Карвонсарой
Таълим

Украинанинг ишғол қилинган ҳудудларидаги ўқитувчилар ва ота-оналар янги ўқув йили арафасида босимга дуч келмоқда

Олга Чепил

Суратда: Украина жанубидаги Херсон ва Николаев шаҳри орасида жойлашган Зелений Гай қишлоғида 1 апрел куни Россия ракета ҳужумига учраган мактабнинг вайрон бўлган синфхонаси. [Булент Қилич/AFP]

Суратда: Украина жанубидаги Херсон ва Николаев шаҳри орасида жойлашган Зелений Гай қишлоғида 1 апрел куни Россия ракета ҳужумига учраган мактабнинг вайрон бўлган синфхонаси. [Булент Қилич/AFP]

КИЕВ – Ишғол қилинган Херсондаги мактаблардан бирининг тарих ўқитувчиси Сергей Шишковский феврал ойида бошланган Россия босқинига қарамай, имкон қадар интернет орқали дарс беришни давом эттирди.

Москва томонидан аннексия қилинган Қрим яқинида жойлашган Херсон шаҳри феврал ойида Кремл Украинага бостириб кирганидан кейин Россия қўшинлари қўлига ўтган биринчи йирик шаҳарга айланган эди. Уруш бошланганидан бери вилоятнинг катта қисми руслар томонидан эгалланган.

Шундан сўнг Москва руслаштириш кампаниясини бошлаб, рублни муомалага киритишга уринди, Россия паспортларини чиқарди ва июн ойи охирида Россия банкини очди.

Энди эса ота-оналар ва ўқитувчиларни мактабларда янги ўқув дастурини қабул қилишга мажбурлаш чоралари бошланган.

Россиянинг Украинада давом этаётган ҳарбий ҳаракатлари фонида 21 июл куни Херсонда аҳоли Россия фуқаролигини олиш учун ариза топширган. [Stringer/AFP]

Россиянинг Украинада давом этаётган ҳарбий ҳаракатлари фонида 21 июл куни Херсонда аҳоли Россия фуқаролигини олиш учун ариза топширган. [Stringer/AFP]

«ФСБ [Федерал хавфсизлик хизмати] ходимлари бир неча марта уйимга келиб, тинтув ўтказишди», дейди Шишковский Карвонсаройга.

«Улар ҳамма шкафларни ва ҳатто ич кийимлар солинган жавонларни ҳам очиб кўришди. Уларга нима кераклигини билолмадим. Менинг ёш болам бор, бир неча бор тунги тинтувлардан кейин оилам хавфсиз жойга кетишга қарор қилдик, деди май ойи охирида Херсондан оиласи билан қочиб кетган Шишковский.

Урушдан аввал Шишковский ишлаган мактабда 500 га яқин ўқувчи таҳсил олган.

Ҳозир уларнинг сони 100 та, қолганлари кетган.

Шишковскийга ҳали ҳам ишғол остида яшаётган ўқувчиларнинг ота-оналари вақти-вақти билан қўнғироқ қилиб туришади.

«Ота-оналар мендан нима қилиш керак деб сўрашяпти, чунки уларга кучли босим ўтказилмоқда. Улардан фарзандларини мактабга юбориш талаб қилинмоқда, аммо бунинг учун улар Россия паспортини олиши кераклиги айтилмоқда».

«Уларга фарзандларини Россия дастурига мувофиқ ўқитишмаса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилишаётган экан», дейди Шишковский.

Бу «бориб турган шантаж», деди у.

«Ҳақиқий ташвиқот»

Руслар 2014 йилда Қрим ишғол қилинганида синалган айнан ўша «таълим дастури» моделини қўлламоқда, дейди Херсонлик сиёсий таҳлилчи Владимир Молчанов.

4 июл куни Россия ҳукумати Херсон вилоятининг босиб олинган қисми учун ҳукумат деб аталувчи тузилмани, жумладан, таълим тизимини руслаштиришга масъул амалдорларни тайинлади.

