Карвонсарой
Бизнес

Қозоғистон Украинадаги уруш туфайли Россияни тарк этган компанияларни ўзига чорламоқда

Ксения Бондал

Қозоғистоннинг тўлов тизимлари ва электрон тижорат соҳасидаги етакчи компанияси – Kaspi ходими Олмаотадаги бош офисда ишлаб ўтирибди, 2020 йил 5 ноябр. Қозоғистон Россиянинг Украинага босқинидан кейин Евроосиёда ўзига янги жой қидираётган Ғарб компаниялари билан қизиқмоқда. [Руслан Прянников/AFP]

Қозоғистоннинг тўлов тизимлари ва электрон тижорат соҳасидаги етакчи компанияси – Kaspi ходими Олмаотадаги бош офисда ишлаб ўтирибди, 2020 йил 5 ноябр. Қозоғистон Россиянинг Украинага босқинидан кейин Евроосиёда ўзига янги жой қидираётган Ғарб компаниялари билан қизиқмоқда. [Руслан Прянников/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоғистон Россиядаги фаолиятини тугатган Ғарб ва Европа компанияларини жалб қилиш учун барча чораларни ишга солишга тайёрлигини билдирмоқда.

Бу компанияларнинг Россияни тарк этишига Россиянинг Украинага қарши тажовузидан нафратланиш ва 24 февралда бошланган босқин туфайли жорий қилинган Ғарб санкцияларининг исталмаган юки сабаб бўлган.

1400га яқин йирик хорижий компанияларнинг қарийб ярми (уруш бошланганидан бери) Россиядаги фаолиятини тўхтатди ёки Россия бозоридан бутунлай чиқиб кетди, деди президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 14 июл куни бўлиб ўтган вазирлар маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида.

«Биз дунё миқёсида инвестиция капитали учун кечаётган курашни кўриб турибмиз», деди у. «Ҳукумат ушбу хорижий компанияларнинг Қозоғистонга кўчиб ўтиши учун қулай шарт-шароит яратиши керак. Бу бизга оралиқ ва якуний маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ошириш учун яхши имкониятлар беради».

Қозоғистон Украинага босқиндан кейин Россиядан бошқа жойга кўчаётган Ғарб компанияларини ўзига жалб қилмоқда. [Pexels.com]

Қозоғистон Украинага босқиндан кейин Россиядан бошқа жойга кўчаётган Ғарб компанияларини ўзига жалб қилмоқда. [Pexels.com]

Бунгача апартеид сабабли Жанубий Африкадан хорижий компанияларнинг чиқиб кетиши тарихан мисли кўрилмаган ҳисобланган: беш йил ичида 200 та компания, деган эди май ойида Йел бизнес мактаби профессори Жеффри Зонненфелд Weforum.org сайтига кўра.

Россия уч ой ичида бу рекордни беш баравар оширди, деди у.

Зонненфелд уруш бошланганидан бери Россиядаги фаолиятини қисқартирган ёки тўхтатган компанияларни кузатиб келаётган тадқиқотчилар гуруҳига раҳбарлик қилади. Жума, 22 июл ҳолатига кўра, бу рўйхатда 1000 дан ортиқ компания қайд этилган.

«Улар [кетаётган компаниялар] биз кимгадир таҳдид қилганимиз учун эмас, балки Россия катта салоҳиятга эга давлат бўлгани учун пушаймон бўлишади», деган эди Россия президенти Владимир Путин июн ойида Интерфакс хабарига кўра.

Аммо компаниялар вакиллари билан кенг қамровли суҳбатлар ва уларнинг йиллик ҳисоботлари таҳлили шуни кўрсатдики, Россияда ўз фаолиятини қисқартирган ёки тўхтатган аксар брендлар учун Россия бозори даромадларнинг атиги 10% ёки ундан камроғини ташкил қилади, деб хабар берган Би-би-си рус хизмати июн ойида.

Бундай статистика Россия жаҳон иқтисодиётида катта ўринни эгалламаганидан далолат беради.

Собиқ Goldman Sachs иқтисодчиси Жим О'Нилнинг март ойидаги тахминига кўра, 2020 йилда дунёда 11-ўринни эгаллаган Россия иқтисодиёти 2022 йил охирига келиб 15-ўринга тушиб қолиши мумкин, деб хабар беради Reuters.

Қозоғистоннинг қўли

Қозоғистон хорижий компаниялар учун анчайин қулай шарт-шароитлар яратган, дейди олмаоталик молиячи Мурат Кастаев.

Ўтган йил давомида Қозоғистонда уларнинг сони 18,5 фоизга ошиб, 28,1 мингтага етди, деб хабар берган июл ойида Олмаотада жойлашган LS Analytics бизнес янгиликлари сайти.

Улар орасида Германия, Туркия, Хитой, Нидерландия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Арманистон ва Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар компаниялари бор.

«Айрим маҳаллий тадбиркорларимиз ҳатто хорижий компаниялар учун яратилган шароитлар маҳаллий корхоналарникидан кўра анча жозибадор деб ҳисоблайдилар», деди Кастаев.

Бошқа тарафдан, Россия хорижий компанияларнинг кетишига тўсқинлик қила олмайди.

Россияда ҳокимият ўзгармагунича ва Путин кетмагунича қайтиш узоқ вақт амалга ошмайди, деди Кастаев. Шу сабабли ҳам хорижий компаниялар Евроосиёдан бутунлай чиқиб кетгандан кўра, келажакда Россияга қайтиш осонроқ бўлиши учун Қозоғистонга кўчгани маъқул.

«Хорижий компаниялар Қозоғистонда рўйхатга олинади, иш ўринлари яратади, Қозоғистон бюджетига солиқ тўлайди, қозоқ компанияларидан хизматлар ва товарлар, озиқ-овқат, транспорт, уй-жой, кийим-кечак ва ҳоказоларни сотиб олади», деди у.

