Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Қозоғистон ноқонуний олиб чиқилган пулларни қайтаришда АҚШдан ёрдам сўрамоқда

Ксения Бондал

Олмаотада ёқилғи нархларининг ошишига қарши норозилик намойишлари ортидан содир бўлган зўравонликлар чоғида вайрон қилинган банк, 8 январ кунги сурат. Намойишларда аҳолининг ғазабига коррупция ҳам сабаб бўлгани айтилади. [Александр Богданов/AFP]

Олмаотада ёқилғи нархларининг ошишига қарши норозилик намойишлари ортидан содир бўлган зўравонликлар чоғида вайрон қилинган банк, 8 январ кунги сурат. Намойишларда аҳолининг ғазабига коррупция ҳам сабаб бўлгани айтилади. [Александр Богданов/AFP]

ОЛМАОТА – Қўшма Штатлар коррупция йўли билан қўлга киритилиб, хорижга ўтказилган активларни қайтариб олишда Қозоғистон ҳукуматига кўмаклашишга ваъда берди.

Ўтган ой Қозоғистон делегациясининг Вашингтонга иш ташрифи давомида АҚШ адлия вазирлиги расмийлари Қозоғистон бош прокуратурасига ўз ёрдамини таклиф қилган.

Бош прокуратуранинг 18 июл кунги баёнотига кўра, бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Тимур Ташимбоев бошчилигидаги делегация АҚШ адлия вазирлиги, Федерал тергов бюроси (ФТБ) ва Жаҳон банки расмийлари билан учрашган. Баёнотда сафар санасига аниқлик киритилмаган.

Учрашувларда муайян жиноий ишлар бўйича ҳамкорликни кучайтириш, кибержиноятчиликка қарши курашда тажриба алмашиш, экстрадиция тўғрисидаги шартномаларни имзолаш ва бошқа масалаларга эътибор қаратилди, дейилади хабарда.

Қозоғистон ва Қўшма Штатлар хорижда ноқонуний равишда яширилган Қозоғистонга тегишли активларни қайтариш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. [Pexels.com]

Қозоғистон ва Қўшма Штатлар хорижда ноқонуний равишда яширилган Қозоғистонга тегишли активларни қайтариш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. [Pexels.com]

Баёнотда айтилишича, делегация Жаҳон банкида ўтган учрашувларда банкнинг Ўғирланган активларни қайтариш (StAR) ташаббуси вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Қозоғистон ва StAR ташаббуси расмийлари «Қозоғистоннинг хорижга, шу жумладан оффшор юрисдикция ҳудудларига ўтказилган жиноий йўл билан олинган активларни қайтариб олиш, белгиланган ҳамкорлик шаклида прокурор ва терговчиларни ўқитиш чораларини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди», дейилади баёнотда.

5 июн куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев иқтисодий ресурсларнинг ноқонуний концентрациясига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Шу кунгача ушбу комиссия хорижда яширилган 230 миллиард тенге (481,3 миллион доллар) миқдоридаги ноқонуний активларни мамлакатга қайтарган.

«Вашингтоннинг жиноий активларни қайтариб олишда ёрдам таклиф қилиши биз учун жуда яхши», дейди олмаоталик адвокат Асқар Калдибаев.

«Америка ҳуқуқ-тартибот идораларининг самарадорлиги, уларнинг профессионаллик даражаси ҳамда кўплаб мамлакатлар ҳукуматлари ва давлат идоралари билан алоқалари бу маблағларни қайтариб олиш имкониятини оширади», дейди у.

Қўшма Штатлар бу борада катта тажрибага ва кенг ресурсларга эга, буларнинг бари ҳамкорликнинг аҳамиятини бир неча баробар оширади, деди Калдибаев.

АҚШ қонунчилигига кўра, «АҚШ ҳукумати Қўшма Штатларга ўтказилган ва шубҳали кўринган ҳар қандай Қозоғистон активлари эгаларидан маблағларнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни талаб қилиши мумкин», деди у.