«Москва Михаил Родиковни раҳбар қилиб тайинлади. У Қримдаги таълим жараёнини руслаштиришга масъул эди», дейди Молчанов. Энди унинг Херсонга ўтказилиши кутилмоқда».

«Аммо жараён аллақачон бошланган», дейди у.

Босқинчилар «Қримдан рус адабиётини олиб келишди, Олес Гончар кутубхонасидан эса барча украин адабиётини йўқотишди», деб қўшимча қилди у.

«Россия таълим тизимида тарбияланган болалар қандай бўлишини ҳамма кўриб турибди», дейди Молчанов рус аскарларининг талончиликка мойиллигини таъкидлаб.

Бу орада Россиянинг босқинчи ҳукумати мактаб фанлари рўйхатидан Украина тарихини олиб ташлаган.

У ердаги дарсликларда умуман «Украина» деган сўз йўқ, дейди тарих ўқитувчиси Шишковский.

«Ҳаммаси Россиянинг ҳудуди, тил эса фақат рус тили. Дарсликларда ташвиқотдан бошқа нарса йўқ

«Улар Херсондаги барча украин ёдгорликларини йўқ қилишди ва болаларни Украинага оид ҳамма нарсага нисбатан нафрат руҳида тарбияламоқчи. Украинанинг миллий ўзлигини йўқ қилишмоқчи», дейди Шишковский.

Ўз навбатида Украина расмийлари Россия ишғоли остида қолган 1174 мактабда ўқиган болалар учун масофавий таълим тизимини йўлга қўйиш устида ишламоқда.

«Вақтинча босиб олинган ҳудудларда 1000 дан ортиқ мактаблар бор. Биз бу болаларни мактабларга қабул қилишга тайёргарлик кўряпмиз», деди Украина таълим вазирлигининг умумий ўрта ва мактабгача таълим бошқармаси раҳбари Юрий Кононенко 7 июл куни Украина жамоат радиоси эфирида.

Ўқитувчилар босим остида қолишган

Шишковскийнинг ҳисоб-китобларига кўра, ишғол қилинган Херсондаги мактабларда ўқитувчиларнинг тахминан 10-15 фоизи ва бутун шаҳарда 20 га яқин мактаб директорлари қолган.

Шаҳарда қолганларнинг кўпчилиги босқинчи ҳокимият улардан Россиянинг янги дастури бўйича қайта тайёрлаш курсларидан ўтишни талаб қилаётганини айтган.

«Ўқитувчиларга қамоққа олиш билан таҳдид қилишмоқда. Босқинчиларнинг иддаосига кўра, ўқитувчилар Женева конвенциясини бузиб, болаларни таълим олиш имкониятидан маҳрум қилаётган эмиш», дейди Шишковский.

«Уларнинг айтишича, ўқитувчилар ишга чиқмай, Россия ўқув дастури билан ишлашни истамай, таълим жараёнига тўсқинлик қилаётган экан. Барча масъулият оддий одамлар зиммасида. Ёки ҳамкорлик, ёки қамоқ», деди у.

Украиналик ўқитувчиларнинг етишмаётгани ва уларнинг Россия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётгани туфайли босқинчи ҳокимият ўз ўқитувчиларини олиб келишга мажбур бўлди, деб қўшимча қилди у.

«Урал орти, Бурятия, Доғистон: у ердан келган ўқитувчиларга кунига 7000 рубл (121 доллар) ваъда қилинган. Лекин улар қўрқиб, бу таклифни рад этмоқда – ахир бу ерда уруш кетяпти».

«Қримдан 10 тача ўқитувчи келди, [ўқитувчиларни] Россия ўқув дастури бўйича тайёрлаш учун. Лекин одам етишмаётган бўлса, кимни ҳам тайёрлашади?» дейди Шишковский.