«Иқтисодий самара жамланган ҳолатда бўлади, агар Россия ва халқаро компанияларга Қозоғистонда бизнес юритиш маъқул келса, улар Россияга қарши санкциялар бекор қилинганидан кейин ҳам шу ерда қолиши мумкин», деди у. «Агар санкциялар бекор қилинмаса, ҳали-бери бекор қилинмайди ҳам, Қозоғистонда бизнес юритиш истиқболлари Россияникидан анча яхши».

Халқаро ва глобал ахборот технологиялари (IT) компанияларининг кўчиши Қозоғистон учун энг қизиқарли ва жозибадор бизнес истиқболи ҳисобланади, деди Кастаев.

«IT-компаниялар юқори малакали иш ўринларини яратади, чунки улар маҳаллий ходимларсиз ишлай олмайди», деди у. «Маҳаллий мутахассисларни ёллаш Россиядан ҳар бир ходимни кўчириб келишдан кўра анча арзон. Бу қозоғистонлик ходимларнинг малака ва илғор тажрибаларга эга бўлишини англатади».

Иккинчи йўналиш – ишлаб чиқариш, айниқса озиқ-овқат маҳсулотлари, чунки озиқ-овқат маҳсулотларининг ярмидан кўпи Қозоғистонга Россиядан келади.

Учинчиси – оғир машинасозлик, хусусан, станоклар, ўлчаш асбоблари ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш.

Инвестиция учун имкониятлар

Макроиқтисодий тадқиқотлар ва прогнозлаш маркази бош илмий ходими, Нур-султонлик Мадияр Кенжебулатнинг сўзларига кўра, Тўқаев айтган инвестицияларни рағбатлантирувчи чоралар қаторига солиқ имтиёзлари ҳам киради.

«Масалан, Қозоғистоннинг ҳозирги вақтда унча ривожланмаган соҳаларида турли лойиҳаларни ишга туширган Ғарб компанияларини бир неча йилга солиқлардан озод қилиш», дейди у.

«Шундай соҳалардан бири – машинасозлик, хусусан, станоклар ишлаб чиқаришдир. Инвесторлар учун арзон электр энергияси – ишлаб чиқариш харажатларининг энг салмоқли қисми – Қозоғистонга кўчиб ўтиш учун яна бир афзаллик», дейди Кенжебулат.

Тўқаев ҳозир икки ўт орасида, дейди Қарағанда вилоятилик иқтисодчи, собиқ сенатор Валихон Қайсаров.

«Тўқаев Қозоғистон президенти бўладими-йўқми ёки Путин Россия президенти бўладими-йўқми, иккала давлат ўзаро ҳамкорлик қилишга мажбур», деди у.

Бир тарафдан, улар 7500 км дан ортиқ умумий чегарага ва мустаҳкам иқтисодий алоқаларга эга.

Бошқа томондан эса, ҳозирда Қозоғистонда ватанпарвар ва миллатпарвар кучлар фаоллашган, мамлакат ичида эса Россиянинг ўзи қўзғаган аксилроссия кайфияти кучайди, дейди у.

Шу билан бирга, Ғарб ва Европа Иттифоқи Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермаслиги учун Қозоғистонни диққат билан кузатмоқда, деб қўшимча қилди Кайсаров.

«Қозоғистонга кўчиб ўтиш хорижий компаниялар учун Россиядан унча узоқ бўлмаган жойга чиқиш имкониятидир», деди у. «Бу мамлакатимиз учун манфаатли, шу сабабли ҳатто солиқ имтиёзлари таклиф қилишимиз ҳам шарт эмас. Улар шундоқ ҳам Евроосиёда қолишни хоҳлаши мумкин. Энг аввало, уларни Қозоғистоннинг нефт-газ соҳаси қизиқтиради. Улар ўз ускуналарини узоққа кўчиришига ҳам ҳожат йўқ.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қозоғистон бу Ғарб компанияларини бемалол қабул қилиши мумкин. Россия ғазабланмаслиги керак; Бу Москвани ҳам қутқаради. Ушбу компаниялар ўз маҳсулотларини Россияга ҳам етказиб беришлари мумкин.

Жавоб бериш

IT-компаниялар юқори малакали иш ўринларини яратадилар – Россия ва Украинадан қочиб кетган мутахассислар жуда кўп; Агар виза ва тўлов шартлари қулай бўлса, улар Қозоғистон бозорини тўйинтириши мумкин.

Жавоб бериш

Минтақанинг ўзига хослигини тушунган хорижий инвесторлар бозорларимизга киришга унчалик интилмаслиги мумкин. Қўшнинг эсипаст бўлса, ривожланиш қийин барибир.

Жавоб бериш

«Масалан, Қозоғистоннинг ҳозирги вақтда унча ривожланмаган соҳаларида турли лойиҳаларни ишга туширган Ғарб компанияларини бир неча йилга солиқлардан озод қилиш». Қизиқ сценарий: солиқлар билан бойимаса ҳам, янги иш ўринлари ва ресурслар истеъмоли туфайли Қозоғистон барибир фойдада бўлади.

Жавоб бериш

Меҳнат бозори мутахассислар билан тўйинган; демак, компаниялар учун танлов имконияти бор. Бу Қозоғистон учун ажойиб бўларди.

Жавоб бериш

Ҳа, энг муҳими, Россия ҳужум қилиш ва «Украина сценарийсидан фойдаланиш» таҳдиди билан ўзининг носоғлом хаёлларини амалга оширмасин. Ва тушунарсиз равишда бу томонга ҳам ҳужум қилмасин.

Жавоб бериш