Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ўзбекистон Россияни четлаб ўтишга интилар экан, темирйўл орқали денгиз йўлларига чиқмоқчи

Рустам Темиров

Харитада Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Кобул шаҳарларидан Покистоннинг Пешовар шаҳригача бўлган Транс-афғон темир йўли кўрсатилган. Нуқтали қора линия таклиф этилаётган сегментни ифодалайди. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Харитада Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Кобул шаҳарларидан Покистоннинг Пешовар шаҳригача бўлган Транс-афғон темир йўли кўрсатилган. Нуқтали қора линия таклиф этилаётган сегментни ифодалайди. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Москва Украинага бостириб киргани сабабли Ғарб санкцияларига дучор бўлишда давом этаётган бир пайтда Тошкентга Россия транспорт йўлакларини айланиб ўтиш имконини берадиган Ўзбекистон-Покистон темир йўл қурилиши бўйича дастлабки ишлар бошланди.

18 июл куни Афғонистонда Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистонлик мутахассислар Транс-афғон темир йўли йўналишини белгилашга киришдилар, деб хабар беради «Дунё» агентлиги Покистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Муҳаммад Содиққа таяниб.

Тошкент расмийлари 2021 йилнинг феврал ойида Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Кобул шаҳарлари ҳамда Покистоннинг Пешовар шаҳарларидан ўтувчи темир йўл қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган эдилар.

Ўзбекистонда ушбу темирйўлнинг Термиз шаҳридан Мозори Шарифгача бўлган қисмини аллақачон барпо этган.

Афғонистон темир йўллари ходими 2019 йил 9 феврал куни Афғонистоннинг Балх вилояти, Ҳайратон шаҳридаги Афғонистон-Ўзбекистон дўстлик кўприги марказидаги темир йўл бўйлаб юриб бормоқда. [Фаршод Усян/AFP]

Афғонистон темир йўллари ходими 2019 йил 9 феврал куни Афғонистоннинг Балх вилояти, Ҳайратон шаҳридаги Афғонистон-Ўзбекистон дўстлик кўприги марказидаги темир йўл бўйлаб юриб бормоқда. [Фаршод Усян/AFP]

Суратда: Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги Термиз карго маркази, 21 октябр. У ерга Афғонистон ва Покистондан юк машиналари келади. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Суратда: Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги Термиз карго маркази, 21 октябр. У ерга Афғонистон ва Покистондан юк машиналари келади. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Пешоварда темир йўл қуриб бўлинганидан кейин ишчилар юкларни тушириб, кейин уларни Покистоннинг Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб боришарди.

2018 йилда Ўзбекистон томонидан илк бор таклиф қилинган темир йўл қурилиши беш йил давом этиши кутилмоқда, унинг қиймати 4,8 миллиард долларни ташкил этади, деб ёзади The Diplomat 26 июл куни.

Қарийб 600 км узунликдаги темир йўл қуриб битказилгач, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини Ҳинд океанига яқинлаштиради ва режага кўра, Ўзбекистондан Покистон денгиз портларига юкларни етказиб беришга кетадиган вақтни 30-35 кундан 10-15 кунга қисқартиради.

Транспорт харажатлари ҳам 30-35 фоизга қисқариши кутилмоқда, дея хабар берган «Газета.уз» 2021 йилнинг февралида. Транс-афғон йўлаги дастлабки йилларда йилига 10 миллион тоннагача юк ташиш имконини беради, деб қўшимча қилади нашр.

Россияга қарамликни камайтириш

Tashkent Times нашрига кўра, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг қарийб 80 фоизи Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Беларус орқали шимолга йўналган Евроосиё транспорт инфратузилмасига боғлиқ, деб айтган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил январида парламентда.

Ўзбекистонни халқаро бозорлар билан боғлайдиган саккиз асосий транспорт йўлагидан учтаси Россия ҳудуди орқали ўтади.

Аммо ҳозир, Россиянинг февралда Украинага бостириб кириши ортидан, бу йўналишлар Ғарб санкциялари туфайли тўсилиб қолган.