Май ойидаёқ руслар қўлига ўтган Мариуполдаги ўқитувчилар ҳам худди шу каби ҳамкорликдан бош тортмоқда.

Мариуполлик украин тили ўқитувчиси Людмила Болтинова – шаҳарни тарк этиб, хорижга чиқиб кетганлардан. «Ҳамкасбларимнинг уйларига одамлар келиб, ишга чиқишларини кераклигини айтишаётган экан», дейди у.

«У ерда ўқитувчилар етишмаяпти, улар (босқинчилар) психологик босим ўтказишмоқда. Ҳозир Мариуполда қайта тайёрлаш курслари ташкил этилмоқда, шунинг учун ўқитувчилар Россиянинг тегишли сертификатига эга», деди Болтинова.

Мактаблардан база ўрнида фойдаланилмоқда

Болтинованинг сўзларига кўра, Мариуполда бутун қолган мактаблар деярли йўқ.

«Шаҳарда интернет ҳам, сув ҳам йўқ. [Мактаб бошланишига] бир ярим ойча вақт қолди. Мактабларни қандай иситишмоқчи? Ҳожатхоналарга қандай қилиб сув ўтказишмоқчи?»

«Вайрон бўлган мактаблардан турли жиҳозлар, қандайдир ноутбуклар йиғиб келишган, электр эса йўқ. Болалар қандай таълим олишади?» дейди Болтинова.

Украина бош прокуратураси маълумотларига кўра, 24 феврал куни босқин бошланганидан бери 1971 та мактабга шикаст етган, 194 та мактаб эса бутунлай вайрон қилинган.

Россияликлар Херсон вилоятидаги мактабларнинг 20 фоиздан кўпини ишга тушира олмайди, дейди таҳлилчилар.

Айни пайтда Киев стратегик минтақани қайтариб олиш учун қарши ҳужум бошлашга ваъда берди.

«Руслар мактаблардан ўз ҳарбий бўлинмаларини жойлаштириш учун фойдаланмоқда. Мактаблар қулай, чунки урушдан олдин Украинада кўплаб мактаблар яхши таъмирланган – жиҳозларни қўйиш учун жойлар бор, шунинг учун биринчи навбатда руслар ўша биноларга жойлашмоқда», деди сиёсатшунос Молчанов.

«Мактаблар атрофида жанглар олиб борилмоқда», деб қўшимча қилди у.

Шунга қарамай, босиб олинган ҳудудларни тарк этган украиналик ўқитувчилар охир-оқибат уйларига, мактаблари ва ўқувчилари олдига қайтишга ваъда беришган.

«Ўқувчиларим олдига қайтишни истайман. Бутун умримни Мариуполда ўтказдим ва ўз шаҳримга қайтмоқчиман», дейди тил ўқитувчиси Болтинова.

«Ишонаманки, Украина ғалаба қозонади ва бунда бизга бутун дунё ёрдам беради».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Уларга фарзандларини Россия дастурига мувофиқ ўқитишмаса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилишаётган экан», дейди Шишковский. «Бечора оилалар яна қанча қийинчиликларни бошдан ўтказаркин. Энг муҳими, бу «маҳрум қилувчилар» уларни ўз оилаларидан тортиб олиш билан таҳдид қилаётган янги рАссияликлар бу болаларни нормал яшаш шароитлари билан таъминлай олармикин. Афсуски, рашистик кучлар томонидан босиб олинган ҳудудларда таълим билан боғлиқ кўплаб муаммолар пайдо бўлади.

Жавоб бериш

Бечора одамларга яна иккинчи жаҳон уруши давридаги усуллар ва Совет республикалари ўша пайтда дучор бўлган қатағонлар қўлланилмоқда. Чунки Россиянинг тор тасаввурига бошқа нарса сиғмайди, дунё эса шунчаки попкорн еб, томоша қилиб ўтирибди.

Жавоб бериш