаги Red Lantern Analytica (RLA) мустақил таҳлил маркази ўтказган онлайн анжуманда.

«Мамлакат стратегик жойлашувга эга ва камбағал бўлиши, унинг маъмуриятида эса коррупциялашган сиёсатчилар ўтириши керак. Шу учта шарт бажарилса, Хитой улкан кредитлар таклиф қилади ва аста-секин унинг суверенитетини тортиб олади», деб ёзади RLA твиттерда Бансалдан иқтибос келтириб.

Шри-Ланканинг Коломбо шаҳрида Хитой маблағлари ҳисобига қурилган нилуфар гули шаклидаги осмонўпар бино – «Лотус» минораси, 5 май кунги сурат. Миноранинг ранг-баранг шиша фасади пойтахт осмонига интиладиган даражада ҳайбатли, бироқ унинг ички қисми шу чоққача жамоатчилик учун очилмаган. [Ишара С. Кодикара/AFP]

Шри-Ланканинг Коломбо шаҳрида Хитой маблағлари ҳисобига қурилган нилуфар гули шаклидаги осмонўпар бино – «Лотус» минораси, 5 май кунги сурат. Миноранинг ранг-баранг шиша фасади пойтахт осмонига интиладиган даражада ҳайбатли, бироқ унинг ички қисми шу чоққача жамоатчилик учун очилмаган. [Ишара С. Кодикара/AFP]

2014 йил 16 сентябр куни Катунаяке шаҳрида жойлашган Бандаранаике халқаро аэропортидаги кутиб олиш маросимида Шри-Ланканинг ўша пайтдаги президенти Махинда Ражапакса (ўнгда) ва меҳмонлар китобига имзо чекаётган Хитой президенти Си Цзинпин (ўртада). [Лакруван Ваньяраччи/AFP]

2014 йил 16 сентябр куни Катунаяке шаҳрида жойлашган Бандаранаике халқаро аэропортидаги кутиб олиш маросимида Шри-Ланканинг ўша пайтдаги президенти Махинда Ражапакса (ўнгда) ва меҳмонлар китобига имзо чекаётган Хитой президенти Си Цзинпин (ўртада). [Лакруван Ваньяраччи/AFP]

Жамму марказий университетининг миллий хавфсизлик бўйича доценти Ж. Жеганаатанга кўра, Хитойнинг BRI номи билан мамлакатларга кредитлар таклиф қилиш схемаси бир хил.

«Улар доим ҳисобдорлик ва жамоатчилик шаффофлиги етишмайдиган авторитар режимларни танлайди», деди у RLA маълумотларига кўра. «Улар қарз таклиф қилади ва мамлакатнинг тузоққа тушишини кутади.»

Хитойдан миллиардлаб доллар қарзи бор Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг кўплаб давлатлари, жумладан Ироқ, Миср, Эрон, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳам шу схемага мос тушади.

Марваридлар шодаси

Шри-Ланкада инқирознинг кучайишига олиб келган «оқ фил» лойиҳаларига мисоллар кўп: дунёдаги «энг бўш» аэропорт, ташрифчиларсиз айланувчи ресторан, Коломбодаги 350 метрли Лотус минораси, улкан крикет стадиони, деярли фойдаланилмайдиган Халқаро анжуманлар зали, ўнлаб фойдаланилмаётган йўллар ва кўприклар, қарзларга ботган денгиз порти ва бошқалар.

Шри-Ланка ва Хитой расмийлари Пекиннинг мамлакатга киритаётган сармоялари «соф иқтисодий» деб ишонтиришга уринган бўлса-да, кузатувчилар бунинг ортида ғаразли мақсадларни кўрадилар.

«Ҳақиқатан ҳам, Шри-Ланка Хитойнинг Ҳинд-Тинч океани минтақаси бўйлаб Хамбантота порти, Коломбо порт шаҳри, Коломбо Лотус минораси ва бошқа кўплаб улкан инфратузилма лойиҳаларини ўз ичига олувчи кўп миллиард долларлик BRI ташаббусининг «марвариди» ҳисобланади», дейди собиқ америкалик дипломат ва АҚШ мудофаа вазирлигининг НАТО ва Ҳинд-Тинч океани қўмондонликлари ҳарбий профессори Патрик Мендис.

«Ушбу портларни осонгина икки мақсадли ҳарбий ва фуқаролик мажмуаларига айлантириш мумкин», деб ёзган у 11 июл куни Harvard International Review нашрида.

