Карвонсарой
Терроризм

Душанбе ИДга алоқадор аёллар ва болаларни ватанига қайтарди

Карвонсарой ва AFP

ИД жангариларининг оила аъзоларидан бўлган аёллар ва болалар автобусга ўтирмоқда, 25 июл куни Суриянинг Қамишли шаҳрида курд ҳукумати уларни Тожикистон ихтиёрига топширган. [Делил Сулаймон/AFP]

ИД жангариларининг оила аъзоларидан бўлган аёллар ва болалар автобусга ўтирмоқда, 25 июл куни Суриянинг Қамишли шаҳрида курд ҳукумати уларни Тожикистон ихтиёрига топширган. [Делил Сулаймон/AFP]

ҚАМИШЛИ, Сурия – Суриянинг ярим мухтор курд маъмурияти «Ислом давлати» (ИД) жангариларига алоқадор 146 нафар аёл ва болани Тожикистонга топширди, деб хабар беради курд расмийларидан бири душанба (25 июл) куни.

Аввалроқ, 2019 йилнинг апрел ойида Тожикистон Ироқдан 84 нафар болани ватанига қайтарган эди.

2014 йилда Ироқ ва Сурия бир қатор ҳудудларини эгаллаб олган ИД сафига минглаб хорижлик жангарилар келиб қўшилган, кўп ҳолларда улар гуруҳ эълон қилган «халифаликда» яшаш учун ўз аёллари ва болаларини олиб келишган.

Курдлар бошчилигидаги Сурия демократик кучлари (СДК) халқаро коалиция қўлловида ИДга қарши курашиб, 2019 йилда экстремистик гуруҳни Сурияда эгаллаб олган сўнгги ҳудудларидан сиқиб чиқарди.

Суриянинг ал-Ҳасака вилоятида жойлашган курдлар назоратидаги ал-Ҳол жамлоғи, 6 декабр. Бу ерда ИД жангариси деб гумон қилинганларнинг қариндошлари сақланади. [Делил Сулаймон/AFP]

Суриянинг ал-Ҳасака вилоятида жойлашган курдлар назоратидаги ал-Ҳол жамлоғи, 6 декабр. Бу ерда ИД жангариси деб гумон қилинганларнинг қариндошлари сақланади. [Делил Сулаймон/AFP]

ИД жангариларининг қариндошлари ва тарафдорлари яшайдиган шимоли-шарқдаги айрим йирик қочқинлар лагерларини назорат қилувчи Суриядаги курд ҳукумати мамлакатларни бир неча бор ўз фуқароларини репатриация қилишга чақирган.

Аммо мамлакатлар ички сиёсий реакциядан хавфсираб, уларни саноқли марта олиб чиқишди.

Human Rights Watch ташкилотининг 2021 йилги тадқиқотига кўра, қарийб 60 мамлакатдан фақат 25 таси ўз фуқароларини ал-Ҳолдан ватанига олиб келган.

Марказий Осиёдаги репатриация чоралари

Курдлар Сурия шимоли-шарқидаги ал-Ҳол ва Рож жамлоқларида сақланаётган 42 аёл ва 104 нафар болани (улар орасида етим болалар ҳам бор) Тожикистоннинг Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзодага топширди, деди курдларнинг ташқи сиёсат маҳкамаси вакили Фанар ал-Каит.

Зубайдзода Тожикистонга репатриация жараёни билан шуғулланади.

Тожикистон ўз фуқароларини ватанига қайтариш учун Сурия курдлари билан «бир неча ой» алоқада бўлиб турди, деди ал-Каит Қамишлида ўтган матбуот анжуманида.

Аёллар «Сурия шимоли-шарқида ҳеч қандай жиноят ёки террорчилик содир этмаган», деб қўшимча қилди у.

Курдлар бошчилигидаги кучлар баъзилари ёрқин, бошқалари узун қора кийимлар кийган аёлларни ва болаларни автобусда Қамишли аэропортига олиб кетишда кузатиб борган.

Айрим аёлларнинг юзлари ёпиқ бўлган.

Ёш болалар бошқа йўловчиларни беркитиб турган автобус ойналаридаги қалин пардалар ортидан қўрқа-писа қарар эдилар.

