Карвонсарой
Иқтисодиёт

Муваффақиятли келишув ортидан Ғалланинг илк партияси Украинадан чиқиб кетар экан, расмийлар «енгиллик» бўлишига умид билдирди

Карвонсарой ва AFP

26 минг тонна маккажўхори ортилган қуруқ юк ташувчи M/V Razoni кемаси Украинанинг Одессасини тарк этиб, Ливаннинг Триполи шаҳри томон йўналмоқда, 1 август. [Александр Гиманов/AFP]

26 минг тонна маккажўхори ортилган қуруқ юк ташувчи M/V Razoni кемаси Украинанинг Одессасини тарк этиб, Ливаннинг Триполи шаҳри томон йўналмоқда, 1 август. [Александр Гиманов/AFP]

КИЕВ – Феврал ойида Россия босқини бошланганидан бери Украина ғалласининг илк партияси душанба (1 август) куни Одесса портини тарк этар экан, дунё мамлакатларининг расмийлари Москванинг Қора денгизни қамал қилишидан энг кўп жабрланганларга умид билдирдилар.

Бу масалада Туркия билан бирга воситачилик қилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) раҳбари Антониу Гутерриш бу хабарни олқишлаган, Киев эса Москванинг келишувга риоя қилиши «дунё учун енгиллик» олиб келишини айтган.

Уруш исканжасида қолган Украинадан (дунёдаги энг йирик ғалла экспортчиларидан бири) экспортнинг беш ойга тўхтаб қолгани озиқ-овқат нархларининг кўтарилишига сабаб бўлди ва айниқса, дунёдаги энг қашшоқ давлатларга қаттиқ таъсир қилди.

Расмийларнинг билдиришича, Сьерра-Леонеда рўйхатга олинган Razoni юк кемаси бортида 26 минг тонна маккажўхори билан Қора денгизнинг миналардан тозаланган махсус йўлаги орқали ўтган.

14 июн куни олинган ушбу суратда Россия босқини остидаги Украинанинг Одесса вилояти Измаил шаҳри яқинида жойлашган даладаги буғдой бошоқлари акс этган. [Александр Гиманов/AFP]

14 июн куни олинган ушбу суратда Россия босқини остидаги Украинанинг Одесса вилояти Измаил шаҳри яқинида жойлашган даладаги буғдой бошоқлари акс этган. [Александр Гиманов/AFP]

У дастлаб Истанбулга сешанба кундузи етиб бориши кутилган эди.

Marine Traffic веб-сайтига кўра, кема тун давомида Руминия қирғоқлари ёқалаб ҳаракатланган, лекин Гринвич вақти билан 23:00 атрофида автоматик идентификация тизимини ўчириб қўйгани сабабли уни кузатиш имкони йўқотилган.

Анқара бу қарорга дарҳол изоҳ бермаган.

Razoni дастлаб миналар туфайли Украина сувларида атиги етти тугун тезлик билан жуда секин ҳаракат қилди, аммо кейин тезликни оширишга муваффақ бўлди, деб хабар беради Marine Traffic.

Сешанба куни Туркия мудофаа вазирлиги кеманинг Истанбулга етиб борадиган тахминий вақтини «ярим тундан кейинга» ўзгартирган.

«У Истанбулда кўрикдан ўтказилганидан кейин сафарини давом эттиради», дейилади Туркия ТИВ баёнотида.

Унинг ортидан денгиз йўлаги ва келишилган расмиятчиликларга риоя қилган ҳолда бошқа карвонлар ҳам ўтади, дейилади хабарда.

Кетишга тайёр турган кемалар

Ўтган ой Украина ва Россия Туркия ва БМТ воситачилигида босқиндан кейин урушаётган томонлар иштирокидаги илк муҳим келишувни имзоладилар. У миллионлаб тонна Украина ғалласини жаҳон бозорларига олиб чиқишга қаратилган.

Аммо келишув имзоланган куннинг эртасига Россиянинг Одесса портига зарба бергани Украина иттифоқчиларининг норозилигига сабаб бўлди ва бу келишувни шубҳа остида қолдирди.

БМТ баёнотига кўра, Гутерриш «бу – имзоланган ташаббусга мувофиқ ҳаракатланадиган кўплаб тижорат кемаларининг биринчиси бўлишига ва глобал озиқ-овқат хавфсизлигига, айниқса, энг нозик гуманитар шароитларда жуда зарур бўлган барқарорлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун енгиллик олиб келишига» умид билдирган.

«Мавжуд ғалла ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларига чиқишини таъминлаш инсонпарварлик талабидир», деди у.