«Бунинг устига, яқин масофадаги Маттала Ражапакса халқаро аэропорти келажакда ундан икки мақсадда: фуқаровий ва ҳарбий объект сифатида фойдаланиш учун барпо этилган.»

Хабар қилинишича, Хитой Ҳинд океани ва Шарқий Африка атрофидаги денгиз операцияларини осонлаштириш учун 2017 йилда Жибутида ўзининг илк хорижий ҳарбий базасини очган. Бунинг учун Пекин Адан кўрфазидаги қароқчилик таҳдидини ва муҳим халқаро денгиз йўлларини ҳимоя қилиш мақсадини баҳона қилган.

Пекин маъмурлари Африканинг ғарбий қисмидаги ҳарбий база заруриятини ҳам худди шу билан асослаган.

Ўтган йил охирида Хитойнинг Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) яширинча ҳарбий база қураётгани ошкор бўлгач, бутун минтақа ва ундан ташқарида хавотир қўнғироқлари чалинган эди.

Сўнгги йилларда Хитой Шри-Ланкадаги улкан инфратузилмалар билан бирга, Покистон, Эрон ва бошқа муҳим ҳудудларда тез кенгайиб бораётган денгиз флотида фойдаланиши мумкин бўлган тижорий порт иншоотларини қурди.

Буларнинг барчаси Пекиннинг материк Хитойни Африка шохи мамлакатлари билан ҳарбий ва тижорат объектлари тармоғи орқали боғлашга қаратилган «марваридлар шодаси» стратегиясининг бир қисмидир.

Январ ойи ўрталарида Теҳрон ўтган йили имзоланган Хитой билан 25 йиллик Кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномасини амалга ошириш бошланганини эълон қилди.

Шартнома шартларига кўра, Эрон 400 миллиард долларлик сармоявий лойиҳаларнинг ишга туширилиши орқали BRIга жалб қилинади.

Шартнома гўёки тижорий характерга эга бўлса-да, Хитойнинг Эрондаги Жаск ва Чабаҳор портларига сармоя киритиши унинг тез ўсиб бораётган денгиз флоти салоҳиятини янада кенгайтиришга имкон беради.

Яна бир мисолда, Хитой Камбоджа билан ўз ҳарбий-денгиз кучларига ушбу мамлакатдаги базадан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида махфий битим тузди, деб ёзган эди WSJ 2019 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари расмийларига таяниб.

Бу маълумотларни рад этган Хитой ва Камбоджа расмийлари уларни «сохта хабарлар» ва «миш-мишлар» деб атаган.

Аммо ҳозир Хитой Камбоджада фақат ўз ҳарбийларининг фойдаланиши учун яширинча ҳарбий-денгиз иншоотини қурмоқда, деб ёзади 6 июн куни Washington Post Ғарб расмийларига таяниб.

«Бу лойиҳаларнинг барчаси дастлаб BRI доирасида ривожланишга ёрдам сифатида илгари сурилган», дейди Мендис. «Аслида, BRI – Шри-Ланканинг «огоҳлик ҳикоясида» кўрсатилганидек, ривожланаётган мамлакатларни ўз таъсири остига олиш учун Хитойнинг улкан мақсадли ташқи сиёсат стратегияси эди.»

Шри-Ланкадаги инқироз

Шри-Ланкада бир неча ой давом этган блекаутлар ҳамда озиқ-овқат ва ёқилғининг кескин танқислигидан сўнг, иқтисодни уқувсиз бошқариши сабабли ҳукумат истеъфоси талаб қилинган бир неча ҳафталик тинч намойишлар май ойида зўравонликка айланди, беш киши ҳалок бўлди ва камида 225 киши яраланди.

Президент Готабая Ражапакса июл ойида мамлакатдан қочиб кетган.

Инқироз Хитой томонидан молиялаштирилган ва ҳукумат исрофгарчиликларининг ёдгорлигига айланган лойиҳалар туфайли янада кучайди.

Ушбу инфратузилма лойиҳасининг марказий элементи саноат фаолиятини рағбатлантириш учун барпо этилган дунёдаги энг гавжум шарқ-ғарб кема магистралидаги чуқур сувли денгиз порти эди.

Аксинча, у ўз фаолиятини бошлаши билан пул йўқота бошлади.

«Лойиҳалар эълон қилинганида умидларимиз катта эди ва бу ҳудуд ҳақиқатан яхшиланди», деди Хамбантотада анчадан бери истиқомат қиладиган Динука AFPга.

«Аммо энди бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу порт бизники эмас ва биз яшаш учун курашяпмиз.»