Мирзиёев март ойида Исломободга ташрифи чоғида ушбу лойиҳанинг муҳимлигини таъкидлаган эди.

«[Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар йўналишидаги] темирйўл бизнинг умумий келажагимиздир», деди у. «Бу йўналиш қурилиши тугаллангач, биз Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган энг қисқа, арзон ва хавфсиз йўлакни яратамиз».

«Бу темирйўл ҳудудларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартиради», деди Мирзиёев «Подробно.уз» нашрига кўра.

Мустақилликни мустаҳкамлаш

Тошкент феврал ойида уруш бошланганидан бери Россия билан иқтисодий алоқалар бўйича нозик мувозанатни сақлаб келмоқда, бироқ иккиламчи санкциялар таҳдиди йўқолгани йўқ.

Ҳозир Ўзбекистон учун янги транспорт йўналишларини излаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим, дейди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев.

Минтақа ва дунёдаги геосиёсий вазият шуни тақозо этмоқда, деди у.

«Барча мавжуд қийинчиликлар ва тўсиқларга қарамай, Ўзбекистон ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Афғонистон ва Покистон билан ҳамкорлик қилиши керак», деди у.

«Лойиҳага шубҳа билан қараётган экспертлар ва сиёсатчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва далилларидан хавотирланмаслик керак, чунки бу темирйўл мустақиллигимизни мустаҳкамлайди».

Айрим кузатувчиларга кўра, муаммолар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистонлик тарихчи олим Равшан Назаровнинг фикрича, мамлакатлар барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун турли транспорт йўналишларига муҳтож.

Ўзбекистон ҳозирда фақат Қозоғистон ва Россия орқали ўтадиган эски ва тасдиқланган шимолий йўлаклардан фойдаланмоқда, дейди у.

Бироқ, жанубга Афғонистон орқали, шарққа Қирғизистон ва Хитой орқали, ғарбга эса Каспий денгизи ва Кавказ орқали ўтадиган йўналишлар ҳали режа босқичида.

Бу муқобил йўллар ичида «Қирғизистон ва Хитой ўтадиган шарқий йўналиш ҳозирги кунга қадар энг реал йўналишдир», деди Назаров ва Афғонистондаги беқарорлик жанубий йўналиш учун муаммо бўлиб қолаётганини қўшимча қилди.

Тарихчи, совет-афғон уруши фахрийси тошкентлик Максим Матназаров ҳам шундай фикрда.

Афғонистондаги беқарорлик «халқаро молия институтлари ва жаҳоннинг етакчи давлатларини темирйўл лойиҳасига жалб қилиш масаласини мураккаблаштиради», дейди у.

Афғонистоннинг рельефи ҳам тоғли, шу сабабли уни кесиб ўтиш учун кўплаб кўприклар, туннеллар ва бошқа айланма йўллар керак бўлади, бу эса қурилиш харажатларини оширади, деб қўшимча қилди у.

Минтақавий алоқалар ва имкониятлар

Шундай бўлса-да, лойиҳа минтақа раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Қозоғистон Транс-афғон темир йўли қурилишига ёрдам беришга тайёр, деди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 21 июл куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида.

«Биз темир йўл қурилишини материаллар билан узлуксиз таъминлай оламиз ва кўчма состав тақдим этишимиз мумкин», деб айтган у Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида Kapital.kz нашрига кўра.

Айни пайтда Покистон ва Ўзбекистон ўртасида Афғонистон орқали ўтувчи автомобил маршрути йўлга қўйилган. Июн ойида Ўзбекистон юк машиналари ҳайдовчилари у орқали илк марта Покистонга юкларни етказди, деб хабар беради Ўзбекистон транспорт вазирлиги.

2760 км масофадаги Карачига сафар бир ҳафта давом этди. Юк машиналари музлатилган гўштни етказиб беришди.