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури «Украинадан 30 минг тонна буғдой сотиб олиб, БМТ томонидан ёлланган кемага юклаш ва жўнатишни» режаламоқда ва яқин кунларда бу ҳақда батафсил маълумот берилади, деб қўшимча қилди у.

Душанба «бутун дунё, айниқса Яқин Шарқ, Осиё ва Африкадаги дўстларимиз учун енгиллик куни бўлди, чунки Россиянинг бир неча ойлик қамалидан сўнг илк бор Украина ғалласи Одессадан чиқиб кетмоқда», деди душанба куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.

Бироқ, узоқ кутилган юк – кечиккан жараённинг бошланиши, Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков Одессадан чиқиб кетиш учун яна 16 та кема «навбатда турганини» айтди.

«Булар Россиянинг кенг миқёсли босқини бошланганидан бери тўхтатиб қўйилган кемалардир», деди у тинимсиз равишда кемаларни боғлаш ва юк ортиш бўйича янги талаблар келиб тушаётганини қўшимча қилиб.

«Кейинги ҳафталар давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича тўлиқ самарадорликка эришмоқчимиз», деди у.

Европа Иттифоқи матбуот котиби Питер Станонинг айтишича, Брюссел ҳали ҳам «келишувнинг тўлиқ амалга оширилишини ва Украинанинг бутун дунё бўйлаб мижозларга экспортни қайта тиклашини кутмоқда».

У Яқин Шарқ ва Африканинг айрим ҳудудларини қамраб олган озиқ-овқат тақчиллигини «Россиянинг 24 феврал кунги асоссиз тажовузи ҳамда Украина портлари ва дон экспортини тўхтатиб қўйгани» билан изоҳлади.

Ғарбдаги иттифоқчилар «Россиянинг Украинадаги уруши туфайли юзага келган глобал озиқ-овқат инқирозини юмшатиш бўйича келишувнинг тўлиқ бажарилишини қатъий қўллаб-қувватламоқда», деб баёнот берган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Москва бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар учун озиқ-овқат инқирози Россиянинг ғалла протекционизми туфайли мураккаблашган.

ЕОИИнинг тартибга солувчи органи бўлган Евроосиё иқтисодий комиссиясининг 20 май кунги йиғилишида Россия иттифоқнинг барча аъзоларидан учинчи давлатларга дон экспорти учун квоталар ва божлар жорий этишни талаб қилди, деб ёзади Россиянинг «Коммерсант» бизнес нашри.

Россия ҳукумати март ойи ўрталарида «ташқи чекловлар шароитида ички озиқ-овқат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида» ЕОИИ мамлакатларининг буғдой, жавдар, меслин (буғдой ва жавдар аралашмаси), арпа ва маккажўхори каби дон экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилган эди.

Тақиқ 30 июн куни ўз ниҳоясига етган.

Россия «шантажи»

Бундан ташқари, Станонинг сўзларига кўра, Россия «Украинадаги далаларни вайрон қилмоқда, элеваторларни йўқ қилмоқда, ғаллани ёқиб юбормоқда ёки уларни талон-тарож қилиб, Россия номидан сотишга ҳаракат қилмоқда».

Россия портларни тўсиб қўйгани етмагандек, балки ўзи қамал қилиб турган Украина ҳудудларидан ғалла олиб чиқмоқда, деган эди Запорожье вилояти агросаноатни ривожлантириш бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Микола Виниченко июн ойида.

Унинг сўзларига кўра, Запорожьеда 130 минг тоннадан ортиқ дон бор, Россия кучлари уларни аллақачон ўғирлаб, экспорт қила бошлаган.

«Улар элеваторга келиб, эгалари донни фақат Қримга жўнатиши мумкинлигини айтишади. Агар эгаси чиқмаса, бу уни текинга олиб кетиш мумкин дегани. Улар уни шундоқ юк машиналарига ортиб, олиб кетишади», деди у.

Ғарб расмийларининг фикрича, Россиянинг Украинадан ғалла экспортига рухсат бериш эвазига халқаро санкцияларни олиб ташлаш талаби – шантаж ва ғалла урушига тенг.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 6 июн куни Вашингтонда ўтказилган виртуал давра суҳбатида «буларнинг барчаси атайин қилинаётганини» айтган.

«Россия президенти [Владимир] Путин озиқ-овқат жўнатилишини тўхтатиб, масъулиятдан бўйин товлаш ёки соқит қилиш учун ўзининг ташвиқот машинасидан агрессив тарзда фойдаланмоқда, чунки у дунёнинг таслим бўлишидан ва санкцияларни бекор қилишидан умидвор... Оддийроқ қилиб айтганда, бу шантаж», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500