Қозоғистон – Марказий Осиё мамлакатлари ичида ўз фуқароларини ватанига қайтаришни бошлаган илк давлат бўлди. 2019-2021 йиллар давомида «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида Сурия ва Ироқдан 700 дан ортиқ қозоғистонлик ватанига олиб келинди.

Ўзбекистон Сурия ва Ироқдан 318 нафардан ортиқ ўзбекистонлик аёллар ва болаларни уч босқичда репатриация қилди.

2020 йил феврал ойида Тожикистон ҳукумати ИД парчаланиши ортидан Суриядаги лагерларда қолиб кетган юзлаб фуқароларини ватанига қайтаришни режалаётганини билдирган эди.

Экстремизм ўчоғи

Ҳуқуқбон ташкилотлар экстремистларни ёллаш ва уларнинг сафини қайта тиклаш ҳаракатлари марказига айланган, ИД жангариларининг қариндошлари ва қочқинлар сақланадиган Сурия лагерларида аянчли яшаш шароитлари ва жиноятчилик авж олганини анчадан бери қоралаб келади.

Курд маъмуриятининг тартибни сақлашга оид саъй-ҳаракатларига қарамай, ал-Ҳол экстремизм ўчоғи бўлиб қолмоқда, деб ёзган АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) собиқ қўмондони, генерал Жозеф Л. Вотел 21 июл куни «Вашингтон Пост» газетасидаги мақолада.

«Биз унинг қочқинлар учун узоқ муддатли лагер бўлишини истамаймиз, чунки «Ислом давлати»нинг ушбу оила аъзоларини узоқ муддатга бирлаштириш келажакда зўравонлик уруғини қадашга тенг бўлиши мумкин», деб ёзади у.

«Биз бу оилаларни репатриация, реабилитация ва қайта интеграция қилиш учун кенг кўламли ва мувофиқлаштирилган чоралар зарурлигини билардик.»

«Лагерда зўравонлик кескин кучайиб бораётгани ҳақида хабарлар бор», деди у.

Ал-Ҳолдаги кескин қарашларга эга ИД аъзолари «ҳесба» («диний полиция») бўлинмаларини – шариатни қатъий равишда татбиқ этиш ва жазо тайинлаш таъминловчи огоҳлик гуруҳларни тузиб, лагер болалари орасида мафкуравий иш олиб бормоқда.

Май ойида Қўшма Штатлар Суриядаги лагерлардан, жумладан ал-Ҳолдан болаларни ИД сафига ёллашда ёрдам берган халқаро молиявий воситачилар тармоғига санкциялар жорий қилганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) 28 июн куни мамлакатлардан ўз фуқароларини ватанига қайтаришни талаб қилар экан, 18 ой ичида лагерда 100 дан ортиқ одам, жумладан, кўплаб аёллар ўлдирилганини маълум қилди.

БМТнинг Суриядаги доимий мувофиқлаштирувчиси Имрон Ризонинг айтишича, Ал-Ҳол лагери тобора хавфли бўлиб бормоқда, маҳбус болалар келажаги йўқ ҳаётга маҳкум.

Жамлоқда бошқа давлат фуқаролари билан бирга 56 мингга яқин одам, асосан суриялик ва ироқликлар қолмоқда. Улардан айримлари ИД билан алоқада.

Тутқунликдагиларнинг 94 фоизи аёллар ва болалардир, дейди Ризо.

«Бу жуда оғир жой бўлиб, тобора хавфли маконга айланиб бормоқда», деди у.

«Ўтган йилнинг январ ойидан бери лагерда 106 тача қотиллик содир этилган» ва қурбонларнинг «кўпчилиги» аёллар, деб қўшимча қилди у. «Гендерга асосидаги зўравонликлар жуда кўп... У ерда тақиқланган ҳудудлар талайгина.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) 28 июн куни мамлакатлардан ўз фуқароларини ватанига қайтаришни талаб қилар экан, 18 ой ичида лагерда 100 дан ортиқ одам, жумладан, кўплаб аёллар ўлдирилганини маълум қилди.» дунё бу қирғинни яна пайқамасликни афзал кўрди.

Жавоб бериш

Бу аёллар ва болалар келажакда нималарга дуч келишларини тасаввур қилиш даҳшат. У ерда уларнинг ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ ва бу ожиз одамлар ИДнинг қуроли остида, эҳтимол иккинчи марта қочиб қутула олмайдилар.

Жавоб бериш