Бу орада Грузия бош вазири Ираклий Гарибошвили 19 июл куни Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон юкларини Грузиянинг Қора денгиздаги Поти ва Батуми портлари орқали Европага экспорт қилиш имкониятини таклиф этди, деб хабар беради Мирзиёев матбуот хизмати.

Россия ҳарбий-денгиз кучларининг Украинадаги Қора денгиз портларини қамал қилгани туфали ҳозирда бу портлардан фойдаланиш имконсиз бўлса-да, геосиёсий воқеликлар ҳам Грузия орқали транзитни тақозо қилмоқда, дейди тошкентлик сиёсатшунос Мирзабоев.

«Ўзбекистон мавжуд муқобил йўналишларга, жумладан, Жанубий Кавказдан ўтувчи йўналиш – Боку-Тбилиси-Карс темир йўлига кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқда», дейди Афғонистон бўйича мустақил ўзбекистонлик таҳлилчи Акром Умаров.

«Бу йўналиш Европага ҳам қуруқлик, ҳам денгиз орқали чиқиш имконини беради», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу линиянинг барпо этилишидан Ўзбекистон ва Афғонистон кўп нарсага эришади. Қозоғистон ва Ўзбекистон маҳсулотларини ўсиб бораётган афғон ва Паштунхва аҳолисига экспорт қилиш мумкин, 2050-йилга бориб ууларнинг умумий аҳоли сониси 130 миллионга етади. Барқарор ва ўтроқ Афғонистон Марказий Осиёдаги хавфсизликни ҳам мустаҳкамлайди. Хавотир Покистоннинг Панжоб вилоятида бўлиши мумкин, чунки у Афғонистондаги барча террор қўзғатувчиси. Агар ўзбекистон шу тарзда давом этса, яқин 20 йилда Осиё ва Марказий Осиё юлдузларидан бирига айланади, Малайзия ёки Сингапур каби бўлади. Тошкент Марказий Осиё ва Афғонистон билан боғлиқ ҳамма нарсанинг маркази бўлади.

Жавоб бериш

Номақбул шерик ва террорчи давлатни четлаб ўтишдан ташқари, кўплаб иш ўринлари яратилади, бу ҳақиқатан ҳам минтақанинг даражасини кўтариши мумкин. Нега бу лойиҳа ҳалигача амалга оширилмади, ҳайронман. Улар инвестиция ва амалга ошириш каналларини топиши мумкин эди. Сиёсатчиларнинг содиқлиги бунга тўсқинлик қилгани тушунарли, лекин уларнинг ўзи бундан мўмай фойда кўриши мумкин эди; нега улар буни қилмадилар? Тушунарсиз.

Жавоб бериш

Ўзбекистонлик тарихчи олим Равшан Назаровнинг фикрича, мамлакатлар барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун турли транспорт йўналишларига муҳтож. Танлов ҳар қандай муаммони ҳал қилишни осонлаштиради, айниқса минтақадаги сейсмик вазиятни ҳисобга олган ҳолда. Бундан ташқари, иложи борича кўпроқ йўналишларни ривожлантириш мақсадга мувофиқдир, чунки дунёнинг нариги томонида Европага учун ишлаб чиқариш ҳажми ўта юқори даражада.

Жавоб бериш

Аллақачон қилиш керак эди, айланиб ўтишга кўплаб портлар ва тугунлар бор.

Жавоб бериш

Қизиқ, қандай қилиб улар ҳалигача ҳеч қандай айланма йўлни қурмаган ва созламаган? Ҳа-я, битта террорчи давлат ҳаммасига тўсқинлик қилмоқда. Битта бўлмағур империалистик босқинчи туфайли бутун дунё қандай қилиб тартибсизликка тушиб қолгани ҳайратланарли.

Жавоб бериш

Мордорни (Россияни) четлаб ўтувчи янги йўналишларни аллақачон йўлга қўйиш керак эди. Ш. М. Путинга жуда кўп ялтоқланади. Тўқаев – эркак, мустақил давлат раҳбари шундай бўлиши керак.

Жавоб бериш