«Шунингдек, бу маблағлар барча ҳолатларга аниқлик киритилгунига қадар музлатиб қўйилиши мумкин. Агар тергов активлар жиноий эканини аниқласа, Қўшма Штатлар уларни қайтариб олишга ёрдам беради, чунки Қозоғистон ва АҚШ ўртасида пул ювишга қарши кураш бўйича ҳукуматлараро келишув мавжуд», деб қўшимча қилди у.

Асосий шерик

Январ ойида аҳолининг коррупциядан ғазабланиши Қозоғистонда юз берган кенг миқёсли норозилик намойишларини келтириб чиқарган омиллардан бири бўлган эди.

Transparency International халқаро аксилкоррупция ташкилотининг феврал ойида эълон қилинган йиллик коррупция рейтингида айтилишича, ноқонуний тўпланган мулклар «намойишлар вақтида алоҳида хавотир уйғотган».

Қозоғистон бу рейтингда 180 та мамлакат ичида Гамбия ва Шри-Ланка билан бирга 102-ўринни эгаллади. Дания, Финляндия ва Янги Зеландия биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Жанубий Судан 180-ўринда қайд этилди.

Қозоғистон мустақилликка эришган 1991-йилдан буён 500 миллиард доллардан ортиқ маблағ ноқонуний равишда олиб чиқилган, дейди собиқ сенатор, иқтисодчи Валихон Қайсаров тўрт йил аввалги маълумотларга таяниб.

«Мен ҳали сенатор бўлган вақтларимда Қозоғистондан ойига 4-5 миллиард доллар пул чиқарилганини биламан», деб айтган Қайсаров июл ойи бошида чоп этилган Inbusiness.kz нашрига берган интервьюсида. «500 миллиард долларлик кўрсаткич ҳақиқатга яқин.»

Нур-султонлик собиқ депутат Ойгул Соловьевага кўра, Қозоғистон дунёнинг ривожланган 30 та давлати сафидан жой олишга, ялпи ички маҳсулотни (ЯИМ) оширишга, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга интилмоқда.

Бу мақсадларни инобатга олган ҳолда Қозоғистон юксак демократик стандартларга эришган давлатлар билан муносабатларни йўлга қўйишга эътибор қаратиши керак, деди у.

«Бу тавсифга Қўшма Штатлар мос келмаса, ким мос келади? Бундан ташқари, бизда Америка банкларига кириш имкони йўқ, аммо Қўшма Штатларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари улардан Қозоғистон активлари ҳақида маълумот сўрай олади», деди Соловьева. «Бизга бундай шерик жуда зарур.»

Қўшма Штатлар шаффофлик, демократия ва халқ иродаси устуворлиги тамойилларини дунёга намойиш этмоқда, деди у.

«У бизнинг одамлар ўз ҳукумати ва ҳокимиятига ишонишлари учун ўзгаришни хоҳлаётганимизни тушунади.»

Қонунлар риояси

Нур-Султонлик мустақил молиявий таҳлилчи Андрей Чеботаревга кўра, Қозоғистонда ноқонуний йўллар билан қўлга киритилиб, чет элга ўтказилган активларни қайтаришнинг икки йўли мавжуд.

«Оддий йўли – мулк эгаси ўз ихтиёри билан ёки мажбурлов остида маблағларни давлатга топшириши», деди у. «Қийин йўл – буни суд орқали амалга ошириш, яъни маблағлар ноқонуний йўл билан олингани ва мамлакатдан ташқарига чиқарилганини исботлаш керак.»

АҚШ қонун устуворлигига амал қилади, бу эса Қўшма Штатларда Қозоғистон билан боғлиқ судлар ва даъво жараёнлари йилларга чўзилиши мумкинлигини англатади, дейди Чеботарев жиддий терговларда пухталик зарурлигига ишора қилиб.

«Бошқа томондан, ФТБнинг аралашуви жараённи тезлаштириши мумкин. Агар ФТБ Қозоғистоннинг қандайдир активлари жиноий йўл билан қўлга киритилганини кўрса, тезроқ жиноий иш очади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500