Хамбантота порти қурилишни молиялаштириш учун олинган 1,4 миллиард долларлик Хитой кредитларини тўлаш учун етарлича хизмат кўрсата олмади ва олти йил ичида 300 миллион доллар йўқотди.

2017 йилда денгиз порти Хитой давлат компаниясига 99 йилга ижарага берилди – бу келишув бутун минтақада Пекин Ҳинд океанида стратегик устунликни қўлга киритгани ҳақидаги хавотирларни уйғотди.

Порт кўринадиган жойда Хитой томонидан қўллаб-қувватланган яна бир исрофгарчилик объекти бор: 15,5 миллион долларлик конференция маркази очилганидан бери деярли фойдаланилмаган.

Унинг яқинида Хитойдан олинган 200 миллион доллар кредит эвазига қурилган Ражапакса аэропорти шу қадар тежамкорлик билан фойдаланиладики, пайти келиб у ҳатто электр тўловини ҳам қоплай олмаган.

Пойтахт Коломбода эса Хитой томонидан молиялаштирилган «Порт шаҳри» лойиҳаси – Дубай билан рақобатлашадиган молиявий марказга айланиш мақсадида ташкил этилган 665 акрлик сунъий орол бор.

Аммо танқидчилар лойиҳанинг «яширин қарз тузоғига» айланиб бораётганини айтганлар.

Қарзга ботган

Хитой Коломбонинг энг йирик икки томонлама кредитори бўлиб, унинг 51 миллиард долларлик ташқи қарзининг камида 10 фоизига эгалик қилади.

Давлат фирмалари ва Шри-Ланка марказий банкига берилган кредитлар ҳисобга олинса, ҳақиқий рақамлар бундай анча юқори, дейди таҳлилчилар.

Ўсиб бораётган қарзларни уза олмаётгани ва кредит рейтингининг пасайиши ортидан халқаро пул бозорида янги кредитлар манбаларини қуриб бораётгани сабабли, апрел ойида Шри-Ланка ҳукумати ташқи кредит мажбуриятлари бўйича дефолт эълон қилди.

У Хитой билан қарзни тўлаш жадвалини қайта кўриб чиқишга уринди, аммо Пекин бунинг ўрнига мавжуд қарзларни тўлаш учун яна кредит таклиф қилди.

Бу таклиф Шри-Ланканинг Халқаро валюта жамғармасига (ХВЖ) ёрдам сўраб мурожаат қилгани сабабли рад этилди.

«Хитой Шри-Ланкага дефолтдан қочиш учун қўлидан келганича ёрдам берди, аммо афсуски, улар ХВЖга юзланиб, дефолт эълон қилишга қарор қилдилар», деди Хитой элчиси Ци Чжэнхун журналистларга.

Кўпгина Шри-ланкаликлар учун деярли фойдаланилмаётган инфратузилма лойиҳалари Хитой билан бизнес юритиш хавфининг яққол рамзига айланди.

«Биз қулоғимизгача қарзга ботганмиз», дейди Коломбодаги кичик канцелярия дўконининг эгаси Кришанта Кулатунга.

Кулатунганинг дўкони Хитой маблағлари эвазига барпо этилган гул шаклидаги осмонўпар бино – Лотус минорасига киравериш яқинида жойлашган.

Миноранинг ранг-баранг шиша фасади пойтахт осмонига интилган ҳолда қад кўтарган, бироқ унинг интерьери ва шаҳарнинг панорамали кўринишини томоша қилишга имкон берадиган айланувчи ресторани ўшандан бери жамоатчилик учун очилмаган.

«Қорнимиз оч қоладиган бўлса, бу минора билан фахрланишдан нима маъно? дейди Кулатунга.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитойнинг маккорона ва қабиҳ ҳаракатлари ҳақида болаларга бошланғич синфларданоқ гапириш керак.

Жавоб бериш

Хабарда айтилишича, Шри-Ланка ўз иқтисодиётини ривожлантириш уринишларини энди бошламоқда. Хитой қудратли давлат, у ҳатто Россиядан ҳам шафқатсизроқ ва қонхўрроқ.

Жавоб бериш

«Шри-Ланка қарзлар ва осонлик билан ҳарбий мақсадларда ишлатиш мумкин бўлган фойдаланилмаётган инфратузилмалар юки остида қолган» - улар БААда омборлар ва савдо учун объектларни ижарага олишди, лекин у ҳарбий база бўлиб чиқди. Қизиқ, Хитой бу ерда қандай фитна уюштирмоқда?

Жавоб бериш